«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини бериш тўғрисида
«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини бериш тўғрисида
Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, Ватанимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги улкан хизматлари, сўнгги йилларда юртимизда жадаллик билан олиб борилаётган туб ислоҳотлар жараёнидаги ташаббускорлиги ва фидойилиги, давлат ва халқ манфаатларини рўёбга чиқариш йўлидаги фидокорона меҳнати, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маънавий соҳалардаги кўп йиллик самарали ва ибратли фаолияти, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун қуйидагиларга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилиб, олий нишон – «Олтин юлдуз» медали топширилсин:
Ерниязов Муса Тажетдинович – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси
Муротова Лола Неъматовна – Фарғона вилояти Олтиариқ тумани «Нурли обод» фермер хўжалиги бошлиғи
Нормурадов Хасан Норбекович – «Нуроний» жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раиси
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2019 йил 28 август
Ушбу уч нафар инсонни ва улардан аввалгиларни ҳам олий унвонга номуносиб демаган ҳолда, улардан фарқли ўлароқ, Қаҳрамонлик шарафига Ўзбекистон маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳақиқат тамойилларининг барқарор бўлиб боришига кўп йиллар давомида улкан, беқиёс ҳисса қўшиб келаётган ИСМАТ ХУШЕВ муносиблардан кўра муносиброқ эканлигини айтиб қўйишни ўзим учун вожиб ҳисоблайман. Чунки ИСМАТ ХУШЕВнинг Ўзбекистон халқи учун
бераётган маънавий фойдаси каби фойдани ўнлаб парламент раислари, юзлаб нуронийлар, минглаб фермерлар бирлашган тақдирда ҳам бериша олмайдилар.
Жўғори Кенгас ёки Нуронийлар жамғармаси раиси, нари борса, рисоладагидек раҳбардир, фермер хўжалиги бошлиғи, нари борса, шу хўжалик аъзолари ҳаётини моддий жиҳатдан юксалтиргандир. Бироқ уларнинг қаҳрамонликлари (агар шундай дейиш мумкин бўлса) бутун мамлакат миқёсига эмас, балки ўзларининг ҳудудларига тегишлидир холос.
Ўттиз уч миллионли бутун ўзбек халқининг онг ва маънавий оламини ёритиб, унга ХАҚ сўз қудратини кўрсатаётган «Дунё ўзбеклари»дек нашр, ИСМАТ ХУШЕВдек ватансевар, жасоратли ва ҳақпараст журналист ҳозирча Ўзбекистон учун ягонадир. Буни балки Ўзбекистон раҳбарияти у қадар тўлиқ ҳис қилмаётган бўлиши мумкин, бироқ бу айни ҳақиқат эканини бутун дунё кўриб-билиб турибди!