"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Пуфак” башорати – Абулқосим Мамарасулов (3)

Бош мақола, Муносабат, Сиёсат | 24/08/2019 08:54-     11939 марта ўқилди

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ

 

МУРОД МУҲАММАД ДЎСТГА УЧИНЧИ БАҒИШЛОВ         

 

(Учинчи мақола)

 

1.

1990 йил 26 январ куни биз Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси пленумида, 1991 йил 17-18 октабр кунлари Ёзувчилар уюшмаси съездида уюшма  раиси Одил Ёқубовни  қаттиқ ҳимоя қилдик. Тиш-тирноғигача қуролланиб ҳужумга ўтганларнинг етакчилари  Мурод Муҳаммад Дўст,..  ва бошқалар ўшанда мағлуб бўлишди. Кейин эса ўшалардан 14 киши айнан  юқорида номлари зикр этилганлар  бошчилигида “биз бунақа уюшмага аъзо бўлмаймиз”, дея, уюшма аъзолиги билетини столга отиб съезд залини  тарк этдилар.

Ва шу тариқа ёзувчилар уюшмаси расман бўлиниб кетди. Ва  қўшимчасига Адиблар иттифоқи ташкил этилди.

Шу орада “Бирлик” ҳам бўлиниб, қўшимчасига “Эрк” ташкил этилди.

Аслида бу тўполонларнинг, бўлинишларнинг  режиссери бир одам  эди. Ният  — Ўзбекистонда тобора кучайиб бораётган оппозициянинг томирини  — демократия ниқоби остида — қирқиш бўлиб, улар бунинг уддасидан ҳам  чиқишди. Жон-жаҳдлари билан амал пиллапояларига тармашаётган, ўзларини “энг истеъдодли, аммо йўллари тўсилган бир гуруҳ”, дея эълон қилганларни  ана шу хизматлари эвазига  кейинчалик  муносиб тақдирлашди.

Мурод Муҳаммад Дўст – Ўзбекистон Президентининг  матбуот котиби;

Усмон Азим —  Ўзбекистон  Президентининг Давлат маслаҳатчиси;

Хайриддин Султонов – Ўзбекистон  Президентининг Давлат маслаҳатчиси;

Эркин Аъзамов –  журнал бош муҳаррири;

Мирза Кенжабоев – Президент Девони масъул ходими;

Неъмат Аминов – маънавият ва маърифат маркази директори

Каби лавозимларга тайинланишди. Шуларга алоқадор  яна бир қанча ижодкорлар Президент Девонидаги масъул лавозимларга ўтирдилар. Хуллас, Девонни ижодкор босиб кетди. Ва уларнинг салкам  ҳаммаси ана ўша “истеъдодлилар” гуруҳининг аъзолари ва уларни қўллаб қувватлаганлар эди. Улар Девонга мустаҳкам ўрнашиб олиб, сўзларини Президентга ўтказа оладиган даражага етгандан сўнг ўзларига маъқул келганларга, қора хизматларини бажариб юрганларга  “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” ва бошқа шу каби унвонларни улашдилар. Ўзбекистонда ҳукуматга алоқадор газета-журнал борки, ҳаммасига ўзларига тегишли одамларни бош муҳаррир қилдилар. Эркин Воҳидов ва Озод Шарафиддинов Ўзбекистон Қаҳрамони бўлдилар….

Ээээ, нимасини айтасиз, бу рўйхат узун, жудаям узун.

 

2.

Биз-чи? Биз?!

Одил Ёқубовни қўрғалаб турганлар,…  —  кўча болалари, қишлоқилар, — нимага эришдик?!

Шахсан Одил Ёқубовнинг ўзини бир четга суриб,  маънан йўқ қилишди.

Мамадали Маҳмудов 17 йилга қамалди.

Эминжон Усмонов…  ўлдирилди.

Тоғай Мурод …   ўлдирилди.

Ғаффор Ҳотамов 3,5 йилга судланди.

Жамол Камол, Гулчеҳра Нуруллаева, Ҳалима Худойбердиева, Абдулла Орипов,  Омон Матжон… ва бошқалар адабиёт майдонидан супурилиб ташланди.

…

3.

“Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Пуфаги” ва “Мурод Муҳаммад Дўст ким?” номли мақолаларни эълон қилганимдан сўнг менга дўсту-душманлар сим қоқиб: “Энди эҳтиёт бўлишинг керак. Бу қора гуруҳ эмас, ваҳший тўда, улар ўзларига қарши чиққанларни ўлдириб ташлашдан, ҳар қандай ёвузликдан тоймайдилар”, дея ваҳима қилмоқдалар.

Начора!

Бу мен учун янгилик эмас! Шахсан мен  буларнинг ҳужумини   ўз  гарданимда такрор-такрор  тотиб кўрганман. Булар ҳақида мен интернетда бир неча сайтларда бир неча бор эълон қилганим: “Мен қандай ёзувчи бўлган эдим” номли бадиамда  айтганман.

Аввали Худо, пешанадагини кўрамиз. Ўшанда мени жисман ҳеч нарса қила олишмаган. Менинг тақдирим уларнинг эмас, Худонинг қўлида. Худо хоҳласа, эндиликда уларнинг сафари қариган. Уларнинг,  —   ҳууу тоғнинг тепасига қадар итариб борган араваси  эндиликда ортга тисарилаяпти.Энди уларнинг ана шу  араваси уларнинг ўзларини кунпаякун қилиб ташлашига имоним комил.

Ҳа, мен фейсбукда менга қарши фикрларни ўқияпман. Ва бу “фикрлар” 1982 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси саҳифалари орқали Мансур Аҳмедов ва Аниса Маматова номидан менга уюштирилган ҳужум;, “Жиззах ҳақиқати”да эълон қилинган “Яшашнинг йўли” номли ҳикоям сабаб Жиззах вилояти ИИБ бошлиги  номидан менга уюштирилган ҳужум; 1989-1990 йиллари “Ўзбекистон гўзали” кўрик танлови учун Анвар Жўрабоевга уюштирилган ҳужумларнинг  мантиқий давоми эканини тушуняпман.

Ва… фейсбукда менга ташланаётганлар ўша,  тўданинг бор-йўғи лайчалари эканини билиб турибман. Майли, кучлари етганча… айтадиганини айтиб олишсин. Зеро, бугун уларнинг қудрати кетди. Олдиларидаги олтин товоқ олиб қўйилди. Шу сабаб улар яна 1980-1990 йиллардаги демократияни, ошкораликни қўмсаб,  яна  турли ваъдалар эвазига “уюштиришни” , киш-кишлашни бошладилар.

Ҳар қандай қудратли империя  ҳам вақт-соати етгандан сўнг қулаган. Мурод Муҳаммад Дўст ва шериклари “пуфак” империясининг  30 йиллик салтанати  қулаши…  якунланяпти. Ва энди…  ана шу, ўзлари қурган иморатлар вайронаси тагида қолиб кетмаслик учун жон талвасасида ҳаракат қилмоқдалар.  Бир тўда, — Одил Ёқубов ибораси билан айтганда, — жипириқиларни гиж-гижлаб, майдонга чиқармоқдалар. Ўша, қулаб тушаётган  вайрона деворларини ушлатмоқдалар. Мана  шу  жипириқилар Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг шериклари томонидан худкуш  манқурт даражасида тарбияланган, тайёрланган. Улар, керак бўлса, Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг шериклари учун ўлмоқни ва ўлдирмоқни ўзлари учун бахт деб биладилар.

Мурод Муҳаммад Дўст ва шерикларининг ана шу санъатига қойил қолмоқдан ўзга чора йўқ.

Беихтиёр: “Э, баракалла!”, деб юборишинг мумкин. Лекин ортидан “Падарингга лаънат!!!” ҳам беихтиёр отилиб чиқади.  Буни  менинг дўстим Мирза Кенжабоев “Фитна санъати”, дея таърифлайди. Бу ҳақда унинг катта мақоласи “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилган. Вақтида Мирза Кенжабоев  қўли билан  мени ҳам ана шунақа манқурт қилиб тарбиялашга уринишган эди. Мен уларнинг  фитна  санъатини ўз гарданимда жуда яхши ҳис қилганман. Уддалай олишмагандан сўнг улар, — тағин ўша Мирза Кенжабоев қўли  билан,  —  менинг ҳамқишлоғим, менга суяниб юрадиган яхшигина шоир, беозор Абдулла Қўшбоқни мутлақо манқуртга айлантириб,“жанг” майдонига ташладилар. Ва ҳеч нарсадан бехабар болапақир  уларга қўшилиб, ўша, 14 нафар “истеъдодли, аммо йўллари беркилган” ижодкор қаторида   1991 йил 18 октабр куни, Ёзувчилар уюшмаси съезди бошқаруви столи устига уюшмага  аъзолик билетини ташлаб чиқиб кетди.

Ва… ўшандан бери Абдулла Қўшбоқ ижодкор сифатида маънан йўқликка юз тутди. Ўзининг Бахмалдаги “Новқа” қишлоғида  чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланиб келади.  Мурод Муҳаммад Дўст ва ҳамтовоқлари  эса, — гарчи аъзолик билетини ташлаб чиқиб кетган бўлсалар-да, ёзувчилик, ижодкорликнинг барча имтиёзларидан фойдаланиб, керак бўлса, ёзувчиларнинг, ижодкорларнинг нафақат елкасига, балки бошига чиқиб олганлар. Не ажабки, 30 йилдан бери уларни  уриб ҳам, тепиб ҳам, илтимос қилиб ҳам бошимиздан тушира олмаяпмиз.Улар ўйлайдиларки, улар ана шу тахлит, бизга ўхшаганларнинг бошида, яъни баландроқда турса, тепадагиларга яхшироқ кўринишади ва имкон туғилган куни уларни яна ўша, тилла товоқ қошига чорлайдилар.

Улар, — Мирза Кенжабоев қўли билан, — Матлуба Азаматова каби Москвада, Олий Адабиёт мактабида ўқиб келган кучли шоира қизни — ижодкорни  ҳам ашаддий манқуртга айлантиришларига бир баҳя қолган эди.  Гўзал, ҳали турмушга чиқишга ҳам улгурмаган қизни улар жувонмарг қилиб юборишдан асло тортинмадилар. Одил Ёқубовнинг ёқасидан,  —  худкуш манқурт янглиғ!, — олиши учун  роса тайёрладилар. Мен буни  ўз вақтида англаб, Матлубани огоҳлантирдим. Натижада Матлуба Фарғонага эрга тегиб кетди ва омон қолди. Бугун у Швецияда юрипти. Буниси энди кейинги мавзу…

 

4.

Бунақа мисоллар кўп… жудаям кўп…

Айтаверсанг,…  аламларинг яна тирилади, қўлларинг беихтиёр мушт бўлиб тугилади, ғазабинг қўзийди…

Аслида булар кўп эмас. Ўша, 14 нафар атрофида. Ўн тўртнинг атрофида эса яна тўрт-бештадан жалпатак  бор. Ҳаммаси: “буюринг,  хўжайин, кимни ғажиб ташлашимизни истайсиз,

Дея думларини ликиллатиб кутиб турадилар. “Ола киш-киш”, дейилса кифоя, дарҳол “ғазабнок халқ”  номидан ҳужумга ўтадилар. Кейин керакли  жойга: “элнинг фикри мана шунақа”, дея хулоса берадилар. Ва… қарабсизки, не-не зотларнинг уйи куйиб кетаверади.

Хуллас, шунақа гаплар….

 

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Жиззах вилояти, Бўстон посёлкаси

 

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Шароф Убайдуллаев: Кўза синдираётганлар сув келтирганларни эсламаяпти…
  2. Шуҳрат Бобожон: Сахаров тирик бўлганида бугун тўқсонга кирар эди…
  3. ДОНАЛЬД ТРАМП: ЎЗБЕКИСТОН ЎЗИ ҚАЕРДА ЖОЙЛАШГАН?
  4. Президент Каримовдан кейин Ўзбекистонни нималар кутмоқда?
  5. Буюк Британия фуқаролигини олган таниқли олим Аҳмад Ҳожи Хоразмийга
  6. Исмат Хушев: Ўзбек мухолифатининг донишманд оқсоқоли — 75 ёшда!
  7. Исмат Хушев: Тошкентдаги фоҳишалар резиденцияси (Иноятов ва Ҳайдаров жанги) -4
  8. Исмат ХУШЕВ: ПРЕЗИДЕНТНИНГ МАТБУОТ КОТИБЛАРИ
  9. Исмат Хушев билан 30 минут Маҳкум Акром Маликдан Ўзбекистон Президентига хат
  10. S.Yusupov «ishi»: Ovoz o’chirish operatsiyasimi? Orqasida nima bor?  
  11. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов давлат бошқаруви тизимидаги ўзгаришлар ҳақида
  12. Исмат Хушев: Профессионал ва малакали кадрлар истеъфога чиқарилмайди!
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

1 Comment

  1. Voxid:
    25/08/2019 в 21:06-

    Мана бу акамиз тугри айтяптилар. Мамадали Махмудов камалиши учун керакли жойга идеяни Мурод Мухаммад Дуст акамиз берган. Керак буса, вахтида Исмат Хушев Ватандан чиқиб кетишини хам – учинчи, туртинчи, бегинчи шахслар оркали — Мурод М. Дуст ташкиллаштирган. У киши ташкиллаштиришга жуда уста.

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.