Қора гуруҳ. Улар кимнинг тегирмонига сув қўймоқда?
Давлат сиёсатига қарши турган қора гуруҳ думлари сўз эркинлигидан ўз ҳаром мақсадлари йўлида фойдаланиб, ғараз ниятли М.М.Дўст тегирмонига сув қўймоқдалар.
Хуршид Даврон, Гулнора Раҳмон, Шуҳрат Саломов Барлас, Алишер Назар деганлари шулар жумласига киради. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Рауф Парфи, Тоҳир Маликларнинг чайнаган сақичларига арзимас бу кимсаларни халқ танийдими?
АҚШ, Европа кўланкаси… М.М.Дўстни балки танир? Қайда? Ўз қора гуруҳи демаса, уч- тўрт китобхон демаса, халқ танимайди.
Ислом Каримов даврида қора гуруҳ яйраб- яшнади, айтгани айтган, дегани деган бўлди, ҳамма мавқе — унвон, мукофотга эга бўлди. Халқ очликдан дунёга сочилиб кетганда, бу эгри ниятлар давру- даврон сурди.
Ўзбекистонни ботқоққа ботишида шулар катта рол ўйнаган. Биз бўлсак, Каримовни айблаймиз, генералларни айблаймиз.
Бу мағзавалар эса четда қолаяпти.
Уларнинг олдида Иноятовни оппоқ дейиш мумкин. Ҳатто Каримовни ҳам.
Пахта қўйган душмандан ёмон душман йўқ!
Ўзбекистонни орқага сурганлар шулар — пахта қўйганлар. Устаси фарангларнинг биронтаси жазога тортилмади, М.М.Дўстдан ўзга. У ҳам миллионларни тўлаб, сувдан қуруқ чиқди.
Бунда тарафкашлари муҳим “хизмат“ қилишди. М.М.Дўстнинг иши қайта қўзғолса, ўғрилиги, қотиллиги ҳам фош бўлади. Ўйлаб кўрилса , ёлғиз маошга сарой қуриб бўладими? Бошқа жойлардан сарой ёки ҳашаматли машина сотиб олиб бўладими?
Қилни қирқ ёрадиган тергов ҳақиқатни юзага чиқаради.
Ўзларини “даҳо”, ўзгаларни ерга уриб юрувчи ўртамиёндан паст бу қаламкашлар яна қайтадан турли найранг — фитна, иғво, шантаж ва қўрқитув каби қинғир йўллар билан эски мавқеларини тиклаб олмоқчи.
Халқ ҳақ: “ Ўрганган кўнгил ўлганда қоладими?”” Букрини гўр тузатади”. “Қон билан кирган жон билан чиқади”.
Миллий туйғу, миллий дард, миллат ғамидан мосуво, ҳатто уйларида ҳам ўзбекча гапиришдан ижирғанадиган, шу сабабли бола- чақаси билан ажнабийча сўзлашадиган бу айниган қонларга ҳеч замон инонмаслик керак.
Инонсак, том маънода ўзбек қони гупуриб турадиган, том маънода истеъдодли (Шукрилло, Одил Ёқуб, Жамол Камол, Рауф Парфи, Абдулла Ориф, Эврил Турон каби) адибларга йўл беркилади. Ўзбек адабиёти омонат бўлиб қолади.
Буни биз Сталин даврида кўрдик. Ёт қон қаҳҳорлар ўзбекнинг энг сара ёзувчилари (Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир) ларни истеъдодсизга, Ватан хоинига чиқариб, Москва қўли билан ўлдиртирдилар ва ўзлари тепага чиқиб олдилар. КГБ архивига боқинг. Бу ҳақиқат кундай равшан бўлади. Тинимсиз пропаганда кучи билан қўли қонлар “даҳо”ларга айланди.
Ўйлаб кўринг, ҳақиқатга тўғри кўз билан боқинг, ҳозир Қаҳҳорларни ким ўқийди? Пуфлаб шиширилган деб шуни айтади. Миллий ҳисдан йироқ асар ўлимга маҳкум. Миллий ҳис билан ёзилган асар, ҳар қандай замонда ҳам ўқийверилади.
Турғинлик даврида айни шу ҳол такрорланди. Озод, Саид, Мурод, Хайриддин…лар иқтидорли адибларнинг (Одил Ёқуб, Шукурулло, Жамол Камол, Рауф Парфи, Халима Худойбердиева, Эврил Турон, ҳатто сўнг Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов) лар тагига сув қуйдилар. Ҳатто асарлари Туркистон ғами билан йўғрилган Эврил Турон 17 йил қамоқда ўтириб чиқди. М.Дўст, Х.Султон ва унга ўхшаган Каримов атрофидаги ўйинчи касларнинг “шарофати» билан.
Эй, Ўзбек, қачон оқдан қорани ажратасан? Сенга Сталин даври сабоқ бўлмадими? Сенга Каримов замони сабоқ бўлмадими? Ўзбекистонни 27 йил дунёдан узиб қўйганлар кимлар? 27 йил оммавий ахборот воситаларини кишанлаб қўйганлар кимлар? 27 йил сўз, эътиқод, фикр, виждон эркинлигини бўғиб қўйганлар кимлар?
Муродлар бўлади, Хайриддинлар бўлади. Улар бошлиқ қора гуруҳ бўлади. Адабиётдан узоқ Каримов ёхуд куч ишлатар тизимлари эмас. Миллат кушандаларини тарафини олаётган кишилар буни билмасликлари ачинарли. Лекин бу бир сиқим шўрлик тарафкашлар — 33 миллионлик халқ олдида нима деган гап?
Айни даврда ишдан узоқлаштирилган, узоқлаштирилаётган бу қаллоблар ҳозир талвасада. Тағин қайта ишга илиниш учун турли хийла – найрангларни ўйлаб чиқараяптилар. Қора гуруҳ аъзоларидан ташқари авомлардан ҳам фойдаланаяптилар.
Қора гуруҳ аъзолари оламонни жунбушга келтириш йўли билан тағин отга минмоқчилар. Эгардан тушмаётганлигининг сабаби шу. Булар ўзбек халқи ва давлатчилигининг энг хавфли душманларидир.
Зулматга ўрганган махлуқ ёруғликни суймайди.
Хорижда сиёсат ва адабиётдан узоқ, аммо ўзини “авлиё” билгувчи, аслида калтафаҳм, туҳмат ҳамда фитна уруғини тарқатиб юрувчи “вирус” борки, уни Намоз Нормўмин дейдилар. Ҳосиятсиз бу кимса қора гуруҳнинг ноғарасига ўйнаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган улуғ ишларга қарши халқ онгини заҳарлашга уринмоқда. Кимсан ўзи, бир дайдисан, юртдан қувилган ватангадосан.
Халқда “Отанг кимчи, онанг кимчи, ўтириб кетингни чимчи” деган гап юрадики, бундан Нормўмин тегишли хулоса чиқариб олса, ўзига фойдали бўлади. Лекин бу лайча Ўзбекистонда бўлаётган ўзгариш, ислоҳотларни бутунлай рад этаяпти. Бу соғлом одамнинг гапи эмас, бу мияси айниган одамнинг гапи. Бутун дунё тан олган ҳақиқатни тан олмаслик сўқирлик! Шоир Саъдулла Ҳаким далил, асослар билан бу ҳақда яхши мақола ёзган. Мен буни такрорлаб ўтирмай қўя қолай!
Ўртадан паст шоир Хуршид Даврон Нормўминнинг бошдан – оёқ ёлғон фитнадан иборат ведиосини атайлаб, қасддан ўз сайтида эълон қилган. Буни кечириб бўлмайди. Чунки, бу — Ўзбекистонда ғалаён келтириб чиқаришга бўлган фитна. Чунки бу — Ўзбекистон давлатчилигига қарши фитна .
Худди фитнакор Хуршид Даврон сингари сўққабош Гулнора Раҳмонова ҳам, савиясиз Алишер Назар ҳам ўз сайтларида фитнакор М.М.Дўстнинг тарафини олиш учун ёздирилган нарсаларни бериб бормоқда. Алал оқибат бу жанжалга айланиб, халқнинг бошига қора кулфат келтиради, агар бу қора кучлар тарафкашлигининг олди олинмаса.
Бунга тегишли идоралар эътибор қаратишлари керак, кейин кеч бўлиши мумкин!
Унутманг, сиз хор-зор бўлиб юрганингизда М.Дўст ва Х.Султонлар саройларда гуркираб яшаб, Сизни, сизга ўхшаганларни оёғини учида кўрсатган.
Тарозининг икки палласи бор.
Қайтар дунё бу…
11.08.2018 й.
Зафарбек Бобожонов,
Руҳшунослик фанлари доктори
профессор
Шокир Саъдуллаев,
«Дунё ўзбеклари»нинг Тошкентдаги махсус мухбири
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ