Элмира Боситхонова: «Ижтимоий тармоқлар кучини охирги ойларда кўрдим»
Элмира Боситхонова: «Ижтимоий тармоқлар кучини охирги бир ярим ойда кўрдим»
Фото: Хотин-қизлар қўмитаси
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова бу лавозимни эгаллаганидан буён ўтган бир ярим ой давомида ижтимоий тармоқларнинг таъсир кучига амин бўлганини тан олди.
Ўтган ҳафталар давомида бир неча марта муҳокамалар марказида бўлган Боситхонова бугун журналист ва блогерлар билан кечган очиқ мулоқотда шу ҳақда гапириб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Қўмитадаги фаолиятимни бошлаганимга бир ойдан ошди. Мана шу давр мобайнида мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг муаммоларини билишга, дардига даво топишда қандайдир ҳаракатлар қилаётган бўлсак, жараён қандай кетяпти, натижа нима бўляпти, деган саволларга жавоб беришда сизлар билан ҳамкорлик зарур эканлигини, бу борада иштирокларингиз катта ва муҳимлигини кўриб, билиб, тушуниб етдим.
Ижтимоий тармоқлар кучини ҳам охирги бир ярим ойда кўрдим. Бу кучни, албатта, ўзим бошқараётган ташкилот фаолиятида ҳамкорликда қанча одамларга ёрдам бериш мумкинлигини сездим», – деди Элмира Боситхонова.
Унинг айтишича, ижтимоий тармоқларда ўзига нисбатан билимсиз, чаласавод, малакасиз, дея билдирилган фикрларни кузатиб, ўқиб борган. Аммо у ҳақида яхши билмай туриб, салбий муносабат билдирганлардан сира ранжимаган.
Эслатиб ўтамиз, қўмита раиси сўнгги вақтларда «бозорчи» аёллар ҳақидаги сўзлари, шунингдек, Тошкентда яшовчи аёлларнинг 23та тоифаси бўйича картотекалари шакллантирилиши ортидан танқидлар нишонига айланган эди.
Элмира Боситхоновага очиқ хат…
Фото: xabar.uz
Бугун, 11 июль куни Хотин-қизлар қўмитаси томонидан «Оиладаги зўравонлик масалалари, турли вазиятлар таҳлили ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар» мавзуида ОАВ ходимлари билан брифинг ўтказилибди.
Тадбирда «Бозорчи аёлларда маърифат йўқ, маънавият йўқ. У бозорчи», деган фикрларингиз омма эътиборига тушибди. Сиз бозорчи аёлларга шоира Зулфиянинг «Хотирам синиқлари» китобидан шеър ўқиб турилишини ва бу билан аёллардаги маънавиятни бутлаш ғоясини илгари сурибсиз. Эҳ, қанийди шундай бўлса. Мен ҳам истайман, ҳатто бозорчи опа-сингилларимизнинг қўлидан китоб тушмаса, бозор даврасида даҳанаки жанг қилмай, бир-бирига шеър айтиб ўтирса. Аммо ҳаёт бошқа, хаёл бошқа.
Мана шу ерда сизнинг интернетдан анча узоқлигингиз билиниб қолибди. Бугун сиз бир пайтлар ишлаб юрган кунлар ортда қолиб кетди. Одамларнинг уйғонганига анча бўлган. Сайтларда чиққан бугунги тадбир билан боғлиқ мақолалар «Facebook»да чиққач, унга билдирилган кескин фикрларни ўқиб чиқдим.
Тўғри, аёлнинг маънавиятли бўлмоғи жуда муҳим. Ахир миллат келажаги оналар қўлида, деб бежиз айтилмаган. Аммо бугун «маънавият» сўзини ҳеч кимнинг эшитгиси йўқ. Ҳақиқий ҳолат билан танишгингиз келса, «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Халқ билан мулоқот», «Халқ фикри», «Халқ назорати» гуруҳлари билан кўп эмас, уч кун бирга бўлинг.
«Э, мен ҳеч қандай интернетга кирмайман», деган гапларнинг урфдан қолганига ҳам анча бўлган. Бу гуруҳларда турли касб эгаларидан тортиб, сиз айтаётган ўша бозорчи аёлларгача учратишингиз мумкин. Афсуски, тепада ўтирадиган раҳбарларнинг кўпи шундай гуруҳлар билан ишламайди. Агар халқ билан мулоқотда бўлишганда эди, ҳақиқий аҳвол билан яхшироқ танишган бўлишарди. Айниқса, бу гуруҳларга матбуот котибларининг мунтазам равишда боғланиб туриши фойдадан ҳоли эмас. Барча янгилигу ажойиб фикрлар, қарашлар мана шу гуруҳларда.
Сизлар қилаётган хайрли ишлардан кўз юммоқчи эмасман. Аммо мана шу интернет, ОАВ орқали кўраётган, эшитаётган, ўқиётган баъзи воқеалар барибир аёлларнинг аҳволи у қадар яхши эмаслигини исботлайверади.
Биргина мисол, Хоразмнинг Хазорасп туманида яшайдиган Нодира Холмирзаеванинг икки нафар фарзанди бор, бир нафари ногирон, озгина ойлик олади, 20 йилдан бери уйи йўқ. Имтиёзли кредитга бериладиган уйга пули йўқ. Мен бу аёл ҳақида сиздан олдинги раҳбарнинг шахсий почтасига ҳам ёздим, Озода исмли хотин-қизлар қўмитасининг ҳуқуқшуноси билан ҳам гаплашдим. Газеталарга, сайтларга мақола ёздим. Аммо ҳали ҳамон у аёлнинг муаммосига ечим топилмади. Фақат тумандан, маҳалладан бир неча ходим йўқлаб боришган, «эртак» ва «алла»ларини айтиб қайтишган. Борганларнинг барчаси ҳалиям уйсизлигидан ҳайратланган, албатта муаммонгиз ўрганиб чиқилади, деган юпатишлар бўлган.
У бечора аёл ҳар сафар сизлар томонларингиздан борган эзгулик элчиларининг гапларидан ҳалигача мутаассир. Энди умидлари пучга чиқай деганда бирор ходим бориб умидларини уйғотиб келишдан бошқасига яраганлари йўқ ҳозирча. Бундай мисоллар жуда кўп. Интернетга кирсангиз, сайтларни мунтазам ўқиб борсангиз бозордаги аёлларга шеър ўқиб бериш фикридан қайтасиз. Ҳақиқатга тик қарай бошлайсиз.
Ҳурматли Элмира Боситхонова! Энди бошқача ҳаёт бошланди. Аёллар маънавиятига жон куйдирганингизни яхши тушунаман. Лекин бугун маънавиятнинг ўзи билан қорин тўйдириб бўлмаслигини халқ англаб етди. Замонга бошқача кўз билан қараш керак, турли ҳисоботлару тадбирбозликлар билан кифояланиш урфдан қолди.
Мен ҳар сафар интернет орқали хотин-қизлар қўмиталари ходимлари билан тўқнашганимда мана бу таклифларимни айтаман: Хотин-қизлар қўмитаси хайрия ташкилоти эмас. Битта муаммони ечса иккинчиси чиқиб келаверади. Муаммонинг туб илдизини топиш керак. Масалан ёлғиз аёллар ишлайдиган қўшма корхоналарнинг ойлиги қай даражада? 500-800 минг ойликка болаларни боқса бўладими? Масалан, ногирон болага бериладиган нафақа 296 минг сўм. Она бемор болани деб ишлолмайди. Агар аёл ёлғиз бўлса боласини деб ишлолмаса, бола учун бериладиган 296 минг пулга қандай яшаш мумкин? Балки боланинг нафақасини кўтариб қўйиш керакдир. Балки болага уйга келиб қарайдиган ўқитувчи ёки тарбиячи давлат томонидан ойлик билан таъминланиши лозимдир.
Шунда она бирор жойга ишга кириб ишлаши мумкин бўлар. Балки шунда қўш хотинликларга барҳам берилар. Ахир буям бир муаммо, бунинг ортида қанчадан-қанча ҳақ-ҳуқуқи поймол бўлган одамлар турибди. Буям давлат учун бир юк…
Яқинда сайтимизда 6 ойлик ҳомиласи билан бир аёлнинг ишдан бўшатилганию ҳалигача ҳақиқат қарор топмагани ҳақида мақола бердик. Мана шундай пайтда аёлнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш сизларнинг вазифаларингиз эмасмиди?
Охирги гапим: бугун замон тезкор. Хоҳлаймизми, йўқми технологиялар асри. Интернет билан қаттиқ ишлангизлар, онлайн мулоқот, онлайн савол-жавоблар, онлайн ҳисобот, онлайн қабул, онлайн маслаҳатларни йўлга қўйиш вақти етди. Чунки ҳар қандай раҳбар бугун халқдан бир қадам олдинда юрмас экан, ҳатто гапирадиган гапининг салмоғини ўйлаб кўрмас экан, интернетда кун мавзуси, ҳаттоки «ҳафта қаҳрамони»га айланиб қолиши ҳеч гап эмас…
Ўхшаш мақолалар:
- Интернет орқали «бахт» овлаган «келинчак»нинг аянчли тақдири — Карим Баҳриев
- Дилмурод Бозоров: Аёллар байрами қачон урфга кирган?
- Саудовская Аравия: споры о свадьбе старика и школьницы
- ПОЖИЛАЯ БЕЛЬГИЙКА ПРИНЯВШАЯ ИСЛАМ В 90 ЛЕТ: «Я СОЖАЛЕЮ, ЧТО ПОЗДНО ПРИНЯЛА ИСЛАМ И ПРОЖИЛА СТОЛЬКО ЛЕТ ВНЕ ИСЛАМА…»
- Деҳлида бедарак йўқолган Шаҳноза Шукурова ўғирлаб кетилган бўлиши мумкин
- Ҳамроқул Асқардан Дилором Исҳоқовага байрам табриги
- Аҳмад Муҳаммад: Улар нимадан ваҳимага тушишмоқда?
- Туркияда икки ўзбек аёли фохишаликда айбланиб ушланди
- Абулқосим Мамарасулов: Эркакни ит дейдилар…
- Шаҳватпарастликка бир диний ниқоб: Кўпхотинлик
- Ёш танламас муҳаббат бу — ББС ўзбек хизмати лавҳаси- Лорд ва Леди Шайх достони
- Исмат Хушев билан 20 минут Хайриддин Султонов ва «Олтин медал»ли хоинлар (1)