Абдулла Орипов шеърияти: «Юзма юз» ва «Ўйларим» «Ўтганлар ёди» туркумидан
ЮЗМА-ЮЗ
I
Келингиз, дўстларим, келинг, бир нафас
Сўзлашиб олайлик очиқ, юзма-юз.
У йироқ истиқбол мавзумиздир, бас,
Демакким, истиқбол борасида сўз.
Келингиз, дўстларим, келинг, бир нафас
Шу кўҳна дафтарни очайлик яна.
Эриш туюлмасин ташбиҳларим, бас,
Ҳозир дабдурустдан дейманки: ана, —
Мамонтлар тўдаси чиқди ўрмондан,
Шимол кўчкинидай ваҳший ва сармаст
Ва лекин ваҳшийроқ тўда ҳар ёндан
Бостириб келдилар гурас ва гурас.
Яна тўқнаш келди инсон ва ҳайвон,
Яна ҳаёт учун жанг кетди узоқ.
Яна ғолиб келди ваҳший оломон,
Яна шўрлик мамонт енгилди, бироқ
Ўша кун бузилди азалий удум,
Уни инсон ўзи бузиб ташлади.
Кундузги ошкора ўғрилардай у
Ўлжасин уй-уйга торта бошлади.
Бизнинг бошимизни боғлаган зулмат,
Нотиқлар тутақиб сўккан зулм, қон,
Дунёдаги неки ёмонлик, кулфат,
Барчаси бошланган эди ўша он…
Йўқ, ҳавас қилмайман маймунга ҳечам,
Иштонсиз аждодни қўмсамоқ нега?
Аммо ўлжасини талашган одам
Йўлдан адашгандай кўринар менга.
Мен бир тажрибасиз, ғўр йигит, нечун
Адашдинг деяпман дунёга, ҳайҳот.
Абдулла, ханжарни ўзингга ургин,
Сен ўзинг адашмай ўсдингми, наҳот?!
Ҳа, ёшликда мен ҳам бир оз адашдим,
Қотил бўлганим йўқ, аммо ҳар қалай…
Дунё ҳам бир вақтлар мамонт талашиб,
Адашиб кетганди йўлидан мендай.
У шўрлик илк бора ўрмонга қочди,
Қулдорнинг калтаги қонатди бурнин,
Спартак бўлиб сўнг ҳаққин талашди,
Зевс сиймосида ахтарди ўрнин.
Мангу экзотика — Римни у қурди,
Бироқ тиёлмади кўзда ёшини:
Юрагига Цезарь найзасин урди,
Чингизхон чўқмори ёрди бошини.
Асрлар шундайин тентиб ўтдилар,
Ер узра ҳукмрон ғам бўлди фақат!
Кимларки яхшилик донин экдилар —
Ёмон деб ном олди ўзи оқибат!
Наҳотки дунёда ҳақсизлик мангу,
Наҳотки одамзод қилингандир оқ?!
Наҳот ўша Фрейд ҳақ бўлса, ёҳу,
Наҳот қотил бўлса ўсиб чақалоқ?!
Одамлар бир замон энг буюк маъни —
Ёшлик софлигига қўйганлар сарҳад.
Ёшлик софлигига ким қайтмас, қани,
Адашган йўлидан ким қайтса, шу мард!
Ер юзида кечган зулмату ваҳшат
Чекинар-ку охир чириб ва қариб.
Фақат У истиқбол — ул эзгу ният
Инсонга софлигин берар қайтариб.
…Ўжар мухолифлар, сал пастга тушинг,
Оғирроқ бўлинг сал, сиз ҳам, жўралар.
Эй, нозик ўқувчим, учмасин ҳушинг,
Буюк мақсад сари етса мисралар.
Фарёд солманг тағин, қизил гап, дея,
Элга фарзанд инсон элнинг гапин дер.
Сизга бир жуфт савол айлайин ҳадя:
Мавзуда нима айб, ғализ бўлса шеър?
Осон қутуламиз мавзудан баъзан,
Хаспўшлаб ўтамиз, урра-урралаб.
Сўнгра дод соламиз: — Фалону пистон,
Қулоққа ёқмайди деймиз — ўша гап.
Ҳолбуки, ўзимиз ахтарган бахтлар,
Бўғзимизда турган ҳар эзгу армон —
Барчаси бир сўзда жамланди, агар
Ёқмаса топингиз бошқа бирор ном!
Ҳа, мен истиқболни куйлайман, балли,
Унда халқ йўлига тугашар йўлим.
Бироқ урраларни севмайман ҳали,
Урра демоқликка қисиқдир тилим!
Баъзи одамларни кўрсатиб ҳали
Қийиндир соф инсон, дея атамоқ.
Гарчи инсон зоти бўлолмас пари,
Бироқ ҳали бордир шайтонга ўртоқ.
Қора булут ёғмай кетса-да магар,
Тиниқ кўзгуларга тўшаб ўтар нам.
Ҳали осмонларда булутлар учрар,
Ҳали найзалар бор, баъзан менга ҳам
Шундайин тиканлар санчилар гоҳо…
Шунда ҳамдард бўлар ширин меҳнатим.
Дўстлар даврасидан кетаман ҳатто,
Олис юлдузларга кўчар хилқатим.
…Юлдузлар, юлдузлар, сиз менинг учун
Софлик ва маъсумлик бўлиб ёндингиз.
Борим шудир, дея жовдираб секин
Оқ кўнгил фарзандим бўлиб қолдингиз.
Йўқ! Йўқ! Мен сизларга термулиб бедор
Фалак сафарини ўйлаганим йўқ.
Юлдузлар, мен сизга боққанда хумор,
Қалбимда ер ишқи бўлади тўлиқ.
Юлдузлар, билмайсиз менинг халқимни,
Бундайин заҳматкаш ер юзида кам.
Елда тиним бордир, унда йўқ тиним,
Шундай ишпарастдир у мунисгинам.
Мен уни ўйлайман тун-кечаларда,
Она халқим, дейман, меҳрим оқар жим.
Кўзимга баъзида кўринса жанда
Кўнглим тўлиб кетар, инграйман, халқим…
Халқим, мозий ўтди, толе кўрмадинг,
Пиширдинг ўзингга бенасиб таом.
Кийгиздинг бировга, ўзинг киймадинг,
Юлдузни кашф этиб ном олдинг — авом!
Ўтганга ачинмоқ одатим йўқдир,
Беҳуда мотамлар теккандир жонга
Ва лекин тош отмай иложим йўқдир
Фурқатни бадарға этган замонга.
Мени кечирингиз, оддий одамлар,
Сизни эсга солар ҳар машъум тақдир.
Орангизда ўтди қанча фурқатлар,
Безгакка чалинди қанча Алишер!
Ер юзида кезган зулмату ваҳшат
Чекинар-ку ахир, пок бўлар дунё!
Фақат У истиқбол — ул эзгу ният
Халқимга бахтини айлар ҳадя.
II
Мезонлар учмоқда, ҳаво биллурдан…
Яна ҳисларимга кел, деб ёлбордим.
Хазонлар тўкилди, мен ҳам қалбимдан
Бадбин ўйларимни қувлаб юбордим.
Ажойиб фасл бу: ўйчан, баркамол —
Қиздай маъюсгина туради куйлаб.
Мен кузни севаман, кезаркан хушҳол
Олтин Ўзбекистон тупроғи бўйлаб.
Бўғзимга ҳисларим тиқилар яна,
Танҳо тентирайман, билмайман, нечун.
Куйлагим келади, тунлар жимгина,
Гулгун шафақларнинг соғлиги учун.
Кумушранг йўлларда от суриб юрсам,
Шимирсам шабнамдан, куйласам сармаст.
Сўнгсиз водийларга термулиб турсам,
Бепарво оҳуда қўзғазам ҳавас.
Аммо кечалар мен кезсам-да бедор,
Оҳулар қўйнимга кирса-да қиздек,
Менинг нигоҳимни тортади такрор,
Миллион эгатларга сочилган ўзбек.
Гарчанд пахтазорга боқаман мен ҳам
Ва лекин дилимда ташвиш бор менинг.
Майлига, шўх қўшиқ янграсин тилда,
Рангпар сингилгинам, ўйлайман сени.
Кузги райҳондайин маъюс ўсдинг сен,
Табиат бермади билагингга куч.
Ўзингдай одамга қаллиқ тушдинг сен,
На соғлиқ, на ёрдан ялчимадинг ҳеч.
Мен сени ўйласам, синглим — рангпарим,
Гоҳо тўлғонаман сўзсиз, ҳасратда.
Сен унда тер тўксанг, синглим, жигарим,
Мен нечун юраман ахир ишратда?!
Йўқ, рангпар бўлмасин ҳеч ким ҳам, йўқ, йўқ!
Сингиллар полвондай юрсинлар бардам.
Ва лекин табиат бермайди ҳуқуқ
Полвон деб уларни унутмоққа ҳам…
Сенинг қаторингда она халқ бордир:
Сен каби меҳнаткаш, сен каби суюк.
Унинг ташвишини унутмоқ ордир,
Уни унутганлар — тўнкадир, куюк.
Сингилга — халқимга боқсам доимо
Улуғ келажакни айладим орзу.
Дедим: Истиқболдан бахт топар дунё.
Дедилар: гўдагим, тўғри йўлинг шу.
Кўлимдан тутди-ю, шу улуғ имон,
Менинг ҳам кўнглимда жўшди тилагим,
Аммо баъзиларга дуч келсам бир он
Аччиқ изтиробга тўлар юрагим.
Рост-да, бировларни этади шайдо,
Ўз айби турганда ўзга бир чирой.
Кулгу аримасин лаблардан, аммо —
Тақдир эркалатди бизни ҳар қалай…
Сокин кечаларда келар ёдимга
Қанчалаб жувонмарг йигит қисмати.
Дейман, қани ёнса авлод қонида
Ўша оталарнинг буюк шиддати.
Худбин тенгдошимга қарайман ғамгин,
Кўлмак давра кўрсам эзилар кўнглим.
Халқим, келажагинг ўшалармикин,
Халқим, шундайларга қолмасин кунинг.
Мен ўзим нимаман? Аслида, балким
Энг нўноқ одамдан нўноқман, фақат,
Фақат бир нарсани яширмас қалбим:
Менинг юрагимда бордир Муҳаббат!
Сени, она халқим, севаман жондан,
Сенинг ташвишингни ташвишим дейман.
Нима қилолардим? Фойдам кам гарчанд,
Бироқ мен ўзимча ғамингни ейман.
Дилдан қувонаман, қирларда пода —
Яғрини ялтираб юрганин кўрсам.
Дилдан қувонаман, тошлоқ ерларда
Буғдойзор шовиллаб турганин кўрсам.
Суюниб кетаман мактаб боладай.
Сонсиз мўриларда кўраркан тутун.
Ана, таниш уйда доғ бўлмоқда мой,
Шивирлайман: — Синглим, насибанг бутун!
Куйлаб замондошнинг қадду камолин
Эркиннинг шўх сози таратса жаранг,
Дейман, У истиқбол — ул мунис толе
Халқимга шўх қўшиқ бермоқда, қаранг.
Тўю тўйхонани кўрсам, ҳамма вақт
Улуғ замонага айтдим шукрона.
Аммо инсон умри тўй эмас ҳар вақт,
Олддадир ҳали энг гўзал замона.
Истайман, қора ранг қолмаса жиндай,
Истайман, ботмаса шу рангин қуёш.
Аканинг сингилга ачинганидай
Инсон инсон учун тўка олса ёш.
Она халқ бахти деб ҳар вақт, ҳар қачон,
Истайман, бир сафда турса одамлар.
Сокин кечаларда қалбни ногаҳон
Қуршаб олганида шундай оҳанглар —
Сизга талпинаман, одамлар, яна,
Ўтмиш муҳаббатга талпингандай жон.
Аммо баъзи маҳал қоламан якка
Севгиси рад бўлган ёш Вертерсимон.
Йўқол, эй беҳуда мағрурлик ҳисси,
Йўқол, эй беҳуда самовий дамлар.
Ўзимни сизлардан ажратсам, сўзсиз
Таважжуҳ этмангиз дейман, одамлар!
Дўстларим, мен сизга талпинган дамда
Қалбимда бўлади ёлғиз бир раъйим:
Хиёнат бўлмаса дейман ҳеч кимда,
Дўстларнинг имони бут бўлса доим.
Дейдилар: дунёни кураш айлар бир,
Инсон жанг-жадалда бўлар жуфту тоқ.
Ахир қон оқиши шартмикан, ахир,
Бу кураш қайси бир жангдан осонроқ?!
Деймизки, оламни буғдойзор боссин,
Ер юзида фақат янграсин кулги.
Ахир, буғдойзорнинг ўзи унмаским,
Дилдан кула билиш осон эмас-ку.
Ҳа, буюк жанг бу ҳам, қошида хомуш —
Не ўжар одамлар бош эгмоқда жим.
Шу метин сафларни ким бузолур, хўш,
Шу эзгу курашдан четда турар ким?!
Қани, ҳей дўстларим, тинглангиз сўзим,
Бир сўзким, оддийдир, ҳақиқатсимон.
Дейманки: Истиқбол — тарихнинг ўзи, —
Келмоқда кимга дўст, кимга беомон.
Ҳайқиряпман ҳозир… Баъзида лекин
Заиф шамолларга бўйсунар созим.
Юрагим, юрагим, миттисан-ку, сен,
Ҳайқириш аслида сенгами лозим.
Биламан, ортимдан кимдир ўқрайиб,
Қараб ўтирибди худди шу замон.
Қани, ҳей, бу йўлдан бўлмасин тойиш,
Қани, ҳей, Истиқбол, янгра беомон!
Майлига созимни севмас давралар,
Ошиқлар сатримдан чекмаслар фарёд.
Менинг хаёлимни ҳозир етаклар
Фақат Истиқболни эслатган ҳаёт.
Ана, йўл четида борар қурилиш,
Ғишт терувчи йигит дорбоздай юрар.
Отга қамчи урар керосинфуруш,
Бир кампир энгашиб кўча супурар.
Ана у таниш жой — анҳор қирғоғи,
Пивога кўп хумор талаба дўстим,
Мен сенинг исмингни билмайман, соқий,
Буюр мен учун ҳам майли бир жуфтин.
Уларга боқаман, қалбимда ўқтин
Бир хушнуд ҳиссиёт кўтарар елкан.
Ўзгаларнинг ғами йиғлатса, нечун,
Нечун иқболлари қувнатмас экан?!
Ахир инсоф билан ўйласанг-ку, рост,
Ўшалардир бугун соҳиби замон.
Ҳеч кимнинг ҳеч кимдан тили қисиқмас,
Чегарадир фақат инсоф ва виждон.
* * *
Қани, ҳей, дўстларим, ташланг бир қадам
Шу эзгу Истиқбол ҳимоясига.
Мен сизни кутаман, ушбу шеърим ҳам
Ўшанда етади ниҳоясига!
1964
САРОБ
Олти ойким, шеър ёзмайман, юрагим зада,
Олти ойким ўзгаларга тилайман омад.
Олти ойким, дўстларим ҳам пана-панада
Истеъдодим сўнганидан қилар каромат.
Ниманидир ахтараман — шеърдан ҳам улуғ,
Ниманидир ахтараман — нондан азизроқ.
Дунё ўзи бепоён-ку, рангларга тўлуғ,
Бироқ менинг кўзларимдан ранглар ҳам йироқ.
Инжиқ руҳим май истайди гоҳи-гоҳида,
Фақат унинг оғушида топаман ором.
Хаёлларим сархуш бўлиб кезган чоғимда
У беармон кунларимга қайтаман тамом.
Кўз олдимда киприкдайин тизилар йиллар,
Ҳар бирига маржон бўлар аччиқ унларим.
Хира туман орасида чўғдай милтиллар,
Жайрон қувиб жайрон янглиғ ўтган кунларим.
Ўшанда ҳам бўлар эди осмону адир,
Ўшанда ҳам кезар эдик шундоқ яланг бош.
Билмас эдик китоб нима, шаҳар нимадир…
Энагамиз тунда ою, кундузи қуёш,
Қуюндайин чарх урардик доим тўзонда,
Чанг нелигин билмас эдик ўша маҳали.
Онамизни ўйлар эдик инсон деганда,
Аммо она танҳолигин билмасдик ҳали.
Балолардан асрар эди ўзи табиат,
Бошимизга сочар эди беминнат зиё.
Тўнкарилган осмон ости — шу сирли хилқат
Бизнинг учун ҳам кулба-ю ҳам буюк дунё.
Кунларимиз жилғалардай ўтдилар оқиб,
Мактаб бордик — оғир бўлиб қолдик дафъатан.
Девордаги арслон ёлли картага боқиб,
Секингина шивирлашдик: мана шу Ватан!
Ватан! Менинг бор қисматим шу бир сўзда ҳал,
Балки мен ҳам бахш этурман унга жон-танни.
Лекин дўстлар, ростин айтсам, мен ўша маҳал,
Жондан ортиқ севар эдим она-Ватанни.
Дўстлик билан бир бутундир, дердилар дунё,
Мен ҳам мангу дўстлик учун ичардим қасам.
Тайёр эдим Раҳимовдай бўлгали фидо,
Ўйлар эдим, дўстлар учун жангга ярасам.
Кўз олдимда шу қадарли пок эди олам,
Гўё нурдан яратганди инсон деган зот.
Ҳа, онамни ўйлар эдим инсон деган дам,
Йўқ, маймундан тарқамаган дердим одамзод.
Бу дунёда алам бўлмас, бўлмас деб фироқ
Даста-даста китоблардан ўқирдик таълим.
Равон йўллар қаршингизда турибди муштоқ,
Дерди бизга ҳарф ўргатган ёш бир муаллим.
Олис жануб тортганидай қушча юрагин,
Йироқларга етаклади мени бир сурон.
О, Абдулла, кўзларингни очиб қарагин,
Ким айтади бу дунёда йўқдир деб бўрон.
Йиллар она қучоғидан олди-ку юлиб,
Савдоларга урди мени мурғак ёшимдан.
Бир маҳаллар қуюндайин юрардим елиб,
Энди бўлса у айланар менинг бошимдан.
Шеър излайман бу кун Тошкент кўчаларида,
Секингина зирқирайди беором қалбим.
Мен умримнинг бу суронли кечаларида
На бир таскин топа олдим, на шеър тополдим.
Юрагимга бир маҳаллар кирган туйғулар
Энди сендан кетгаймиз деб сўрайди жавоб.
Мени бир зум ҳол-жонимга қўймайди улар,
Қўймайдилар, ваъдаларинг чиқди деб сароб.
Кўз олдимда собит турар фақат шу Ватан,
Кулбаси ҳам кенглик қадар чулғайди мени.
Туйғуларим фақатгина унга берар тан,
Юртим, мен ҳам умрим қадар севгайман сени.
Мен ҳам сенинг қуёшингда ўсиб-улғайдим,
Қарздорман, тупроғингда қолдирдим излар,
Аммо айтинг, қайда қолди у ёшлик пайтим,
Кайда қолди мен ишонган у ўзга ҳислар.
Таъна қилмай ахир севгим мукофотини
Инсон учун минг оташда куяр эдим мен.
О, қанчалар севар одим инсон зотини,
Қандай буюк муҳаббат-ла севар эдим мен.
Бугун тўниб, атрофимга қарайман секин,
Ўт беролмас қалбга энди у ёшлик дамлар.
Мен инсонни бир инсондай севардим, лекин
Нечун кўпдир ҳалигача разил одамлар.
Қайлардадир ҳамон кезар зулмат тимсоли,
Қайлардадир ҳамон тинмай оқмоқда-ку қон.
Қўзларимга гоҳ кўринар телба мисоли
Мен бир вақглар сажда қилган ҳазрати инсон.
Қайлардадир фисқу фасод, ҳасад, хусумат,
Инсоният фарзанддарин тортмоқда дорга.
Гар бор бўлсанг жавоб бер, эй илоҳий қудрат,
Наҳот гўдак ишончини ёзибсан қорга?!
Олти ойким, руҳим шундай учмиш танадан,
Олти ойким, мени хаёл эзар беомон,
Олти ойким аллакимлар пана-панадан
Тош отади дарвозасиз қалбимга томон.
Шовқин тўла кўчаларда кезаман танҳо,
Яна шеърим юва бошлар дилдан ғамимни,
Хаёлларнинг гирдобида қолганда аммо
Алам билан хотирлайман муаллимимни.
Хазон тўла боғчаларга бораман, тағин,
Яна ўзни хаёл ила шеърга ташлайман.
Тўниб қолган юрагимга бериб бир таскин
Яна қувноқ қўшиқларни куйлай бошлайман.
Не тонг, ахир фарзандмиз-ку шу замонага,
Ахир она сийнасидан фарзанд тонолмас,
Қўл кўтариб бўлармиди ахир онага,
Зотан, унга қўл кўтарган — фарзанд саналмас.
1966
