Қўлингда тап тайёр ҳадди ҳисоб бу, Ҳадди ҳисоб берган шаҳри Китоб бу!
Абдулла Орипов
КЕНГЛИК НУҚТАСИ
Ҳисор тоғларининг нақ этагида
Макон бор хушҳаво, сарбаланд, юксак.
Ажиб бир осмон бу, осмон тагида.
Юлдузлар қўл чўзсанг шундоқ етгудек.
Она табиатнинг хуш санъати бу,
Инсон ва юлдузлар салтанати бу.
Бу ердан ўтибди ернинг белбоғи,
Беқасам тўн демак бу рангин диёр.
Фалакда юлдузлар чақнаган чоғи
Нишондор ўзбекнинг сурати тайёр.
Улуғбек номида зўр кошона бу,
Дунёда бешдан бир расадхона бу.
Бу ерга термулиб паришон дунё
Тўғрилаб олади қўлда соатин.
Не ажаб, пайт келиб айтолсак ҳатто
Жумлаи жаҳоннинг хуш саодатин.
Шундоқ қутлуғ жой бу, қутлуғ макон бу,
Не қутлуғ, жонажон Ўзбекистон бу.
Атрофда водийлар товланар ҳал-ҳал,
Минг йиллик чинорлар кўкка боққан тек.
Бу ерда во ажаб юз йиллар аввал
Дунёга келибди султон Улуғбек.
Ажиб тасодиф ё шаҳри Ҳумой бу,
Ҳойнаҳой, даҳоси туганмас жой бу.
Оқшом тушмасидан бунда бесабр,
Ўнлаб кўз термулар осмон–фалакка.
Бу Зуҳал, мана бу Дубби Акбардир,
Зуҳраой пиқирлар бир четда якка.
Юлдузлар васли бу, васли жаҳон бу,
Ошиқ мунажжимга айши нишон бу.
Тонг ботиб чиқар-ку ишбоши офтоб,
Қошида бош эгиб қолма тағин жим.
Замон шиддатини қилолмай ҳисоб
Ер чизиб турибди ёш бу мунажжим.
Азизим, ғам чекма, ваҳму гумон бу,
Охир тизгинингга келгай замон бу.
Ҳар зумда дунёнинг бурчакларига
Ҳабарлар жўнайди қатор ва қатор.
Хоҳласанг, учавер Марсдан нарига,
Хоҳласанг, фалакнинг у бурчига бор.
Қўлингда тап-тайёр ҳадди ҳисоб бу,
Ҳадди ҳисоб берган шаҳри Китоб бу.
Қутлуғ жой кўп эрур ушбу дунёда,
Юлдузни кўзлаган лочин ҳам талай.
Ҳар нечук, шу соат, шу сонияда,
Она юрт, мен сени созимга солай.
На мақтов, на на олқиш, на пуч занаҳ бу,
Она юрт қалбимга солган фараҳ бу.
Кездим бу ерларда танҳо, шодумон,
Юлдузларга яқин, кўзлардан йироқ.
Қалқиб турган билан теппамда осмон
Англаб етармидим маъносин бироқ.
Ҳар нечук, билганим юлдузфишон бу,
Уйғоқ Ватанимдан битта нишон бу.
Бор бўл, тафаккурга ёр бўлган диёр,
Бор бўл, юлдузли тун, оқшомлар майин.
Битта мунажжиминг мисоли бедор,
Она юрт, мен сенга мафтун ўтайин.
Балки шоирлик ҳам яхши отдир бу,
Улуғбек юртидан хотиротдир бу.
1970