Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ёзувчи Эврил Турондан мактуб
Президенти муҳтарам
Ш. М. Мирзиёевга
Ёзувчи Эврил Турон (Мамадали Маҳмуд) дан
ТАКЛИФ ХАТИ
Қадрли Шавкат Миромонович!
Юртимизнинг тўкис келажагини яратиш учун фойдали таклиф, ташаббуслар билан чиқиш ҳақида жон куйдириб гапирасиз. Бу- одамларни ўйлашга , фикрлашга ундайди, Ватанимизнинг юксалиши йўлида яхши ишлар қилишга чорлайди…
“ Ёмоннинг ҳам яхши томони бўлади” дейишади. Мен шу гапга қўшиламан. Тангрисиз замон( СССР)да ёшлар катта шов- шув ва меҳнатга руҳлантирувчи шиорлар билан Бутуниттифоқ долзарб қурилишларга , бўз ерларни ўзлаштиришларга комсамол йўлланмаси билан борардилар. Улар ётоғу палаткаларда яшаб, йирик ишларни амалга оширардилар.
БАМ, Днепрастрой, Целиноград, Новогород, Мирзачўл, Туямўйин… ўша шонли эҳтиросларнинг самараларидир.
Кекса қатлам билади, ўшанда фитна , низо уруғларини тарқатувчи, тинчликка раҳна солувчи ҳамда фалокатлар келтирувчи оқимлар бўлмаган.
Бузилиш, айниш, тўзиш, сочилиш, фитна , оқимлар ишсизлик ва йўқликдан келиб чиқади.
Турғинлик даврида, лооқал, ёмоннинг яхши тамонидан фойдалинилмади. Фақат бир мия билан иш кўрилди. Бир мия, бир мия. Ҳатто у гений бўлса ҳам…
Давлат – фикрлар билан тирик.
Давлат – фикрлар билан юксалади.
Турғинлик йилларида ишсизлик ва қашшоқлик қанот ёзди. Оқибат четга тўзғишлар , ахлоқий бузилишлар, маънавий айнишлар, ёлғон , сохта мақтовлар вужудга келди. Оқибат: “ Хизбуттаҳрир”, “ Ваҳобий”, “ Нурий”, “Акромий” каби оқимлар оёқ остидан “ патраб” чиқди.
Табиат – бўшлиқни ёқтирмайди.
Зўрликдан – зўрлик туғилади…
Қўшнилар билан носозлик ҳам шундан келиб чиққан …
Энди, ўтмишни қоралашдан фойда йўқ. Менинг сезгимча, энди аччиқ сабоқлардан тўғри хулоса чиқарилаяпти. Эл- улусга сўз, фикр, қалб, виждон , ҳис – туйғу эркинлиги берилмоқда. Юртни ривожлантиришга не тилагинг бўлса, айт дейилмоқда. Ҳозирча, кам бўлса-да айтилаяпти ҳам . Мен буни халқ ва давлатни бойишга олиб борадиган тўғри йўл ,деб биламан.
Мен шу эркинликдан кеклиб чиққан ҳолда таклиф киритаман. Қорақалпоқ, Фориш ҳудудларида чексиз – чегарасиз ерлар бўш ётибди. Агар шу ерлар Жопўн, Корейс, Хитой каби давлатларда бўлганда эди, ишончим комил,улар бу тупроқларни олтинга айлантирардилар. Бизларни улардан кам еримиз йўқ. Элимиз меҳнатсевар эл.Уларни, хусусан, ёшларни юксак ақл, кўтаринки руҳ билан бу адоқсиз чўлларни ўзлаштиришга жалб этиш керак. Нима, Шўро қилган ишни биз қилолмаймизми? Қилганда қандоқ?
Ёшлар – қанотимиз. Йигит – қизларни бу улуғвор ишларга йўналтирадиган, илҳомлантирадиган ўт юрак дарғалари борми? Қуронбоевни ўз моддий… қобиғига ўралиб қолган дейишади. Ўзида ўт бўлмаса, пуфлаб ўт чиқариш қийин.
Айрим раҳбарлар ҳамон эски даврдагидек, аравани қуруққа олиб қочади. Чайналган гапларни чайнайди. Ўзларини ишчан, билимдон қилиб кўрсатади. Уларда элни яратувчиликка эргаштирувчи ғоя йўқ . “ Қорин” ғоясидан ўзга. Кўпи қуруқ савлат, фикрсиз гавда…
Сизнинг қатъий саъй – ҳаракатингиз билан Фориш чўлларини экинзорларга айлантириш учун Қорамон сув омбори қурилаяпти. Шу августда битади. Маълумки, Фориш ҳудуди Хоразм вилояти ҳудуди билан тенг. Унинг ер майдони 1 миллион гектар . Ҳозирча, 2 юз минг гектар ерни – қўшни Нурота туманигача бўлган ерни ўзлаштириш мумкин. Мавриди келганда шуни айтай, Қизил денгизга ( Ҳайдаркўл) туташ Нурота чўллари ҳам бепаён. Шўрдан холи, бўлиқ тупроқли бу ерлар ҳам ўзлаштиришга муҳтож. Ўзлаштирувчи ёшларга муҳтож. Эскича қиёслаганда , бу: 2 юзта савхоз дегани.
Геологларнинг айтишларича, Нурото тизма тоғлари этаги остида дарё оқаяпти. Уни юзага оқизиш мумкин. Қизил денгиз сувини ҳам чучуклаштириш мумкин. Демак , яқин келажакда 2 юз минг гектар ер бўстонга айлантирилади. Сўнг яна ва яна… Бундан ташқари , болалигимда кўрганим: лалми буғдой, арпа , нўхат, лўвия, қовун , тарвузлар экилади. Бу савобли ишларни бажаришга минглаб ёшлар керак бўлади.
160.600км2 ерни ишғол этган Қорақалпоғистон Республикасида 14 та туман (Тўрткўл, Элликқаъла, Беруний, Қўнғирот, Тахтакўприк, Қораўзак, Чимбой, Кигели, Хўжайли , Шуманой, Амударё, Нукус, Қонгликўл, Мўйноқ)бўлса, деярли ҳаммасида минглаб гектар бўш ерлар мавжуд.
6 миллион гектар ҳудудни эгаллаган Орол курашга юз тутгандан сўнг қозоқ, қорақалпоқ, қисман ўзбек ва бошқа миллат вакиллари бу маконни тарк эта бошладилар. Бунга собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг ўзга юртларда яшаётган қозоқларни Қозоқистонга чақириши ҳам сабаб бўлган. Натижада мўл – кўл ҳосил берувчи экин майдонлари ҳувуллаб қолган. Буларни қайта экин майдонларига , гўзал гўшаларга айлантириш учун минглаб йигит – қизлар лозим бўлади.
Бу ёшлар бизда бор. Ортиғи билан бор. Бу иш теран ақл, идрок билан йўлга қўйилса, хорижга мардикорликка кетиш оқими тўхтайди. Билъакс чет эллардаги юртдошларимиз Ватанга қайтишади. Жумладан, Қозоғистонда қовун – тарвуз етиштираётган минглаб оилалар ҳам .
Мамлакат ичида ҳам, яъни пана- пастқам жойларда мардикорлар бозорлари ари уяларидек тўзғиб ётибди. Улар ҳам бу умумхалқ ишига тортилади ва ер юзига сочилиб кетган қондошларимиз билан бирга бунёдкорлик ишларини қиладилар. Шунда Ўзбекистонимиз гулгун диёрга айланади. Қудратда ҳам бетимсол бўлади.
Америка, Англия каби,
Япония, Кория каби.
Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Эл тилида айтсам, бир тан, бир жон бўлишимизга боғлиқ.
Йигит- қизларимиз юз минглаб гектар ерни ўзлаштирсалар, нималар экадилар?
Буғдой, арпа, мош,лўвия, нўхат,шоли макка , фасўл, сабзи, ерёнғоқ, пиёз, қалампир, саримсоқ, карам, беда, писта, қовун, тарвуз, помидор, бодринг…
Олма, ўрик, олча, ток, ёнғоқ, анжир, шафтоли,бодом, нок, тут, қоралу,беҳи, тут…
Ерни ўзлаштиришга ,экин- текинга сарфланган харажат, бир йиллик ҳосил эвазига ўзини қоплайди. Ортиғи билан. Кейин бу экин майдонлари битмас – туганмас даромад манбаига айланади.
Яна юзлаб гектар ерларга қурилган иссиқхоналарда ҳам турли мева , полиз , сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. Булардан тушган маблағларга ғазналар тўлиб, тошади.
Маҳсулотларни чет элларга экспорт қилиш масаласи ҳам ақл билан , аниқ ҳисоб – китоб билан йўлга қўйилади.
Бу ерларда туёқчилик ( от, туя, қўй, эчки, қорамол…) тармоғи ҳам ривожлантирилади. Саноат ҳам . Ёғ- мой заводлари ва фабрикалар қурилади. Вақти – соати билан гўзал шаҳарчалар қад кўтаради.
Ёшлар кон ишларида ҳам қатнашадилар.
Бўрондек гувуллаб,
Денгиздек жўшиб…
Қораққалпоқ ерларини ўзлаштириш учун сув муаммоси қандай ечилади?
Мен бу масалада тажрибали деҳқонлар ва мутахассислар билан қўнишдим. Шулардан бири : Искандар Мамбетов . У 1976 йилда Тошкент Ирригация институтини битирган . БАМ, Туямўйин сув омбори қурилишларида ва асосан қишлоқ хўжалиги тармоғида ишлаган.
Ҳозирда Искандар 64 ёшда , нафақада , 1- гуруҳ ногирони, шол. Аммо , ёшлар сўзида айтсам, унинг “ калласи компютер”.
“ Йирик ишларни қилиш учун оёқ эмас, мия муҳим,- дейди Искандар,- Англия президенти Черчел коляскада ўтириб , мамлакатни бошқарган. Энг зарури одамни ақл, идрок, фикр, ишонч, журъат, ғайрат тарк этмасин. Руҳ синмасин”.
Искандар Қорақалпоқ ери, иқлими, табиати, элини яхши билади. Унинг билим доираси кенг, руҳи тетик, кўзлари тийрак. Оёқлари ишламаса ҳам , тинч ўтирмайди. Мунтазам ҳаракатда . Мисол: 2018 йилда, муҳтарам президент, Сизнинг ташаббусингиз билан ( Вазирлар маҳкамасининг 62- сонли қарорига биноан) у 25 миллимон туп экспортбоп, аччиқ қалампир кўчати етказди ва фирмерларга топширди.
Шу тиниб – тинчимас одамнинг сўзича, ҳозир, биринчи босқичда ўзлаштирилажак ерда ( юз минг гектар ) асрлар бўйи Жайхун оққан. Шу боис бу майдонга экиладиган экинлар сув талаб қилмайди. Фақат кузда бир марта суғорилса кифоя. Мўл ҳосил олинади. Тупроғи бўлиқ, майин, ёриқ ер йўқ.
Иккинчи ,учунчи босқичларда экишга мўлжалланган майдонларнинг ўринлари ҳам узун замонлар кўл , тўқай, ўрмон бўлган. Ҳозирда соғлом тупроқли ер. Сув талаб эмас. Қолаверса Амударё суви бор…
- Сувдан проблема йўқ,- дейди Искандар Мамбетов,- Кўчувдан олдин деҳқонлар бу ердан , суғормасдан мўл ҳосил олганлар. Қозоқда етиштирилаётган қовун – тарвузлардан кўра қорақалпоқ қовун – тарвузлари ширин бўлади. Гуручларимиз тенгсиз. Мош, лўвия, фосўл, нўхат…ларимиз ҳам шундай. Буларни хорижга сатсак, қўл- қўлга тегмайди.
Унинг бу фикрини деҳқонлар ҳам , мутахасислар ҳам, кексалар ҳам тасдиқлашади.
- Агар шу ер менга берилса, мен ундан зар ундираман,- дейди жиддий бир тарзда Искандар.
Мен ичимда ундаги ишонч , журъат, ғайратдан ҳайрат туяман. Бироқ, барибир, ҳар бир сўзни тарозига солиб кўриш, ақл элагидан ўтказиш лозим. Менимча, ҳар бир инсоннинг гапи нисбий. Жумладан, менинг ҳам.
Бу хайрли ишни йўлга қўйиш учун маблағ керак. Техникага, маошга озмунча пул кетадими? Фикримча, бунинг манбаи: Бойлар . АНИҒИ:
Хориждаги бойлар,
Юртимиздаги бойлар.
Менимча, уларнинг ўзларини ҳам бу умумхалқ ишига тортиш керак. Бунинг учун оммовий ахборот воситалари ва “ Дунё ўзбеклари”нинг ёрдамлари лозим бўлади. Балки, буютжетдан ҳам бир чимдим пул ажратилар.
Қадрли президент!
Бу улуғ, қутлуғ ишни қўллаб – қувватласангиз, савобга қоласиз, элимиз олқишини оласиз.
Яратган ҳам Сизни ёрлақайди.
Буюк ҳурмат билан
Эврил Турон.
Турон Халқаро Ёзувчилар Иттифоқи раиси.
15 июл. 2019 йил.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
men mamadali maxmudovni prezidentga yozgan maktubuni qollab quvvatlayman farhod forishdan