Ўзбекистон Президентига бир гуруҳ ёзувчилардан хат
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ
МУҲТАРАМ Ш.М. МИРЗИЁЕВГА
БИР ГУРУҲ ЁЗУВЧИ, ОЛИМЛАР
ТОМОНИДАН МУРОЖААТ
Муҳтарам президент!
Эл- юртимизнинг озодлиги, эрки, қарамсизлиги учун курашган ва бу қутлуғ йўлда “ Ватан хоини” деган туҳмат билан отилган ёзувчиларимиз – Чўлпон, Фитрат, Қодирийларни энди афсус, армон билан эслаймиз. Уларни ёвуз кучлардан сақлаб қололмаганимизга ачинамиз…
Бу улуғ сиймоларнинг қамалиш ва йўқ этилишларида камуна ялоқлари – ҳасадгўй, хашаки, маддоҳ “ адиб”лар КГБга қурол бўлганлар. Ёлғон, сохта тарғибот билан “том”га чиққан бу кимсаларни ҳозир ит ҳам ўқимайди. Билъакс, лаънатлайди. Улар тупроққа айлансаларда, айрим ворислари “том”да. 27 нафар ижодкорни уюшма аъзолигидан ўчирилиши ва Эврил Турон каби халқсевар ёзувчиларнинг қамалашларида шу ялтоқлар жанбозлик қилдилар. Ҳасад ўтида ёнган бу нафс бандаларида ўттизинчи йиллар фожеасини такрорладилар. Соғлом фикрли ойдинлар буни мустақил Ўзбекистонга қарши ҳаракат, деб баҳолашмоқда.
Кечган 25 йил ичида адабиёт, саънат ва оммовий ахборот воситаларини абгор ҳолга туширганлар ҳам шулар. Улар бор экан, ёзувчи, журналистлар ҳам Сизнинг оқилона ҳаракатингиз билан вужудга келган жўшқин жараёнларда эркин қатнашолмайдилар. Чунки тўсиқ бор. Бу эски темир тўсиқ ортида оқни қора қилиб кўрсатувчи кўнгиллари кир “адиб”лар турибдилар. Ҳали улар кучда экан, туҳмат билан қамалган ёзувчиларнинг оқланишларига тиш- тирноқлари билан қаршилик қиладилар. Йўқса, Эврил Турон каби адиблар оқланиб , реабилитация бўлишлари керак эди.
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Бизнинг ҳамма умидимиз Сиздан.
Эврил Турон ( Мамадали Маҳмудов) АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтон, БМТ ва Оврўпа Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ёрдамларида 2013 йилда озодликка чиқарилди. 17 йиллик қамоқ Эврил Туронни соғлигидан айирган. У уч марта юрак инфарктини ўтказган. Яна қатор хасталиклар ҳаётига хавф солиб турибди. Бунинг устига ўта оғир шароитда кун кечирмоқда. У 17 йил қамоқдалигида оиласи қарзга ботган. Қарийиб, 40 йил давлат ташкилотларида ишлаганига қарамай , унга бор- йўғи 179 минг сўм пенсия белгиланган.
Асарлари маҳаллий матбуотда ёритилиши таъқиқланган йиллари Эврил Турон ўз мақола, эссе , қисса , романларини Франция, Англия, Олмония, Голландия, Норвегия, Туркия, Канада, Америка каби давлатларда нашр эттиришга мажбур бўлган.
Дунё билади: Эврил Турон иқтидорли адиб, заковатли инсон. Ўтган асрнинг биринчи ярмида босқинчилар томонидан “ Босмачилик ҳаракати” деб аталган манфур қарашга қарши Эврил Турон “ Туманли кунлар” ( “Боғдон қашқири”) отли қисса ёзди. Ушбу қиссасида у миллат озодлиги учун курашган ботирларни Ватан қаҳрамонлари сифатида тараннум этди. Асл босмачилар эса босқинчилар эканлигини бадиий образлар орқали баён қилди.
СССР тарихларида : “ Ўрта Осиё ўз ихтиёри билан Россияга қўшилган” деб ёзиларди. Эврил Турон “ Ўлмас қоялар “ романида аслида чор Россияси Туркистонни босиб олганлиги , босқинчиларнинг ғоялари ёлғонлигини фош этиш орқали жасорат кўрсатган эди.
“ Туманли кунлар” каби бу асар ҳам шов- шув, баҳсларга сабаб бўлди. 1980 йиллар бошида “ Шарқ юлдузи” журналида босилган ушбу роман кўп ўтмай Туркия ва ФРГда чоп этилди. Бир неча йиллардан сўнг (2008) француз тилида , Парижда китоб ҳолида нашр қилинди.
Эврил Туроннинг чет элларда ўзбек , инглиз тилларида чоп этилган “ Бўз бўри” (Араб босқинига оид) , “ Ой нури”. “ Оқ гул” романлари (КГБнинг қора қилмишларига доҳил) ҳам севиб ўқилмоқда.
Эврил турон асарлари 2016 йилда Лўндонда халқаро Нобель мукофотига тавсия этилди. Худди шу йили Эврил Турон чет эллардаги турки ёзарлар томонидан Халқаро Турон Ёзувчилар Иттифоқига раис этиб сайланди.
Муҳтарам президент!
“ Халқ душмани” тамғаси билан отилган Чўлпон, Фитрат, Қодирий каби адибларимиз кўп қаршиликларга қарамай, мустамлака давридаёқ Шароф Рашидов ташаббуси билан оқландилар. Сиз ҳам шу қисқа вақт ичида қутлуғ ишлар қилишга қодирлигингизни амалда кўрсатдингиз, кўрсатаяпсиз. Метро, завод, уй- жой қурилишини қўя турайлик, бўғовланган халққа эрк эшигини очаяпсиз, қасддан судланган, қамалган, ишдан хайдалган қобилиятли кишиларни (Самандар Қўқонов, Мавлон Умрзоқов, Козим Тўлаганов, Абдулла Арипов, Шуҳрат Нусратов, Бахтиёр Ғуломов…) оқладингиз , мартабалар билан сийладингиз. Бундан айрим ғаразгўй аламзадалар куйсалар-да, энг муҳими, Сизни кўп миллатли Ўзбекистон халқи олқаяпти.
Биз ишонамиз, Сизнинг марҳаматингиз билан 74 ёшни қаршилаётган, дунё ойдинлари эътироф этган адибимиз Эврил Турон ( Мамадали Маҳмуд) ҳам реабилитация қилинади ва унга Ўзбекистон Халқ ёзувчиси унвони берилади.
Ҳар ишда Сизни Тангри қўлласин!
Сизга тенгсиз бобомиз Амир Темур руҳи доим мададкор бўлсин!
Буюк ҳурмат, эҳтиром билан
Шукурулло, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси
Жамол Камол, Ўзбекистон Халқ шоири
Бакир Зарипов, биология фанлари доктори,
академик
Абдураҳмон Ражабов, техника фанлари доктори,
профессор
Қозоқбой Йўлдошев, филология фанлари
доктори, профессор
Тўра Мирзо, шоир, драматург, Физулий мукофоти совриндори.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Niyatlaringiz yaxshi. Lekin shunday adiblarning xati oxirida Allohga shirk keltiruvchi jumlalarning bo,lishi juda ham uyat. Nahotki shirkning katta gunoh ekanligini bilishmasa?