"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Абдулла Орипов: Менинг Мингчинорим, қайдасан, айтгин?!

Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”, Адабиёт | 16/06/2019 03:15-     12352 марта ўқилди

Абдулла Орипов
УЧАР ЛИКОБЧА
Коинотдан келган учар ликобча
Кўкка ер ҳақида берарди хабар.
Қайда саҳро ётар, қайда боғ-боғча,
Борми сайёрада ҳаётдан асар?
Гоби саҳросига қўнди у бир кун,
Чексиз-чегарасиз, қуп-қуруқ ҳарёқ.
Кўкка хабар қилди самовий тўлқин:
– Бу жойда ҳаёт йўқ, бордир қум, тупроқ!
Ликобча осмонда кезиб саргардон
Уммон ўртасига келди ниҳоят.
Фалакка маълумот жўнатди шу он:
– Ер деган манзилгоҳ сувдан иборат!
Туну кун ер узра айланиб юриб,
Дафъатан Деҳлига тушди бечора.
Сим қоқди юз минглаб одамни кўриб:
– Улкан бозор экан ушбу сайёра!
Охири ликобча толиқиб, беҳол,
Мингчинор бағрида тинди бир фурсат.
Қувончин етказди фазога дарҳол:
– Жаннат шу ердадир, шу ерда жаннат!
Омадсиз кимсаман дунёда, эвоҳ,
Мен ҳам ликобчамни учирдим кўп бор.
У тушди абадий музликларга гоҳ,
Гоҳ вулқон ўтига бўлди-ку дучор.
Биламан, заминда – ердадир жаннат,
Боққанда дўзахий ўйлардан қайтгин.
Чулғар хаёлимни бир орзу фақат,
Менинг Мингчинорим, қайдасан, айтгин?!
2015 йил 6 июнь
   
Абдулла Орипов
ЎТГАН ТАРИХЛАР
Сўйлайин ажойиб воқеотлардан,
Азиз авлиёлар, ўтган зотлардан.
Яхлит бўшлиқ экан олам бир замон,
Яъниким, аралаш замин ва осмон.
Бўлган на тартибот, на ўй, на ният,
Таги билан йўқдир ўзи жамият.
Тўрт-бешта қароқчи юрган қўрқитиб,
Ўтган, кетганларни талаб, ҳуркитиб.
Арз қилай десалар подшолари йўқ,
Ҳатто арзигулик гадолари йўқ.
Сайраб юрар экан бир қушча хушҳол,
Сўйиб ейишганлар уни ҳам дарҳол.
Охир ёлвордилар йиғлаб Худога,
Қулоқ солгин, дея бизнинг нидога.
Яратган яратди сўнгра бир давлат,
Риоя қилинг деб қонунга фақат.
Мудом эзгуликка айлангиз амал,
Балки бўлажаксиз етук, мукаммал.
Оҳ, нечоғ гўзалдир орзу ва армон,
Комил бўлолмади ва лекин Инсон.
Асло аримади ғам, ташвишлари,
Энди рухсат билан битгай ишлари.
2015 йил 26 август. АҚШ, Хьюстон.
 
Абдулла Орипов
ЙЎЛОВЧИ
Мен бир йўловчиман,
Сен эса қўрғон,
Бойликларинг билан зарра ишим йўқ.
Мендек бўлолмассан асло, ҳеч қачон,
Мен ҳам сен эмасман, бундан кўнгил тўқ.
Қўрқма, ҳеч кимсага етмас зарарим,
Турфа ғавғолардан чарчадим аммо.
Менга етиб ортар дарё, тоғларим,
Бир қултум сув билан бир ютим ҳаво.
Сен-чи, йўловчига қилма хархаша,
Очиқ чеҳра билан қўлингни силкит.
Уни талар йўлда барибир пашша,
Барибир ташланар ҳар хил дайди ит.
2015 йил 13 июнь
✍️ Абдулла Орипов
  
Абдулла Орипов
ҲАЙИТ
Ҳайит кунларида жанглар ҳам тўхтаб,
Қиличлар қинига қайтиб киргувси.
Мўминлар эгизак жонларга ўхшаб,
Ўзгага боққан чоқ ўзни кўргувси.
Умидвор ҳар кимса топиб кушойиш,
Қоронғи дилларга ёқиб тургай нур.
Уйқуда фароғат, юртда осойиш,
Дуолар ижобат, ниятлар манзур.
Адоват, ҳасадни касб этган инсон,
Майли шоҳ ё гадо, ё сайид бўлсин.
Илоё барига бахш этсин иймон,
Ўтар ҳар лаҳзаси бир ҳайит бўлсин.
1991
Abdulla Oripov she’riyati 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Абдулла Орипов: Она халқим — Ўзбекистонга, бутун дунё ўзбекларига мендан салом айт!
  2. Абдулла Орипов: ЎЗБЕК БЎЛИБ КЎРИНАВЕРАР
  3. Юсуф Жума — Абдулла Орифга: Кўрди ўзидан зўр уммонни уммон…
  4. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (8)
  5. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (10)
  6. Абдулла ОРИПОВ: ЯНГИ АСР МЎЖИЗАЛАРИ (Қизим Мавлудага)
  7. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (17)
  8. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Абдулла Орипов: Эверест ва Уммон…
  9. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (18)
  10. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (21)
  11. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — АБДУЛЛА ОРИПОВ: УММОН БЎЙИДАГИ ЎЙЛАР
  12. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (23)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.