Дуо билан инсон камол топар экан, меҳр-саҳоват билан юксакларга парвоз қилиши мумкин, деган гапларда ҳам катта маъно бор. Ёши улуғ одамлар дуосини олиш ножот сари, эзгулик сари ташланган қадам, уларнинг тажрибаси эса ҳаётимизнинг равон йўлига қиёс. Бу ҳақда элда афсона кўп. Қадр қилган қадр топур. Хотирлаган хотирланур, деган иборалар ҳам шу доно ҳалқимиз бисотидан. Бу фазилатни инсонийликнинг энг олий чўққиси десак, ҳато бўлмас.Ватан рамзларини, инсонийлик тимсолларини, хотира каби муқаддас туйғуни авайлаб асраш ҳам фазилат, ҳам бурч ҳисобланади.
Бу гўзал анъаналар ота-онангиздан сизга меърос қолган.
Камина ҳам амакиларим Абдуллажон ва Юсуфжон Усмоновлар хотирасини армон билан эслайман. Абдуллажон амаким урушдан қайтмади.У 1939 йилда армияга чақирилиб, Польша чегарасида хизмат қилаётганлиги ҳақидаги ҳабар 1941 йил май ойларида келган эди. Ундан қора хат ҳам олишмаган. Ном нишонсиз ҳалок бўлган. Унинг номи “Хотира китоби”да ҳам йўқ. Кўп изладик. Топмадик. Юсуфжон амаким эса менинг журналист бўлишимни орзу қилар эди. Афсус урушдан олган жароҳатлари туфайли бу кунларга ета олмади. У фронтдаги жасоратлари учун “Қизил юлдуз” орденига сазовор бўлган эди. Аммо мен нўноқ муҳбир улар ҳақида тайинлироқ мақола ҳам ёзмаган эканман.Кейинчалик ўзбек халқининг жасоратли ўғил қизлари ҳақида кўплаб кўрсатувлар тайёрладим. Уларнинг хотираси олдида қарздор эканлигимни доимо ҳис этиб яшайман. Отам раҳматли Ёқубжон Усмоновнинг бир гапи қулоғим остида доимо жаранглайди:”Биз токи тирик эканмиз, сўнгги нафасгача уларнинг номига дуо қиламиз, хотирасини унутмаймиз”.
Ҳа, сўнгги нафасгача ҳар биримиз уларни, умуман яқинларимизни ёд этамиз.Биздан кейин эса аждодларимиз ана шу муқаддас неъматдан баҳраманд бўладилар. Шу тариқа ҳаётнинг қадрига етамиз.
Мен “яқин кишиларимиз” деган иборани ишлатдим. Она, опа-сингиллар, ака-ука, барча қариндошлар, қўни қўшни , маҳалла кўй, ҳамқишлоғу ҳамшаҳарлар, воҳаю-водийликлар, бутун юрт одамлари, Ватандошларимизнинг ҳаммаси яқин қишиларимиздир. Уларнинг дардига шерик, қувончига ошно бўлиш ҳам насибамиз. Уларнинг улуғ ишлари билан фахрланамиз. Гап оғир, уруш йиллари ҳақидаги хотиралар ҳақида кетар экан, улар билан биз тарихий китоблар, кинофильм, фаҳрийлар ҳикояларидан, тарихий манбалардан билиб оламиз. Баҳолаймиз, қадрлаймиз, ёдда сақлаймиз.
Маҳалламиздан ўттиз ётти киши бирданига урушга кетган экан. Улар орасида Дилбарали Мақсудов деган ажойиб бир йигит ҳам бўлган экан. Мен уни “Ғалабанинг 40 йиллиги” нишонланган пайтда кўрсатувимга қаҳрамон сифатида таклиф қилган эдим. Бу қаҳрамон 2 марта “СЛАВА” орденига сазовор бўлган экан. Учинчи бор Гитлер ставкасига алоқа сими тортгани кирганидаги жасорати учун “Қизил Юлдуз” орденига, кейинчалик эса “Қизил байроқ” орденига сазовор бўлибди. Уна бундай катта орденлар эмас, балки учинчи марта” Слава” ордени олса, Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига тенглашар экан. Бошқа мисол, мен эндигина мухбирлик фаолиятимни бошлаганимда бизнинг қишлоқда Совет Иттифоқи Қаҳрамони Қўчқор Турдиев исимли инсон истиқомат қилишини эшитиб, унинг жасорати ҳақида аввал кўрсатув, сўнгра фильм олдим. Бу саксонинчи йилларга тўғри келади. Уни аллақачон, кўпчилик унутган,оддийгина жанг қатнашчиси сифатида ҳурматлашар экан. Билсам, Иккинчи жаҳон урушида Ўрта Осиёда биринчи, Советларда биринчилардан, шу юксак унвонга сазовор бўлган экан. Унинг жасорати ҳақида “Абдулла Қаҳҳорнинг “Дардоқдан чиққан қаҳрамон” спектакли қўйилган. Эътибор беринг. Келинг, биргаликда бу азиз инсон, Ўзбекистон халқи ва унинг ўғил қизлари кўрсатган буюк жасорати қадрини билиш ниятида тарихий манбаларга мурожаат қиламиз.
1941 йилнинг 2 октябридан 17 октябригача бўлган тарихий маълумотлар шарҳи…
2 октябрь — «Марказ» армия гуруҳи Москвага юриш бошлади.
5 октябрь — немслар Юхновни босиб олишди.
7 октябрь – Немс танк гуруҳи Ғарбий ва Резерв фронти қўшинларини Вязьма райони яқинида ўраб олди. Вязьма қозони ва Брянск яқинида асир тушган аскарлар сони 688 минг кишига етди.
8 октябрь — немс қўшинлари Азов денгизига чиқди. Мариуполь босиб олинди. Жанглар давомида Ғарбий фронтнинг 18-армияси қамалда қолди. Армия қўмондони ген.-лт. А. К. Смирнов ҳалок бўлди.
15 октябрь — Москвани эвакуация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Келгувси кундан давлат ташкилотлари ва чет эл элчихоналарини Куйбышев шаҳрига кўчириш бошланди, аммо Сталин Москвада қолди.
16 октябрь – Москвада шаҳар немсларга топширилар эмиш, деган мишмишлар тарқади ва васваса бошланди. Совет қўшинлари Одессани ташлаб чиқишди, бу ҳақда Олий бош қўмондонлик буйруқ берди.
17 октябрь — Совет қўшинлари Калинин ва Таганрог шаҳарларини ташлаб чиқди.
1941 йилнинг 15 октябрь куни қизиласкар Қўчқор Турдиев хизмат қилаётган ўқчи рота Украинанинг Харьков области Краснокут районидаги Трудолюбовка аҳоли пункти яқинида мудофаа жанглари олиб борар эди. Душман дзотидан отилаётган ўқ ёмғири ротани тўхтатиб қўйди. Бўлимга дзотни гумдон қилиш топшириғи берилди. Турдиев душман дзотига орқа томондан борди, ичкарига кириб, пульмётчини милтиқ қўлтиғи билан уриб йиқитди. Яна икки фашистни белкурак билан уриб ер тишлатди. Улардан бири офицер эди. Яна икки немс солдатини асир олди.Унинг бу жасорати ҳақида “Правда” газетаси ёзди. Бу жасорат миллионлаб кишилар руҳини кўтарди, ғалабага ишонч туйғуларини уйғотди.
Қўчқор Аҳмедович Турдиевга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони 1942 йилнинг 27 март куни топширилди. Ўзбекистон раҳбари Усмон Юсупов ташаббуси билан унинг халқ билан учрашувлари ташкил этилди. Юз минглаб ўзбек ўғлонлари Қўчқор Турдиевдек қаҳрамон бўлишни орзу қилдилар. Фронт ортида эса одамларни юксак меҳнат зафарларига чорлади. Ҳар бир нарса Фронт учун, Ғалаба учун шиори осида амалга оширилди. 1 сентябрь–Мустақиллик байрами куни Ўзбек халқининг Биринчи Қаҳрамони Қўчқор Турдиев таваллуд топганига юз икки йил тўлади. Унинг жасорати олдидаги қарзимизни уза олармиканмиз?
Иккинчи жаҳон уруши жанг майдонларида 1,5 миллион ўзбекистонлик иштирок этган бўлиб, шулардан учдан бир қисми ўз оиласи бағрига қайтмади. Ярим миллионга яқин суқсур йигитларимиз Европа жанггоҳларида нобуд бўлишди. Яқинда тпниқли адиб Мирза Анвар менга мактуб йўллаб, Амир Темур лашкарлари Московни босиб олмай, орқага қайтганларида шунча сонни ташкил этган экан. Улар ярим дунёни забт этган эдилар. Инсоният тарихида энг дахшатли бўлган Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ҳамюртларимиз тенгсиз жасорат намуналарини кўрсатганлар. Фронт ортида эса қариялар, болалар, хотин– қизларимиз ўзларининг оғир меҳнатлари эвазига фронтни озиқ овқат, кийим кечак, ўқ дори, танк ва самолётлар билан таъминлашган, ГЭСлар қуришган, метал заводлари бунёд этганлар.Кўчириб келтирилган завод ва фабрикаларда ишлаганлар. Бу ҳотираларни хеч қачон ёддан чиқармаймиз.Тарих китобларида ёзилишича:” Ўзбекистон фронтга 2090 та самолёт, 17342 авиамотор, 2 миллион 318 мингта авиабомба, 1,7 мингдан ортиқ миномё¬т, 22 миллион дона мина, 560 минг снаряд, миллиондан ортиқроқ гра¬ната, 330 тысяч парашют етказиб берган. Яна бир қизиқарли маълумот. Уруш йилларида деҳқонларимиз пахта, дон, мева-чевалардан ташқари мамлакат эҳтиёжи учун сарифланадиган шакарнинг тўртдан бирини ишлаб чиқарган. “Сен етим эмассан” киноқиссасини эсласангиз керак. Унда Ленинград қамали ва уруш жангоҳларида ота-онасиз қолган болаларнинг юртимизга эвакуация қилинганлиги ҳақида ҳикоя қилинади. Баҳри ая Аҳмедова ва Шоаҳмад Шомаҳмудов каби минглаб азиз кишиларимиз ана шу болаларга ота-оналик меҳрини беришган. Бу жасорат ўзбек халқи қуёшдек меҳри, иссиқ нони, бағрикенглиги ифодаси бўлиб қолди. Аммо кейинги даврларда баъзи “ақлидоно” доҳийларнинг чалғитиши туфайли уларга қўйилган ёдгорлик сургун қилинди. Ва ниҳоят, бу ёдгорлик ўз жойига қайтди. Аммо орамизда азиз жойларни, жасорат рамзларини оёқ ости қилувчи бефаросат ёшлар ҳам пайдо бўлмоқда. Яқинда ижтимоий тармоқларда бу санъат ёдгорликларининг устига чиқиб, селфи тушаётган йигит ва қизлар фотосурати ёйинланди. Ватан рамзларини, халқ жасорати белгиларини ҳурмат қилиш фуқаролик ва умуминсоний бурч эканлигини барчамиз унутмаслигимиз лозим. Оддий қизил аскар Қўчқор Турдиев ҳам, урушнинг оғир кунларида ҳалқни ғалаба, тинчлик, бунёдкорлик сари дадил етаклаган раҳбар Усмон Юсупов номи ва хотираси сунъий тарзда хиралаштирилди. Абдулҳай Тожиев номига берилган битта маҳалла номи ҳам “нишабариқ” деб ўзгартирилди.Ҳатто замонамиз Мангубердиси, урушда жон фидо қилган ўзбек ўғлони Собир Раҳимов номидаги туман ва метро бекати “олмазор” деб аталди. Ҳе, олмазору, учтепалардан кўпи борми, бу қанақа тарихий “адолат” бўлди? Ўзбекистоннинг бугунгидек давлат бўлишига салкам минг йил аввал яшаган одамлар ёки тепалардан кўра, Файзулла Ҳўжаев, Акмал Икромовнинг хиссаси кўпроқлигини тарихчилар яхши билишар эдику. Ана шу суронли замонларда ярим жаҳонни Республика ҳудуди деб қўшиб олиш имкони Йўлдош Охунбобоевга берилган эмаску. Ёки Ҳамза қайси шоир, доҳо режиссёрлардан кам? Мен Ўзбекистон булбули Ҳалимахоним Носирова ва академик Комил Яшин ҳаётларининг сўнгги дамларида уларнинг суҳбатида бўлганман. Жадидлар ҳам, Ёш бухороликлар ҳам бугунги истиқлол кунларини ўзларининг қаричи билан орзу қилганликлари ҳам маълум. Хотира саҳифаларини тўлдириш учун ҳали тарихчиларимиз кўп ишлар қилиши лозим.Улар халқ омонлиги учун жон фидо қилган асл ўғлонлар, Мангубердилардир.Уларнинг номини эъзозлаш ҳар қандай сиёсий ўзгаришларга қарамай бизнинг бурчимиздир.
Яна мавзуга қайтсам, уруш қатнашчилари ҳақидаги энг сўнгги кўрсатувни 1997 йил 8 май куни, роппа-роса 20 йил муқаддам “Эъзоз” кўрсатуви, телевидениега ҳомийлик маблағи ўтказиш орқали амалга оширган эдим. Ушбу кўрсатувдан баъзи лавҳалар қуйида намойиш этилмоқда. 1007 йил 9 май арафасида бу кўрсатувни ҳам, ҳатто бундай мавзуда кўрсатув керак эмас деб туриб олдиган эдилар. Аммо маблағ эвазига эса уни кўрсатишди. Кейинги йилларда ўзбекнинг жасур ўғил қизлари ҳақида алоҳида кўрсатувлар, очерклар, ҳаётий лавҳаларини акс эттирувчи бадиий асарлар яратилмади.Фақат ахбороий дастурларда гул қўйиш, қоғоз қопчада совға улашиш, мукофот пули беришдан нарига ўтилгани йўқ. Уруш қатнашчиларини муносиб қадрлаш истиқлол мафкурасига хеч қандай зарар келтирмайди. Аксинча, бизнинг ҳам асл қаҳрамонларимиз, инсонпарвар ва тинчликсевар аждодларимиз борлигини ёдга солади, ёшларни мард ва садоқатли фуқаролар бўлиб улғайишига кўмаклашади. Бу ҳақида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ижодкорлар билан учрашувларда қайта-қайта таъкидлади. Бу соҳада махсус қарорлар қабул қилди. Шу ўринда бир воқеа эсимга тушиб кетди.
Ўша кунлари “Киночилар уйида” Ҳамдўстлик мамлакатлари кинофестивали бўлиб ўтди. Фестивалда атоқли кинорежиссёр Евгений Матвеев “Инсоний муҳаббат” русча номи “Любовь земная” фильми билан қатнашди. Бу фильм ғояси урушга нафрат руҳи билан суғорилган эди.Унда юксак инсоний муҳаббат куйланган бўлиб, Анна Герман ижросидаги “Эхо” қўшиғи фильм оҳангини белгилаб берган. “Наврўз” жамғармаси ушбу фильмни ўзи таъсис этган “Меҳрибонлик” мукофотига лойиқ деб топди. Камина мукофотни топширар эканман:”Замонлар ўтаверади, сиёсатлар алмашади, аммо инсоний муҳаббат мангу яшайди. У доимо ҳаёт қадар тирик, акс садо бериб туради!” деб мукофотни топширдим.Шунда атоқли актёр ва режиссёр Евгений Матвеев ўзбек халқининг мукофотини қабул қилар экан, ҳаяжонланганиданми, ёки бошқа сабабдан йиғлаб юборди.Биз ҳам бу ҳаяжон таъсиридан титраб кетдик. Шу воқеани ҳам баъзи “донолар” эскиликни қумсаш деб баҳоладилар. Қанақа эскилик, ахир инсон ким бўлишидан қатъий назар эзгуликнинг мангу шайдосику!? Шу ўринда, рус тилининг ҳуқуқий мақомини мамлакатимизда кўтариш ташаббуси билан чиққан баъзи “зиёлийлар”га айтишим мумкин: Меҳр, тинчлик, маърифат, дўстлик,ҳамкорлик тили учун, у рус тилими, ингилиз ёки хитой тилими барибир хеч қандай ҳуқуқий мақом зарур бўлмайди. Ундай халқ тилига барча интилади. Яқин тарихимизда бундай мақомнинг келтирган офатларини ҳали хануз кўпчилик ёдидан чиқарган эмас. Келинг, ҳеч бўлмаса ўз ўлан тўшагимизда ўзбек адабий тилида гаплашиб, ўзбек адабий тилида мукаммал ёзиш-чизишга, хатто гапиришга ўрганишга интилсак, она тилининг ҳуқуқи ва мақоми ошади. Ўзбекча ҳам Ватан, Ғалаба,Тинчлик, Дўстлик, Хотира сўзлари жарангдор ва гўзал янграйди.”Чойхона” сўзимиз таржима қилинмаганидек, “Андиша” сўзининг ҳам ўз мақоми бор. Эндиги масала ўзбек адабий тилини ривожлантириш, унинг Қонунда белгиланган мақомини тиклаш асосий вазифаларимиздан бирига айланиши зарур.
Онам раҳматли Эътиборхон ая уруш йилларида далада ишлаган, пахта етиштирган. Бизни улғайтириш учун тинмай меҳнат қилган,соғлиғидан ажралиб, Тошкентга даволаш учун олиб келаётган пайтимда,у Қамчиқ давонининг эски йўлларида вафот этганлар. Бу армонни унутиб бўлмас.Ҳар бир инсон ҳаётига ўз хотиралари куёшдек нур сочиб туради. Президентимиз онаси ҳам ўғли камолга етиб, халқ корига яраган онларни кўрмай кетган эканлар. Хотира бизни аждодларимизга муносиб бўлишга чорлаб турувчи қўнғироқ, эзгулик бонги,тенгсиз ибрат, инсонийлик акс-садосидир.
Ҳа! “Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди,– дейилади «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора тадбирлари тўғрисида”ги Президентимиз Шавкат Мирзиёев Фармонида.
Ватанимиз Ўзбекистон барчамизга аждодларимиздан қолган тенгсиз бойлик, авлодларимиз учун олтин бешикдир. У ҳаммамиз учун ўлан тўшагимиз, мангу қўнимимиздир. Жумладан, шу юртда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат вакилларига ҳам.Унинг рамзлари, санъат асарлари ва она тили бизнинг тириклигимизни дунёга кўз кўз қилиб туради. Агар Ватанни ардоқли шоир Муҳаммад Юсуф сўзлари билан “Шоҳлари осмонларга тегиб турган чинорим” деб атасак, ана шу чинорнинг қудрати унинг илдизларида эканлигини тасаввур этиш қийин эмас. Ана шу қудратли илдизлар сувсиз қуриб қолганидек, миллат тилсиз, инсон руҳияти эса хотирасиз униб-ўсмайди. Улар ҳаёт чашмасидир.
УЛАР ЎТТИЗ ЕТТИ НАФАР ЭДИЛАР…
Улар ўттиз етти нафар эдилар…
Чиқмаган эдилар қишлоқдан нари,
Не топса ҳалпана қилиб ердилар,
Ширин орзулар-ла маст эди бари.
Шовуллаб оқарди шўх Қорағунон,
Қишлоқнинг бир ёни эди баланд қир.
Абдулла кенг қулоч, эди хўп полвон,
Юсуфжон жиззаки, ичи тўла сир.
Қайроқи бўғдойлар ўримга кириб,
Осуда ўтарди қишлоқда кунлар.
Йигитлар маслаҳат қилди тўпланиб
Буғдойни ўришга ойдинли тунлар.
Улар ўттиз етти нафар эдилар…
Тожиқул ўроқда ҳоримас-толмас.
Абдулла тонггача хирмон кўтарди,
Худойназар сира орқада қолмас.
Навбат етганида унинг ерига
Йигитлар тўхтади—ўроқлар тинди.
Военком ўқиди, рўйхат буйруқни…
Юксакни кўзлаган қанотлар синди.
Исталин отага аскар керакмиш,
Уруш бошлаганмиш аждарҳо гирмон.
Қишлоқ ҳувиллади, қайғуда қолди,
Кетдилар йигитлар дилларда армон.
Улар ўттиз етти нафар эдилар…
Дунёни кўрдилар, дунё бир жанггоҳ.
Гоҳ Ўзбек қўшини бўлдилар,
Гоҳи от солдилар танкларга ногоҳ.
Гоҳ қўчқор Турдиев бўлдилар такрор,
Ёвларни янчишда белкурак билан.
Тўйчи Эрйигитдек нече-неча бор,
ДЗОТни ёпдилар шер юрак билан.
Йиқилар йигитлар, йиқилар олға!
Қўриқмаган ўлимдан Алпомиш насли
Гитлер бункерига кирган Максимов —
Бизнинг Дилбарали Мақсудов асли.
Улар ўттиз етти нафар эдилар…
Фақат етти йигит қайтди-мажруҳ жон.
Нишонли либосин бизга қолдириб,
Саф тортиб кетишар мангулик томон.
Абдулла қайтмади, бенишон кетди.
Усмон ота кўзи тўйди ёшга ҳам.
Кўксида нишонмас, ўқ билан кетди
Юсуфжон кирмасдан олтмиш ёшга ҳам.
Тўқсондан ошса-да Тожиқул бобо:
Ҳамон тушларида жанггоҳни кўрар.
Худойназар бобо окоп ичидан,
Бомба узиб кетган қўлин қидирар
Урушлар ҳам ўтди, ўтди кўп замон.
Яна қир-адирлар буғдойзор бўлди.
Ўттиз етти жондан қолди икковлон,
Фарзанди Ғолибжон етмишга тўлди.
Абдулла ўн бешда, ўн ёш Юсуфжон
Бизларга йўлдошдир Музаффар номлар.
Ўттиз етти баҳодир дилларда достон,
Ҳаёт-чун, ҳаётин этиб инъомлар…
Президент бош эгиб, даъват қилади:
Унутманг жасурлар Хотирасини.
Номаълум аскар йўқ, ҳаммаси маълум.
Уларнинг она-ёр — бокирасини.
Улар ўттиз етти нафар эдилар…
Фақат бир қишлоқдан жангга кетганлар,
Бир ярим миллион шу эл жонидан,
Ким қолди шу кунга омон етганлар.
Юртимиз озоддир, Мустақил Ватан.
Тинчликка қурилди мустаҳкам қўрғон.
Мард, асл ўғлонлари бир жону, бир тан,
Мангу омон бўлсин, жон –Ўзбекистон!
Дадахон Ёқубов,
Ўзбекистон санъат арбоби.