Исмат Хушев: Шавкат Юлдошевнинг ЎзАдаги суҳбатини тинглаб…
Олий Кенгаш раисига 27 йилдан кейин, ниҳоят, сўз берилди…
Унга сўз берган ЎзА жасорати таҳсинга лойиқ…
Лекин нотиқ нега ҳақиқатни тўлиқ айтолмади?
Суҳбатни олиб борган журналист Комил Шамсиддинов маҳоратига тасанно
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
Сўз боши ўрнида
Ўзбекистон ростдан ҳам дунёга юз очмоқда.
Одамлар 27 йиллик қўрқув ва таҳликадан ниҳоят халос бўлишмоқда.
Оммавий ахборот воситаларининг ҳам секин аста қулфи дили очилиб, тўғри ва ҳақ сўзни айтишга ўргана бошладилар.
Ўзбекистон Ахборот Агентлиги бу борада бошқа ахборот нашрлари ва ҳамкасбларига ўрнак бўлиб, жасоратли ишларга қўл ўрмоқда.
Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ раиси Шавкат Юлдошев билан бўлган жонли суҳбат бунинг ёрқин мисолидир…
1.
ЎзА уюштирган бу суҳбатнинг сарлавҳасиёқ кишини ажиб ҳайратларга ошно этади: «Ўзбекистон Мустақиллиги Қарорига имзо чеккан арбоб нега Мустақиллик байрамларига таклиф қилинмади?»
Лекин суҳбат давомида Шавкат Юлдошев бу саволни айланиб ўтди.
Бошловчи бир неча бор уни шу саволга йўналтирса ҳам, Шавкат Муҳиддинович негадир унга жавоб беришдан ўзини олиб қочди.
Нима бўлганда ҳам ўқувчилар Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ раисидан айни саволга очиқ ва муфассал жавоб кутган эдилар…
2.
Балки бу ерда биз билмаган бошқа сир бордир.
Балки бу саволга берилган жавоб «тепадагилар»га ёқмай, уни таҳрир қилишгандир. Бу бизга қоронғу.
Лекин нима бўлганда ҳам бугун давр ўзгарди. Айни пайтда мамлакатдаги сиёсий вазият ҳам ўзгарди. Одамлар 27 йиллик «тоталитар давр» тарихининг «парда ортидаги» сиру асрорларини ниҳоят билиши керак.
Бугун энди буни яшириб ўтириш ҳеч кимга обрў келтирмайди…
3.
Биз шундоқ ҳам кўп нарсаларни халқимиздан яшириб келдик.
Энди одамларни алдамаслик керак.
Халқимиз 27 йиллик «Мустақиллик даври»нинг қора кунларини билиши, «парда ортидаги сир»ларини англаб етиши лозим.
«ЎзА гуруҳлари» туркумидан олиб борилаётган суҳбатлар бунга мустаҳкам замин яратиши, одамларнинг кўзини очиши даркор…
4.
Каримовнинг бежилов табиати, қуюшқонга сиғмас хатти ҳаракати давлатга ва миллатга жуда қимматга тушди.
У ўзига ёқмаган мулозимларни таъқиб ва тазйиққа олиб, мамлакатда яккаҳокимлик ва тоталитар диктатура тизимини ўрнатди.
Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги Вице Президенти Шукрилли Мирсаидов давлат ва ҳукумат арконларидан қувғин қилиниб, хор зорликда ўлдириб юборилди.
Биринчи ва охирги Давлат котиби Раҳим Ражабов узоқ йиллар жамият эътиборидан четда қолди. Ҳақиқатни айтишга уринган таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев 27 йил ишсиз юрди. Каримовнинг кимлигини Олий Кенгаш мажлисида унинг юзига дадил айта олган Шуҳрат Нусратов 8 йиллик умрини «Жаслиқ»да ўтказди. Унинг бошқа бир ҳамкасби Самандар Қўқонов айни ҳатти ҳаракати учун 24 йил — то диктатор ўлимига қадар — зиндонбанд этилди…
5.
Ўзбекистон Мустақиллигига имзо чеккан Олий Кенгаш раиси Шавкат Юлдошевнинг ўзи ҳам 27 йилдан бўён кўчада қолди. Биров уни кимсан деб сўраб суриштирмади.
Бугун давр ўзгариб, Ўзбекистон дунёга юз очаётган ва мамлакатда секин аста ошкоралик шабадалари эсаётган экан, Шавкат Муҳиддинович ўзига берилган бу имкониятдан нега тўлиқ фойдаланмади?
Нега у «Ўзбекистон Мустақиллиги» декларациясига имзо чекканига қарамай то бугунга қадар давлат ва жамият ҳаётидан тамомила четда қолганига изоҳ бермади, Каримовнинг «Қора рўйхати»га тушиши сабабларини халқимизга очиқ ойдин айтмади?
Ё ҳали бу гапларни айтиш пайти келмадими?
6.
Президент одамларни уйғотиб, уларни рост ва бор гапларни айтишга ўргатаётган экан, бу борада ЎзА олиб бораётган хайрли ишларни қўллаб қувватлаймиз.
Лекин айни пайтда улар ўз суҳабтдошлари кўнглидаги ҳадик ва хавотирини йўқотиб, уларнинг тўла тўкис очилишига ҳам эришсалар айни муддао бўларди.
Ё ҳали бунга эртамикан?
Сўнгсўз ўрнида:
Ўзбекистон Мустақиллигини қабул қилган ва тасдиқлаган Олий Кенгаш раиси Шавкат Муҳиддинович Юлдошев дохил унга ўхшаш жуда кўп таниқли давлат ва жамоат арбобларига 27 йил сўз берилмади.
Булар минбарга чиқмаганидан кейин, талантли ва тўғри сўз инсонлар гапириш ҳуқуқидан маҳрум этилганидан сўнг — минбарга албатта ёлғончи ва замонасозлар келади.
Биз 27 йил ана шундай яшаб келдик. Мустақилликни қўллаб қувватлаган ва қабул қилганлар бир четда қолиб, унга мутлақо алоқаси бўлмаганлар расмий тадбир ва байрамлар тўрида ўтирадиган бўлди.
Бугун Ўзбекистонда давр ва замон ўзгарди. Бугун Ўзбекистон янгиланиб, яхшиланиб, дунёга юз очмоқда. Бугун Ўзбекистонда тўғри сўз ва ҳалол инсонлар ҳам гапира бошладилар.
Шу маънода ЎзА фақат Шавкат Муҳиддинович билан тўхтаб қолмаслиги керак. Бизнинг назаримизда у кишининг орқасида ҳали ҳануз гапирмаган, сўз тегмаган кўплаб таниқли инсонлар навбат кутиб турибди.
Биз энди Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги Давлат котиби Раҳим Ражабовдан жасорат кутамиз. Каримов нега бу кўчага кириб кетди? Буни у билан бирга ўқиган ва студент бўлган ёшликдаги дўсти ва курсдоши айтиши керак.
Исмоил Ҳакимович Жўрабековлар Каримовнинг бу йўлга қандай қилиб кириб кетганини яхши билишади. Энди улар гапириши керак. Унинг қасоскор ҳукмдорга айланган бежилов ва зулмкор табиатини, жирканч феълу атворини улар яхши билишади.
Яна бир гап: ЎзА жасорат тагида ҳам Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги Рустам Иноятов, Зелемхон Ҳайдаров ва Хайриддин Султоновларнинг бугун бир оз чекингани ётибди. Яна бошқалар ҳам бор. Мен бугун уларнинг номини бирма бир аниқ тиниқ эҳтимол айтолмаслигим мумкин.
Уларга минг раҳмат. Ҳалиям муҳит бир оз юмшагани бу. Шу боис ЎзА байроқни баланд кўтариб турибди. Шу ўринда яна бир мулоҳазам бор. Бир пайтлар ЎзА яъни, ЎзТАГ босган мақола ва лавҳаларни бошқа газеталар мунтазам босиб чиқарарди. Нега бугун бу иш бўлмаяпти. Нега бошқа газеталар бугун ЎзАни кўчирмаяпти?
Бугун жавобгарликни бўйнига оладиган замон келди. Ҳар ким жасоратни ўзидан бошлаши керак. ЎзА бошқа йўлдан кетяпти. Бошқа матбуот ва нашрлар бошқа йўлдан кетяпти.Ё улар бу сиёсат охиригача давом этишига ишонмайдиларми?
Энди Раҳим Ражабович Ражабов, Исмоил Ҳакимович Жўрабеков, Шароф Ортиқович Убайдуллаев, Мавлон Бобожонович Умрзоқов, 36 ёшида Хавфсизлик Хизматининг энг ёш генерали бўлган Бахтиёр Ҳисомович Ғуломов, Абдуҳошим Мўталович Мўталов, Эркин Ҳамдамович Халилов, Шуҳрат Туҳфатович Нусратов ва бошқалар ҳам энди ҳақиқатни баралла айтиши керак.
Каримовнинг энг яқини бўлган Рустам Иноятов, Зелемхон Ҳайдаров ва Хайриддин Султоновлар ҳам ҳақиқатни айтиб кетсин. Каримовнинг энг яқин ва сирдош ёрдамчиси бўлиб ишлаган Георгий Алексеевич Крайнов ҳам гапирсин.
Акс ҳолда улгурмай қолишлари мумкин…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
30 апрель, 2019 йил, Торонто шаҳри, Канада…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ