Исмат Хушев: Амир Темур юртидан яна бир ўғлон чиқди!
Исмат Хушев: Амир Темур юртидан яна бир ўғлон чиқди!
Амир Темур: Куч – адолатдадир!
Улуғ бобомизнинг бу сўзлари Ўзбекистон Бош прокурорининг шиори бўлса қанийди…
Тарихда қолган Бош прокурорлар
Яна бир Отабек ўзбек халқнинг дилида қолса, не ажаб?
Янги Бош прокурорнинг қадами қутлуғ келсин…
Хориждаги ўзбек журналисти шарҳи…
Сўзбоши ўрнида
Ўзбекистонда Бош прокурорлар кўп ўтди. Лекин халқнинг дилида қолгани кам бўлди.
Мустақилликка қадар республика прокурори бўлган ҳалол ва адолатли инсон Нўъмон Бўрихўжаевни ҳамкасблари то ҳануз соғинч ва меҳр билан эслаб юришади. Мустақиллик давридаги прокурорлар эса яхши ва инсоний фазилатлари билан Нуъмон акадек халқ қалбида яшаб қололмадилар.
Нуъмон аканинг ўғли Тоҳир билан Москвада бирга ўқиганман. Мен Давлат Москва университетининг журналистика факультетида, у эса юридик факультет аспирантурасида ўқирди.
Унинг камтар ва камсуқумлиги шу қадар эдики, отаси республика прокурори эканини то номзодлик ишини ёқлаб диплом олганига қадар биров билмади.
Ўзбекистон прокуратураси соҳасидаги ветеранлар ҳам бугунга қадар Нуъмон Бўрихўжаевдек иймон эътиқодли, ҳалол ва диёнатли прокурор ўтганини эслолмайдилар.
Отабек Муродов мустақил Ўзбекистон тарихида бешинчи Бош прокурор бўлди. Бунгача ушбу лавозимда Бўритош Мустафоев, Усмон Чинозович Худойқулов, Рашиджон Қодиров, Ихтиёр Бахтиёрович Абдуллаев фаолият кўрсатган.
Мустақиллик давридаги салкам чорак аср давомида Ўзбекистонда атиги икки киши Бош прокурор бўлди, холос. Булар Бўритош Мустафоев билан Рашиджон Қодировлар. Бу мутлақо нотўғри ва ноқонуний ҳолдир.
Ўзбекистон прокуратурасидаги 27 йиллик бу давр – порахўрлик ва коррупция гуллаб яшнаган, ҳалол ва тўғри сўз одамлар энг кўп ва ноҳақ қамалган, адолатсиз равишда озодликдан маҳрум қилинган қора давр бўлиб тарихда қолади.
Ўзбекистоннинг кейинги Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев яхши иш бошлади. Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжон, Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Аъзам Турғунов, Бобомурод Раззоқов ва бошқа ўнлаб таниқли тутқинларнинг озод этилиши у кишининг қарори ва имзоси билан амалга оширилди.
Лекин МХХ раиси Иноятов ҳали қудратда тургани боис, у Бош прокуратурада бошлаган барча тозалаш ишларини ва адолатли қадамларини тўла тўкис якунлай олмади.
Унинг ўрнига тайинланган янги Бош прокурор энди унинг ишларини давом эттириши керак. У Абдуллаев изидан борса ютқазмайди деган фикрдамиз.
Янги Бош прокурор Президент унинг олдига қўйган вазифаларни уддалашига шахсан мен ишонаман.
Бу ишончимнинг сабаблари эса қуйидагича…
1.
Ўзбекистон Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев МХХ раиси этиб тайинланиши муносабати билан шу пайтга қадар Президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалар бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келган Отабек Муродов унинг ўрнига Ўзбекистоннинг янги Бош прокурори этиб тайинланди.
Уни Қашқадарёнинг Китоб районида туғилганлигини эшитиб, сўраб суриштирдим. Қайси оилада туғилиб ўсганини, кимнинг фарзанди эканини билиб, рости, хурсанд бўлдим, қувондим.
Отабек – мен бир пайтлар яхши билган, бирга ишлаган ва кейинчалик қадрдон бўлиб қолган яхши ва ҳурматли бир акахонимизнинг фарзанди экан…
2.
“Президент эркатойининг саргузаштлари” номли сиёсий хотиралар китобимда ҳикоя қилганимдек, 1982 йил Москва Давлат университетининг журналистика факультетини битириб, Шаҳрисабз шаҳар ижроқўми (горисполком) да “Хатлар ва Шикоятлар” бўлимида мудир бўлиб иш бошлаганимни ёзганман.
Менинг раҳбар бўлиш илинжида юрганимни билган буюк ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг ёрдами ва хати билан ёзувчи Евгений Ефимович Березиков Шаҳрисабз шаҳар горкомининг биринчи секретари бўлганида унинг олдига бориб, топган илк амалим эди бу.
Шу ерда яхши дўст ва акалар ҳам топдим. Булар – горкомнинг иккинчи секретари Абдураҳмон Ашуров ва Шаҳрисабз шаҳар ижроқўми (горисполком) раисасининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Баҳриддин Муродовлар эди.
Уларнинг иккаласи ҳам Шаҳрисабзга шундоққина қўшни бўлган Китобдан бўлиб, биз тез орада улар билан худди ака укалардек қадрдон бўлиб қолдик. Лекин мен раҳбар этиб тайинланган хатлар ва шикоятлар бўлимида ноҳақлик ва адолатсизлик ҳукмрон эди.
Шикоятлар номига расмийлаштирилиб, қонуний чора тадбирлар кўрилмаса ҳам кўрилди деб ёзилиши керак экан. Ижроқўмдан кўмир, тахта ва автомашина олиш учун навбатда турганлар рўйхати раҳбарлар истаган пайтда ўзгартирилиб, сохталаштириларкан.
Мен раҳбар бўлиб боргандан кейин, табиийки, бундай қилолмасдим, бунга рози бўлолмасдим.
Горком секретарлари иштирокида ўтган Ижроқўм йиғилишида бундай ноҳақлик ва кўзбўямачиликка қарши бош кўтариб чиқдим.
Ўшанда ҳамма менга қарши чиққан, фақат бир киши – ижроқўм раисининг ўринбосари Баҳриддин Муродов: “Исматжон тўғри ва ҳалол ишлайлик деяпти, ўртоқлар, бунинг нимаси ёмон!” деб мени ҳимоя қилиб чиққан эди.
Мен ўшанда ижроқўмда “Умумий бўлим” мудири бўлиб бор йўғи тўрт-беш ой ишладим, холос.
Сўнг кутилмаганда Абдулла Ориповнинг хати билан ишга олган ва амалдор қилган Березиковнинг ўзи мени қувлик билан “Ҳарбий хизматни ўтамаган экансанку, бўтам” деб, зудлик билан Совет Армияси сафига жўнатиб юборди.
Арбоблик ва мулозимлик қисматимдаги жойиб ва ғаройиб саргузаштларга бой бўлган умр йўлларим ҳақидаги бу дилбар хотиралар ўша китобимда батафсил ёритилган…
3.
Энди бевосита мавзуга қайтсак.
Бир ярим йиллик ҳарбий Хизматдан қайтиб, мен энди Қашқадарё обком комсомолида ишлай бошладим. Сўнг кўп ўтмай Қарши пединститутининг комсомол Қўмитаси котиби бўлдим.
Ислом Каримов Қашқадарё обкомнинг биринчи секретари бўлиб Токентдан Қаршига келганидан кейин Березиковнинг ўрнига биринчи бўлиб қолган Абдураҳмон Ашуровни обкомнинг қурилиш ва саноат бўлимига мудир, Баҳриддин Муродовни эса обком бўлим мудирига ўринбосар қилиб ишга олади…
4.
Орадан йиллар ўтди.
Ислом Каримов Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлди.
Мен ҳам кўтарилиб кетдим: СовМин таркибидаги Давлат План Қўмитаси (Госплан) нашри бўлмиш “Ҳаёт ва Иқтисод” – “Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири бўлдим. Тошкент обкомига аъзо қилишди.
Қаршидаги китоблик акаларнинг ҳам кўтарилганини эшитдим: Абдураҳмон Ашуров – Китобга, Баҳриддин Муродов – Яккабоққа райкомнинг биринчи секретари бўлиб кетишди…
5.
Беш йил Ислом Каримов орбитасида учиб юрдим.
Ўзбекистон олий раҳбариятида улай булай мулозимга насиб этмаган шон шуҳрат ва шон-шараф соҳиби бўлдим.
Кейин шундай урилдимки, осмондан пастга шўнғиб, ўзимга келиб кўзимни очиб қарасам, СНБнинг ертўласида чалқанча ётган эканман.
Бизни – Ўзбекистон Олий раҳбарияти мулозимларидан иборат бўлган олти кишилик жиноий гуруҳни салкам давлат тўнтариши уринишида, Президентга қарши фаолият ва сиёсатни саботаж қилишда айблашди.
1994 йилнинг 29 июнида қамалган бўлсам, олти ой ҳибсда бўлиб, 29 декабрь куни Олий Суд ҳукми ва Президент Амнистияси билан ҳибсдан озод этилдим.
Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов бошчилигидаги мен билан бир панжара ортида ўтирган барча қисматдошларим қамалиб кетди…
6.
Қамоқдан чиқиб, Китобга бордим.
Таниқли ёзувчи Нурали Қобулнинг бир гапи бор: “Худо ургандан эмас, подшо ургандан қўрқ” деган.
Буни биринчи бор эшитганда амалдор эдим, яхши тушунмагандим. Суд залидан озод қилиниб, ота онамни кўргани Китобга борганимдан кейин тушундим.
Мени озодликка чиқишим муносабати билан отам элга ош берди.
Худойида қамалишим сабабини сўраган баъзи китобликларга дадил туриб: “Мени ноҳақ қамашган эди, Президент озод қилди!” дедим.
Буни отам эшитиб: “Деворнинг ҳам қулоғи бор, ўғлим. Энди сен ҳар бир гапингни ўйлаб гапиришинг керак” дедилар.
Ўшанда отамни ҳам яхши тушунмадим. Уч кун ўтганидан кейин тушундим…
7.
Маъракадан уч кун ўтиб, уйимизга ўн-ўн икки чоғли миршаблар бостириб келишди.
Ўғлингизни катталар сўрашяпти, гаплашиб олиб келиб қўямиз, домла деб мени милицияхонага олиб кетишди.
Қўйиб юборишмади. Қўлимга кишан солиб, қамаб қўйишди. Эртага район суди ҳал қилади деб.
Эртаси куни район судига олиб боришди.
Судья аёл киши экан. Мени қамашга асос йўқлигини айтиб, “Ариза ёзишим мумкин, лекин бу ноқоний ишни мен қилолмайман!” деб рози бўлмади.
Сўнг мени ўзим бир пайтлар горисполкомда бўлим мудири бўлиб ишлаган қўшни Шаҳрисабз шаҳар судига олиб боришди. Бу ерда ҳам судья аёл киши экан. Фамилияси бир умр ёдимда қолган – Остонова.
Шу аёл мени кўзини чирт юмиб: “ГАИга тўхтамабсиз-да, укажон!” деб, ўн сўткага қамаш ҳақида ҳукм чиқарди…
8.
Орадан уч кун ўтиб, Қарши ва Тошкентдан келган СНБ ходимлари мени камера (ИВС)дан чиқариб, суҳбатлашишди.
Ўша – отам огоҳлантирган гап экан.
Мени Президент тўғри қамаган экан, лекин мен “Ноҳақ қамашди!” деб айтганим учун яна қамашибди. Тилимни тийиб юришимни айтиб, огоҳлантиришди.
“Хўп!” деб, узр сўраганимдан кейин ўн кун қамалганимга қарамай мени ҳибсдан озод қилишди…
9.
Дарвоқе, ўша – мени ноҳақ ва асоссиз қамашдан бош тортган китоблик судьянинг исми Дилбар Чориева бўлиб, ўша даврда ҳам бу соҳадагилар орасида ҳалол ва диёнатли инсонлар бор эди.
Дилбар Чориеванинг оталари Тўхтамиш Чориев улуғ Ватан урушининг қатнашчиси бўлиб, райондаги обрў эътиборли, кайвони одамлардан бири эди.
Бу оиладаги ҳалоллик ва адолат, тўғрилик ва диёнат ҳамиша китобликларнинг тилида ва дилида бўлиб, аксар оилалар уларга ҳавас қилар, улардек бўлишга интиларди.
Биз бу инсоф-диёнатлили судья опа шахсига ҳали қайтамиз…
10.
Мен бу гап-сўзларни нима учун айтаяпман?
Шунинг учунки, бугун Шавкат Мирзиёев ўз командасига мен юқорида тилга олган ана шундай ҳалол ва диёнатли оилаларда ўсиб улғайган инсофли ва имон эътиқодли, энг муҳими – кристалний тоза кадрларни олиб келмоқда.
МХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ҳақида Шароф Убайдуллаевнинг “Озодлик”дан айтган сўзларини эшитиб, жуда тўлқинландим. Шундай ҳалол ва диёнатли одамнинг ўғли бугун МХХ раиси этиб тайинланган экан, бундан қувонмаслик мумкинми?
Мен бугун ҳикоя қилган воқеалар ҳам янги тайинланган Бош прокурорга бевосита боғлиқ.
Шу маънодаки – ўша мени ноҳақ қамашдан бош тортган инсоф диёнатли, ҳалол ва матонатли китоблик судья Дилбар Чориева – бугунги Бош прокурор Отабекнинг онаси бўлади.
Дилбар опага ўхшаш аёллар ҳақида ўйлаганимда, ҳар гал шоира Ҳалима Худойбердиеванинг “Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл!” номли машҳур шеъри ёдимга тушади.
Халқимиз орасида Дилбар опага ўхшаш ҳалоллик ва поклик, адолат ва диёнат тимсоли бўлган иймон-эътиқодли аёллар бор экан, уларнинг ростдан ҳам улуғ ва муқаддас эканлигига қайта ва қайта иймон келтиради киши…
11.
Дилбар опа ва Баҳриддин акаларнинг икки нафар ўғиллари бор эди: Улуғбек ва Отабек.
Тақдир тақозоси билан анча йиллар олдин Улуғбеклари автомобиль ҳалокати туфайли фожеали ҳалок бўлди. Эндигина қариндошлик ришталари бойланган қуда андалар айрилиқ доғида куйиб қолишди.
Бу даҳшатли фожеа ўшанда нафақат уларни, балки бутун Китоб ва Қашқадарё аҳлини қаттиқ изтиробга солганди. Улуғбек – эндигина уйланган, келажаги порлоқ, қадди қомати келишган ва навқирон йигит эди.
Ўшанда уларнинг уйига бутун Ўзбекистондан одамлар келиб кўнгил сўрашган, таъзия билдиришган. Начора, инсон ўз қисматидан қочиб қутулаолмайди деганлари шу бўлса керак.
Шу тариқа ўз акасидан бевақт айрилган Отабек оиланинг яккаю, ёлғиз фарзанди бўлиб, вояга етди. Энди у акаси учун ҳам яшаши, унинг йўқлигини билдирмай, ўрнини тўлдириб юриши керак эди. Фарзанд доғи қаддини дол қилган суюкли ота онаси учун у энди икки фарзанд тимсоли бўлиб яшаши лозим эди.
Орадан бир бирини қувиб йиллар ўтди.
Отабекнинг Китоб районидаги Карл Маркс номли ўрта мактабни битириб, Тошкент Давлат университетининг юридик факультетида ўқиганини айтишди.
Бугун эса Ўзбекистондан олис Канада юртида туриб унинг 42 ёшида мамлакат Бош прокурори бўлганини эшитдим…
Shaxsan Bosh Prokuror O.Murodovga
Minnatdorchilik xati.
2019 yil 25 mart kuni Ichki ishlar vazirligining konsert saroyida Sizning shaxsan qabulingizda böldim. Siz meni tinglab, Oliy sudning oqlov ajrimini körib yoningizdagi xodimingizga “mening nomimdan Murod Azimovga telefon qilib ayt bunaqa öyinini qilmasin, bu oqlandimi bojxonaga ishga tiklasin”- deb topshiriq berdingiz va menga “siz albatta bojxonaga ishga tiklanasiz” deb qatiy qaroringizni aytdingiz. Sizning qabulingizdan nihoyat adolat qaror topadigan boldi deb xursang bulib chiqdim va mening 3 yildan buyon sarson sargardon bulib yurganimdan siqilib yurgan kasalmand otamga va 2-gruh nogironi onamga bu xabarni yetkazdim. Ular yuzing yorug’ böladigan boldi, adolat bor bolam deb shu qadar xursand bölishdiki. lekin bu xursandchiligimiz uzoqqa chözilmadi chunki Davlat bojxona qömitasi mas’ul xodimlari Sizning qonuniy qaroringizni xech qachon bajarmaydi. Ular noqonuniy topshiriqlarni bajarishga usta. Özlarinig tili bilan aytganda “evreychasiga” xulasa yozib örgangan. Aks holda raisning sobiq 1-örinbosarining noqonuniy topshiriğini bajarib meni ishdan bushatmagan bulardi. 1-örinbosar B.Raimov (xozir qamoqda) xizmat tekshiruvi tayinlanmasdan oldin meni böshatishga topshiriq bergan. Ishga olish va bushatish uning vakolatiga kirmasada u xizmat vakolatini suiistemol qilgan(Buni isbotlovchi SD diskdagi audio yozuv va majlis bayonnomasi bor). DBQ raisi M.Azimov umuman mustaqil qaror qabul qila olmaydi chunki rais uchun Bosh prokurorning qonuniy topshirig’i emas u qörqadigan boshqarma boshlug’i (sobiq MXX xodimi) B.Sharipovning bir tamonlama fikri rais uchun qonun kuchiga ega.
Ota-onamga, farzandlarimga va menga 15 kunlik xursandchilik taqdim qilganingiz uchun raxmat.
Assalomu aleykum. Men xam bosh prokuror O.Murodov bilan uchrashdim.
U kishi tinglaydigan va adolatli qaror chiqaradigan inson.
lekin qo’l ostidagi xodimlariga xudo insof bersin.