Бир сурат тарихи ёки Аҳмад ҳожи Хоразмий ҳақидаги асл ҳақиқатлар
Бир сурат тарихи, ёхуд
Аҳмад ҳожи Хоразмий аслида ким?
Қуйидаги 1990 йилда Хоразм вилояти, Боғот райони, Боғот совхозида туширилган ушбу сурат, қаерда бўлмай, доим менинг кўз олдимдан кетмайди.
Узоқ йиллар,турли даражадаги жонкуяр раҳбар, “Хоразм фахри” деб тарғиб қилинган йирик олим билан бирга суратга тушганим билан фахрланиб, ҳатто мақтаниб юрдим.
2006 йилдан эса, ноҳатки “Хоразм фахри” деб эътироф этилган олим ватан хоини бўлиб чиқса, мен эса унинг ёнида савлат тўкиб турсам, деб ич-ичимни еб юрдим.
Неча йилларки, мени: “Ахмад ҳожи Хоразмий жабридийдами, ёки хоинми, ким у аслида?” деган савол қийнаб келди.
Ахмад ҳожи Хоразмий 2005 йилда Буюк Британиядан сиёсий бошпана олган. Эшитишимга қараганда сиёсий бошпана олганларнинг асосий қисми ёки жабридийда, ё-да енгил ҳаёт илинжида ватанини ёмонлаб юрадиган ватанфурушлар бўлар экан.
Кўпчилик одам Хоразмий жабридийда деса, айрим одамлар хоин бўлса керак, бўлмаса нимага гулдай ватанни тарк қилган, дейишди.
Ҳатто айрим оғзига кучи етмаганлари: “Хоразмийни бутун мамлакатга тарғиб қилган Абдуравуф Қоржавов, Юрий Цеканов, Жоббор Роззоқов, Болтабой Қурбонбоев, Рўзимбой Ҳасан, Шавкат Болта, Ражаббой Роззоқов, Абдурахим Отаметов, Ражаббой Бобожонов каби таниқли журналистлар қаторида “Ҳалқ сўзи” газетаси мухбири сифатида сиз ҳам бор эдингиз шекилли?!”, деганида ноҳатки ватанфурушни мадҳ қилган бўлсам, деб ўзимдан ўтганини ўзим билдим…
Ҳатто миямдан уни мадҳ қилиб хато қилибмиз, деб “Одам оласи ичида” номли фелетон ёзиш ҳам ўтган. Хоразмий ҳақда фелъетон ёзишни Рўзимбой Ҳасанга ҳам бирнеча бор айтишган экан. Лекин Хоразмий тўғрисида салбий фикр уйғотадиган, фелетонга асос бўлаоладиган биронта факт топаолмаганманмиз.
Хоразмий ҳақида салбий нарса айтадиганларнинг биронтасида ҳам асосли гап йўқ эди. Ҳаммаси фисқи-фасоддан бошқа нарса эмасди…
* *
Чет элда ишлаганида Ш.Рашидов, И.Жўрабековлар назарига тушган, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар Академияси мукофотининг лауреати, Боғот район партия комитети (Ҳокимлиги) қишлоқ хўжалик бўлими мудири Ахмад Абаевич Хасанов (1993 йилдан Ахмад ҳожи Хоразмий) мамлакатнинг энг катта хўжаликларидан бири бўлган Боғот совхозига 1988 йил декабрида, бир неча номзод иштирок қилган сайловда, совхоз меҳнаткашлари томонидан, кўпчилик овоз билан директор этиб сайланди.
Мен Ўзбекистон марказий газеталари суратчи-мухбири сифатида кўплаб хўжалик раҳбарлари билан учрашганман. Хўжалик раҳбарлари одатда илм-фан ва ижод аҳли (журналистлар) дан қочиброқ юришади. Бу директор том маънодаги бошқача раҳбар бўлиб чиқди. Унинг ёнида қачон кўрсангиз турли соҳа олимлари-ю, журналистларни учратардингиз. Тупроқ билан, ўсимлик билан кўзи орқали гаплашарди. У ўзи билан бир кун юрган ҳар қандай журналистни ёки адибни агроном қилиб қўярди.
Хоразмнинг Эркин Самандар, Матназар Абдулҳаким, Комил Аваз каби шоирлари, Ортиқ Отажонов, Қутлимурот Кўчаков каби санъаткорлари, Ибодулла Абдуллаев каби мусаввирлари А.Хоразмий сабаб, совхоз меҳнаткашларининг ҳамиша хуш кўрадиган севимли меҳмонига айланишди.
А.Хоразмий раҳбарлиги йилларида Боғот совхози кадрлар ўчоғига айланди. Унинг район ва вилоят раҳбарлари олдидаги обрў-эътибори сабаб, партком секретари Ю.Матёқубов Хоразмийнинг тавсияси асосида бир йилда Райижракомга раис бўлиб кетди. Маданият ишлари бўйича ўринбосари Ҳ.Аллаберганов Навоий колхозига, бошқа бир ўринбосари А.Оллаёров “Атов” хўжалигига раис бўлишди. Бош инженер Хударган эса, Хазорасп районидаги Обод колхозига раис бўлиб кетди. Деҳқончилик бўйича ўринбосари Қ.Абдуллаевни 1991 йилда Ҳонқа районидаги ўзи яшаётган колхозга раис бўлишига замин яратди.
Деҳқончиликни илмий асосга ўтказиш бўйича кеча-кундуз тинмай иш олиб борарди. Директорнинг ташаббуси билан “Пахта-шоли” , кейинги йили эса “Пахта-буғдой-шоли” алмашлаб экиш йўлга қўйилди. Натижада 1989 йили пахта топшириш режаси 3-октябрда Республикада биринчи бўлиб бажарилди.
А.Хоразмий совхозга раҳбарлик қилган даврда 1 кг ҳам пахта қўлда терилмади.
Мамлакат ҳукумати (И.Каримов) топшириғига биноан, 1989 йил 4-октябрь куни Ўзбекистон Министрлар Совети Раисининг ўринбосари С.У.Султонова Хоразм вилояти раҳбарлари билан совхоз аҳлини зафар билан муборакбод қилишга келдилар.
(сурат)
Тантана Қодир Аллабергановнинг дала шийпонида ўтди. С.Султонова пахта таёрлаш режасини республикада биринчи бўлиб бажарган хўжалик раҳбари – Хоразмийга ВА3-06 “Жигули” машинасининг калитини қарсаклар остида топширди.
А.Хоразмий эса бу совға учун Ҳукуматга миннатдорчилик билдириб, совхознинг пахта етиштиришда қўлга киритган бу муваффақиатида асосий ролни пудратчилар, мехнанизаторлар ўйнаганини қайд қилиб, қўлидаги машина калитини совхозда (шунингдек республикада ҳам) биринчи бўлиб шартнома режасини бажарган пудратчи (Солия аптекачи) га топширди.
С.Султонова янгидан сўзга чиқиб: -Нафақат пахта планини бажаргани, шунингдек, директорингизнинг ўзига берилган машинани сизларга ҳадя қилиб юбориши ҳам республикада биринчи бор бўлди, – деди.
Совхознинг муваффақиятлари ҳақида Москванинг “Время” программасида ҳам тўлиб-тошиб гапирилди. Хоразмий Мозамбик (Африка)да ишлаганда И.Жўрабеков уларнинг меҳмони бўлган, кейин ҳам И.Жўрабеков билан муносабатлари яхши эди. Балки шу ҳам сабаб, Жўрабеков Боғот совхозининг И.Каримов ташриф буюрадиган объектлар рўйхатига киритилишининг ташаббусчиси бўлгандир.
1990 йил август ойида, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари И.А.Каримов Хоразмга ташриф буюрди. Унинг бориб кўрадиган жойлари рўйхатида, вилоятдаги энг яхши хўжалик сифатида Боғот совхози ҳам бор эди.
Обком ва Райкомнинг режаси Боғот совхозидаги бунёдкорлик ишларини Каримовга кўрсатиб, совхоз директори – Хоразмийни Социалистик Меҳнат Қахрамони унвонига тавсия қилишга розилик олиш бўлиб, улар бу масалани И.Жўрабеков билан ҳам келишиб олишган эди…
Боғот совхози ва унинг раҳбари (Хоразмий) эришган муваффақиятлари ҳақида И.Каримовга тегишли ҳужжатлар киритилишининг ташаббускорларидан бири ҳам Жўрабеков бўлган. Каримов 1990 йилда: “Йилнинг натижаси асосида Совхоз раҳбарини Қаҳрамонликка таёрланг”, деб кўрсатма берган И.Жўрабековга.
1991 йилдан А.Хоразмий бошқа ишга ўтиб кетгани сабабли бу масала тўхтаб қолди.
Ва ниҳоят, И.А.Каримовнинг совхозга ташрифи 1998 йилга келиб амалга ошди. Натижада, Ўзбекистон Қаҳрамони унвони, “Югурганники эмас, буюрганники” деганларидек, совхознинг кейинги директори, Машариф Қувоқовга насиб қилди.
Мен бу икаласи директорлик қилганида ҳам фаолият олиб борганман Боғот совхозида. Шу бугунда ҳам совхоз аҳли билан борди-келдимиз бор. Машариф ака ҳам жуда меҳнаткаш, ишбилармон одам эди. Деҳқончилик бўйича Хоразмий зўр бўлса, иқтисод бўйича М.Қувоқов зўрроқ эди чамамда.
Хоразмий 2 йил ичида катта ишларни амалга оширди совхозда. Партиянинг қарорини бузиб масжид қурди, қабристонни обод қилди, совхоз ишчиларига 16 сотихдан ер ажратиб берди. Натижада бу маҳалла “Туркман (Хоразмий) поселка” деб унинг номи билан атала бошланди.
А.Хоразмий 1991 йилда бошқа ишга ўтиб кетганидан кейин, у билан учрашиш насиб қилмади. Лекин у тўғрисида доим эшитиб, ўқиб, билиб юрдик: Ахмад ҳожи Хоразмий Вилоят ҳокимлиги маъсул ходими, Хоразм пахтачилик институти директори, Тошкент Давлат Аграр Университети профессори бўлиб ишлаганида ҳам, Боғот совхозида ишлаганидан кам зафар қучмаган.
А.Хоразмий ҳақида марказий матбуотда бот-бот: “Хоразм фахри”, “Профессор Хоразмийнинг саҳовати”, каби қатор материаллар эълон қилиниб турди. Унинг фаолияти ҳатто Туркманистон Президенти Сапармурот Туркманбоши назарига тушиб, Туркманистоннинг бош нашри бўлмиш “Ватан” газетасида сурати билан ”Ал-Хоразмий изидан” номли катта мақола босилиб, уни Туркманбоши ўз юртига меҳмонга таклиф қилганидан ҳам хабаримиз бор…
* *
2006 йилдан бошлаб, Ахмад ҳожи Хоразмий ҳақида: “Ватанни тарк қилган эмиш. Буюк Британиядан сиёсий бошпана олганмиш. Озодлик ва ВВС радиоларида чиқаётган эмиш” каби узиқ-юлиқ миш-мишлар эшитила бошланди.
2011 йилда, унинг Пайғамбар (63) ёшга тўлиши муносабати билан, ота-онаси қабри ёнида, укалари томонидан Хоразмийга атаб солинган қабр, 2012 йилда юқоридагиларнинг кўрсатмаси билан ваҳшиларча бузиб ташланганини эшитганимизда эса даҳшатга тушганмиз. Чунки бундай ҳол Ўзбекистон тарихида биринчи марта содир бўлаётган эди.
2016 йил “Озодлик” радиосида А.Хоразмий чиқиш қила туриб: “Мен жаннатмакон ва буюк давлат фуқорасиман. Оладиган пенсиямнинг ўзи Ўзбекистондаги истаган икки вазирнинг маошидан кўпроқ. Мен учун дунё эшиклари ланг очиқ. Лекин буларнинг барисини ватаним – Хоразмнинг шўр тупроғига алмашмайман. Биринчи имконият бўлиши биланоқ ватанимга қайтаман”, деди. Кўп ўтмай бу гапларини ашула сифатида айтган “А.Хоразмий куйлайди” номли видио ҳам пайдо бўлди Ютубда.
Бу ватанфурушнинг эмас, том маънодаги жабрдийда ватансевар, элсеварнинг ҳаракатлари эди. Ўз вақтида Хоразмий тўғрисида фелетон ёзишга материал тополмаганимга қувондим. Худо юзи қора бўлишдан асраган бизни. “Озодлик”даги мазкур эшиттиришни таёрлаган журналистлар орқали ниҳоят А.Хоразмийнинг координатларини олдим ва у билан боғланишга муаффақ бўлдим.
“Хоразмий ким аслида?” номли мақола-тавсия ёзишни кўнглимга тугдим. Рўзимбой Хасан каби таниқли журналистлар, А.Хоразмий ишлаган жойлардаги фаоллар билан суҳбатлашдим. Унинг мухожиротга юз тутишига сабаб бўлган омиллар ҳақида “Эътиқод, ҳалқ, ватан ва адолат учун оғир кураш, ёхуд, Каримов режими душманига айланганим ҳақида мухтасар” номли ҳужжатларга тўла асосланган мақолани ўқиб, кўзим “ялт” этиб очилди.
Янада кўпроқ материалларга эга бўлишим учун у менга 600 бетдан ошиғроқ ҳажмга эга бўлган “Ахмад ҳожи Хоразмий ҳақида” номли танланган асарларнинг 1-томини, Танланган асарлариинг “Ислом асослари” номли 16-чи томини ва “Хоразм ҳангомалари” номли 12-томини почта орқали юборди.
Бу китоблар 2017 йилнинг январида юборилган бўлса-да, менга етиб келмади. Маълум бўлишича бу китоблар 2017 йил 8-февралда Тошкентга етиб келган экан ва у китоблар тегишли ташкилотлар томонидан ярим йилдан кўпроқ синчиклаб ўрганилган экан.
Ва ниҳоят, мени август ойида Тошкент шаҳар божхона хизматига чақиришди ва “божхона ходимлари” мени бу китоблар бўйича тергайвериб роса терлатишди.
Лекин бу китобларни менга кўрсатишмади ҳам. Сабабини сўрасам “Бу китобларда сиёсат, ташвиқот ва Хоразмни бирлаштириш каби хафли ғоялар бор”, деб шантаж қилишгача боришди ва тушинтириш хати ёздириб олишди.
Мени, ноҳатки дўстим А.Хоразмий менга зарари тегадиган китобларни юборган бўлса, деган фикр чулғаб олди. Шундан кейин А.Хоразмий менга интернет орқали бу китобларнинг pdf форматдаги электрон нусхасини юборди.
Ўқиб қарасам, Танланган асарларнинг 1-томи Хоразмий ҳақида турли давр ва нашрларда чоп қилинган мақола ва суратлар экан. Булар ичида 1989-90 йилларда мен олган суратлар ҳам бор.
Танланган асарларнинг 16-томи Ислом ва тасаввуфга бағишланган бўлиб, бебаҳо қўлланма экан. 12-томи эса ичак узди ҳангома (ҳажвия)лардан иборат экан. Хоразмийнинг бу асарларини яшириш эмас, ўзбекистон ҳалқига тезроқ етказганларида кўпроқ фойдали бўларди.
Бу китобларда на сиёсат, на-да ташвиқот, ё-да Хоразмни бирлаштириш ҳақида бир оғиз гап ҳам йўқ. Буни муҳтарам “божхона ходимлари” Хоразмийни бадном қилишда бардавом бўлиш учун ўзларидан ёлғон тўқишган экан.
Ва ниҳоят, мени йиллар давомида қийнаб келаётган “Ахмад ҳожи Хоразмий ким аслида?” деган саволга узил-кесил жавоб топдим.
Профессор Ахмад ҳожи Хоразмий Ўзбекистон марказий матбуотида таъкидланганидай, нафақат Хоразм фахри, шунингдек, ватан тупроғи ва экологияси учун тенгсиз курашда бардавом бўлган жабридийда, бошқаларга ибрат бўладиган буюк ватанпарвар инсон экан.
Фахрий журналист,
Шоназар ҳожи Иброҳимов.
Тошкент-2017
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
10 шарҳ
Dunyouzbeklari.Com сайтининг Telegram даги каналига қўшилинг ва энг сўнгги воқеалар шарҳидан хабардор бўлинг.







1 шарҳ
-
Shonazar hoji otaga besh ketdim!
O’zbekistonda yashab ham SNBdan qo’rqmasdan to’g’ri gapni ayta oladigan odamlar bor ekan-ku!MXX ham to’g’ri gapni aytgan odamga tegmas ekan.
Шарҳ қолдириш
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Каримов 1990 йилда Хоразмийни “Қаҳрамонликка таёрланг!” деб кўрсатма берган. 2005 йилда эса “Ўзбекистондан ҳайданг!”, деб, 2014 йилда эса: “Фуқораликдан ўчиринг!” деб кўрсатма берган.
Каримовнинг юқоридаги каби адолатсизликларини тўғирлагунича бечора Ш.Мирзиёевнинг эси кетади.
Albatta juda sevinadigan gozal habar . 9 yildan buyon bu insonni matbuotda chikishlarini kuzatib boraman . Ahmad hoji horazmiy domlani – Vatan va halkimiz fahri deb bilaman … Yana kanchadan – kancha bunday hayirli insonlarimiz bor chet -ellarda , ammo kopchilikni habarlari yok albatta . Lekin bir fursat kelib – bularni ham holis yoritadigan Shonazar birodarimiz kabi kalam soiblari chikib kolsa ajab emas …
Хоразмийга аталган қабрни бузиб, Каримовчилар ўзлари-ўзларини шарманда қилиб, тарихда қолишибди. Нақадар ваҳшийлик!
“Божхона ходимлари” деб қўштирноқ ичига олганингизга қараганда улар “Қуда тараф ходимлари” бўлса керак. Нима бўлганидаям СНБ бировни бадном қилиш учун бунчалар паст кетмаслиги керак эди.
Ғойибона хурматимни қабул қилинг домла. “Тирик энциклопедия” деб таъриф бергим келади сизга. Худо насиб этса сиздек муҳтарам зотни йўқлаб бориш ниятим бор. Парвадигор сизни, сизга ўхшаш инсонларнинг барчасини умрларини узоқ қилсин.
Бечора Хоразмий ребелеатация қилиниши учун 10 йил вақт кетибдия. Ҳеч бўлмаганидан кеч бўлсаям, деб шукур қилиб юргандир Ахмаджон Хасанов. Журналист акамиз, Хоразмийнинг ватанфуруш эмас, аксинча, буюк ватанпарвар эканини далиллар билан исботлаб берибди.
Ҳақиқатни ёзибсиз, Ҳожи ака. Бу ҳақиқатни ҳаммамиз билардик. Ахмад ҳожи Хоразмийнинг аслида ким (Хоразм фахри) эканини яхши кўрсатибсиз…
Ҳа мақолани қайта-қайта ўқидим.
Муаллиф (Ш.Иброҳимов)га ва “Дунё ўзбеклари(И.Хушев)га, бундай самимият ва журъат учун чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Ш.Иброҳимов ҳам, И.Хушев ҳам бу мақолани ёзиш ва нашр қилиш билан ўзларининг журналистик виждони нақадар олийжаноб эканини кўрсатишибди.
Муҳтарам Жахбаровга!
Фарғона водийсидан, қорачадан келган, истараси иссиқ, Абдусамат Жахбаров деган иқтидорли агроном йигит Мозамбикнинг Нампула вилояти Метушерия давлат хўжалигида агроном бўлиб ишлаган 1980-1984 йилларда. Унинг ишлари ҳақида Мозамбик газеталари ҳам ёзганди. Абдусамат Мезерепани агрономи, Тўйтепалик Муҳаммадолим Убайдуллаев билан бизнинг уй(Нампула)да 1-2 марта меҳмон ҳам бўлганди. Муҳаммадолим ва Абдусаматни Жўрабеков ҳам мақтоаб юрарди.
Сиз 1986-90 йилларда Мозамбикда ишлаган деган Жахбаровни билмайман. Агар 1980-84 йилларда ишлаган Жахбаров яна 86-90 йилларда ҳам ишлаган бўлса унда икаласи бир одам бўлиб чиқади.
Агар Абдусамат Жахбаровни билсангиз менинг дуои саломимни айтиб қўйинг.
Домла узр, мен йилида адашибман! У киши бизни уруглардан булардилар. Сиз айтган инсон айнан уша олим агроном Абдусамат ака. Рахмат Сизга.
Дуо килиб куясиз. Агар яна хотирам панд бермаса, у кишини утганларига 10 йилдан ошдиёв. Рахматли анча дард чекиб утдилар. Куп йиллар колхозда агроном булиб ишлаганлар. Охиратлари обод булсин. Байрам олди кунлари эсга олинганлигида хам хикмат бордир. Утганларни жойи жаннатда булсин.
“Хоразмий Мозамбик (Африка)да ишлаганда”
Ахмад хожи Хоразмий агар маколани укиган булсангиз:
Олим агроном Абдусамат Жахбаровни танийсизми? 1986-90 йилларда Мозамбикда ишлаган?