Таниқли ўзбек журналисти Бахтиёр Шоҳназар қаламига мансуб «Чет элда яшаш: America» китоби ўқувчилар қўлига етиб борганини олдин хабар қилгандик. Биринчи нашр китобхонлар орасида жуда тез тарқалиб кетди. Шунинг учун, муаллиф унинг иккинчи, тўлдирилган ва таҳрир қилинган янги кўринишини қисқа муддат ичида тайёрлади.
Куни кеча китоб босмахонадан чиқди. Янги нашр аввалгисидан қалинроқ бўлиб, унга ўттиз бет қўшилган. Қалин муқовали, сифатли қоғозга босилган ва 288 бетдан иборат китоб ихчам кўринишда бўлгани учун, йўлда олиб юриб, ўқиш учун ҳам қулай.
Китобга ассимиляция нима эканлиги, Чикагодаги Ўзбек — Америка жамияти ҳақида янги қисмлар ҳамда паспорт, иммиграция, Америкадаги вазият бўйича энг сўнгги янгиликлар киритилган.
Шу билан бирга, муаллиф ижодига оид намуна ўлароқ «Ўзрус тилини развивать қилайлик» сатираси ва «Малак юзли шайтонлар» шеъри ҳам китобнинг иккинчи нашридан ўз ўрнини олган.
Бахтиёр Шоҳназарнинг бу китоби нафақат Шимолий Америка, балки дунёнинг бошқа давлатларидаги юртдошларимиз томонидан ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинмоқда. Биз китоб тақдимоти учун муаллиф билан бирга Америка қитъасидаги турли шаҳарларга бориб, учрашувлар ўтказишни режалаштирмоқдамиз.
Учрашув ўтказиш ёки китобга эга бўлишни истаган ҳамюртларимиз ҳуқуқшунос, эркин журналист, тилмоч ва санъаткор Бахтиёр Шоҳназар билан боғланишлари мумкин: 1 647 997 7667, bakhtier63@gmail.com
Қуйида муаллифнинг розилиги билан «Чет элда яшаш: America» китобининг иккинчи нашридан парчани эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Муаллифдан:
“Китоб ўқимаган халқ ортда қолади”
“Фейсбук”да бир ибратли ҳикояга кўзим тушиб қолди. Унда ҳар хил миллатга оид икки қўшни ҳақида сўз юритилади. Қўшниларнинг тенгқур ўспирин ўғиллари бор экан. Бир куни биринчи қўшни ўғлига бир доллар берибди. Ўғли бозорга бориб, бир долларга қатиқ сотиб олибди. Уйга келиб, унга қайнаган сувни совутиб қўшиб, айрон қилибди. Айронни сотиб, ўн доллар пул қозонибди. Пулнинг беш долларини отасига берибди. Ота-бола хурсанд бўлишибди.
Иккинчи қўшни ҳам ўша куни ўғлига бир доллар берган экан. Ўспирин пулни олиб, унга чўнтагидаги пулни ҳам қўшиб, китоб дўконига чопибди. Физикага оид битта китоб олмоқчи бўлиб юрган экан. Лекин, пули етмагани учун, дўкончи билан қолганини пул топганида олиб келиб беришга келишиб олибди. Уйга бориб, китобни ётволиб ўқибди.
Орадан ўн йил ўтибди. Биринчи қўшнининг боласи ҳа-лигача бозорда айрон сотар ва тирикчилиги ўтаётганидан хурсанд экан. Иккинчи қўшнининг боласи эса Американинг Силикон водийсида ойига ўн минг доллар олиб ишлар экан.
1930-йиллардаги Сталин қатағонидан кейин ўзбек халқи ўз ойдин-зиёлиларидан жудо бўлди. Натижада, коммунизм ғояси миясига сингдирилганида қандай қаршилик кўрсатишни билмади. Чунки, бунинг учун билимли бўлиш, ғояга қарши ғоя билан курашиш ва ўз қарашини илмий асосда исботлаб беришни ўрганиш зарур эди.
Кўпчилик китоб ўқиб, билим олиш ўрнига пул топиб, данғиллама участка қуриш, автомобил сотиб олиб, тилларда достон бўладиган тўй қилиш дардига тушиб қолди. Ҳатто, китоб ўқиган болаларга “ўқиб олим бўлармидинг, чиқиб мол—ларни ўтлатиб кел” дейилди. Буларнинг натижаси ҳозирги кунда яққол кўзга ташланиб турибди. Ёшлар орасида “мактабни битирсам, чет эл (Россия)га бориб, ҳар қанақа иш бўлса ҳам ишлайман” деб фикрлайдиганлар талайгина.
Қиссадан ҳисса шу-ки, китоб ўқимаган ва билимга чанқоқ бўлмаган халқ бошқаларнинг хизматкорига айланади. Фақат бугунги куни ўтишини ўйлаб, келажакка ётирим қилмасликнинг оқибати шунга олиб келади.
Мен “ҳеч ким китоб ўқимайди” демоқчи эмасман. Лекин, рақамлар жуда ўжар бўлади. 1970-йилларда аҳолиси ўн тўрт миллион киши бўлган Ўзбекистонда китоблар олтмиш-етмиш минг нусҳада чоп қилинарди. 2018 йил охирларига келиб, аҳоли сони ўттиз уч миллионга етган. Китоблар эса уч-тўрт минг нусҳада чиқарилаяпти, холос. Тушунган одам учун бу жудаям аянчли статистика бўлиб, китобхонлик даражаси қирқ-эллик бараварга (!) озайганини англатади.
“Бошга тушган – табиб” дейди доно халқимиз. Менинг “Туркиядаги ўзбеклар. Ҳаётий воқеалар” номли илк китобим 2008 йили Измирда турк тилида чоп қилинган. Китоб Туркияда тезда тарқалиб кетди. Хусусан, Туркия Маданият ва спорт ишлари вазирлиги икки юзта китоб сотиб олиб, кутубхоналарга етказиб берди. Ўзим эса анча китобни туркистонликлар жамиятларига совға қилгандим.
Қўлингиздаги китобнинг биринчи нашри чоп қилингандан кейин анча-мунча танишлардан уни китобхонларга етказиб бериш ҳақида маслаҳат сўрадим. Деярли барчаси “ўзбеклар китоб ўқимай қўйишган”дейишди. Лекин, бу унчалик рост эмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. 2018 йил 1 декабр куни Чикагода ўтказилган китоб тақдимоти икки соат ўрнига уч соат давом этди. Қизиқарли ўтган тадбирдан кейин қатнашувчилар китобни қўлма-қўл қилиб юборишганини кўрганимда танишларим адашишганини англадим.
“Билмаганин сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим” деган эди буюк бобокалонимиз Алишер Навоий. Мазкур китоб оғирингизни енгил қилиб, янги билимлар берса, мен ўзимни ўта бахтиёр ҳис қилган бўлур эдим. Қимматли вақтингизни аямай, китобни ўқишга киришаётганингиз учун катта раҳмат!
Бу йигитнинг ижодига кўпчилик каби биз ҳам қизиқамиз. Унинг: “Ўзрус тилини развивать қилайлик” мақоласини кўпайтириб Туркманистонгача тарқатганман. “Малак юзли шайтонлар” шеърини қаердан топсам бўлади?
Олим бўлиб, Каримовнинг «шарофатидан» мардикорлик қилган олим сифатида таклиф қилмоқчиман: “ўқиб олим бўлармидинг, чиқиб мол–ларни ўтлатиб кел” жумлани: «Ўқиб олим бўлганлар ким бўлди, чиқиб молларни ўтлатиб кел», деб ўзгартирса яхши бўларкан.
Бу йигитнинг ижодига кўпчилик каби биз ҳам қизиқамиз. Унинг: “Ўзрус тилини развивать қилайлик” мақоласини кўпайтириб Туркманистонгача тарқатганман. “Малак юзли шайтонлар” шеърини қаердан топсам бўлади?
Олим бўлиб, Каримовнинг «шарофатидан» мардикорлик қилган олим сифатида таклиф қилмоқчиман: “ўқиб олим бўлармидинг, чиқиб мол–ларни ўтлатиб кел” жумлани: «Ўқиб олим бўлганлар ким бўлди, чиқиб молларни ўтлатиб кел», деб ўзгартирса яхши бўларкан.
Малак юзли шайтонлар
Арзим айтай, эй ёронлар,
Кўрдим бунда кўп хайронлар,
Ҳаммасидан устун экан
Малак юзли шайтонлар.
Отдан тушса, олиб эгар,
Йўлда давом этар, магар –
Ошиғи ҳам олчи экан
Малак юзли шайтонлар.
Риёкорлар унинг дўсти,
Эшшакдан ҳам қалин пўсти,
Лекин, бутун ками-кўсти
Малак юзли шайтонлар.
Тўғри гапга қулоқ солмас,
Адолатни ҳам тан олмас,
Ёлғон-яшиқдан тап тортмас
Малак юзли шайтонлар.
Орангизга солиб нифоқ,
Қозилик ҳам қилар, бироқ –
Натижада ҳамма тарқоқ
Малак юзли шайтонлар.
Разиллик-ла бўлар ўртоқ,
Андишани билар қўрқоқ,
Борган жойин қилар ботқоқ
Малак юзли шайтонлар.
Қанча қилсанг унга “кам” дер,
Сездирмасдан гўштингни ер,
Ўзи бермай, дейди “бер, бер!”
Малак юзли шайтонлар.
Вампир каби қўяр тузоқ,
Саримсоқдан турар узоқ,
Уни кўрса қочар бузоқ
Малак юзли шайтонлар.
Бир гап айтсанг аксин қилар,
Асли душман, лек дўст бўлар,
Кулиб туриб жонинг олар
Малак юзли шайтонлар.
Яхшиликни солар ҳайдаб,
Мақсад сари борар яйраб,
Ўт чиқариб берар сайраб
Малак юзли шайтонлар.
Пуч ёнғоқлар юрар сотиб,
Авраб-алдаб тахтга чиқиб,
Ваъдалари кетар учиб
Малак юзли шайтонлар.
Ёмонларга вафо қилар,
Под(и)шоҳни гадо қилар,
Бахтиёрни адо қилар
Малак юзли шайтонлар.
2015 йил, 5 апрель.
Торонто, Канада.
*****