(“Дунё ўзбеклари” учун қисмларга бўлинди. 18- қисм)
52.
Кутилмаганда Раҳмат полвон Чимқўрғондан изига қайтди ва Ўрдатошнинг шарқ томонидаги Тешиктош ғорида яшаб турди. Хуржундаги озиқ-овқат ҳам охирлаб қолди. У ҳар куни қоронғи тушиши билан отда “асалзор” ортидаги жарга борар ва йўл пойлар эди. У қаҳратон совуқда дамо-дам тўппонча, қилич, гугуртларини ушлаб-ушлаб қўяр, унинг бу туриши ва ҳаракталари қароқчини эслатар эди. Қор бўрони беомон қутирган бир кеча полвон:
Шу тобда дунёда ундан қўрқинчлироқ, ундан ёвузроқ жонзод йўқ эди. Ё алҳазар! Бу машъум қиёфани кўришлари билан тунги кийими пора-пора бўлиб кетган Райҳон ҳам, кўзлари чақчайган Мирзабек ҳам чинқириб юборишда ва мурдадек қотиб қолишди. Шу онда, балки, бу икки кимса хушидан кетишгандир, балки юраклари ёрилиб, ўлиб қолишгандир. Ҳозир бу
1Куртук – қаттиқ қор уюмлари. Куртук бўронда ҳосил бўлади.
ҳақда Раҳмат полвон ўйламасди. Ўйлолмасди! Полвон бениҳоя қутириб кетганди. У қиличини ғилофидан шарт суғириб, беқиёс ғазаб, беқиёс нафрат билан Мирзабекни юзига тупирди. Сўнг:
– Эркаклик ҳайф!!! – дея унинг мижозини шарт чопиб ташлади. Мирза қинғир қимир этмади. Қон тирқираб отилиб, тўшакни ҳам, Райҳонни булғамоқда эди. Кейин у сочлари сочилиб ётган Райҳоннинг ғам, номус, қўрқув ифодалари тошдек қотиб қолган масъум чеҳрасига мисилсиз ижирғаниш билан тупирди ва:
– Аёллик ҳайф!!! – дея шўрликнинг сўлим сийнасига қилич урди. Қон тизиллаб отила бошлади. Шундагина полвоннинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди.
53
Шу қоронғу тун Бўронбекнинг кўнгли ҳар қачонгидан ҳам безовта эди. Онаси ўлганда ҳам, Дўлти бўри қишлоқни остин-устун қилганда ҳам у шундай ҳолатга тушганди: “Нега кўнглим ғаш, – дерди ўзига-ўзи, – ё, бу, жанг олдидаги васвасами? Ё уйда бирон нима бўлдими? Нега отам ярим йўлдан қайтиб кетди?..”
Бўронбек чалкаш-чулкаш фикрлар қуршовида тунни оқартирди. Тонг киши дилини хуфтон этар даражада руҳсиз, тунд ҳам совуқ эди. Ер бўз туман тагида тош қотиб ётарди.
Кўнгиллилар аёзда ҳоҳлаб, ҳоҳлашмай нонушта қилдилар. Уларнинг юзларига ғам, чарчоқ ва қўрқув соя ташлаб тургандек эди. Ё Бўронбекка шундай туюлдимикан? Ундай деса, Бўрибой, Ўнғар полвон, Яшарбек, Алишер, Азаматлар дадил, мардона туришибди. “Эл бошига иш тушганда мен йигитларга далда бериш ўрнига ўзим ҳақимда ўйлаяпман. Уят! – деди ичида ижирғаниб Бўронбек, – жангчиларда руҳ етишмаётир. Руҳсиз жанг қилиб бўлмайди”.
Бўронбек ўйлаб туриб ўтовлар олдига гулханлар ёқишни, қўйлар сўйишни, шўрва-ю кабоблар тайёрлашни ва арғумоқларга ем беришни буюрди. Бу тадбир Бўрибойга ҳам ёқди.
Базм қизиганда, овқат ейилиб, шароб ичилиб, ўйин-кулгу бошланганда, от йўрттириб Раҳмат полвон келди. У дурустгина қуролланган бўлиб, қўлида тўрт қулочдан узун ирғай таёғи ҳам бор эди. Бўронбек отасининг оқариб кетган юзи-ю, қон қуйилган кўзида дам қувонч, дам ғам, дам қабрдай совуқлик акс этаётганлигини илғаб, юраги увишиб кетди. Бироқ, сир бермади. Ўйин-кулгуни давом эттирди. Фақат махсус топшириқ билан кетган кишилар (буларга Қарши чўлоқ бошлиқ эди) қайтишгандагина, Бўронбекда ҳам, унинг сафдошларида ҳам кўтаринки руҳ пайдо бўлди. Қарши чўлоқ Бўронбек билан Бўрибойга алланималарни пичирлаб айтди. Икки дўст бир-бирига саволомуз тикилди-да, индамасдан ўтовга кириб кетишди ва у ердан анчадан сўнг чиқишди. Бўронбек ўзини ниҳоятда тетик тутган ҳолда кўнгиллиларга отланишни буюрди.
Ҳамма тайёр бўлди. Шунда Бўронбекнинг мардона овози янгради.
– Оғайнилар, ўлимдан қўрққан миллат қул бўлиб яшайди. Ўлимдан қўрқмай курашган миллат озод яшайди. Оғайнилар, ўз ери, ўз имони учун курашаётган эрни Тангри ҳам қўллаб-қувватлайди, эл-юрти ҳам унутмайди. Қуёш, ер, сувни йўқотиб бўлмаганидек, эл-юртни ҳам йўқотиб бўлмайди. Фақат биз матонатли бўлайлик, оғайнилар, ўлсак, ботирларча курашиб ўлайлик. Очиқ айтаман, Чернаевнинг қуроли бизникидан устун. Шунинг учун биз унга кутилмаганда яқиндан туриб ҳужум қиламиз. Бу курашда Тангримиз бизга қувват берсин! Бу курашда Она қатранғи, Муқаддас қатранғи бизни қўллаб-қувватласин! Омин! – Бўронбек бир туп муқаддас қатранғига боқиб, кафтларини юзига босди.
Кўнгиллилар генерал Чернаев қўшини амир лашкарини Темур қопқаси (дарвозаси) томон омбирдек сиқиб бораётган бир кезда, тоғ ортидан гулдираб чиқдилар. Буни ёғий кутмаган эди. Бу, унга, бехосдан оёғи тагидан отилиб чиққан вулқондек таъсир этди ва у талвасага тушиб қолди. Худди шу лаҳза селдай босиб бораётган кўнгиллилар уни ўққа тутдилар.
“Ўлсанг эркакча ўл! Шармнадаларча қочиб қайга борасан?! Чекинма!!!”, деб куйиб-пишиб қичқириб, лашкарини тартибга солишга уринаётган Ёқуб Қуш Беги1-га ҳам қайта жон кирди. Унинг руҳи тоғдай ўсди ва у ҳам ўз қўшини билан ёвга ташланди.
У хавф-хатарни унутиб, ўша ёққа от солди. Унга юзлаб кўнгиллилар эргашдилар. Бироқ кеч эди. Раҳмат полвон елкасидан ўқ еди. Лекин отдан қулагунча , анча душманни ер тишлатди…
Генерал Чернаев ер эгаларидан бундай мардона қаршилик, жасорат, босқини кутмаган эди. У тирик қолган лашкари билан ўз ярадор черикларию оғир қуролларини ташлаб қочди. Бўронбек қўшини ёғийнинг калласини Сайхун бўйигача қиличдан ўтказиб борди. Қолган –қутганлари эса, ( жумладан, Чернаев ҳам ) иштонларини ҳўллаб дарёга ўзларини отишди ва кўздан ўчишди.
Бундан Бўронбек унча қувонмади . “ Яна куч тўплаб қайтади”,деб ўйлади. Бўрибой ботирнинг кўнглидан шу гап кечди.
Ғалаба куни Бухоро амири Саид Музаффар уларни ўз ҳузурига чақириб олиб, қучоқлаб, ўпиб, зафар билан қутлади:
– Баракалла, ёвқурлар! – деди у қувноқ оҳангда, – Сизлар мени шод эттиларингиз. Миннатдормен!… Ўғлим, Сиз Бухорода, курашда мени таҳсинимга мушарраф бўлғон эрдингиз. Бўрибой эса бир пайтлари манга ҳақ гап айтган эрди! Ҳар икковингизниям мардликларингга тан берурман. Раҳмат, жигарларим, раҳмат! Энди, икковингизга ҳам муносиб иш бергайман. Бирингиз Искандар, иккинчнигиз Афлотун… дегандек. Бул ҳақда ўйлаб кўргайсзилар. Уч кун муҳлат берурмен.
54
Саид Музаффарнинг сўзи бир пасда қўшин бошлиғи Муҳаммад девга етди. Бундан аламзаданинг қони миясига урилди, кўз олди қоронғилашди. У ўзини базўр тутиб қолди. У Бухородаги олишувда Бўронбекдан енгилиб, эл-юрт ичида обрўси тушгандан бери алами ичида эди. Мана, энди тағин Бўронбек оёғига тўғаноқ бўляпти… Йўқотмоқ керак! Бўлмаса Муҳаммад девга кун йўқ. Икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамайди. Йўқотмоқ керак!!!
У тишини-тишига қўйиб ўйлади. Охири бир қарорга келди шекилли, кўзи машъум севинч ила порлади. У шу заҳоти ўзига яқин ўн кишини ўз ўтовига чақириб олди. Буларнинг ичида жаноб Муродбек (Ғаркўз) ҳам бор эди. Муҳаммад дев уларга ўз фитнасини ошкор айлади…
Мазкур ўтовга Бўронбек таклиф қилинди. Бўронбекнинг оёғи тортмаса ҳам ўзбек одатига кўра ўтовга жўнади. Бўрибой унинг қулоғига: “Эҳтиёт бўлинг, иним”, деб шивирлаб қолди. Бўронбекнинг кўнглига аллақандай ғашлик чўкди.
– Улуғ ғалабадан кейин бир чақчақлашайлик деб чақирувдим, мўлла Бўронбек! – деди унининг елкасидан қучиб Муҳаммад дев.
– Афв этасиз, Дев афандим, отам оғир аҳволда.
– Биламан, мўлла Бўронбек, биламан, оғир, сизга оғир, аммо биз билан бирпас ўтирсангиз, кўп хурсанд бўлардик-да.
Бўронбек ноилож кўнди.
Майхўрлик чўзилгандан чўзилиб борарди. Ўтовдагилар Бўронбекнинг тенгсиз қиличбоз, пичоқбоз, чавандоз ҳамда довюрак эканлигини гап орасига усталик билан қистириб ўтардилар ва уни ҳоли-жонига қўймай ичирардилар. Одам темир эмас-ку, май таъсир этмаса, борган сари Бўронбекнинг кайфи ошиб борарди. Бироқ у ўзини зўр ирода билан ушлаб турарди. Бўронбек бир неча марта туришга чоғланди-ю, лекин ҳар гал уни даврадагилар қўярда-қўймай ўтқазардилар. Муҳаммад дев эса унга ҳурмати зўрлигини айтиб, маҳкам ёпишиб олганди.
– Бўронбек ақл-заковатда ҳам, кучда ҳам тенгсиз, – деди Муҳаммад дев унинг кайфи обдон ошганини сезиб ва сирдошларига маъноли кўз қисди, – у кўкда учиб бораётган ҳар қандай қушнинг ҳам кўзидан бехато отиб туширади.
Шу лаҳзада Муродбек Бўронбекнинг орқа томонида тўппонча ушлаган ҳолда тик турарди.
Аммо Парвардигори олам Бўрон ўрисни бир нарсадан қисган, – Муҳаммад дев гапида давом этди, – бечораники йўқ!.. Хо-хо-хо!
– Хо-хо-хо!
– Хо-хо-хо!
Кулгу ўтовни осмонга кўтарди. Бўронбек мастлигига қарамай ғазаб ила ўрнидан сачраб тураётган эди, Муродбек тўппонча билан унинг бошига, қаншарига ура кетди. Бўронбек ўтириб қолди. Ўтовдагилар уни бирдан босиб, тепиб урдилар. Бўронбекнинг ҳаммаёғи момоталоққа айланди. Оғзининг икки четидан қора қон сиза бошлади.
– Бас, бўталоқларим, бас, – деди Муҳаммад дев тиржайиб, – дунёда энг кучли, энг хавфли кураш – махфий курашдир. Мана, бунинг меваси! – у ўртада мурдадек чўзилиб ётган Бўронбекка суқ бармоғини нуқди, – худди ман айтган йўсинда Бўрон ўрисни пайғамбари Исосимон… – Муҳаммад дев гапидан тўхтаб тиржайди, сўнг чала қолган гапнии тугатмай, бошқа гапни бошлади, – Зинҳор эсларингдан чиқарманглар, ҳамма нарса махфийлигида гўзал ҳам қудратли! Акс ҳолда!.. – унинг кўзи ваҳшиёна чақнади, – акс ҳолда…, – деб такрорлади у ва давомини айтмай, ўнг қўлини томоғига тираб, арра қилиб кўрсатди.
Ўн киши Бўронбекни қанорга тиқишди ва бир қора от устига танғиб боғлашди. Сўнг уни ўзлари вақтинча қарор топган Темур қопқасидан хийла наридаги Нурак дарасига олиб боришди.
Шамол, бўрон аримас бу дара атрофи ёнғоқ, арча, наъматак каби дов-дарахтлару қора қоялар билан ўралган эди. Бу ўлмас қояларни оралаб, бир тошқин сой оқмоқда эди. Сойнинг шундай ўртасидан бир бужур қоя ўсиб чиқиб осмону фалакка санчилиб турибди.
Ўн киши Бўронбекни қип-ялонғоч этиб шу қояга боғлашди. Кейин унинг кафт ва оёқларига пўлат мих қоқишди. Оғзи аралаш кўзини пайтава билан танғишди. Бўронбек ҳеч нарсани сезмади. У аллақачон дунёдан ўтган мисол қимир этмасди. Гуё энди, унинг учун азоблару совуқлар ўз таъсир кучини йўқотгандай эди.
Гарчи жаллодлар Муҳаммад девнинг топшириғини амалга оширсалар ҳам, ичларида ундан норози эдилар. Ўнови ҳам:
“Бул бадбахтни Темур қопқасининг ўзида гумдон этсак ҳам бўларди, – деб ўйларди, – қора совуқ тунда қор кечиб, шунча йўл босиб, уни шу йўсинда азоблаб ўлдириш шарт эмасди”.
Ўн киши бўронли дарани тарк этишди.
55
(18- қисм тугади. Давоми бор)
Ўхшаш мақолалар йўқ.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Шарҳ қолдириш
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни
МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.