Ўз мулкидан ажралиб, «Дарё» таҳририятига мурожаат қилган Самарқад шаҳрида фаолият юритувчи «Янгиобод фарм мед сервис» МЧЖ раҳбари Жамшид Шомуродов ҳақиқат излаб 8 маротаба шаҳар прокуратураси, 20 маротаба вилоят прокуратураси, 8 бор Бош прокуратура, 10 маротаба Халқ қабулхонаси, 3 бора вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга мурожаат қилди. Тадбиркорнинг таъкидлашича, унинг масаласини тегишли идоралар томонида пайсалга солинмоқда, дейди «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев.

Фото: «Дарё»

Жамшид Шомуродовнинг билдиришича, Самарқанд шаҳар, Гагарин кўчаси, 128-уй манзилида жойлашган беш қаватли бинонинг уч қаватини эгаллаган ва фойдаланишмайдони 1300,0 квадрат метр бўлган тиббий марказ ҳамда 17 та квартира униг хусусий мулки ҳисобланади. Бироқ, уни огоҳлантирмасдан «Гарант қурувчи сервис» МЧЖ томонидан бино бузиб ташланиб, мулкига катта зарар етказилган. Шаҳар ҳокимининг 2015 йил 27 ноябрь ва 2016 йил 19 декабрдаги сонли қарорлари асосида бузиладиган бино ўрнида қўп қаватли турар жой қуриш учун юқорида номи келтирилган МЧЖга берилган.

— Шу ерда кўп қаватли турар жой қурилиши режалаштирилган экан, шаҳар ҳокимлиги биринчи навбатда менга қуришни таклиф қилиши лозим эди. Мен қуролмаган тақдиримда, тендер асосида ютган қурилиш ташкилоти мени рози қилгандан сўнг хусусий мулкимни бузиши керак эди. Аммо бу борада шаҳар ҳокимлиги менга ҳеч қандай огоҳлантириш бермасдан мулкимни бошқа шахсга бериб юборди, — дейди Жамшид Шомуродов.

Жамшид Шомуродовнинг аризаси асосида Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан 2017 йилнинг 15 июль куни Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бироқ, бир ярим йилдан бери тергов ишлари чўзилиб келмоқда. Тадбиркорнинг турли ташкилотларга қилиган ўнлаб мурожаатлар ҳамон натижасиз қолиб кетмоқда.

Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Б.Элмуродовнинг 2018 йил 18 февралда шаҳар прокуратурасига юборган хатида Ж. Шомуродовнинг талаби қонуний эканлигини тасдиқлаган.

«Гарант қурувчи сервис» корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун талаблари ҳамда белгиланган талабларга риоя қилмасдан, ушбу манзилдаги турар ва нотурар уй-жойлар мулкдор Ж. Шомуродовнинг розилиги олинмасдан қонунга хилоф равишда, яъни ноқонуний тарзда бузиб ташланган. Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ж. Шомуродовга Самарқанд шаҳар прокуратураси ёки фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судига мурожаат этилиши, суд ҳамда прокуратура органлари томонидан қонунга белгиланган тартибда мазкур қарорни бекор қилишда шаҳар ҳокимлиги эътирози йўқлигини маълум қиламиз», дейилади хатда.

Фото: «Дарё»

Кўриниб турибдики, прокуратура шаҳар ҳокимининг 2015 йил 27 ноябрь ва 2016 йил 19 декабрда чиқарган қарорларига протест келтириб, бекор қилса, адолатни тикласа бўлади. Аммо бу иш ҳанузгача пайсалга солиб келинаётганлигини тушуниш қийин.

Жамшид Шомуродовнинг масаласи юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратурасига мурожаат қилдик. Шаҳар прокурори ва унинг ўринбосари йўқлиги сабабли саволларимизга шаҳар прокуратураси терговчиси Рустам Даминов қисқагина жавоб берди.

—Биз ҳаммасини қонун доирасида кўриб чиқамиз, — дейди Рустам Даминов.

Афсуски, терговчи ҳам Ж.Шомуродовнинг шаҳар прокуратурасига 8 бор қилган аризаси нима сабабдан ўрганилмаётганлигининг аниқ сабабларини тушунтириб бера олмади.

Яна бир ҳолат. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2018 йил 27 февралдаги ҳукмига кўра Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими терговчиси Х.Намозовнинг 2017 йил 11 ноябрдаги жиноят ишининг «Гарант қурувчи сервис» МЧЖ ходимларига оид қисмини ҳаракатдан тугатиш ҳақидаги қарори бекор қилинган. Шунингдек, ҳукмда Гагарин кўчаси, 128-уйда жойлашган хонадонларни ноқонуний бузилиши ва улардаги жиҳозларга зарар етказилиб, талон-торож қилинганлиги ҳолати бўйича «Гарант қурувчи сервис» МЧЖ раҳбари Э.Мўминов ва ходимларининг ҳаракатларида Жиноят Кодексининг 169, 173-моддаларида назарда тутилган жиноятлар аломатлари мавжудлигини аниқлаш ва ҳуқуқий баҳо беришлик учун материал тариқасида ажратилиб, Самақанд вилоят прокурори орқали тегишли суриштирув органига юборилиши кўрсатиб ўтилган. Аммо орада шунча вақт ўтган бўлишига қарамасдан бу борада ҳам ҳеч қандай иш амалга оширилгани йўқ.

— Икки марта вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов қабулида бўлдим. Биринчи марта 2018 йилнинг 3 августида Э.Турдимов вилоят прокурори ўринбосари О.Ҳошимов, шаҳар ҳокими ўринбосари Б.Элмуродов ва вилоят бош архитектори Н.Содиқовга керакли топшириқ бериб, масалани ҳал қилишга уч кун муддат берди. Аммо бир ойдан кейин ҳам вазият ўзгармаганлиги учун иккинчи марта 10 сентябрь куни яна вилоят раҳбари қабулига киришга мажбур бўлдим. Бу сафар Ички ишлар, Адлия, Давлат солиқ бошқармалари ҳамда «Маҳалла» жамғармаси раҳбарларига уч кун ичида «масаланинг ечими юзасидан вилоят ҳокимига таклиф киритиш» ва вилоят прокуратурасига «юқоридаги топшириқларни амалга оширилишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назорат қилиш» тавсия этилган эди. Аммо шу вақтгача ҳеч нарса ўзгармади, — дейди Ж. Шомуродов.

Фото: «Дарё»

Ҳа, айтганча, «Ж.Шомуродов ва Ф.Шомуродоваларнинг моддий зарарини қоплаш учун» мазмунидаги 2017 йил 29—30-сентябрдаги тўлов топшириқлари билан жами 462 миллион сўм пулларни Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармасининг депозит рақамига тўланганлиги уларга тегишли турар жойларнинг ноқонуний равишда бузилганлигини тасдиқловчи яна бир муҳим омил ҳисобланади. Аммо Жамшид Шомуродов бу пул 17 та квартира ва тиббий марказ биноси учун арзимаслигини айтиб, адолат изламоқда.

— Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан икки бор учрашувдан кейин вилоят ҳокимининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтаётган учрашувлари шунчаки хўжакўрсинга, фақат реклама учун ўтказиляпти деган хулосага келдим. Вилоят ҳокими тадбиркорларнинг муаммосини эшитиб, уни ҳал этиш юзасидан қўл остидаги ходимларига топшириқ беради. Улар бўлса ҳокимнинг талабини бажармайди. Бунақанги кўзбўямачилик қабилидаги учрашувларнинг кимга кераги бор? —дейди Жамшид Шомуродов.

Ж.Шомуродовнинг мулкига етказилган зарар натижасида «Янгиобод фарм мед сервис» МЧЖда фаолият юритувчи 10 нафардан ортиқ фуқаро ишсиз қолди. Тадбиркорнинг ўзи эса ўз мулкини қайтариб олса туризмни ривожлантириш мақсадида ушбу жойда замонавий меҳмонхона қуриш нияти борлигини билдириб ўтди.

— Агарда хусусий мулким бўлган ва бузиб ташланган бинолар ўзимга қайтарилса, бу ерда замонавий меҳмонхона қурмоқчиман. Бу орқали ҳам туризмни ривожлантириш, ҳам қўшимча тарзда 70-80 нафар фуқарони иш билан таъминламоқчиман, — дейди Жамшид Шомуродов.

«Дарё» Ж.Шомуродов билан юзага келган ҳолатни кузатиб боради ва бу борада мутасадди ташкилотларнинг жавобини кутиб қолади.

https://daryo.uz