Абдулла Орипов: Дўстларим, бу кузнинг барглари эмас, Менинг юрагимдан тўкилган олов
КУЗ МАНЗАРАЛАРИ
Яна далаларга бошлайди ҳавас,
Боғларда хазонлар ёнади лов-лов.
Дўстларим, бу кузнинг барглари эмас,
Менинг юрагимдан тўкилган олов.
Шохларда мезонлар ялтирар хира,
Пойида шивирлар менинг куйларим.
Дўстларим, булар ҳам мезонмас сира,
Бу менинг чувалган, сўнгсиз ўйларим.
Қуёш ҳам фалакда бамисли рўё,
У энди ёндирмас, ялтирар фақат.
Дўстлар, у ҳам энди қуёшмас асло,
У олис ёшлиқда қолган муҳаббат.
1967
✍️ Абдулла Орипов
