Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясининг 9 ойлик фаолияти, эришилган ютуқлари сарҳисоби ва истиқболдаги режалари муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Шарқ” НМАК мамлакатимиздаги энг йирик ноширлик корхонасидир. Унда барча турдаги полиграфия маҳсулотлари юқори сифатда, жаҳон андозаларига мос ҳолда ишлаб чиқарилади. 100 га яқин марказий газета, 40 дан ортиқ журнал чоп этилаётган компанияда ўтган 9 ой мобайнида 54,3 миллион нусхада газета, 2,4 миллион нусхада журнал чоп этилди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, ҳар йили нашриёт томонидан 150 дан ортиқ номдаги 500 минг нусхадан зиёд бадиий, илмий-оммабоп, диний-маърифий, энциклопедик ҳамда болалар ва ўсмирлар адабиёти чоп этилади.
Аҳрор Аҳмедов, “Шарқ” НМАК Бош таҳририяти Бош муҳаррири:
– Нашриётимизда ҳар йили кўплаб номдаги адабий-бадиий асарлар нашр этилади. Шунингдек, нашриётимиз дарсликлар чоп этиш бўйича ҳам пешқадамдир. Биргина шу йилнинг ўзида Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълими вазирликлари буюртмаси асосида 9,48 миллион нусха дарслик ва 750 минг нусха ўқув дафтарлари чоп этилди.
Жорий йилнинг 9 ойида компаниямиз томонидан товар ишлаб чиқарилиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 172,4 фоизга кўпайди, товар маҳсулотларининг сотилиши 191,3 фоизни ташкил қилмоқда.
Эркин Маликов, “Шарқ” НМАК диний-маърифий адабиётлар бўлими бошлиғи:
– Жорий йилнинг 9 ойида 30 дан ортиқ диний-маърифий адабиётларни нашр этдик. Улардан “Бахтли оила” китобининг 20 минг, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тафсири ҳилол” асарининг 15 минг нусхада чоп этилиши қувонарли ҳол, албатта. Нашриётимиз йил якунига қадар яна 30 дан ортиқ китоб чоп этишни режалаштирмоқда.
Очиқ айтиш керак, бугунги кунда баъзи нашриётларимизда диний-маърифий адабиётлар таҳрири бўйича мутахассисларнинг йўқлиги сабаб хатоликларга йўл қўйилмоқда. “Аллоҳ“, “Пайғамбаримиз Муҳаммад“ сўзларини кичик ҳарф билан ёзилиши каби ҳолатларнинг мавжудлиги ачинарлидир. Диний адабиётлар нашр қилинишидан аввал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада кўриб чиқилади ва диний оятлар, ҳадислар, суралар саҳиҳлиги текширилади. Аммо кўпгина нашриётларимиз Қўмита тасдиқлаган адабиётларни имловий, стилистик, грамматик томонлама таҳрир қилмасдан нашр этмоқда. Шу боис ҳар бир нашриётда бу каби мутахассислар бўлиши керак.
Носир Жўраев, “Шарқ” НМАК Бош таҳририяти Бош муҳаррири ўринбосари:
– Ашхобод шаҳрида ўтказилган XII халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида 24 давлатдан 146 нашриёт иштирок этди. Унда 115 номдаги 300 дан ортиқ китоб билан иштирок этган Ўзбекистон павильонига бўлган қизиқиш бошқа давлатларга қараганда анчайин юқори бўлгани сезилди. Айниқса, биздаги қаттиқ муқовалаш тизими хорижлик ҳамкасбларимиз ва китобхонларга ғоятда манзур бўлди. Боиси жаҳоннинг кўпгина давлатлари таннархни арзонлаштириш учун юмшоқ шаклдаги муқовлаш тизимига ўтган. Бизда янги технологиялар унчалик ривожланмагандир эҳтимол, аммо мукаммаллик ва профессионаллик бор. Ярмарка якунида нашриётимизда чоп этилган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” иккинчи даражали махсус диплом билан тақдирланди.