Шокир Саъдуллаев: Қуда-андалар салтанати ёки Давлат ичидаги давлат…
Президент Ш.Мирзиёев: — «Мне известно о том что, большинство прибыльных мест Андижана принадлежит одной семье. Мы это всё выясним. И он вернет все народу»
(из выступления Мирзиёева в видеоселекторном совещании в Андижане)
Президент Ш.Мирзиёев: Андижондаги кўплаб сердаромад жойлар бир оилага қарашли эканлиги менга маълум.
Биз бунинг тагига етамиз. Ҳаммаси халққа қайтарилади…
(Шавкат Мирзиёевнинг Андижондаги видеоселектор йиғилишидаги нутқидан)
ҚУДА – АНДАЛАР САЛТАНАТИ
ЁКИ, ДАВЛАТ ИЧИДАГИ ДАВЛАТЛАР…
Бугун биз мустабид дейдиган шўро даврида ҳашаматли иморат қурса., ишдан кетадиган давлат мулозимлари Ислом Каримов даврида камол топган янги ўзбек олигархлари давлат ва халқ мулкини талаб беҳисоб бойлик соҳибларига айландилар.
Агар, ушбу 27 йил мобайнидаги қуда – андачилик солномасига назар ташланса, мустақиллик – халқга нима берганию, Ислом Каримов ва унинг командасига нима берганлигини англаш мумкин. Қуда – андачилик борасинда И.Каримовнинг унча омади келмаган бўлсада, унинг сафдошлари бу удумдан самарали фойдаланиб илдизларини мустаҳкамлаб ҳокимятдаги мавқеларини узоқ ушлаб туришга эришдилар.
Агар, жиддий таҳлил этилса, ушбу анъана боис айни кундаги ҳокимият бошқаруви, милиция, суд, прокуратура тизими, ҳатто криминал олам ҳануз ана шу қуда – андалар синдикати дастида эканлиги аён бўлади.
Ўзбекистон Марказий Банкини қарийб 25 йил бошқарган марҳум Файзулла Муллажонов — Ички Ишлар вазири З.Алматов, президент сайловлари бўйича толмас мутахасис Мирза Улуғ Абдусаломов билан, собиқ МХХ раиси Р.Иноятов – собиқ Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев билан, собиқ Адлия вазири А.Мардиев — марҳум Олий суд раиси Бўритош Мустафоев ва машҳур Солиқ бошлиғи ўринбосари Муродилла Қуролов билан, Ўзбекинвестнинг қудратли раҳбари Файзиев Зафар Омонович – айни пайтда Олимпия қўмитаси вице президенти Салимбой Абдувалиев билан, собиқ Бош прокурор ўринбосари Алишер Шарафутдинов – МХХ ўринбосари генерал А.Усмонов ва криминал тадбиркор актёр Матёқуб Матчонов билан, айни кундаги Бош вазирмиз А.Орипов – ИИВ Бош штаби собиқ бошлиғи полковник Алишер Шарипов ва собиқ Тошкент вилояти ҳокими, генерал Алишер Усмонов ҳамда ЎзМТРК раиси Алишер Ходжаев билан қуда – анда.
Агар, Хитой давлати фуқороси бўлганларида аллақачон осилиб, мурдалари сазойи этиладиган бу зотларнинг айримлари мансабидан кетган, айримлари чет элга қочган, айримлари ҳануз қудрат ва бойлигини қўлда муқим сақлаб келмоқда…
Хуллас, бу рўйхатни давом эттирган сари яна янги сиру – асрорлар, бутун бошли миллатнинг энг сара инсонларини хор қилиб зиндонларда чиритган қари девлар ва уларнинг ишини давом эттираётган ёш девчалар жамоли бўй кўрсата бошлайди.
Зеро, бу меросхўр девчаларнинг аксарияти давлат бошқарувининг турли – Олий мажлис, Сенат, прокуратура, милиция, суд., тизимларида жавлон уриб, янги президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотларига зўр бериб тўсқинлик қилишда давом этмоқдалар!
Том маънода мутлақ коррупциялашган бу тизимнинг ҳар бири алоҳида мустақил тармоқ бўлиб, айниқса, собиқ МХХ раиси Р.Иноятовнинг омади чопиб, ўзига хос ўта қудратли қуда андачилик синдикатини барпо этди.
Биз бугун, расмий ва норасмий ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлгани ҳолда, айрим сабабларга кўра тергов ишлари тўхтаб қолган собиқ ДСҚ раиси Ботир Парпиев ва унинг аймоқларининг самарали фаолияти ва айни пайтдаги коррупцион ҳаёт тарзига назар ташлаймиз.
Шун алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон давлати тарихида Солиқ раҳбари бўлган бирор мансабдор собиқ ДСҚ раҳбари Ботир Парпиевчалик беҳисоб бойлик орттира олмаган десак мутлақа хато қилмаймиз.
Кекса журналист Шароф Убайдуллаевга кўра, халқаро миқёсдаги ашаддий жиноятчи Холдорни қўллагани учун Ислом Каримов генерал мойор погонини юлиб олган. И.Каримов буйруғи билан Холдор ўлдирилгани ҳолда Б.Парпиев генерал лейтнант унвонини қандай сақлаб қолгани бизга қоронғу. Б.Парпиев ўшанда И.Каримовга қандай чап берган бўлса, Ш.Мирзиёев даврида ҳам Бош прокуратура тафтишларидан осон қутулиб, молу – мулкини омон сақлаб қолаолган энг қудратли генерал Олигархдир!
Миробид Махмудов: — Ботир Парпиевнинг катта қудаси, ўғли Дилмуроднинг қайнатаси – лақаби “Олигарх” — асли Қирғизистондан кўчиб келиб, совет даврида бир хоналик комуналька квартирада яшаган бу муҳтарам зот ҳозирги пайтда қуда – андачилик шарофати билан Андижон шаҳар ва Асака ёғ мой заводлари хўжайини. Андижондаги “Хўжаободшаробсавдо”, “Навигул” (201891722) Қўшма корхонаси таъсисчиси. “Tashkent Preum” (Стир: 302718789) МЧЖга қарашли тўйхонаси, Хўжаобод туманида қуруқ мева сақлаш терминали, Тошкент, Андижон, Қўқон, Наманган, Фарғона вилоятларида спирт, ун, ёғ, ароқ, шампань, консерва заводлари бор.
Ибрагимов Икром — Ботир Парпиевнинг иккинчи қудаси. И.Ибрагимовнинг асли фамилияси бошқа бўлиб, унинг укаси собиқ Ички Ишлар вазири Иброҳимовга куёв бўлгач, бутун оиласи билан вазирнинг фамилиясига ўтиб олишган.
Икром Ибрагимов: — Андижон вилояти “Ҳамкорбанк” АТБ ва шу банкнинг “Нодирабегим” филиали таъсисчиси. “Миллий банк”дан ҳам қудратли, 5 трилион сўмлик айланма сармояга эга “Ҳамкорбанк” нинг барча вилоят ва туманларда филиаллари, меҳмонхона ва ресторанлари бор. 40 миллиард сўмга баҳоланган “Андижон бизнес” маркази ҳам И.Ибрагимовга қарашли. Б.Парпиев раҳномалигида “Ҳамкорбанк” 25 йиллик фаолияти мобайнида бирон маротаба тафтиш ўтказилмаган республикадаги энг обрўли банк саналади.
Рафиқ Қўчқоров: — Ботир Парпиевнинг яна бир қудаси, ўғли Жамшиднинг қайнотаси — Андижонда “Минерал сув” ва “Ал Осиё” фирмасига қарашли консерва заводлари бор. Р.Қўчқоровнинг жияни Италиядан олинган 7 миллион АҚШ доллор кредитни талон – тарож этгани учун қамалган. Асли криминал шахс бўлган Р.Қўчқоров бош ҳисобчисини ўлдириб, ўз ҳовлисидаги фонтан тагига кўмиб юборгани фош бўлиб 7 йилга қамалгач, Б.Парпиев ўғли билан келинни ажратиш ҳақида эски сана билан суд ажрими чиқартириб олган. Шундан сўнг, Жамшидни АҚШдаги Ўзбекистон элчихонасига ишга жойлаб, оиласи билан кўчириб юборган.
Дилмурод Парпиев – Ботир Парпиевнинг ўғли, лақаби “Дима”, одам ўлдириб қўйганида, катта пул эвазига қотилликни бўйнига олишга рози бўлган қўшниси шарофати билан жазодан қутилиб қолган. Б.Парипиевнинг Дима ва бошқа яқин қариндошлари номига расмийлаштирилган Тошкент шаҳри ва вилоятида 81 та завод, фабрика, газ шахобчалари, Тошкент шаҳридаги 11 та ресторан, 7 та тўйхонаси жиноий йўл билан топилгани пулга қурилгани ҳақида Бош прокуратура маълумоти ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейин ҳам ишлаб турипти.
Дилмурод Парпиев – “Андижон автотеххизмат” МЧЖ (Стир: 200239749) автосалони акциядори. Андижон шаҳар, Бобораҳим Машраб кўчасида “Melida Zhifo” (Стир: 302617431)фирмасига қарашли шифохоналари, “Melida” – кийим тозалаш цехи бор. Қўрғонтепа туманидаги енгил саноат фабрикасини Карим исмли шахс юритади.
Қобилбек, лақаби “Шодлик” — Дилмурод Парпиевнинг энг яқин инсонларидан бири “Андижон Дон маҳсулотлари” МЧЖ куратори: — Андижон шаҳар Бўстон даҳасида “Mega – Metan — Gaz” (Стир: 302380294) МЧЖга қарашли метангаз, Андижон туманида “Integral Motors” (Стир: 205963842) МЧЖ, “Avto Metan” (Стир: 301655694) МЧЖларга қарашли метан — пропангаз, Хўжаобод туманида “Al Mafrand” (Стир: 201394074) МЧЖга қарашли метангаз шахобчалари бор. Бундан ташқари, 4 ой олдин сауна, чойхоналари билан бирга сотиб олинган “Андижон” номли тўйхонаси, Камолот кўчасида чойхона ва бассейнлари, Андижон туман “Кунжи” МФЙда товуқ фабрикаси бўлиб, Қобилбек номига расмийлаштирилган ушбу молу – мулклар 100 фоиз Дилмурод Парпиевга тегишли.
Ҳамидулло Йўлдошев — Дилмурод Парпиевнинг энг яқин бизнес ҳамкори – “Андижон биокимё” заводининг куратори. Дилмурод шу одам орқали вилоятднинг бизнес мурувватларини ишга солади.
Бобир Сохибоев — Ботир Парпиевнинг яна бир ўғли, Р.Иноятовнинг суюкли куёви – Бобирнинг энг ишончли вакили, унинг: – Андижон шаҳар, Чўлпон Шоҳ кўчасида “Ўзбегим” савдо маркази, Чинобод кўчасида улгуржи ун савдо дўкони, писта ёғи, коробка ишлаб чиқарувчи цехлари, Олтинкўл туманида “Вита трансгаз” (Стир: 301669162) МЧЖ, “Элдарода ойл плюс” хусусий корхонаси, “Асака Метан моторс” МЧЖга қарашли метангаз шахобчалари бўлиб уларнинг ҳаммаси 100 фоиз Бобир Парпиевга тегишли.
Анвар Бобоев — Бобир Парпиевнинг яна бир ҳамкори –– Бобиржоннинг Андижон вилоятидаги барча қурилиш ва кўмир бизнесини бошқаради.
Шуҳрат Ҳожи — Ботир Парпиевнинг яна бир бизнес ҳамкори – Андижон вилоятида “Todoo Glass” МЧЖ таъсисчиси, “Андижон автотеххизмат” МЧЖнинг собиқ раҳбари, ҳозир Хоразм вилоятидаги “Дамаз” заводини бошқаради, “Дамаз” ишлаб чиқариш бўйича асосий куратор.
Абдумалик Камолов – Ботир Парпиевнинг қайин укаси: — “Андижон биокимё” (Стир: 200240495) заводи “атала” — чиқиндиларини сотиш билан шуғулланувчи “Андижон кўркам” (Стир: 300539689) МЧЖ эгаси, бир кунлик 20-25 миллион сўмлик тушумдан ғазнага 3-4 миллион топшириб, “Ўзбегим” савдо маркази ташқи қисмида музқаймоқ савдоси билан шуғулланади.
Шуҳрат Каримов — Ботир Парпиевнинг суюкли божаси, Ботир Парпиевнинг кадрлар масаласи бўйича топшириқларини бажарадиган энг ишонган шахсий бошқарувчиси. Асосий офиси “Орзу” кафесининг Янгибозордаги филиалида қимор ўйинлари ва разбор билан шуғулланади. Б.Парпиевнинг амри билан Ш.Каримов шаҳар ДСИ ва ГАИ устидан норасмий куратор этиб тайинланган. Ушбу кафе филилали биноси асли ноқонуний қурилма бўлсада, Б.Парпиевнинг ҳурмати учун шаҳар ҳокимияти мулозимлари ҳеч қандай чора кўрмайдилар.
Шуҳрат Каримов – Тошкентнинг ман – ман деган бойлари ҳам ҳавас қиладиган жуда ҳашаматли, шоҳона ҳовли қурган. Ботир Парпиев келганида ҳатто 95 ёшли онаси олдига бормасдан, валютага айлантирилган бутун бойлиги сақланадиган ана шу ҳовлида дам олади. Ш.Каримовнинг музқаймоқ – кафе – бар фаолияти билан шуғулланадиган “Андижон Ботфос” (Стир:205229868) МЧЖ, Чинобод кўчасида “Давр ойл плюс”(Стир: 300629971) МЧЖга қарашли пропангаз, Олтинкўл туманида “Инвест Метан Автогаз (301702944) МЧЖ, “Давр Метан ГАЗ” (Стир: 301677668) МЧЖ, Хўжаобод туманида “Давр Шоҳ” МЧЖ каби 5 – 6 та газ заправкалари бўлиб, ушбу мулкларнинг 50 фоизи Дилмурод Парпиевга тегишли.
Ҳайитбой Абдулҳакимов — Шуҳрат Каримовнинг бизнес ҳамкори, Анжон янгибойларидан — “Чинобод” Қўшма корхонаси собиқ раҳбари. Унинг Андижон шаҳрида “Шимолий Газ Ойл”(Стир: 300635847) МЧЖга қарашли метангаз заправкаси, шифер заводи, Избосган туманида трикотаж фабрикаси бор. Ҳ.Абдулҳакимовнинг ўғли Равшан Гулноза Абдужаббарова деган гўзал етим қизни яхши кўриб яширин никоҳга олганида, у олдин отасининг ўйнаши бўлганидан хабар топганидан сўнг, қиз ижарада яшаган хонадон эгаси Эркиной Усмонова билан бирга 1999 йил 22 июль куни кечаси ваҳшийларча ўлдирилган?! Шундан сўнг, ўша пайти вилоят прокурори бўлган Умматали Шамсиев орқали собиқ прокурор Рашитжон Қодировга совға юбориб ота – бола жавобгарликдан қутилиб қолишган. Шу тариқа, Андижон шаҳар прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси О.Л.Алиев томонидан Ўз.Р.ЖКнинг 97-моддаси, 2-қисми, “а”банди билан қўзғатилгач, Р.Х.Абдулҳакимовнинг Майгир қишлоғидаги ҳовлисида тинтув ўтказилган. Тинтувда иштирок этган собиқ шаҳар ИИБ ходими сўзига кўра, айблов учун етарли далил топилсада, жиноят ишини Бош прокурор “музлатиб” қўйгач, ҳанузгача қотил топилмаган?! Кўп ўтмай ана шу жиноятни ёпишда даллолик қилган У.Шамсиевнинг ўғли, унинг таклифини рад этган вилоят ҳокими котибаси Раъно Мусаввированинг бошини кесиб, бензинли челакга ботириб, копток қилиб тепиб, танасини Фарғона каналига ташлаб юборган. Ўғлининг мудҳиш қотиллиги бутун республикага ошкор бўлган У.Шамсиев ишдан кетгач, олдинги хизматини инобатга олган Ҳайит Абдулҳакимов собиқ прокурорни Қўшма корхонасига юрист қилиб ишга олган. Ҳ.Абдулҳакимов айни пайтда, Тошкент шаҳридан 640 000 АҚШ долларига сотиб олган ҳовлисида яшаб, жиноий йўл билан бойлик тўплашда давом этмоқда. Р.Қодиров катта пора эвазига музлатиб қўйган бу ва бошқа жиноий ишлар алоҳида мавзу…
Президент Ш.Мирзиёев шоҳона тўйларга чек қўйиш ташаббуси билан чиққан бир пайтда, Б.Парпиевнинг ўғли Дилмурод Парпиев Тошкентнинг ҳукуматга қарашли “Наврўз” ресторанида 1500 кишилик ош берганида, қайнотаси Миробид Олигарх қудаси ва куёвига нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари ишлари Москвада ҳал этилганлигини маълум қилгач, ушбу ғалаба тантанасини нишонлаб Б.Парпиевнинг укаси ҳам Андижон шаҳрида 1000 кишилик тўй берди.
Шу тариқа, Ботир Парпиев асос солган сулоланинг криминал олам ва коррупцияга туташиб кетган қуда андачилик сндикати янада гуркираб, “Ботир Парпиевнинг чўнтаги” саналмиш Шуҳрат Каримов Андижон шаҳрининг “сўкоғич” ҳокими Д.Рахматуллаев билан қуда бўлди.
Қуда – андачилик тамойилига содиқ шаҳар ҳокими қарори билан шу йил 14 августь куни, Дилмурод Парпиев аҳоли зич яшайдиган ҳудудда янги метангаз шахобчасини ишга туширди. Шаҳарнинг қоқ марказида барпо этилган газ шахобчаси очилиши тадбирида шаҳар ҳокими шахсан иштирок этиб, ҳукумат қарорини писанд қилмаслигини намойиш этди.
Бир сўз билан айтганда, марҳум президент раҳномолигида беҳисоб бойлик орттириган Парпиевлар сулоласи, вафот этган қариндошлари қабрларига Грузиядан келтирилган ҳар бири 20 000 АҚШ доллорлик ноёб қора гранит ўрнатиб, янги президент даврида ҳам давлат ичинда давлат қуришни давом эттирмоқда.
Б.Парпиевнинг қудратли қудаси Р.Р.Иноятовнинг Президент маслаҳатчиси мавқеи сақланиб, янги ҳукумат таркибида қолиши, бу суллола салтанатига нур бағишласада, жиноят содир этганликлари шахсан президент Ш.Мирзиёев томонидан эътироф этилган бу шахсларнинг жазосиз қолаётганлиги фуқороларнинг қонун устиворлигига бўлган ишончига рахна солмоқда…
Шокир Саъдуллаев,
«Дунё ўзбеклари»нинг Тошкентдаги махсус мухбири
04.09.2018 йил.
Андижон шаҳри.
Дунё ўзбеклари учун махсус
Илова фотолар:
— Ботир Парпиев сулоласига тегишли марҳумларнинг ҳар бири 20 000 АҚШ долари турадиган ҳашаматли қора мармардан ишланган қабртошлари.;
— Дилмурод Парпиевнинг янги метангаз заправкасидан кўринишлар.
PS: — мақола андижонлик фидойи давлат мулозимлари тақдим этган ва муаллиф сафар давомида ўз кўзи билан кўрган, ишончли одамлардан эшитган аниқ маълумотлар асосида ёзилди. Қўлимиздаги қолган маълумотлар аниқ тасдиғини топганидан сўнг Б.Парпиев ва унинг синдикатига қарашли кимсаларнинг даҳшатли жиноятлари ҳақида кейинги чиқишларимизда баён этамиз.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Hukumat bu janoblarning “mushukini pisht deb bo’lmasligini” qachon oddiy xalqqa tushintirisharkin.
У.Шамсиев Раъно Мусаввировани ваҳшийларча ўлдирган жаллод ўғлини Р.Қодиров ёрдамида 3 йилда қамоқдан қутқарган., давомини қачон ўқиймиз