Аҳли Расул Муҳаммад:
БЕГОНАНИ ЭМАС, ЖОНУ ЖИГАРИНГНИ ЧАҚИР!
Жаноб Абдусаид Кўчимов: Озодлик Ўзбекистонга келса, яхши бўлади, демоқдалар. Менда эса саволлар пайдо бўлмоқда: Нега? Нима учун? Озодлик Ўзбекистонга келмаса-чи? У пайтда нима бўлади? Ёмон бўладими?
Озодлик айтадиган гапларни (Озодликнинг фақат ҳақ гапларини назарда тутяпман, ёлғон ва сенсацион тўқималарини эмас!) ўзбек матбуоти, радио-телевидениеси, Ўзбекистондаги журналистларнинг ўзлари айтолмайдими? Нима, уларнинг тилларига чипқон чиқиб бинт билан боғлаб олишганми?
Фақат ҳақ сўзни эркин ва озод айтишнинг Озодлик радиосидан бошқа эталони, рамзи йўқми?
Жаҳон ахборот майдонида «Дунё ўзбеклари» ва Исмат Хушевнинг борлигини жаноб Абдусаид Кўчимов билмайдиларми? Ахир Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳақидаги ҳақ гапларни Исмат Хушевдан ҳам ўтказиб айта олган, «Дунё ўзбеклари»дан-да тиниқроқ ёрита олган бирор журналист ё-да матбуот нашри борми ўзи бу дунёда???
Ўзбекистонга бегонанинг тили бўлган Озодлик радиосини эмас, энг аввало ўзингизнинг жону жигарингиз бўлган Исмат Хушевни чақиринг, «Дунё ўзбеклари»ни таклиф этинг, жаноб Абдусаид Кўчимов!
Озодлик, Америка овози, БиБиСи радиолари эмас, «Дунё ўзбеклари»нинг ҳақ сўзлари сизнинг дардингизга чинакам даво бўлади, жаноб Абдусаид Кўчимов!!!
Мен Ўзбекистоннинг эмас, ўзга мамлакат сокиниман, яъни, Ўзбекистон учун холис одамман. Бу гапларни бирор манфаат учун айтаётганим йўқ.
Шунчаки, худойлик гапни айтдим, холос!
Тожикистондан «Дунё ўзбеклари» учун махсус.
P. S.
Агар «Дунё ўзбеклари»нинг Ўзбекистонга тўсиқсиз кириб бориши учун интернет йўлаклари кенг очиб қўйилсайди… «Озодлик» каби радиоларга ҳожат ҳам қолмас эди!