Ушбу ҳикояни 4 йилдан бери ёзаман. Ниҳоят, сўнг нуқтани қўйдим. Мен уни ёза бошлаганимда университетда дарс бермас эдим.
Тақдир мени ҳикояни охиригача ўйлаб олсин дедими, ҳар ҳолда, такрор университетга дарс беришга йўллади. Аудиторияни яна яқиндан ҳис қилдим. Мен талабалар эшитмайди, деб ёзган бўлсам, бу уларнинг ботиний қулоқлари ҳақида эди, асло жисмоний қулоқлари назарда тутилмаган.
Зеро, бугун бутун дунё аудиторияларида жисмоний қулоқлар билан ботиний қулоқлар ўртасида хитой девори кўтарилмоқда. Чунки дунё ўзгармоқда, янги давр, ҳатто янги эра бошланмоқда. Бу эврилишлар буҳронида қолган бани башар эса, кўп ҳолларда, ўзлигини бой бериб қўймоқда: инсонлик мақомидан тушиб, хаёли сочилмоқда. Ҳикоя шу ҳақда.
Умид йўқми, дейсизми? Бор. У, шу ҳолимизга бўлган сизу бизнинг муносабатимизда, унинг даражасидадир. Умидсиз бўлмайди, ахир!..
Аудитория нима? Ҳаётда ҳаммамизнинг ўз аудиториямиз, дарсхонамизу ишхонамиз бор. Шундай эмасми?..
Улуғбек ҲАМДАМ
АУДИТОРИЯ
(ҳикоя)
1.
– Инсон ҳаётининг мазмуни нимада? Биз қайдан келдигу ўлимдан кейин қаерга борамиз? – деган савол башар аҳлининг доимий сўроқларидан бири бўлиб келган. Ҳар бир давр, ҳар бир соҳа – мифдан тортиб дингача, диндан то илмгача – ҳамма-ҳаммасининг бағрида фикрловчи инсон ушбу саволларга баҳоли қудрат жавоб излаган. – Профессор аудиториянинг энг охиридаги ўриндиқлардан бирида маърузани берилиб тинглаб ўтирган талабанинг кўзларига қараб гапирарди. – Замонавий дунёда мазкур саволларни аҳён-аҳёнда бўлса-да, ўз-ўзига бермайдиган, ҳаётини, кечмиш ва кечаётган кунларини шу саволлар билан тинмай қамчилаб яшамайдиган, шунга эҳтиёж туймайдиган одам ўзини тўлақонли инсонман, деб ҳисоблаши ўринсиздек туюлади менга. Чинакам адабиётнинг асос масалаларидан бири ҳам аслида шу. Лекин бугунги инсон…
Шу ерга келганда профессорнинг маърузаси бўлинди. Дарс аввалидаёқ бошланган висир-висир секин-аста кучайгандан кучайиб шовқинга айланган кўйи аудиторияни тутиб, сал лофи билан айтганда, профессорнинг оғзидан чиқаётган сўзларни унинг ўз қулоқлари ҳам эшитмай қолди. Биланиҳоя, у сукут сақлашга мажбур бўлди. Аудитория ўқитувчининг жимиб қолганини ҳам пайқамади: ким ёнида ўтирган шериги билан гаплашса, ким энгашиб олиб қўл телефонида бемалол суҳбат қурар, ким эса зерикканидан дам ойнадан ташқарига, дам эса соатига қараб хомуза тортар, ким катта холасининг уйида ўтиргандек бамайлихотир мудрар, хуллас, нохуш бир манзара профессорнинг кўз олдида қад керганди.
Аудиторияни кузатар экан, профессорнинг ёдига лоп этиб ўзининг талабалик чоғлари тушиб кетдию қотмадан келган юзида аллақандай нур жилва қилди. Ўқитувчининг оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзни муборак каломдек битта-битта ёзиб олар эди хаёлда пайдо бўлган ёш талаба. Профессор бир муддат ўша талабадан кўнгил кўзини узолмай туриб қолди, ширин хотира унинг лабларига табассум расмини чизди. Бу табассум эса, ўзининг сирлилиги билан кутилмаганда бутун аудитория эътиборини жалб этди. Бирдан у сув қуйгандек жимиди.
– Биз жамият ҳаётида гуманитар фанларнинг, жумладан, адабиётнинг ўрни нақадар аҳамиятли эканлигини тушуниб етишимиз керак. Ахир, атрофга бир қаранг: ким ким билан осмондаги ойга эга чиқиш учун кимўзар пойгаси ўйнамоқда, ким ким билан бир парча тупроқ деб қирпичоқ бўлмоқда, ким ким билан диний низо туфайли бир-бирининг сиртига тиғ урмоқда… Хуллас, кечқурун ишдан бориб “Янгиликлар”ни очишга юраги дов бермай қолган замондош инсоннинг. Хўш, нега?.. Бунинг сабабларидан биттаси, назаримда, дунё жамиятларида, юқорида таъкидлангандек, ижтимоий-гуманитар фанлар ҳиссасининг кескин камайиб, таълим-тарбия савиясининг тушиб кетганлигидадир.
Гап айланиб, таълим-тарбияга етганини уқиб қолган аудитория профессорнинг юзида пайдо бўлган табассумнинг сир-мири йўқ деган хулосага келдими, хуллас, бир мушт бўлиб тугилган бармоқлар очилиб-сочилди: ғалағовур бошланди. Профессор орқа ўриндиқдаги ўша бир жуфт нигоҳга қараб, унга суяниб мулоҳазаларини якунлашга киришди:
– Инсоннинг миясига, қалбига нимани қуйсак, алалоқибат, у ўша бўлади. Нега кейинги чорак аср ичида бутун дунё таълим даргоҳларидан гуманитар фанлар сиқиб чиқариляпти? Нега бунинг аянч оқибатини манаман деган сиёсатдонлар кўра олмаяпти ёки кўргилари келмаяпти?..
Аудитория ғала-ғовур босиб кетди.
– Нега булар эшитишмайди? – дея ўзига ўзи савол берди профессор, – Нега ёшлар йилдан йилга қулоқсиз бўлиб боришяпти? – У бирпас сукут сақлаб деразадан кўк юзасида сузиб юрган қора булутларни кузатди, – ҳавонинг авзойи бузуқ. Нимадир ёғмоқчи. Э-э, ёғса ёғиб ўтиб кетсин эди тезроқ. Туриб қолган тушуниксиз дим ҳавони ёмон кўраман, – профессор аудиторияга юзланди. – Энди қандай йўл тутсам экан? Ахир, дарс тугашига ҳали ярим соатча вақт бор. Борликка бор-у, эшитадиган қулоқ қани? Аслида, етмиш жуфт қулоқ ўтирибди қаршимда. Ҳар гал улардан атиги биттасигина гапларимни тушунгандек менга боқиб туради. Қолгани-чи? Ахир, мен бу ерда маймун ўйнатаётганим йўқ-ку! Қайтага, маймун ўйнатсам, эффекти яхшироқ бўлармиди?.. – Профессор чуқур уҳ тортди. – Жим! – деди аудиториядаги шовқиннни босиб тушадиган баланд ва қалин овоз билан минбарга шапатилаб, – жим!..
Аудитория пасайди. Лекин бир йигит дашту биёбонда карвондан ажралиб қолиб қўрқувдан доду фарёд кўтараётган йўловчидек бўлди-қолди: ҳамма чакагини юмганда унинг овози баралла янграй бошлади.
– Сарвар! Сарвар, дедим!..
– Ҳа!..
– Туринг ўрнингиздан!..
Сарвар нима бўлаётганини дабдурустдан тушунмай, у ёқ – бу ёққа қараб ўрнидан турди.
– Энди чиқиб кетинг! Чиқинг, дедим, дарсга халақит берманг!..
Аудитория сув қуйгандек жим бўлди.
Сарвар профессорга бир муддат ғалати-ғалати қараб турди-да, шошмай сумкасини елкаси илди: “Марҳамат, профессор, сизга шу керакми!” деди кинояомуз, сўнг ўқитувчининг менсимаслигини соллана-соллана юриши билан намойиш этганча аудиторияни тарк этди.
– Яхши иш қилмадингиз, домла!.. – деди Сарварнинг ёнида ўтирган йигит.
– Жим! – Профессор минбарни қаттиқ муштлади.
Ўз шовқинидан ўзи чарчаган аудитория ранг-баранглик учунми, ҳартугул бирпасга тинчланди. Профессор маърузанинг келган жойидан давом эттирди:
– Лекин бугунги инсон ўзи билан ўзи ўралашиб қолди. Унинг учун ўз эҳтиёжларидан бошқа ва шу эҳтиёжлардан баландда турадиган ҳеч нима йўқдек гўё. Замондош инсоннинг кўзлари руҳ ва унинг камолига эмас, бадан ва унинг жамолига тикилди. Бас, у шу ерда йўлини йўқотди. Алам қиладиган жойи шуки, замондош инсон йўқотилган йўлни қайтиб қидирмай қўйди. Авваллари – минг йиллар давомида қидирган эди. Қидира-қидира ҳалокатли чоҳлардан эсон-омон қутилиб қолганди. Қутулиб қолиб шу кунларга қадар эсон-омон етиб келганди. Энди-чи? Энди вазият тамомила бошқача тус олмоқда. Энди йўлсизликнинг ўзи замонавий инсон учун бирдан бир йўлга айланганиб бораяпти… Шундай пайтда адабиётнинг қўлидан нима келади? У инсонга, адашиб-улоқиб юрган бани одамга ўша йўқотилган йўлни топишда бирон бир кўмак бера оладими ёки башар аҳлининг чоҳга қулашини жимгина кузатиб турадими? Балки адабиёт деганимиз чоҳ томон жадал одимлаётган шўрлик инсон қўлидаги эрмак – писта-бодомдир ва ёҳуд оғизда сақичдек чайналгучи икки пулга қиммат хиргойи? Наҳотки, шундай бўлса!.. Ўйлашимча, бу ҳодисалар ўз-ўзидан содир бўлмаяпти: ҳаммасининг ортида кимдир, нимадир бордек… Лекин ким, нима?… Мана, масала қаерда!..
Профессор саросор солса, аудиториядаги аҳвол яна бояги-бояги – бойхўжанинг таёғига айланаёзган – ҳамма ўзи билан ўзи банд бўлиб, сен нима деяпсан, дейдиган ҳушёр ақл қолмаган ҳисоб. Шунда профессор яна кўзларини аудитория охирида ўтирган ўша бир жуфт кўзга тикди ва сўзлашда давом этди…
2.
Аудиториядан чиқдию профессор автобус бекатига қараб юрди. Уйга шошаётганидан эмас, йўқ, ичида аллақандай ҳис уни ташқарига куч билан етаклаб, бу ердан олис-олисларга олиб кетмоқчи бўлганидан шундай қилди. Ўзи ҳам шу ҳиснинг измига тушиб қолганидан ихтиёрсизланиб-гарангсиб борарди. Кафедрага кириб, ўқитувчилар билан, одатдагидек, беш-ўн дақиқа чойлашиб, гаплашиб ўтириш эса кўнглига сиғмади. Бекатга энг яқин йўл университет биноси ёнидаги автотўхтов орқали ўтарди. Йўлни шу ёққа қараб солди. Аксига олиб автотўхтовда боя дарсдан чиқариб юборилган Сарвар ва унинг уч-тўрт шерикларига дуч келиб қолди. Сарвар курсдошлари билан машинага энди ўтирмоқчи бўлиб турган экан.
– Ия, пропессор, ўзларими! Ўтири-и-и-и-нг, – деди Сарвар истеҳзо билан, – уйизга обориб қўямиз!
– Раҳмат… – профессор машинанинг ёнидан тезгина ўтиб кетмоқчи бўлди, аммо Сарвар икки-уч одим отиб, шартта йўлини тўсиб чиқди.
– Маънавия-я-ят, адабиё-ё-ёт, дейсиз. Нима қилиб берди ўша маънавияту адабиёт сизга? Ёшиз элликни қоралабдию битта валасапид олиб минолмейсиз, пропессор! – талаба бу сўзни шунақа оҳангда талаффуз қилдики, профессорнинг ичи нақ музлаб кетди. Бирдан қаҳри келди. Шартта Сарварнинг ёқасидан олмоқчи, ҳатто қаншарига бир мушт тушириб унини ўчирмоқчи бўлди, лекин шайтонга ҳай берди: буни на у ўзига эп кўради, на замон кўтаради – тишини тишига босди.
– Гап уловда эмас. Сарвар, гап…
– Нимада бўлмаса гап, муҳтарам пропессор, нимада? Сиз нимеиз билан менга, ану боллага ўрнак бўласиз, а, нимеиз билан?! – талаба машинада ўтирган курсдошларига қўли билан ишора қилди. – Мақтана оладиган ҳеч вақоиз йўқ-ку, яна мени аудиториядан ҳайдайсиз! Сизди изиздан боришимиз учун, айтинг, ўзиз жамиятда эътибор топдизми, а, топдизми?.. Менга қаранг, ҳой, пропессор! Ўзиз тушуниб етдийзми-йўқми, билмадим-у, лекин бугун сиз копейка бўлиб қолгансиз, эшитяпсизми, копейка! – талаба қўлини бигиз қилди ва “бигиз”ни профессорнинг кўксига қўйиб шундай нуқидики, ўқитувчининг бошидан оёғининг учигача музлаб кетди. Йўқ, уни Сарвар деган бир ҳавойи талаба нуқимади, балки замон нуқиди. Бигизга айланган у совуқ бармоқ замоннинг қўли эди, асло талабанинг эмас… Боягина профессорнинг ботинида туғила келаётган қаҳр дунё юзини кўрмади – ўша ерда бўғилиб ўлди. Унинг ўрнида алам, ўкинч, тушкунлик қоришмасидан иборат недир туйғу пайдо бўлди. Бу орада машинасига ўтириб, уни ўт олдирган Сарвар профессорнинг ёнидан ўтатуриб илкис тормоз босди. Сўнг тўхтаб турган машинанинг газ педалини қаттиқ-қаттиқ босган эди, темир матоҳ турган ўрнида бир неча бор кўтарилиб тушдию бирдан шамолдек елиб кетди. Орқасида кўтарилган чанг ва тутун келиб профессорнинг юзига, оппоқ кўйлагига урилди…
3.
Кечаси профессор алламаҳалгача мижжа қоқмади. “Мен қандай ҳолга тушиб қолдим? Бошқалар-чи? Ким тўғри йўлда ўзи – менми, бошқаларми?” деган савол миясини пармадек ўйиб ташлади. Ағдарилди, туриб ўтирди, юрди, сўнг яна ётди. Ниҳоят, тонголди кўзи илиниб, туш кўрди. Унда улкан издиҳом – одамлар оқими бир томондан иккинчи томонга қараб худди бир нарсадан қуруқ қолаётгандек ошиғич ҳаракатланиб бораётган эмиш. Профессор тушунибдики, бутун одамийзод шу издиҳомда тўпланганмиш. Жамики ирқ, жамики дин, жамики миллату элат, борлиқ касбу кор вакиллари, эркагу аёл, ёшу қари – ҳамма-ҳамма шу оқим бағрида одимлаб борармиш. Профессорнинг ўзи ҳам оқимнинг аввалида – ён томонда бўлиб, одамларга юзланган кўйи бир нималарни тинмай уқтирар, одамлар эса унинг гапларига сира қулоқ солмас, аксинча, ким ошкора, ким мийиғида кулару ҳеч ким йўлидан қолмасмиш. Бунга сари профессор овозини борича бақирармиш: “Ахир, бу йўлнинг адоғида тубсиз жарлик бор, эшитяпсизларми, тубсиз жарлик?!..”
Профессор ўз овозидан чўчиб уйғониб кетди. Аммо ҳушига келолмай анчагача шу биргина жумлани ўнгу туш оралиғида такрорлаб ётди: “Ахир, бу йўлнинг адоғида тубсиз жарлик бор, эшитяпсизларми, тубсиз жарлик?!..” Сўнг бирдан ўнги ғолиб келдию сўзлашдан тинди. Қўзғалиб ўтирди. Яхшиям хотини ёнида йўқ экан. Йўқса, ўтакаси нақ ёриларди-я! У компот ёпаман дея ошхонада куймаланаётганди, ҳали ҳам ўша ерда чиқар. Профессорнинг хаёлида яна тушдаги воқеа гавдаланди. “Тавба, йўл бошида тубсиз жарлик бор эса ва мен буни билганим ҳолда нега гумроҳ одамлар билан бирга ўша ёққа одимлаб боряпман экан, боз устига, жар бор, дея жар солишим нимаси? Ахир, жарликдан хабари бор киши йўлини бошқа томонга солмайдими?..” деди ўзига ўзи. Қараса, совуқ тердан усти боши шалобба бўлаёзибди. Туриб ювиниб келиб, бошдан оёқ кийимларини алмаштирди-да яна ўринга узанди…
Кўзи энди илинибди ҳамки, хотини чойга чақириб кирди.
– Вақт алламаҳал бўлди, дадаси. Дарсиз бормиди? Туринг, нонушта тайёр.
– Иштаҳам йўқроқ. Менсиз ичаверинглар… – кўзларини ишқади профессор.
– Ҳай ўлсин, нозик бўлмай иштаҳа дегани… – норозиланиб хонадан чиқди хотини.
Профессор яна ювиниб-таранди, портфелини олиб эшикка қараб йўналди. Бирпасдан сўнг бекатга келди. Кўнглига қулоқ солиб, ишхонага оёғи тортмаётганини ҳис қилди. Ахир, яна ўша тарбиясиз, олифта ва тайинсиз талабаларнинг қошига борадими? Бориб нима қилади? Нима дейди? Уларнинг маънодан холи кўзларига – нигоҳсиз кўзларига беҳуда боқиб, маъно қидирадими? Талаба эмиш яна булар! Қани энди шуларнинг олдига бормаса! Бормасликнинг иложи бўлса!.. Елкаларини босиб турган тириклик ва тирикчилик деган юклар, буларнинг қаршисидаги бурч ва масъулият деган “аскар”лар кўнгилнинг этагини тутиб кетишга йўл қўмайди-да! Йўқса, нима қилишни ўзи биларди… “Майли, ёзга, таътилга ҳам оз қолди. Бир келсин, тоққа, далаларга чиқи-и-иб кетаман. Ҳаммасини унутаман. Ўзимга келаман. Ахир, оталар ва болалар ўртасидаги тушунмовчилик бобомнинг замонидан бери бор. Эҳтимол, ҳаммаси жуда-а-а мен ўйлаганчалик эмасдир. Ошириб юбораётгандирман. Эҳтимол, хотин тинимсиз жавраб қулоғимга қуйиб келаётганидек, ҳамма гап ўзимдадир: ўзим замондан орқада қолган, ўзим чарчаган бўлсам керак. Болаларда айб йўқдир, улар билан баҳслашиш, талашиш эмас, уларга қулоқ солиш, тушуниш ва ён босиш йўлидан боришим тўғрироқдир…”
Шуларни ўйларкан, профессор университетга элтадиган автобусга чиқиб олди. Ўзга чораси қоптими…
4.
Дарслар доимгидек кечди – талабалар ё бир-бирлари билан гаплашиб ё ўзлари билан – ўз хаёллари билан банд бўлишди. Профессор эса ўзини қайта тарбияламоққа уринди: ўтиши керак бўлган дарсни ўтиб, айтиши лозим бўлган гапни айтди, “қулоқсиз” ёшларнинг куракда турмайдиган гап-сўзларига, жинни-санғи хатти-ҳаракатларига эътибор бермасликка ҳаракат қилди. Биласизми, уддасидан чиқди-ей!.. Ниҳоят, машғулотлар тугаб, уйига қайтар экан, ўз-ўзидан мамнун бўлиб кетди: “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ!” деганлари балки шудир, – пичирлади гапиравериб қуруқшаб қолган лаблари. Ахир, хотиним ҳам минг йилдан бери қулоғимга шуни уқтиради-ку…
Бироқ… бироқ кечаси билан тузукроқ ухлай олмай босинқираб чиқди профессор. Қалбига қулоқ тутса, ўзидан, кечаги қилмишидан чунон норози экан. Шунда ёнида пишиллаб ухлаб ётган хотинини бир туртиб уйғотиб, замонга боққан-боқтирган кўзларини ўйиб олгиси келди. Туриб ваннахонага кирди, узоқ, жуда узоқ чўмилди. Бутун баданини икки қайта, уч қайта, ўн қайта совун суриб ювди. Гўё вужудига шилимшиқ ва қўланса бир нима теккану уни минг қайта ювиб ташласа ҳам аримаётгандек, танасига қўшилиб, унинг бир қисмига айланиб кетгандек туюлаверди.
Иштаҳаси бўлмаса ҳам аччиқ кўк чой ичиб ўзига келмоқ қасдида ошхонага кирди – бориб ўз ўрнига чўкди.
– Ассалому алайкум! – аввал қизи, кетидан ўғли салом бериб кириб жойларига ўтиришди.
– Ваалайкум ассалом болажонларим, яхшимисизлар? – сўради ота.
– Ҳа, дада, яхшимиз, – жавоб берди ўғил.
– Ўзиз ҳам яхшимисиз? – ширинланиб сўради қиз.
– Шукур, яхшиман, қизим.
Болалар шоша-пиша нон ушатиб, чой қуюшар экан, профессор гап қотди:
– Қараб турсам, кап-катта бўп қопсизларми. Ҳадемай, лицейни битириб, институтларга кираман, дерсизлар. Қани ўғлим, аввал сен айт-чи, ким бўлмоқчисан?
Ўғил отасига бир қараб олди-да, хотиржам оҳангда:
– Компьютер дастурловчиси, – деди.
– Ҳммм, – деди ота. Сўнг қизига юзланди: – сен-чи, ойим қизим?
– Врач-косметолог.
– И-я!..
– Келиб-келиб энди сўрайсизми? Қанақа отасиз ўзи?.. – жавради чой қуяётган хотини.
Профессор жим бўлиб қолди. Болалар эса ҳеч нима бўлмагандек апир-тапир нонушта қилишди-да, “биз кетдик” деганча туриб кийиниш учун ўз хоналарига йўналишди.
– Оғзизга талқон солиб олганмисиз, нега индамайсиз? – янди эрни хотин.
– Нима дей, хотин, нима? – қўлларини икки ёнга узатди профессор. – Боллардан лоақал биттаси этагимдан тутармикан, соҳамдан кетармикан деб ширинхаёл бўлиб юрганим алам қилиб кетяпти, билсанг!..
– Сизнинг соҳа?! – ажабланди аёл. – Ўйлаб гапиряпсизми, нима бор экан ёшларга, номиям, супрасиям қуриб қолган сизнинг соҳангизда?
– Ҳа-а-а, – деди профессор чўзиб, – нима бор экан ёшларга менинг соҳамда?.. Мен буни болаларнинг ўзидан сўрайман, сендан эмас, тушундингми! – профессор шахт билан қўзғалиб ўғлининг ортидан хонасига кирди…
– Келинг, дада, – ҳайрон бўлди ўғил отасидаги тараддудни илғаб.
– Ўғлим, нега айнан компьютер соҳасини танламоқчисан? Менинг соҳам-чи? Қара, умрим бўйи қанча китоб йиққанман, қанчадан қанча ўйлаб қўйган лойиҳаларим бор. Уларнинг ҳаммасига менинг умрим етмайди. Балки давом эттирарсан, деб юрган эканман, – негадир айбдорона қаради ота ўғлининг юзига.
– Дада… – дабдурустдан керакли сўзни тополмай каловланди ўғил, – дада мен йўлимни танлаб бўлганман…
– Шошма, ўғлим, шошма! Аввал яхшилаб ўйлаб кўр…
– Дада, тўғри, биламан, ишизни яхши кўрасиз, лекин мениям тушунинг, аччиқ бўлса ҳам айтаман: ҳозир замонбоб соҳа эмас сизнинг соҳангиз. Мен жамият сўраётган соҳани танладим. Эътибор бериб, эътибор кўриб яшашни хоҳлайман, одамдек яъни… дада…
Профессор нима дейишини билмай қолди. Ўғлининг елкасига аста уриб қўйди-да, хонадан хомуш чиқди.
– Нима, биз одамдек яшамадикми?.. – лекин бу саволни профессор ўғлига эмас, хаёлидаги гарангсираб қолган ўзига берарди. Чунки ўғлининг гаплари унга жуда оғир ботганди. Шунинг учун ҳам у билан суҳбатни давом эттиролмади. Ахир, ёшларнинг деярли ҳаммаси ўғлига ўхшашмайдими? Ўхшагани учун ҳам профессорнинг дарсларига бегона улар! – Тавба-а-а, ҳаё-ҳуйт дегунча дунё деганлари қанчалар ўзгариб кетди-я!.. Тоффлернинг “Учинчи тўлқин”идан эсяптими дейман бу совуқ шабадалар? Балки совуқ эмасдир. Менга шундай туюлаётгандир. Давроним ўтиб, усти-бошим юпқалашиб қолгандир менинг. Наҳотки, чиндан ҳам замоним ўтган бўлса? Ана, тараққиётнинг чўққисига чиққан Япониядек давлатининг чўнг раҳбарларидан бири гуманитар фанларни олий ўқув юртларида ўқитишнинг ҳожати йўқ, депти. Тўрттагина университет ректори унинг гапига қарши чиқибди. Қолганлари-чи? “Хўп” депти-ей, хумпарлар! Шунақасиям бўладими? Нимаймиш, гуманитар фанлардан жамиятга реал фойда йўқмиш. Ҳаётга прогматик қараш керакмиш! Жамиятга жарақ-жарақ пул олиб келадиган, уни моддий-техник жиҳатдан ривожлантирадиган соҳаларга эътибор қаратиш керакмиш… Бу – яхши. Лекин инсонни ким тарбиялайди? Ўша жарақ-жарақ фойдани қўлга киритган инсонда инсонлик бўлмаса, у ўта хавфли махлуққа айланмайдими?.. Буни ўйлайдиган бир оқил қолдими ўзи дунёда ё ҳамма фойданинг кетидан кетиб бўлдими?.. Агар кетиб бўлган бўлса, қув-қувнинг борар жойи муҳаққақ ўша жарликдир!.. – Профессор ўйлаб ўйининг охирига етолмасди. – Энди мана шу такасалтангларга енгилиб, орқасидан эргашишимиз керакми? Инсоният минг йиллар давомида мисқол-мисқол тўплаган маданият, маънавият, эзгулик, оқибат, санъат, адабиёт… деган тушунчаларнинг бари энди кераксиз матоҳга чиқдими?..
Профессор ботинида шуларни ўйлашга ўйларди-ю, аммо зоҳирида талабаларнинг ғашини келтирмасликка уринарди: танбеҳ бермас, танқид қилмас, дарсдан қувиб солмасди. Шовқин жуда кучайиб кетса, сўзлашдан тиниб бирпас кутарди. Сўнг яна маърузасини давом эттирарди. Шундай қилса, ҳаммага яхши бўлади деб ўйларди чунки: раҳбариятга, талабаларга ва ўзига… Раҳбариятга шунинг учунки, ишхонада муаммо чиқмайди, “ Боғдодда тинчлик” бўлади. Талабаларга шунинг учунки, уларнинг кайфияти бузилмайди, ҳар ким кўнгил ройишига кўра юраверади. Ўзига шунинг учунки, бор-йўқлиги билинмай ишлаётган ўқитувчидан ҳозирги раҳбарият ҳам, ҳозирги талаба ҳам рози бўлади, натижада профессорнинг иш фаолиятига “яхши”, ҳатто “юқори” баҳо берилади. Демак, у ишини йўқотиб қўйишдан чўчимай ишлай олади. Кўриб турибмизки, “келишув” деганлари ҳамма томонга бирдек фойдали чиқиб қолди. Негадир профессор бу ҳақда илгари сира ўйламаган экан. Ҳаёт мажбур қилдики, энди ўйлай бошлади: “Дунё деганлари асли ён босиладиган, муросаи мадора қилинадиган жой экан. Миллиён йиллардан бери кун билан тун, ер билан кўк, ой билан қуёш, эзгулик билан ёвузлик, эркак билан аёл… бир-бирларига мудом ён босмадими! Яъни тун чекинганда кун чиқди, ёвузлик таслим бўлганда эзгулик майдонга тушди ва ҳ.к… Мен ҳам шундай яшайман, тамом-вассалом! Мана, ҳаётнинг сири нимада экан!..”
Аммо профессор кечаси яна ўша қўрқинчли, қора тушни узоқ, жуда узо-о-о-оқ кўрди. Эрталаб лабларига учуқлар тошиб уйғонди. Келишув ҳақида ўйлаган кундан бошлаб Худонинг берган туни ўша тушни кўрди, кўраверди. Ҳар гал гурас-гурас оқиб бораётган издиҳомга қараб: “Ахир, бу йўлнинг адоғида тубсиз жарлик бор, эшитяпсизларми, тубсиз жарлик?!..” деб ҳайқирар экан, чўчиб уйғониб кетаверди. Хотинини ҳам уйғотиб юбораверди. Кейин то тонггача болахонага ўтиб, у ёқдан бу ёққа юриб чиқаверди. Сўнгги пайтлар хотинини қўрқитиб юбормаслик учун ҳатто болахонада, шундоқ пол устида ухлашни одат қилди. Туш эса… ўша қўрқинчли туш болахонага ҳам бостириб кириб келаверди…
5.
– Устоз, ассалому алайкум!
Профессор ортига бурилиб шогирдини, аудиториянинг охирги ўриндиғида ўтириб унинг маърузаларини жон-қулоғи билан тинглайдиган талабани кўрди.
– Ваалайкум ассалом! Яхшимисиз?
– Устоз, майлими сизни бекатгача кузатиб қўйсам?
– Майли.
Улар одамлар орасидан бирпас индамай юришди.
– Бирон нарса сўрамоқчи бўлсангиз, тортинмай сўрайверинг, – деди ниҳоят профессор сукутни бузиб.
– Ҳа, сўрамоқчиман, устоз, – юзи қизаринди шогирднинг.
– Қулоғим сизда.
– Устоз, ижтимоий-гуманитар фанларнинг кам ўқитилиши ва ўқилиши билан дунёнинг кейинги чорак асрдаги аянчли ҳоли ўртасида боғликлик бор, деяпсиз. У ҳолда, ўша фанлардан бири бўлмиш адабиётнинг жамиятдаги конкрет вазифаси нимада? Унинг бугунги дунёдаги ўрни, роли, аҳамияти қанақа?
– Ҳамма гап шунда-да, мана шу саволнинг жавобида! – деди профессор жонланиб, – жавобнинг қониқарсиз эканлигида. Дунё харитасини кўз ўнгингизга келтираоласизми?
– Мана, келтирдим, – жилмайиб деди талаба.
– Харитадаги ер шари, бизнинг, бутун инсониятнинг умумий уйимиз, а! Лекин ана шу шар бугун жиддий хавф остида турибди. Бугун ер шарида учинчи дунё урушини келтириб чиқариши мумкин бўлган бешта реал фалокат ўчоқлари бор, дейилмоқда. Гап сонда эмас, лекин хавфнинг борлиги факт, тўғрими?
– Ҳмм, – сасланди талаба.
– Хўш, қаердан келмоқда шунча хавф, шунча таҳлика?
– Сабаблари кўп-ку, устоз.
– Тўғри. Лекин ўша сабабларнинг ҳам сабаби бор бўлиб, оти – жаҳолат. Жаҳолат маънавиятсизлигу маърифатсизликдан келади. Ҳаммага керак бўлган чин адабиёт эса, ана шу маънавияту маърифатнинг, инсонийликнинг – гуманизмнинг асос пойдевори саналади.
– Ахир, ўзингиз айтар эдингиз-ку: “инсоният маърифатчилик даврини яшаб ўтди. Бу даврда ҳамма маърифатли бўлса, кун келиб улар орасидан сайланган шоҳ ҳам маърифатли бўлади ва дунёда ҳал қилинмаган бирон муаммо қолмайди. Лекин вақтлар ўтиб, бу ғоя ҳам хомхаёл эканлиги аён бўлган”, деб.
– Тўғри. Бу ҳам бир босқич эди. Лекин эътибор берган бўлсангиз, ана шу даврларни бошидан кечирган миллатлар бугун жаҳонда ҳар жиҳатдан илғор бўлиб олган. Ўтмишга мурожаат қилсангиз ҳам, муқаддас динлар мағзига эътибор берсангиз ҳам битта ҳақиқатга дуч келаверасиз: ўқиган билан ўқимаган, билган билан билмаган, маърифатли билан маърифатсиз… ҳеч қачон тенг бўлмаган.
– Гапларимни оғир олманг-у, устоз, аммо бир гапни сизга айтишим керак.
– Марҳамат!
– Сизнинг маърузаларингиз бошқача…қандайдир сирли-сеҳрли, худди эртакка ўхшайди. Менга ёқади улар. Аммо…аммо дунё билан сизнинг маърузаларингиз ўртасидаги алоқани кўпинча тополмай қийналаман. Дунё аллақачон бошқа ўлчовлар билан яшаяпти. У сиз айтаётган маънавиятга ҳам, унинг пойдевори деганингиз адабиётга ҳам этак силтган. – Талабанинг кўзларида, гапириш оҳангида устозини аяш, асраш, унга ачиниш ҳислари яширин эди.
– Буни биламан. Лекин гап бутун инсониятнинг ҳаёти ҳақида кетяпти. Кимларгадир менинг гапларим кулгули бўлиб туюлиши мумкин. Лекин гапнинг нақди шуки, бугун дунё қутқарув ҳалқасига эҳтиёжманд бўлиб турибди. Дунёни бир ўзим қутқараман, деган баландпарвоз фикрдан тамомила йироқман. Бир ўқитувчида бундай имкон нима қилсин! Айни дамда, шу нарса ҳақиқатки, бугун дунёнинг инсониятни турли балою қазодан халос қилишга бел боғлаган миллионлаб фидойи ва билимдон ўқитувчиларга эҳтиёжи бор. Дунёни қутқарса, инсоннинг илми, маърифати, маънавияти, эзгулик томонда туриши қутқаради. Лекин у ўз ҳолича ҳеч ким! Ўқитувчи аудиториясиз ҳеч ким! Яъни мен сизсиз, сизларсиз ҳечкимман! Аудитория – мисли қанот. Ўқитувчининг эзгу ниятлари шу қанот ёрдамидагина кўкка парвоз қила олади. Бугун ҳеч ким бир ўзи ҳеч нима қила олмайди. Ёлғиз отнинг чанги чиқмас… У – ожиз, шунчаларки, кези келганда, Искандардек ярим дунёни эгалладим деб турганда битта чивиннинг чақишидан оёқ-қўлини узатиб қолиши мумкин. Шу билан бирга, ўша битта одамнинг ҳам қўлидан келадиган кўп иш бор. Ҳамма ҳам ўша битта одамга ўхшаб иш тутса, бутун олам битта яхлит муштга айланади-да, мавжуд муаммонинг башарасига керакли зарбани беришга қодир ҳолга келади.
– Ўша Искандарнинг ҳам устози бўлган – Арасту! Лекин бу нарса шогирднинг жаҳонгирлик даъвосидан қутқариб қололмаган-ку. Натижада қанчадан қанча бегуноҳ одамларнинг қони тўкилган, устоз.
– Арасту – буюк устоз. Дунёга ундан кейин келиб-кетган жиддий олимларнинг деярли ҳаммаси қайсидир маънода, – бевосита ёки билвосита, – унинг шогирдлари ҳисобланади. Лекин бугунги дунё Арасту замонига қараганда таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган. Бугун инсон қўлида бир неча дақиқалар ичида ер юзини кунпакун қилишга қодир қуроллар тўпланган. Илгари ўзга бир мамлакатни вайрон қилиш учун бутун бошли қўшин юбориш керак бўлса, бугун битта жоҳил подшоҳнинг буйруғи билан босиладиган тугмачанинг ўзи етарли бўлиб қолди. Бас, шундай экан, бугунги ўқитувчининг зиммасидаги масъулият янада оғир. Чунки ўша жоҳил подшо ҳам қачонлардир бир ёки бир неча ўқитувчининг шогирди бўлган-да…
Бу орада улар бекатга етиб бўлишган, профессорнинг автобуси ҳам қийшайганча ғилдираб келарди. Профессор уловга чиқиб, ойнадан талабага маъюс табассум қилди. Талаба қўлини “хайр”га кўтариб, жилмайишга уринди. Аммо унинг юзида шундай бир ачиниш ифодаси муҳрланиб қолгандики, юз жилмайиш билан ҳам уни аритиб бўлмасди. Профессор буни сезди, лекин нима ҳам қила оларди, унинг бўлгани – шу, у бошқача яшай олмайди, икки дунёда ҳам…
6.
Кечки овқатдан сўнг профессор қизининг хонасига озгина ишонч, озина умид ва озгина илинж билан кириб борди. Чунки ўғлининг касб борасидаги кескин жавобидан сўнг отанинг кўнгли оғриниб қолганди. “Қизбола юмшоқ келади, тушунадиган бўлади”, деб ўйлади.
– Қизим, балки сен менинг изимдан борарсан? От изини той босса яхшида. Чунки ҳаммасини бошдан бошлашингга тўғри келмайди, аксинча, тайёр ишни давом эттирасан-қўясан. Ўзим сенга ёрдам бераман. Менинг, биласанми, ўҳ-ҳў-ў-ў, қанча “бисмиллоси”ни айтиб қўйган ишларим, режаларим бор…
– Дада-а-а! – Қиз бу сўзни шундай оҳангда айтдики, “бир!” деганда отанинг озгина ишонч, озина умид ва озгина илинжининг ҳаммаси тутдек тўкилиб оёқлари остига тушди. Бу сўз оҳангидан профессор: “Нималар деяпсиз, дада? Шу замонда ҳам одам адабиётнинг бошини тутадими? Мундо-о-оқ атрофга қарасангиз-чи! Қараб, одамлар қандай яшаяпти, нималарга интиляпти, қизиқиб кўрсангиз-чи! Китоб титиб, чанг ютиб, устига устак, битта тузукроқ уйда яшамай, битта тузукроқ кийим киймай, ҳаммага масхара бўлиб, ҳамманинг қўлига қараб ўтишни менга раво кўрасизми?!..” деган маънони уқди. Найзаси синиб, қалқони тешилган баҳодирдек синиқиб қизининг столи устига қаради сўнг: аллақандай ранг-баранг идишлар, бўёқлар, яна биология, кимёга оид китоблар, Оврупа модасига тегишли журналлар. Очиқ турган нотбукда ҳам аллақандай қимёвий тенгламалар кўзга ташланади. Ахир, қизи врач-косметолог бўлмоқчи!… Профессор қизининг хонасидан ўғлининг хонасидан қочганда-да тез қочиб чиқди. Ўзини ёп-ёлғиз ҳис қилиб чиқди. Воҳ, атрофи тўла олам, лекин уни тушунадиган бирон зот йўқ экан бу оламда! Ўй ва ҳисда бир бўлмаса, таналарнинг бирга бўлиши, бирга юриши, бир уйда истиқомат қилиши инсонни ёлғизликдан халос этмас, этолмас экан. Буни профессор шу ёшга кириб энди тушунди. Энг яқинлари деб билган оиласи, ўғли, қизи, яна қанчадан қанча талабаларига юзма-юз келиб тушунди: у чиндан ҳам ёлғиз экан, кўкдаги қуёшдек ёлғиз, осмондаги ойдек ёлғиз, ёп ёлғиз!..
– Наҳотки, замондан орқада қолиб кетган бўлсам? Аммо қандай қилиб? Ахир, замон билан ҳамқадаму ҳамнафас эдим-ку! Нима содир бўлдики, қисқа вақт ичида мен ва замон ўртамизда мана шундай чоҳ пайдо бўлди? – Профессор қалбининг туб-тубида бу саволларнинг жавобига ўхшаган нималарнидир ҳис қиларди-ю, лекин бунинг жавоб бўлиб- бўлмаганини аниқ билмасди. – Эҳтимол, бу бор-йўғи оталар ва болалар, уларнинг ёши, дунёқараши ўртасидаги тафовутдир. Ваҳима қилишнинг, худди охирзамон келгандек титраб-қақшашнинг ҳожати йўқдир. Ахир, инсоният эсини танигандан буюн шундай – оталар болалардан, болалар эса оталардан норизо бўлиб келмадими? Келди. Хўш, нега бугун айюҳаннос солиш керак?..
Профессор ушбу мушоҳадаларининг ғоят мантиқли эканини билар, лекин ўз замонининг ҳоли эски замонларникидан қиёс қилиб бўлмайдиган даражада қалтис эканини ҳам тушуниб эзиларди. У ҳам бўлса, ўтган замонларда инсоният қўлидаги қурол бугунгидек кўп ва хўп эмасди. Ер юзи аҳолиси ҳам бугунгидек урчигандан урчиб, йўлда юрса, бирининг елкаси иккинчисиникига тегиб кетадиган даражада бир-бировига яқин келиб қолмаганди у вақтлар. Гапнинг индоллоси, бир жойда уруш чиқиб, ўша ер аҳолиси бутунлай қирилиб кетса ҳам, бошқа жойлардаги аҳоли бундан тамомила бехабар эмин-эркин яшаб юришаверарди. Энди-чи? Энди дунё улкан, яхлит бир майдонга айланиб бўлди. Энди унинг бир бурчагида кичик бир ёнғин чиқса, нариги томони ҳам баравар куйиб кул бўлади. Уруш чиқса ҳам натижа шундай – дунё остин-устун бўлади-кетади. Энг ёмони – дунёни кўз очиб юмгунча остин-устун қилиб юборадиган қурол-аслаҳалар бошқарувига маърифатсиз, дину иймонсиз, манқурт одамлар тобора ёвуқлашиб бормоқда. Мана – нима профессорнинг ўйлатади, даҳшатга солади…
7.
Профессор маърузадан чиқиб, кафедрага келса, у ерда бундан саккиз-ўн йиллар бурун университетни битириб, академияда тизимида ишлаётган шогирдларидан бири кутиб ўтирган экан. Бағирлашиб сўрашишди.
– Бормисиз, шогирд? Анчадан бери кўринмайсиз, камномасиз? Гапиринг энди, қандоқсиз? – севинганидан баланд овозда пайдар-пай савол берарди профессор.
– Устоз, мумкин бўлса, ҳовлига – кўшкка чиқайлик, гапим бор, – деди жавобан қимтиниб шогирд.
– Юринг.
Улар биргалашиб кафедрадан чиқишди.
– Биласизми устоз, ҳаммаси жудаям ёмон, – деди шогирд улар кўшкка келиб жойлашгандан сўнг устозининг кўзига тик қараб. – Сандиқда чанг босиб ётган дипломимни олиб келиб йиртиб, майда-майда қилиб, университет дарвозаси олдига отсамми, деб ўйлаб юрибман…
– Ия-ия, иш шунчалар чатоқми? – ташвишланди профессор.
– Баттар, устоз, баттар! – бир ютиниб олиб давом этди шогирд. – Ишсиз, иш ахтариб, тополмай юрганимга бир йил бўлди. Бошқа, замонбоб, жамиятбоб соҳаларда ўқимаганимчун мингдан-минг пушаймонлар еб юрганимга эса кўп бўлди, ўн йиллар десам ҳам бўлади. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Аммо ҳаммаси шундан бошланди.
– Нима бўлди яна?
– Адабиёт деймиз, маънавият деймиз, у нима беради инсонга, устоз? У ҳаётнинг ўзи эмас-ку!
– Ҳаётнинг ўзи эмас, лекин ҳаётдан ташқарида ҳам эмас. Унда ҳаёт бор.
– Буларнинг ҳаммаси чиройли гаплар!
– Асло ундай эмас!
– Нега унда мен йўлимни топиб кетолмадим? Нега ишсизман, нега руҳим чўкиб кетган, нега яшагим келмай қолган? Хотиним ўғлимни олиб мени ташлаб кетган. “Садқаи эркак кет!” – дея қарғаб кетган. Энди кўринг ҳолимни: садқаи ота ҳам кетиб турибман – биттагина боламнинг алиментига ҳам пул тополмаяпман. Йўқ, мен ношуд эмасман, дангаса ҳам эмасман, мен бор-йўғи ўз ишини жону дилидек севадиган битта мутахассисман. Мен шу касб учун ўн йиллар давомида ўқидим, заҳмат чекдим. Энди бошқа иш қилолмайман, ахир, устоз!..
– Бошингга тушган кўргиликларда адабиётнинг айби йўқ.
– Бор! Бўлганда қандоқ!..
– Қандай айб экан?
– Адабиётни ҳаёт деб ўйлабман. Билсам, ҳаёт бошқаю адабиёт бошқа экан!
– Адабиётни тирикчилик манбаига айлантирмаслик керак.
– Тирикчилик манбаи?!.. Мен уни тириклик манбаи деб янглишдим, устоз! У на унисига ва на бунисига ярамай қолди бугун, тушуняпсизми, ярамай қолди!..
– Чуқур кетиш ҳамма соҳада янглишларга, боши берк кўчаларга олиб боради, унутма! Ҳатто динда ҳам аҳвол шу.
– Эслайман: бир вақтлар курсдош дўстларимиз билан адабий давраларда “Адабиёт ҳамманинг иши эмас! У – хослар учун. Адабиёт одамлар орасидан соғлом юраклиларни танлаб олади-да барини тузалмас дард ила сийлайди. Соғайишни истаганлар – хиёнаткорлар. Чинакам адабиёт доимий дардмандликдир!” дея юргич эдик. Энди кўринг ҳолимни: ўша гаплар ғирт олифтагарчиликдан ўзга нарса эмаслиги қисматим томонидан пешонамга ўйиб битилди. Менга керак эмас экан бундай беморлик. Мен оиламни қайтиб келишини, ўғлимни бағримга олиб, оталик меҳримни беришни истайман. Ошхонадан аёлимнинг куймаланаётганини, у ердан ҳаётнинг иси таралиб туришини, уйимни қабристон сукунати эмас, ҳаётнинг шовқини тутиб кетишини истайман! Устоз, мана мен истаган адабиёт, менга керак адабиёт, менинг адабиётим!
Профессор индамай қулоқ соларди.
– Оллобердини эслайсиз-а, устоз? Курсда энг яхши ўқир, зўр шеърлар ёзарди.
– Оллобердини, унинг шеърларини эсламай бўладими? Айтгандек, қаерда у?
– Яқинда кўриб қолдим.
– Хўш?
– Катта бир маҳалланинг имоми бўлиб кетипти. Ҳаёти зўр!.
– Шеър нима бўпти, шеър?
– Шеърниям, адабиётни ҳам, касбни ҳам ташлабди, устоз. Адабиёт на бу дунёмга ярайди, на унисига. Диннинг йўриғи бошқа, у ҳар икки дунёмга асқотади, дейди.
– Нега шундай қиласизлар, а? Нега адабиётни, адабиёт ишини, адабиёт билан боғлиқ касбни динга қарши қўясизлар? Ахир, адабиёт ҳар қандай юмуш билан шуғулланаётган инсоннинг кўнгил ҳоли-ку! Ҳатто ўша Оллобердининг ҳаётида, кўнглида юз берган ўзгаришлар ҳам катта бир адабиёт аслида! – ранжиб деди профессор.
– Биламан, устоз, мен қарши қўяётганим йўқ.
– Хўш, нега унда Оллобердига, оллобердиларга ҳавас қилиб келдинг?
– Ҳавас ҳам қилаётганим йўқ, устоз. Мен ўз ишим билан шуғулланиб, одамдек яшасам, дейман! Лекин танлаб олган соҳамда рағбат йўқ. Рағбатнинг йўқлиги менга ўхшаган минг-минглаб ёшларнинг умидларини чиппакка чиқаряпти. Ҳозирги инсон – реалист. У атрофга тик қарайди. Ким жамиятнинг тўридаю ким пойгакда? – кўради, кузатади, таҳлил қилади, хулосалар чиқаради. Агар яхши тарбия кўрган инсон жамиятда қадр топаётган бўлса, у ҳам яхши бўлишга ҳаракат қилади. Акси тақдирда, яхшилик қилишдан, яхши бўлишдан қўлини ювиб қўлтиғига уради. Шундай эмасми, устоз?..
– Назарияда шундайдир балки. Лекин сен ўз амалингга боқ. Амал билан ана шундай савил назарияларни синдириб ташла, синдириб яша!.. Таслим бўлиш керак эмас! Айниқса, эркак киши. Адабиёт бу сенинг кўнглингда яшайди. Ҳақиқий адабиётнинг жойи ўша ерда. Қўлинг нима иш билан банд бўлса бўлсин, у адабиётнинг ишини қиладими, диннингми ва ёки кетмон чопиб, ғишт терадими, бўйинбоғ тақиб юртни бошқарадими, фарқи йўқ, муҳими, кўнгилни пок тут! Кўнгил – муқаддас даргоҳ, Оллоҳнинг назари тушадиган жой. Чин адабиёт ҳам ўша ерда туғилади, ўша ерда яшайди…
Устоз-шогирд яна анчагача кўшкда баҳслашиб-тортишиб ўтиришди. Ниҳоят, ҳар ким ўз томонида қолган кўйи хайрлашишди. Аммо профессор шогирдининг яна қайтиб келиб, “Ҳаммаси изига тушиб кетди!” дея хушхабар олиб келишига негадир умид боғлаб қолди…
8.
Эртасига профессор аудиторияга кирди. Талабаларнинг жойлашиб-тинчишиб олишларини бирпас кутди. Сўнг томоқ қириб маърузани бошлади. Шу лаҳза аудиториядаги муҳит худди ҳаётдаги манзарани ёдига солиб юборди: унда тинчлик ҳам, шовқин ҳам, эътибор ҳам, лоқайдлик ҳам, шивир-шивиру ғивир-ғивир ғам, турли маънодаги қарашлар, хатлашишлар, хўрсинишлар, завқланишлар… ҳамма-ҳаммаси бор эди. Аудитория гўё улкан ер юзининг кичик бир макети эди. Профессор шунча йил дарс бериб бундай маъжозга илк кез дуч келиб турарди. Бу маъжознинг зимнида ҳаёт деб аталган уммоннинг борлиқ қатламлари ястаниб ётарди. Профессор буни теран англади, чуқур ҳис қилди. Бу шундай англаш, шундай ҳис қилиш эдики, энди у ҳеч қачон, ҳеч бир ҳолатда ўз ишидан чалғимайди. Зеро, аудитория бу ҳаёт эди, унинг ҳаёти!.. Энди у аудиторияни шовқин босиб кетса ҳам дарсни тўхтатмайди, нима қилса қиладики, лекин вазифасини адо этади – маърузани ўқийди. Ахир, ҳу-у-ув ана, улкан аудиториянинг бурчагида бир талаба бутун борлиғи қулоққа айланиб профессорни тинглаб ўтирибди. Бир ой, ярим ой бурун ўша талаба ҳам йўқ эди. У лоқайд талабаларнинг сафида эди. Энди эса… энди у профессор орзу қилган, унинг хаёлидаги талабаларнинг сафида. Профессор ана ўша учун, қолганларнинг ҳам ўшанга айланиши учун дарс ўтади. Ҳаётининг маъноси шу…
У маърузани бошлади.
“Дунё улкан дарсхонадир. Унда ҳар ким бир пайтнинг ўзида ҳам ўқитувчи, ҳам ўқувчидир. Муҳими – кимдан бўлмасин, нимани ўрганишда ва кимга бўлмасин, нимани ўргатишда! Яна ҳаёт мобайнида нимага амал қилишда, кимнинг, ниманинг ёнида туришдадир. Ҳар кимнинг қаршисида мана шундай танлов – йўл туради. Биз йўлни танлар эканмиз, ўзимизни танлаймиз. Ўзимизни танлаб эса, дунёни, дунёмизни сайлаймиз! Бас, шундай экан, ҳаётимизнинг қандай бўлиши ана шу танловимизга боғлиқ! Магар ер юзини жаннатга айлантирсак, демак, жаннатга, магар унда дўзахни барпо этсак, демак, дўзахга муносиб бўламиз…”
Профессор дарсни якунлар экан, аудиториянинг бошқа бир бурчида яна бир талабанинг нигоҳида учқун сачраганини фаҳмлаб қолди. Оҳ, бу қанчалар улуғ ҳодиса эди унинг учун! Худди оламни қайта яратгандек ҳис қилди ўзини! Демак, у тўғри йўлда! Шунча хизматлари, меҳнатлари ва заҳматлари беҳуда кетмапти, сувларга оқмапти. Улар мана шу талабанинг юрагидаги музни эритиш ва эриган муз ўрнида муборак олов – маърифат оловининг ёқилишига сабаб бўлипти! Бу нигоҳлар аввалига йўқ эди, кейин биттаси туғилди, мана энди иккинчиси. Энди умид қилса бўлади. Энди дунёнинг ўз ўрнида қоим туриши ва бу собит дунёда инсонга муносиб ҳаётни яратиш учун бутун аудиториянинг нигоҳида ана шундай маърифат оловларини ёқади. У бунинг учун туну кун меҳнат қилади!..
Профессор уйига ширин ўйлар билан қайтди. Йўл-йўлакай дўконга кирди, эринмай бозорлик қилди. Ўз қўллари билан ош пишираман, дея ошхонага кириб, хотинига кўтаринки овозда “бугун сиз пишир-куйдирдан озодсиз!” дея эълон қилди. То паловхонтўрани пишириб дастурхонга тортгунга қадар овозини ўша пардада баланд қўйганча қизиқ-қизиқ гаплардан гапириб турди, ҳазил-мутойибалар қилди. Энди унинг кўзларига ота касбини эмас, замон талаб қилган касбни танлаган ўғил-қизининг тутумлари хунук кўринмай қолди. Ошни сузиб, ҳаммалари дастурхон атрофида жам бўлишганда ҳам ана шу кайфият уни сира тарк этмади. Аммо кечаси… кечаси тушида яна ўша йўлни, яна ўша издиҳомни, яна ўша жарликни кўрди ва қичқириб юборди: “Ахир, бу йўлнинг адоғида тубсиз жарлик бор, эшитяпсизларми, тубсиз жарлик?!..” Профессор мундоқ саросар солса, одамлар оқимида ўғли, қизи, хотини, шогирдлари, талабалари, хуллас, ҳаётда таниган-билган кими бўлса, ҳаммаси кўрди. Улар ўша издиҳомнинг ичида одимларди. Профессор хушига келганда яна жиққа совуқ терга ботиб қолганди.
– Сиз эрталабдан би-и-ир дўхтирга боринг. Йўқ, тонг отсин, яхшиси ўзим олиб бораман! – дея нариги омонга ўгирилиб ётиб олди хотини.
– Эртага дарсим бор, бошқа куни, – деди хаста овозда профессор ва халатини кийиб болахонага ўтди…
Эрталаб наридан бери қилинган нонуштадан сўнг профессор портфелини кўтариб яна йўлга тушди. Икки тирбанд автобусни алмаштириб, ниҳоят, университетга етиб келди. Бекатда тушиб одимлаб бораркан, ўзига ўзи пичирлади: “Барибир, таслим бўлиш йўқ! Мен ўнгимдаги аудиторияни ислоҳ қила олсам бас, тушимдагиси ўз-ўзидан ислоҳ бўлади. Бунинг учун ҳеч қандай дўхтир-пўхтир керакмас. Мен ўз дардларимнинг табибиман. Одам 40 ёшдан кейин ўзига ўзи табаб бўлмаса, ҳолига маймунлар йиғласин! Фақат таслим бўлиш йўқ, профессор, таслим бўлиш йўқ, дедим сенга!..”
Профессор ана шундай қатъий қарор билан аудиторияга кирди. У ердаги вазият ҳар доимгидек туманли эди. Аммо профессор ана шу туманни тарқатаман, вазиятни ўнглайман, деб келди, ахир! Бас, у ўз қарорига муносиб кайфиятда бўлиши керак. Нафсиламрини айтганда, дунёнинг ҳоли ҳам мана шу аудиториядан сира фарқ қилмайди. Айни ўзгинаси деяверинг. Унда ҳам ярамаслар, ғаламислар, урушқоқлар, писмиқлар, фирибгарлар, бузуқлар… тўлиб-тошиб ётибди. Лекин ҳув анави икки жуфт нигоҳ янглиғ дунёни ислоҳ қиламан деган покдомонлар ҳам бор. Буни унутмаслик керак! Мана шу аудитория профессорга ажратилган чекдир! Дунёни тузатаман деган зотки бор, тафаккур қилса, муҳаққақ равишда унинг ҳам тақдирига ёзилган бир аудиторияси борлиги аён бўлади. Фақат ҳар кимнинг табиати, дунёқараши, таълим тарбиясию интилишларига яраша аудиторияси бўлади. Деҳқоннинг даласи – унинг аудиторияси, фаррош учун кўчалар ана шундай аудитория, ҳар қандай дин пешвосининг, ҳар қандай ижод аҳлининг аудиторияси – инсон қалби, профессорники эса, мана, қаршисида турибди, президент аудиторияси яна ўзига хос – у бутун бошли мамлакат. Ҳамма ўз чекига тушган аудиторияни яхши томонга ислоҳ қилиши лозим. Ҳар кимнинг ўз аудиториясини ислоҳ қилиши дунёни ислоҳ қилишига тенг! Инсон, ҳазрати инсон дегани ана шундай яшайди!..
– Ассалому алайкум, азизларим! Бугунги дарсимиз “Жаҳон адабиётининг замонавий муаммолари” деб аталади. – Профессор шу бир жумлани айтишга айтдию илкис тўхтаб қолди. Чунки уни тинглаб ўтирадиган икки жуфт нигоҳдан биттаси йўқ эди. Ўша – биринчиси, профессорни ҳеч ким эшитмаган вақтда ҳам эшитган илк нигоҳ бор-ку, ўшаниси йўқ эди. Талаба ўтирган ўриндиқ бўш, худди ташлаб кетилган уйдек ҳувиллаб турарди.
– Ана бу ерда ўтирган талабамиз қани? – дабдурустдан сўраб қолди профессор маърузани тўхтатиб.
– У… у бир йилга академтаътил олиб кетди, – жавоб берди курс сардори ўтирган ўрнидан.
– Нега бир йилга кетади? – Шошиб қолди профессор.
– Шароити оғир. Ишлайди, ишлашга мажбур у.
Профессорнинг ичи шиғиллаб, оёқлари бўшашди. Ахир… ахир шу чоққача ўша талабанинг битта ўзи профессор учун бутун бошли аудитория эмасмиди! Ахир, неча бор ўша талабанинг бир ўзи учун дарс ўтиб чиқиб кетган эди у. Ўша битта талаба учун қўшимча адабиётлар ўқиб, алоҳида тайёргарлик кўриб келарди. Энди-чи? Энди нима бўлади?.. Аудитория сув қуйгандек жим-жит, ҳамманинг нигоҳи қулоғи янглиғ профессорга қадалганди. У гапириши, вазиятни қўлга олиши керак эди. “Таслим бўлиш йўқ! Мен ўз ишимни сидқидилдан адо этишда давом этавераман. Кун келиб, таътилга кетган талаба ҳам яна ўз ўрнига қайтади, тингловчи нигоҳлар сони кўпаяди, у бутун бошли аудиторияга айланади!” деди ичида ва маърузага қайтди: “Бугунги дарсимиз “Жаҳон адабиётининг замонавий муаммолари” деб номлади – такрорлади у. Айтиш жоизки, замонавий муаммолар бевосита замондош инсоннинг ҳаёти, қисмати, дунёқараши, кўнгли билан боғлиқдир…”
Дарс тугаб, профессор портфелини кўтариб бинодан чиқди. Аммо уйга боргиси келмасди. Чунки… чунки профессорнинг бағри узу-у-ун бир йиғига тўлиб кетганди. Куни кеча бир шогирди келиб, унинг маънавий кўксига бошини қўйган кўйи дардларини тўкиб солганди. Энди унинг ўзи шундай бир дўстга, шундай бир бағирга эҳтиёж сезиб турибди. Лекин қани ўша меҳрибон дўст, қани ўша тасалли бергувчи бағир?!.. Уйига борай деса, хотини ҳам, ўғлию қизи ҳам кўчани тўлдириб юрган миллион-милион одамлардан сира фарқ қилмайди: улар замоннинг фарзандлари – профессорни, унинг дардларини тушунмайди. Болаларининг томирларида унинг – отанинг қони оқиб турса ҳам, лекин ўй-у хаёлларида янги замоннинг кайфияти оқмоқда. Шунинг учун ўртада қандайдир бегоналик, тушунмовчилик бор. Ҳа-ҳа, бор! Тушунмаган кўкракка бош қўйиладими? Унга кўнгил очилиб, кўз ёш тўкиладими?.. Асло! Хўш, қайга борсин унда?..
Профессор портфелини қўлтиқлаганча азим кент кўчаларини айланиб юрди. Сўнг шаҳарнинг у чеккасидан бу чеккасига қатнайдиган катта-катта автобусларга чиқиб олиб кезди. Вақт алламаҳал бўлиб кетдиям, на уйга боришни истади ва на бирон бошқа гўша ахтарди. Ахир, кўнгилга қулоқ солса, у ерда ҳеч ким йўқ, атроф-жавониб ҳам ниҳоятда бегона туюларди. Тўйиб-тўйиб йиғлагиси келардию, аммо кимга?.. У ўз дардларини, кўзёшларини ёт қучоқлардан, ёт бағирлардан қизғониб келмадими? Қизғониб келди, ҳануз қизғонади. Шунинг учун ҳам уларни ёт одамларнинг нигоҳсиз кўзларига эмас, йўлларга – узун ва беминнат йўлларга сочишни афзал билди. Профессорни ўз бағрига олган юлдузсиз тун ҳам тобора қуюқлашиб борар, гўё бу билан у инсоннинг дардларию кўзёшларини бегона кўзлардан пана қилмоққа аҳд қилганга ўхшарди. Шунга қарамай, вақт алламаҳалга борганда, иккита юлдуз барибир кўринди – улар профессорнинг кўзларида ёнди… Айни дамда, буларнинг ҳаммасига қарама қарши, тинмай йўл босаётган профессорнинг лабларида бир тилак дуодек айланарди: “Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, ҳали дунё улкан бир аудиторияга айланади ва мен ҳам унда маъруза ўқийман!..”
Ниҳоят, автобуслар қатнови тўхтади. Профессор нима қилишини, қай гўшага бош уришини билмай, бир муддат қарорсиз турди-турди-да, беихтиёр метрога тушиб кетди…
balki endi prafessrni o’zi yashash usuluni o’zgartirishi kerak bo’lgandir