Францияда дизайн тараққиётининг ўзигахослигиҳукумат улкан дизайн-лойиҳаларнинг асосий буюртмачиси сифатида майдонга чиқишида намоён бўлади. 1980 йили Саноат буюмларини бадиий конструкциялаш ва мамлакатда дизайнер кадрлар тайёрлашнинг узоқ йилларга мўлжалланган тараққиёти бўйича махсус қарор қабул қилинган эди.
Қарорда асосий эътибор маҳсулотларнинг сифатини ва ташқи кўринишини яхшилаш учун дизайн методларини қўллаш,уларнинг харидоргирлигини ошириш, ишлаб чиқариш таннархини камайтиришга қаратилди. “ Буюмларни бадиий конструкциялаш ва уларни сотиш тизими” вазифаси кенг истеъмол моллари ишлаб чиқаришда дизайн воситаси билан таннархини камайтириш масалаларини тадқиқ этишга қаратилган. Саноат ва илмий тараққиёт вазирлиги қошида саноат дизайни бўйича Олий кенгаш ҳамда нарсалар олами муҳитини шакллантириш институти давлат маблағлари ҳисобидан фаолият юргазади.
Маслаҳат кенгашининг асосий вазифаси давлат ташкилотлари кўриб чиқиши учун француз саноати маҳсулотлари бадиий –конструкция даражасини оширишга йўналтирилган аниқ таклифларни қайта ишлаш ва тайёрлашдан иборат. Ушбу ҳужжат асосида Франция техникавий меъёрлар ва стандартлаштириш уюшмаси мавжуд стандартларнинг дизайн ва эрганомика талабларига жавоб бериши масаласини назорат қилиб боради.
Мамлакатдаги 8 та давлат ва ҳусусий ўқув муассасаларида профессионал дизайнерлар тайёрланади, жумладан Саноат дизайни Олий мактаби, Миллий бадиий-саноат олий билим юрти, Миллий безак санъати олий мактаби, Амалий санъат ва бадиий ҳунармандчилик олий мактаби, Компьенедаги Технологик университетнинг дизайн бўлими ва бошқа ўқув даргоҳлари дизайн таълими билан шуғулланадилар.
“Мен чиройли буюмларни эмас, балки яхши буюмларни тан оламан”,- дейди машҳур француз дизайнери Филлип Старк. Унинг фикрича, ҳозиргизамон тараққиёти босқичида дизайн стратегиясини бутунлай бошқача нуқтаи назардан белгилаб чиқиш зарур. Бугунги кунда гўзалликнинг чуқур ўйланган ва асосланган фукцияси мавжуд.
Франция учун ҳам, бошқа Европа мамлакатлари учун ҳам саноат ишлаб чиқариши ва ҳизмат кўрсатиш соҳаларига дизайнни ҳамда янги бадиий ғояларни тадбиқ этиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Европанинг бирлашуви натижасида савдо товарларига бўлган чекловларнинг бекор қилинганлиги ва бозарнинг глобаллашуви, ўз ўзидан турли-туман корхоналар ўртасидаги рақобатни кучайтириб юборди.
Ишлаб чиқарувчи тўлиб тошиб ётган мағсулотлар ичидан ўз товарини аниқлай олиши, унинг қулай ва бежирим бўлиши тўғрисида мунтазам бош қотириши зарур. Европалик ҳаридор, аллақачон клиентга- яъни мижозга айланиб бўлган. У саноат маҳсулотларини бир – бири билан солиштиради ва уларни баҳолашда ўта талабчан.Бугунги кунда ҳарид қилишда етти ўлчаб бир кесадилар, олдиндан бозордаги талаб ва таклиф чуқур ўрганилади.
Унинг устига замонавий инсоннинг янгича фикрлаши, бутун сайёра даражасидаги қадриятларга аҳамият бериши ҳамда саноатнинг яшаш муҳитига кўрсатаётган таъсири каби омилларга ҳам ўз диққатини қаратмоқда. Шу омилларнинг барчаси ишлаб чиқарувчидан иложи борича мукаммал, янги технологиялар ва ҳом ашиёлардан фойдаланишни талаб қилади.
Алкател, Мулинекс, Пежо, Ситроен, Тефал каби улкан француз корхоналари аллақачон дизайнерлар билан ҳамкорлик қилишнинг қанчалар фойдали эканлигини билиб олганлар. Бу корхоналарнинг ҳар бирида ўз дизайнерлик бюролари мавжуд. Рено автомобил компанияси бу соҳанинг пешқадами ҳисобланади ва компанияда 260 нафардан ортиқ дизайнер ишлайди.
Аммо кичик ва ўрта бизнес вакиллари дизайнерлик ҳизматига кам мурожаат қиладилар. Шу боис француз хукумати миллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамда уларнинг маҳсулотларини янгилаш ва такомиллаштириш, ҳорижий шериклари билан муносабатларда рақобатбардошлигини таъминлаш учун мунтазам равишда ғамҳўрлик кўрсатади.
Бадиий конструкциялаш таълимининг долзарб муаммоларини ҳал этишни давлат ўз зиммасига олган. Мисол учун Миллий бадиий саноат Олий билим юртининг маъмурий Кенгаши таркибига етти вазирлик вакиллари киритилган. Маданият, саноат, олий ва махсус таълим ва бошқа вазирликлар ана шулар жумласидандир. Бу вакиллар юқори даражадаги тайёргарликни таъминлайдилар, дизайнерлик ишламаларининг концепцияларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда бош-қош бўладилар.
Мамлакатда турли фирмалар ва саноат корхоналари ҳамда ҳорижий ўқув юртлари билан ўзаро алоқалар ва дастурлар алмашишга алоҳида эътибор қаратилади. 1983 йили Париж шаҳрида Дизайн тарққиётига кўмаклашувчи тармоқлараро Бошқарма ва Бадиий конструкциялаш Олий мактаби ташкил этилди. Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига дизайн бўйича касбий тайёргарликни энг муҳим соҳалар қаторига киритишни, талабаларнинг ҳорижий мамлакатларда малака оширишларини ташкил этиш ва бу масала учун махсус фонд ажратиш вазифаси юклатилган.
Францияда дизайнни тарғиботини ривожлантириш ва такомиллаштиришга алоҳида ғамҳўрлик кўрсатилади. Бу соҳада бадиий конструкциялаш Марказининг ҳиссаси катта, у Ж. Помпиду номидаги маданият ва санъат Миллий маркази таркибига киритилган.
Францияда олий дизайнерлик таълимини Безак санъати Олий миллий мактабида олиш мумкин. Бу ўқув масканида саноат дизайни,либос, мебел,интерьер, визиуал коммуникациялар, муҳит ва график дизайни каби турлари бўйича мутахассислар тайёрланади.
Ундан ташқари Умуммиллий, муниципал ва ҳудудлар қарамоғида бўлган 53 Олий ўқув юртида ҳам дизайнерлик мутахассисликлари бўйича дипломлар берилади. Бадиий ҳунармадчилик ва амалий санъат Олий миллий мактаби, Визуал санъатлар институти, Тасвирий санъат ва технология Европа Олий мактаби ҳамда ўндан ортиқ ҳусусий Олий ўқув юртларида дизайн касбига ўқитилади.
Улар ичида Париждаги КАМОНДО, Тулон шаҳридаги Европа дизайн институти, Париждаги олий визиуал коммуникациялар ва бадиий – техника институтларининг довруғи баланд. Бир қатор амалий санъат техника лицейлари ва махсус мактабларида бир неча дизайнерлик мутахассисликлари бўйича таълим олиш мумкин.
Ундан ташқари дизайн соҳасидаги билимларни олишда Франция узлуксиз таълими ҳам бир қатор махсус ва касб ўргатувчи курсларни ташкил этган. Уларда лойиҳачилар, техниклар, маҳсулотларни қайта ишловчилар, умуман барча хохловчилар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқишлари мумкин.
Бундай курслар дизайн факультеьти мавжуд бўлган барча олий ўқув юртларида фаолият олиб боради. Бундай курсларни маълум бир мутахассислик бўйича корхоналар ва илмий-тадқиқот марказлари ҳам ташкил этадилар. Ҳозир Францияда 4 мингдан ортиқ профессионал дизайнерлар фаолият олиб бормоқда.
Саноат ижодкорлиги Олий миллий мактаби ва бошқа олий ўқув юртларининг дизайнерлик бўлимларини битирувчилари ўз касбий фаолиятини кўп ҳолларда мустақил дизайнерлар сифатида бошласалар ҳам, кейинчалик катта дизайнерлик агентликлари ва саноат корхоналари дизайнерлари сафига келиб қўшиладилар.
Дизайнер профессионалларнинг бирлашганларини билиш учун 1996-1999 йилларда маълум бир ҳусусий дизайнерлик агентлигида ўртача 6- 9 нафар мутахассисни ташкил қилди.Улар орасида энг улкани Дегрипп Гобе & Ассошиейтс, 1971 йили ташкил этилган бўлиб , бу ерда 155 дизайнер ҳизмат қилади.
Унинг бош офиси Парижда жойлашган бўлиб, Лион, Будапешт, Нью-Йорк, Токио ва Сеулда дизайннинг турли соҳалари бўйича ваколатхоналар очишган. Франциядаги дизайнерлик агаентликларининг учдан бир қисми кейинги беш йил ичида ташкил этилган. Фақатгина уларнинг 10 фоизигина 20 йиллик тажрибага эга.
Махсус агентликлар бир қатор соҳаларни қамраб олади. Уларнинг кўпчилиги ишлаб чиқариш маҳсулотлари дизайни билан( 82%) , график дизайн билан (60%), муҳит ва архитектура интерьери дизайни билан (48%) шуғулланадилар.
Кейинги пайтларда мультимедия дизайни билан (16%) ва илмий тадқиқот ишлари билан (20%) шуғулланадиган агентликлар ҳам пайдо бўлди.Қадоқлаш маҳсулотлари дизайни билан шуғулланувчи агентликлар анча камайган бўлса ҳам (45%) аммо фаолият олиб бормоқда.
Мутахассислар тайёрлашда ҳар бир талабанинг ўз истеъдоди ва қобилиятини аниқлаш асосий мақсад қилиб белгиланган. Бу масалаларни ҳал этишда индивидуал методларни қўллаш, юқори даражадаги техникавий ва назарий билимлар берилади.
Талабалар ўқишга кириш олдидан, билими ва тажрибасидан қатъий назар, лойиҳалаш гуруҳларига тақсимланадилар, улар ўз ишларини ташкил этадилар, лойиҳалар бўйича ўз фаолиятларини белгилайдилар, кўп ҳолларда бу амалиёт ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда бажарилади.
Шу билан биргаликда талабалар тадқиқотлар ўтказиш, ахборотларни саралаш, таҳлил қилиш, маълумотларни жамлаш, шахсий ҳамкорликларини ошириш, ўз билимларини ва бошқаларнинг билимларини баҳолашга ҳам ўрганадилар.
Ўқув дастурлари “модул унсурлари” асосида қурилади ҳамда давомийлиги ва мазмунийлиги билан ажралиб туради. Бу ўқув дастурлари ўқитувчи томонидан бошқарилади ва экспертлар томонидан талабаларнинг индивидуал қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда тузилади. Ҳар бир ўқувчи ўзининг индивидуал дастурига эга бўлади.
Ўқув йилига мўлжалланган ўқув жадвали мавжуд эмас, ўқув дастурларини талабалар ўзларининг мақсадлари ва талаблари асосида тузадилар.Дастурлар ўқув юртига кириш пайтида гуруҳ раҳбари томонидан танлаб олинади ва тадбиқ этилади.
Давлат даражасида режалаштириш ва исиқболларни белгилаш тизими ўқув жараёнлари, маҳорат ва малака ҳамда касбий тиришқоқликни ўзаро боғлиқ ҳолда ўрганиб, уларни таҳлил этиш орқали битирувчиларни иш ўринларига мослаштириш, малака ва маҳоратларини оширишга йўналтирилади.
Ёшларнинг меҳнат бозорида ўз ўринларини топишларига алоҳида эътибор қаратилади. Бу эса таълим стандартларидан воз кечиб, касбий жиҳатдан референциональ доирада иш юритишга олиб келди, албатта,бундай ёндашув таълим методологияси ва сертификациясида белгилаб қўйилган.
Францияда таълим стандартларига қараганда референциональ ёндашув нуфузли саналади. Ўқув даргоҳлари битирувчилари томонидан яратилган анъанавий креатив ва бадиий дизайнерлик ишламалари бунга ёрқин мисол бўлади.