Муҳаммад ИСМОИЛ: АНВАР ҚОРИНИНГ ҚОТИЛИ КИМ?
АНВАР ҚОРИНИНГ ҚОТИЛИ КИМ ?
Бадиҳа
Анвар ака ҳақида ўйласам оловли йўлларни босиб ўтган буюк йўловчи кўз олдимда намоён бўлади. Агар яхшироқ ёзувчи бўлганимда ёинки тарихий шахслар ҳақида фильм ишловчи маҳоратли кинорежиссёр бўлганимда албатта Анвар аканинг шонли ва тиғ устида кечган ҳаёти ҳақида бутун дунёни лол қолдирувчи кино яратган бўлар эдим. Биз асарларимиз учун замонамиз қаҳрамони қандай инсон бўлиши кераклиги ҳақида кўп ўйланамиз, кўп баҳс юритамиз, кўп изланамиз, аммо бир қарорга келаолмаймиз. Қаҳрамонлар ёнимизда, биз билан эканлигига эътибор қаратмаймиз.
Аслини олганда ёнимиздаги инсоннинг алғов далғов ҳаёти, изтироблари, кечинмалари, парвозлари, мағлубиятлари, зафарлари ва замонамиз оқимидаги ўрнини зийраклик билан ёритиш, тасвирлаш учун бир неча томли китоб ёзиш керак бўлади. Анвар қори Турсуннинг ҳаёти мана шундай ўнлаб китобларга сиғмайдиган, юзлаб одамларнинг ҳаёт йўли билан чамбарчас боғланиб кетган катта ва залворли йўл. Анвар ака авваломбор олим, ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси дин билан боғланиб кетган донишманд уламо, диний арбоб эди. Лекин диний салоҳиятим у кишининг диний иқтидорига баҳо беришга, таърифлашга, тавсиф этишга ожизлик қилгани учун ислом илми билимдонларига, ислом олами осмонидаги юксак қобилиятли шайхул уламоларга бу шарафли ишни қолдирамизда, Анвар аканинг инсоний ҳаёт йўли ҳақидаги кўрган кечирганларимизни сиз билан ўртоқлашамиз.
Мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлар эдим. Муҳаммад Али, Жамол Камол, Зоҳир Аълам, Гавҳар Норматова, Шариф Холмуродов, Зулфира Хасанова барчамиз битта кенг хонада ўтирар эдик. 1990 йил Анвар акани ҳам Ёзувчилар уюшмасига ишга олишди ва у киши ҳам бизнинг хонада ўтирадиган бўлди. У пайтда уюшмага Одил Ёқубов раис эди. Уюшмада ижтимоий сиёсий ҳаёт қайнар, “Бирлик” ҳам, “Эрк” ҳам, “Туркистон” партияси ҳам шу ерда, Мустақиллик деган сўз ҳам илк бора мана шу ерда пайдо бўлган, ўзбек тилини Давлат тилига айлантириш ғояси ҳам айнан мана шу маконда туғилган эди.
Ислом деган сўз луғатимизга эндигина кириб келаётган, кўплар исломни ҳам бир партия бўлса керак деб ўйлар, юқоридаги ижтимоий, сиёсий, демократик партиялар ҳатто, исломга эргашганларни ўз сафларига қўшиб олиш пайида эдилар. Ислом, уларнинг партияларидан минг бора каттароқ мақомдаги дин эканлигини, исломнинг низомини Оллоҳ ёзганини ҳатто тасаввурларига сиғдираолмас эдилар. Мен ҳам ўшаларнинг бири эдим. Коммунистик партия ғояларидан эндигина юз ўгираётган пайтларим эди.
Анвар акани кўрганда биринчи берган саволим, “Сиз нима ёзасиз? Шоирмисиз, ёзувчимисиз?” деганимда, Анвар ака кулиб, ”Домламан” деган. Шунда ҳайрон бўлиб, “Домла бўлсангиз соқолингиз қани?” деганман. Мен, домлаларни фақат кекса, соқоли кўкрагига тушган, яктаги узун, нуроний киши тарзидагина тасаввур қилганман. Қаршимда эса ёш, озғин, оқ кўйлак, қора кастюм шим кийган, оддий бола турарди. “Соқолни энди қўяман” деди Анвар ака. Кейин тушликка чиқдик. Ошхонада овқат олган эдик, Анвар ака овқатга қарамай нон кавшаб ўтираверди.
Мен ошхона хизматчисини чақириб, “Бу одам домла, сени овқатингда гўшт кам экан, домлалар катта катта гўшт ейди, қозонингдаги энг катта гўштни олиб кел,” – дедим. Домла мириқиб кулдиларда, мен ошхоналардан овқат емайман, чунки улар гўштни кушхоналардан олишади, кушхонада эса молни “Бисмиллосиз” сўйишади, “Бисмиллоҳ” айтилмай сўйилган мол эса, ҳаром ҳисобланади. Ҳаром молни гўштини эса мусулмон одам емайди, дедилар. Мана шундай аста аста, биттама битта тушинтириб, Анвар ака мени ислом оламига етаклаб олиб кирдилар. Сочим, устозимники сингари елкамга тушар эди. Бир кунда олдириб ташладилар. Дунёда энг кўп ичадиган одамларнинг биттаси мен эдим, ҳаммасини бир кунда ташлаб юбордим. Хотиним, бола чақамни қишлоққа қўйиб, бу ерда гўзаллар ишқида ҳар куни янги янги шеърлар ёзиб юрардим.
Анвар ака “Дарҳол хотинингизни олиб келинг, қиёматда сиздан қандай шоир эдинг, деб сўрашмайди, қандай эр эдинг, хотинингни ҳақларини адо қилдингми?” деб сўрайди, дедиларда ўз сўзида махкам туриб олдилар. Анвар ака билан танишганимга бир ой бўлмаёқ хотинимни Тошкентга олиб келдим. Бутун ҳаётим ўзгариб кетди. Энди партияларга ҳам қўшилмай қўйдим, кечалари шоир дўсту биродарлар билан тонггача шеърхонлик қилиб чиқар, улар ичишар, чекишар, латифагўйлик қилишар, дунёдаги ҳаммани ёмонлаб, фақат ўзларини мақташар, дунёда шеъриятдан бошқа иш йўқ деб билишар эди. Баъзилари ўзларини, биз кўк бўрининг болаларимиз дейишса, баъзилари бизнинг ҳақиқий динимиз оташпарастлик дейишар эди. Аста аста бу давраларни ҳам тарк этишга тўғри келди.
Ҳозир бу сўзларни ёзаётганимнинг сабаби, Анвар ака мени ўша давралардан қутқариб олганлиги учун ҳали ҳамон у зотдан миннатдор эканлигим, бу яхшиликларини умримнинг охиригача унутмасликка онт ичганимдандир. Ҳатто, мендай “кўкбўри”чини ажратиб олаётгани учун, Анвар акани урмоқчи бўлган ҳам эдилар. Аммо, мен бунга йўл қўймаган эдим. Анвар ака “ Оллоҳнинг арконини қўйиб, фирқа(партия)ларга бўлинмангиз” деган ояти шариф бор, дея ишхонамизда, ҳамма дўсту-биродарларим, қаламкаш сафдошларим, устозу-издошларим бўлган “Бирлик”, “Эрк” сигари партияларга ҳам аралаштирмай қўйдилар, фақат ташқаридан кузатишгагина рухсат берардилар.
Ўша йилнинг ўзидаёқ, яъни 1990 йил, Анвар ака катта ишни бошладилар: Қуръони каримни ўзбек тилига ўгириш ғоясини ўртага ташладилар. Аммо, бу таржимани ким қилади деган савол кўндаланг чиқди. Бу саволга жавоб берувчилар, яъни мен дегувчилар жуда кўп эди. Аҳли шоир борки, Қуръон шеърий тарзда ёзилган, шунинг учун таржимани мен қилишим керак деяр эди. Аҳли адиб борки, Қуръонда сўз жуда маҳорат билан ишлатилган, бизнинг сўз бойлигимиз кўп, таржимани биз қилишимиз керак деяр эди. Ва казо казо ёзувчилар бунга қаттиқ тармашган эди. Гомер, Толстой, Достоевскийни таржима қилган юзлаб таржимонлар, Қуръонни таржима қилиш бизнинг ҳаққимиздир деяр эди.
Тилшунослар, диний уламолар ҳам бу жангдан четда эмас эди. Шоир, ёзувчиларнинг камчилиги уларнинг бирортаси араб тилидан битта ҳам сўзни билмас, улар рус тилига ўгирилган Қуръондан таржима қилиш пайида эдилар. Уларнинг бирортаси бир маҳал ҳам номоз ўқимас, сигарет чекиб, худди бадиий китобни таржима қилгандай, таржима қилмоқчи эдилар. Кўп диний уламолар араб тилини билар эдилар-у, ўзбек тилида иккита жумлани қовуштириб ёзолмас эди. Анвар ака ана шундай атоқли даъвогарларни ҳаммасини биттама битта илму маърифат қуроли билан мағлуб этиб, Қуръони каримни таржима қилишга ҳақдор инсон Алоуддин Мансур эканлигини исботлаб берди, жангда ғолиб чиқди.
Алоуддин ака бу жангларда бирор марта қатнашмаган, Тошкент муҳитидан узоқда, Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида яшар эди. Бу ўша пайтдаги энг одил, энг адолатли, энг ҳаққоний танлов эди. Таржима 23 ой давом этди. Шарқ юлдузи журналининг йигирма уч сонида ойма ой босилди. Анвар ака Қорасув шаҳрига йигирма уч ой қатнади. Таржима қўлёзма ҳолида келар, кўпгина сонларини мен машинкалаб берар эдим.
Ва бу шарафли ишдан бошим осмонда эди. Чоп этиш жараёни ҳам силлиқ кечмаган, “Шарқ юлдузи” журналини ёпиб қўйиш даражасида жанжаллар ҳам бўлган, журнал Бош муҳаррири Ўткир Ҳошимов жасорат кўрсатиб, масалани Ислом Каримовгача кўтариб чиққан, Ислом Каримовнинг изни билан, чоп этиш ишлари яна давом этган эди. Қуръони карим журналда тўлалигича босилиб чиққач, “Чўлпон” нашриёти уни бир миллион нусхада чоп этди ва не ажабки, бир миллион тиражда ўзбек тилида чоп этилган Қуръони карим бир ҳафтада халқимиз орасида тарқалиб кетди. Бундай ҳодиса ўзбек матбуотида ҳечқачон содир бўлмаган эди.
Ўзбекистонга ислом дини кириб келиши билан бирга, бир қанча диний оқимлар ҳам кириб келаётган эди. Анвар ака кўпгина диний оқим вакиллари билан юзма юз кўришиб, уларни бу йўллардан қайтаришга, аҳли сунна вал жамоа аҳлидан бўлишга, фақат Қуръон ва суннат амаллари билан яшашга, янги чиққан диний оқимларга эргашмасликка чақирганини ўз кўзларим билан гувоҳи бўлганман. Обид қори билан ҳам бир неча бор дўстона музокаралар олиб борганини, у кишини шошилмасликка, масалаларни кескин қўймасликка чорлаганини ҳам ўз кўзларим билан кўриб, ўз қулоқларим билан эшитганман. Тошкентда ваҳҳобийларга қарши мардонавор курашган биринчи одам ҳам Анвар ака бўлади.
1999 йилги Тошкентдаги портлашлардан энг кўп зарар кўрганлар, мусулмонлар бўлди. Хужрада Қуръон ўрганишлар тўхтатилди, масжидга номоз ўқишга борганлар таъқибга олинди, хижоблар ечилди, диний китоблар чоп этилиши кескин камайиб кетди, соқол қўйганлар ҳаммаси назоратга олинди, мусулмонлар йиғилиб ўтириши маън қилинди, ароқ вино сотилиши кескин кўпайди, спиртли ичимликлар сотилмайдиган ошхоналар ёпиб қўйилди, уйидан диний варақалар, китоблар топилганлар қамалди. Қуръон, ҳадисни ўрганишни истаган оддий одамларнинг олдига ҳам қаттиқ тўсиқлар қўйилди. Етмиш йил мобайнида динга ташна халқ яна ташналик гирдобига ташланди.
Кўпгина бегуноҳ, ҳали дин нималигини тушиниб етмаган ёшлар айбсиз айбланиб узоқ йилларга қамалиб кетди. Бундай аччиқ қисмат Анвар аканинг шогирдларини ҳам четлаб ўтмади. Бир сафар Анвар ака бир шогирди қамалганини эшитиб, Ички ишлар бошқармасига борганди, «Бу болани ҳеч қандай гуноҳи йўқ, буни мен яхши биламан, бунга мен кафолат бераман, буни ҳибсдан чиқаринглар, агар чиқармасаларинг, мени ҳам қўшиб қаманглар,” деб туриб олган, тонгача бошқармада бирга ўтирган ва ниҳоят Анвар акани таваллоси билан болани ҳибсдан эсон омон олиб чиққан эдик, агар олиб чиқилмаганда болани ўн беш йилга қамаб юборишлари аниқ эди. Бу битта мен ўз кўзим билан кўрганим, Анвар ака ўнлаб болаларни қутқарганлигини кўпчилик айтиб юради.
Анвар ака ваҳҳобийларни, акромийларни, нурчиларни ва бошқа бир қанча радикал исломий оқим эгаларини очиқдан очиқ танқид қилар, жоҳиллар, дин бузғунчилари, қузғунлар, муртадлар деяр эди. Ўшалар ўз жоҳиллигини намойиш этди. Анвар ака билан дин тўғрисида баҳслашмади, музокара ўтқазмади, юзма юз орани очиқ қилмади, Қуръон ва Ҳадисдан далил келтириб, ким тўғри, ким нотўғри йўлдалигини исботлаб бермади, илм билан ғолиб келмади, ваҳший йитқичлардай иш тутди, Анвар аканинг танасининг тўққиз жойига ханжар санчди, сўнг қўрқоқ итдай қочиб кетди. Анвар ака Худонинг марҳамати билан мўъжизавий ҳолатда омон қолди.
Мана шу кунларда ҳам Анвар ака билан бирга эдим. Анвар ака энг оғир ҳолатда оғриқлар азоб берганда ҳам, кейинчалик соғайиб кетганларида ҳам, “фалон гапни бекор айтган эканман, шу гапим учун, шу ҳолга тушдим, шу ҳолга тушишимга хукумат айбдор, ёки фалончи айбдор, хукумат энди менга фалон ишни қилиб бериши” керак деганга ўхшаш миннатли гапларни умуман айтгани йўқ, айтиш хаёлига ҳам келгани йўқ, бу ишларни фақат ягона Оллоҳ учун қилдим, Оллоҳ учун шаҳид кетсам, қисматимдан мингдан минг розиман, деган сўзларинигина эшитдим, халос.
Анвар ака Ислом Каримов бир неча бор тақдирламоқчи бўлганида рад этган эди. Умуман олганда, Анвар ака билан 28 йил бирга бўлган бўлсак, бирор марта иқтисодий мавзуда сўзлашмаган эканмиз. Анвар ака, фақат Қуръону ҳадисдан, фақат Навоийдан, фақат Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асаридан, Шайх Алоуддин Мансур айтган сўзлардан гапирар эди. Бирор марта пул олди берди қилмаган эканмиз. Ҳатто, Анвар ака пул санашни ҳам билмаса керак деб ўйлайман.
Маъракаларда, тўйларда, жанозаларда, худойиларда Анвар акага пачка пачка пуллар тушар, Анвар ака худди қоғозни тарқатгандай уларни камбағалларга, етим есирларга, гадойларга, эҳтиёжманд оилаларга тарқатиб юборар эди. Ҳеч кимдан ҳеч нарса таъма қилмас, бирон жойга фалонча пул берсанг, бораман демас эди. Юзлаб шогирдлари, нима эҳтиёжингиз бор, нима қилиб берай дер, аммо Анвар ака ҳеч кимга ҳеч бир иш юкламас эди.
Уйланаётганларида, оталари ҳовлининг этагида икки хонани ажратиб берган эди. Бир умр шу икки хонада икки ўғил, икки қизи билан яшадилар, на данғиллама жой, на дала ҳовли қилдилар. Президентлар, Бош вазирлар, Давлат маслаҳатчилари, Хокимлар билан ўн йилдан ортиқ ёнма ён, қадрдон, ёру-биродар бўлиб ишладилар, аммо бир парча ер, алоҳида уй жой сўрамадилар. Сўраганларида ишончим комил ҳеч ким йўқ демас, Анвар акани ҳурмати жойида эди. Вафот этганларида Анвар акани ўша оталари берган икки хонали уйдан чиқардилар.
2018 йил 4-апрель куни тонгда наҳорги ош маърузасидан кейин Анвар ака боши айланиб, йиқилишига бир баҳя қолади. Шофёри Алишер Анвар акани тутиб қолади ва оҳиста мошинага ўтирғизади. Анвар ака шаҳар Хокимиятида мажлис бор, етиб боришимиз керак деганда, Алишер унамай мошинани 16-шаҳар шифохонасининг кардиохирургия бўлимига ҳайдайди. Шифокорлар, Анвар акани текширган заҳоти, сизда инсульт бор, миянгиздаги шоҳ томирлардан бири ёрилиб, қон қуйилган, дейди ва бош чаноғини очиш учун Анвар аканинг яқинларидан рухсат сўрайдилар. Жарроҳлик амалиёти ўтқазилиб қон қуйилиши тўхтатилади ва лазер орқали қон томирларнинг ёрилиб кетган жойи беркитилади. Аммо Анвар ака ҳушини йўқотган, гапираолмас, ҳеч кимни танимас эди ва шу ҳолатда олтмиш тўққиз кун ётиб, эллик тўққиз ёшида, 2018 йил 13 июнь куни жума тонгида бу ёруғ оламни тарк этдилар, бу фоний дунёдаги сафарларини якунладилар.
“Ҳар бир инсон ўлим шарбатини тотгувчидир” деган ояти карима бор. Тақдир тақазосидан ҳеч ким қочиб қутулаолмайди. Аммо баъзида хаёлга турли туман шубҳали ўйлар келади. Соппа соғ одам нега тўсатдан ўлиб қолди? Ҳаётни севувчи, хушчақчақ ва доимо келажакка интилиб яшовчи инсон қайсидир қора кучларнинг қурбони бўлмадимикин? Тўққиз марта пичоқ санчган машъум кимсалар бу сафар бошқача макру-хийла ишлатмадимикин? Энди қоронғулик қаъридан бу саволларга жавоб топилармикин?
Анвар ака гўдакдек беғубор инсон эди. Бутун умр ҳаммага яхшилик қилиб ўтди. Бутун умр ҳаммани дуо қилди, ҳаммага Худодан яхшилик сўради, ҳаммани Худонинг паноҳида бўлишини, бало-қазолардан Оллоҳнинг ҳимоясида бўлишини тилади. Агар Ер юзида фаришта қиёфасида иккита инсонни кўрган бўлсам, бу биринчиси онам, иккинчиси Анвар қори акамдир. Анвар ака бутун умри мобайнида Расулуллоҳ саллоллоҳи алайҳи васалламга тақлид қилиб яшади. Пайғамбаримизни бутун жони жаҳони билан севди. Ҳар бир ишида, ҳар бир айтган сўзида, ҳар бир ҳатти ҳаракатида инсоният сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога тақлид қилди, эргашди, у буюк зотнинг йўлларидан юрди.
Кечалари таҳажжуд намозини то тонггача ўқирди, ҳар куни бир янги китоб мутолаа қиларди, бир лаҳза бўлсин илм олишдан, ўқиб ўрганишдан тўхтамасди. Энг катта фан, инсонлар қалбига кириб бориш, инсонлар қалбига илму-маърифат, ҳидоят, эзгулик нурини олиб киришнинг энг катта билимдони эди. Қанча –қанча шоҳу-гадонинг, хокиму-ҳунарманднинг қалбини забт этиб, уларнинг юрагида исломга улкан муҳаббат, эъзоз ва эҳтиром уйғота олган эди. Менга ўхшаган юзлаб шоир-у ёзувчиларга, “шоирларга эргашганлар адашурлар, илло иймон келтирганларигина бундан мустаснодир,” деган ояти шарифнинг мазмун моҳиятини ўргатган ҳам шу Анвар акадир.
Мана, Анвар ака бу ёруғ оламни ҳам, ўша машъум соатни ҳам, ўлмасидан олдин эгалланган амални ҳам, ғийбат ва ҳасад дарғаларини ҳам, ҳамма ҳаммасини ташлаб кетди. Илоҳо, қолганларга инсоф берсин. Анвар ака жумла жаҳон мўъмин мусулмонлар иймонли, тақволи, илму-ирфонли, дину-диёнатли бўлишини орзу қилиб яшади. Илоҳо, ўша кунлар тезроқ етиб келсин. Зеро, ўша кунларда Анвар акадай инсонларнинг, илму урфон фидоийларининг, дину диёнат йўлининг оловли йўлларини босиб ўтган буюк йўловчиларнинг қадрига кўпроқ етсак ажаб эмас.
Анвар ака ! Зеро, Ер юзида токи бирор инсофли инсон бор экан, токи Ер юзида ислом дини бор экан, токи Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳи алайҳи васалламнинг суннатлари яшар экан, токи Қуръони шариф Ер юзини бошқарар экан, то қиёматгача Сиз қалбларимизда, дуоларимизда, тилакларимизда, кўнглимиз ардоғида абадул абад яшайверасиз. Боқий дунёга сафарингиз бехатар бўлсин. Қиёматда дийдор кўрушгунча алвидо азиз Устоз !
МУҲАММАД ИСМОИЛ

Мухаммад Исмоил окажон!!!
Анвар кори ака сиз айтгандан хам зур булиб чиксинла ИЛОХО!!!!
лекин сиз айни мана Анвар Корика макташдан тинмаган КАРИМОВ кимлигини ва нималар килганлигини хам ёзиб чикинг а!!!!