Карим Баҳриев: Турк тасаввуф шеъриятидан – Сидқий ва Сайроний
ТУРК ТАСАВВУФ ШЕЪРИЯТИДАН
СИДҚИЙ
Сидқий Сорғун яқинидаги Тифтик қишлоғида Ҳусайн Афандининг оиласида 1896 йилда туғилган. Илк таҳсилни, диний билимлар ва Қуръони Карим сабоқларини қишлоғида Ҳофиз Хўжадан олган шоир Кўнёда мадраса кўрган ва Сорғуннинг турли ерларида масжидларга имомлик қилган. 1961 йилда она қишлоғида вафот этган.
Қодирия тарқатига мансуб бўлган Сидқий имомлик ва муаллимликдан ташқари нонини ҳалоллаб еган барча сўфийлар каби касб қилган, яъни у деҳқончилик билан машғул бўлган. Шеърлари тасаввуф ва дин мавзуларидадир.
Эй кўнгил, сен яна ғофил бўлдингми,
Аммора тоғининг тумони келди.
Саҳарларда ёнгин, ёлвор Аллоҳга,
Истиғфор айтмоқнинг замони келди.
Зое этма фарзни, эй кўнгил, уйғон,
Гумонни қувмасанг, аҳволинг ёмон.
Тавхид чўқмори-ла ҳайдалар тумон,
“Иллолоҳ!” – демоқнинг замони келди.
Ошиқсан, ҳолингни ажалга тутма,
Сокин бўл, нафсингнинг кетидан кетма.
Омон саҳарларда уйқуда ётма,
Кун-тун йиғламоқнинг замони келди.
Сиррул-Азиз Тавхид эшигин очди,
Биродарлик меҳри сел каби тошди.
Тур, умринг карвони сархаддан кечди –
Сидқий, тизларингнинг дармони келди.
Карим БАХРИЕВ таржимаси

ТУРК ТАСАВВУФ ШЕЪРИЯТИДАН
САЙРОНИЙ
Сайроний 1800 йилда Қайсари ўлкасининг Омза (Жомикабир) маҳалласида таваллуд топган. Асл исми Махмуддир. Ҳам ҳижо, ҳам аруз вазнида шеърлар ёзган. Сайронийнинг тасаввуфнинг Бектошия, Нақшбандия ва Қодирия тариқатларидаа бўлгани айтилади. 1866 йилда вафот этган Сайронийнинг қабри Даволи лицейининг ҳовлисидадир.
ЭСКИ ЛИБОС КАБИ
Эски либос каби ошиқнинг кўнгли,
Йиртилса ямоқсиз тикилмас экан.
Сенинг севгилингдир бу инжа белли,
Ҳар гўзалнинг жабри чекилмас экан.
Булбул шохдан шохга югурар бехос,
Ишқнинг жазбасидан йиғлайди уввос,
Ишқнинг игнаси-ла тикилган либос
Қиёматга қадар сўкилмас экан.
Севгилим, бунақа эмасдинг азал,
Муҳаббат боғига туширдинг ғазал.
Ипакдайин инжа севикли гўзал
Магар пўлот каби букилмас экан.
Сайронийнинг кўзи ғам-ла ёш эмиш,
Менинг дардим бор дардларга бош эмиш.
Мен кўнглимни тупроқ дердим – тош эмиш,
Магар тошга уруғ экилмас экан…
Карим БАХРИЕВ таржимаси
