Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Муҳтарам диндошлар, азиз ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар, сизларни кириб келган Қурбон ҳайит байрами билан табриклаймиз! Аллоҳ таолодан ушбу кунда қиладиган тоат-ибодат, солиҳ амал ва қурбонликларимизни Ўз даргоҳида қабул қилишини ва гуноҳларимизни мағфират этишини сўраймиз.

Кўпчилигимизга маълумки, қурбон ҳайитида жонлиқ сўйиш Аллоҳнинг халили бўлмиш Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир. Зеро, Аллоҳ таоло у зотни синаш учун суюкли ва кўзининг оқу қораси бўлган ўғли Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилиб, сўйишга буюрган эди. Иброҳим алайҳиссалом Раббисининг буйруғига сўзсиз итоат этиб, жона-жон фарзандини сўйишга азму қарор қилди. У ўғли Исмоил алайҳиссаломга ушбу илоҳий фармон ҳақида хабар берганида у:  “Эй отажон, Парвардигор томонидан буюрилган ишни қилинг. Иншааллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсиз”, деб жавоб берди. Аллоҳ таоло ота-ўғилнинг Унга бўлган садоқатини кўргач, қурбонлик қилишлари учун Исмоилнинг ўрнига бир қўчқорни нозил қилди. Дарҳақиқат, бизлар ҳам Аллоҳ йўлида молу жон, отаю она, ҳатто кўзимизнинг қорачиғи бўлмиш фарзандларимизни ҳам қурбон қилишга тайёр эканимизни ифода этиш учун Иброҳим алайҳисаломнинг мазкур суннатига эргашишга буюрилганмиз.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ислом дини ривожи йўлида хизмат қиладиган ва шу йўлда жону молларини фидо қиладиган бандалари қаторида қилсин. Шунингдек, У Зотдан дунёнинг турли ерларида зулм чекаётган мазлум биродарларимиз ва опа-сингилларимизга ёрдам беришини ва келгуси йилларда улар ҳам қурбон байрамини шоду хуррамлик билан нишонлашларини насиб этишини сўраб қоламиз. Омийн!

БОШ САҲИФА