Пўлат Гадоев ўқишни битирганидан сўнг 1968 йилдан эътиборан Тошкентда қолиб, “Совет Ўзбекистони” газетасининг “Ахборот ва Спорт” бўлимида иш бошлади. Ўтган асрнинг етмишинчи йиллар бошида ҳали ўттизга ҳам тўлмаган навқирон йигит “Совет Ўзбекистони” газетасининг Қашқадарё вилояти бўлйича махсус мухбири бўлиб фаолият юритди.
Пўлатжоннинг Қашқадарёлик устозлари Самад Қодиров ва Самар Нуровлар ёш ва ғайратли журналистга йўлланма бериб, уни бу юксак ишончга муносиб кўрган эдилар.
Аҳмаджон Мухторов “Халқ Сўзи”га Бош муҳаррири бўлиб тайинланганидан кейин Пўлат Гадоев “Халқ Сўзи”нинг Қашқадарё вилояти бўйича махсус мухбири бўлиб иш бошлайди. 1991 йилдан чиқа бошлаган “Халқ Сўзи”нинг у пайтдаги мавқеи ва тиражига ҳамма ҳавас қиларди.
Кўп ўтмай барча ўткир журналистларга бўлган кўролмаслик ва адоват Пўлат Гадоевни ҳам четлаб ўтмади. Унга нисбатан тўҳмат уюштирилиб, уч-тўрт йил ҳибсда ўтиришга маҳкум этилди. Кейин оқланди ва яна журналист бўлиб ишлай бошлади. Унинг ўз даврида Қашқадарё обкомининг қудратли ва довруғли биринчи секретари Рўзмат Ғойибов билан яккама якка олишганини у кишининг курсдошлари Шароф Убайдуллаев менга ҳикоя қилиб берган эдилар.
Қамоқдан кейин Пўлат Гадоев янги ташкил этилган “Ҳуррият” газетасининг Қашқадарё бўйича мухбири бўлиб ишлади. Ишлаганда ҳам фидокорлик ва матонат билан ишлади.
Яқинда у киши Шароф Убайдуллаевга телефон қилиб, саломатлигидан нолиб, “Исмат Хушевни менинг номимдан ҳам юбилейи билан табриклаб қўйинг” деб айтган экан. Буни менинг тадбиримни ўтказиш учун Китобга келган устозими Шароф Убайдуллаев айтиб берган эдилар…
Қашқадарёлик машҳур журналистлар Самад Қодиров, Самар Нуровларнинг садоқатли шогирди, Михли Сафаров, Муса Каромовларнинг дўсти ва сафдоши Пўлат Гадоевнинг порлоқ хотираси қалбларимизда абадул абад яшаб қолади…