Шавкат Мирзиёев: Халқим бахтли бўлса, мен бахтлиман!
Ўзбек икки нарсага пулни аямайди: Нонга ва уйга — кўчада қолса, дарбадар бўлади…
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
1.
Ўтган йили — Президент ташаббуси билан мамлакатда янги давр бошланганида халқ уни ниҳоятда кўтаринки руҳда кутиб олди.
Энди шуни маҳкам ушлаш керак.
Бултур Шавкат Мирзиёев 500 та «Дом» қураман деди, минг раҳмат унга.
Давлат раҳбарининг бу оқилона ташаббуси билан жами 668 та дом қуриладиган бўлди. Бу — 30 минг квартира ва уй-жой дегани. Уларнинг ичида 16 қаватли «Дом»лар ҳам бор.
Президент бу соҳада жуда катта мўлжални олди. Отасига раҳмат!
Шунинг шарофати бўлса керак — Тошкентда квартира ташлаб юборди…
2.
Ҳатто Совет даврида ҳам уй-жой қуриш бўйича бундай юксак чўққига чиқилмаган.
Бугун Ўзбекистон жуда катта — беҳад ва беҳудуд қурилиш майдонини эслатади.
Агар таъбир жоиз бўлса, 1966 йилги зилзиладан кейинги Тошкентни эслатади Шавкат Мирзиёевнинг бу улкан одимлари. Лекин у даврда зилзиладан вайрон бўлган пойтахтни бутун СССР — 15 республика бир тану, бир жон бўлиб қурган эди. Тошкентдаги Ц-1 дан то Ц-30 гача…
27 йил мудраган ва тамомила таназзулга юз тутган, вайрон бўлган бугунги Тошкентни эса Ўзбекистоннинг бир ўзи — жасоратли Президенти Шавкат Мирзиёевнинг одамларга хамхўрлик ва меҳрибонлик руҳи билан йўғрилган доно ва оқилона сиёсати билан қураяпти…
3.
Ўзбекистон Президентининг бу борадаги намуна ва ташаббуслари мақтовга лойиқ.
Мен Ватанга май ойидаги олдинги борганимда 14 вилоятни бирма бир айланиб чиқиб, мамлакатдаги улкан бунёдкорлик ишларини ўз кўзим билан кўриб, ишонч ҳосил қилган ва туркум телекўрсатувлар тайёрлаб қайтган эдим.
Бугун Тошкентга борган одам уни таний олмай, ажиб ҳайратларга ошно бўлади. Тошкент бугун тамомила қайта қурилмоқда, гуллаб яшнамоқда.
Масалан у олимлар шаҳарчаси ва илмни бир жойга тўплаяпти. Уларни битта жойда қураяпти.
Метро олиб бораяпти.
100 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ажратди бу борадаги кашфиёт ва лойиҳаларга.
Ўзбекистон илм фанига бундай ғамхўрлик ҳеч қачон бўлмаган…
4.
Шавкат Мирзиёев биз оз олдинроқ Ўзбекистонда Атом Электр Станциясини қурамиз деди.
Унинг бу сўзларидан бутун Осиё ҳайратга тушди.
Чунки улар Шавкат Мирзиёевнинг бир сўзли, қатьиятли ва шижоатли давлат раҳбар эканини яхши билишарди.
Яқинда Президент Атом Электр Станцияларидан бир эмас — учтасини қурамиз деди.
Ўзбекистоннинг бу шахдам қадами ва шонли Қароридан энди бутун дунё ҳайратга тушди.
Шавкат Мирзиёев бир ярим — икки йил ичида бутун дунёга ўз сўзига масъул жасоратли арбоб эканини аллақачон исботлаб қўйди.
Юртимнинг катта ва порлоқ келажагидан ёрқин нишон эди бу…
5.
Ҳа, Ўзбекистонда Атом Электр Станициялари қуришга Қарор қабул қилинди.
Шавкат Мирзиёев АТС дан бир эмас, мамлакатдаги бутун имкониятни ишга солиб, учтасини қурамиз деди.
Нега учта?
Менинг назаримда Ўзбекистонда учта регион бор: Фарғона, Тошкент ва Самарқанд региони.
Фарғона региони деганда — Андижон, Наман ва Фарғонани ўз ичига олган бутун Водий тушунилади.
Тошкент, Сирдарё ва Жиззах — Тошкент регионига киради.
Самарқан региони эса — Самарқанддан то Бухоро ва Навоийга қадар бўлган улкан ҳудудни ўз ичига олади…
Бу менинг тахминларим, холос.
Нима бўлганда ҳам бу учала қудратли Атом Электр Станциялари эрта бир кун Ўзбекистонда қурилса — ўзбек халқига бутун дунё ҳавас билан қараши шубҳасиз…
6.
Атом Электр станицяси — фақат қувват ва шафоат, ғайрат ва шижоат дегани эмас. У Ватаннинг келажаги, порлоқ истиқболи дегани ҳам!
Ўзбекистон ҳозир ўз қазилма бойликларидаги тўрт-беш миллиард кубометр газни — электр энергияси ҳосил қилиш ва яратиш учун ишлатяпти.
Атом Электр Станциялари ишга тушса, мана шунча миллиард кубометр газ тежалиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий тарақиёти учун хизмат қилади.
Бу билан мамлакатда 27 йилдан бўён ҳал этилмай келинган газ муаммоси узил- кесил ҳал бўлади.
Ўша тежалган иқтисод ҳисобига…
7.
Олдин Шавкат Мирзиёев мамлакатда 50 нафар ихчам-ихчам гидроэлектр станциялар қуришга қарор қилган эди.
Бу жажжи электр иншоотлари — Теплицалар жонига оро кириши, уларни янада кенгайтириш ва кўпайтириш учун жуда зарур.
Масалан, бир гектар теблица 50 -100 нафар кишигача иш ўрнини беради. Энг кўп — гулчиликда. Бир пайтлар бу билан ўзим шуғулланганман, яхши биламан.
Жажжи ва ихчам гидро электр станицялар бу ўз йўлига. Улар керак.
Лекин Атом Электр Станциялари — бу энди бошқа гап, бу энди Ўзбекистонни нафақат Марказий Осиёда, балки — бутун дунёда ўз ўрни ва овозига, ўз сўзи ва парвозига эга бўлишидан далолат беради.
Бир сўз билан айтганда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг жуда кўп нозик муаммоларини яхши ва мукаммал билишини, мамлакат тараққиёт йўлини тўғри ва аниқ белгилаб олганини кўрсатади…
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА
Ҳеч бир миллат уй жойсиз тўла бахтли бўлолмайди.
Осмонга дўпписини отиб, ҳар қанча бахтлиман деб ҳайқирмасин, уйи жойи бўлмаса — барибир бекор.
У: «дориламон кунлар келди, шафақлари ол! Мен бахтлиман, сен ҳам келиб ёнгимда қол!» деб ҳар қанча куйламасин, қўшиқ айтмасин, лекин яшаш учун бошпанаси бўлмаса — ҳеч қачон тўла бахтли бўломайди.
Шунинг учун бўлса керак Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг жуда катта қудрат ва шиддатини — ижтиоий аҳамиятга эга бўлган бунёдкорлик ишларига — қурилишларга бурди.
Яна бир марта такрорлаймиз: 30 минг квартира — совет даврида ҳам маррага олинган эмас эди. Ўшанда собиқ СССР Ўзбекистон учун бир миллион квадрат метр уй жой қуриб берди.
Тошкентда квартира «Сан ол, ман ол» бўлиб қолган эди.
Тошкент Трактор заводи, Чкалов номидаги Самолётсозлик ва Авиация Бирлашмаси, Алгоритм ва Фатон каби стратегик аҳамиятга эга бўлган қурилиш ва объектларда ишлаётган ишчи ва хизматчилар бир йилга қолмай квартира олишлари муқаррар эди.
Не бахтки, бугун Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистондаги юз минглаб одамларга ана ўша совет давридаги — уйли жойли бўлишдек ширин орзу умидларни яна қайтариб бермди.
Бу билан жасоратли ўзбек Президенти кейинги йилларда бутун дунёга тарқалиб, пароканда бўлиб кетган жафокаш халқини — Ватанга ва энг муҳими — оилавий бахтга қайтаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бўлса, не ажаб.
Шавкат Мирзиёев буни куни кеча намойиш этилган: «Жаноб Президент» номли ўзи ҳақидаги фильда: «Халқим бахтли бўлсагина мен ўзимни бахтли Президент деб биламан!» деб бежиз айтмаган кўринади…
Ҳа, уйи ва бошпанаси бор одамгина — тўла бахтли бўлади. Бу билан у ўзбек халқини ишсизлик балосидан ҳам қутултиришни мақсад қилиб қўйган. Ахир бу қурилиш майдонлари неча юз минглаб одамга иш ўринлари беради. Ишсизлик йўқолади. Буни ҳам унутмаслик керак…
Ўзбекистон шиддат билан ёруғ ва мунаввар истиқбол томон бормоқда. Паровоз — тортаяпти. Локоматив — кечаю кундуз ишлаяпти. Поездлар ҳали ўзини йиғиштириб ололгани йўқ. Вагонлар юкни тортиш нари турсин, баъзан ҳатто орқага ҳам тортаяпти.
Ўтган куни Дон маҳсулотлари вазири ва унинг куёви порахўрликда айбланиб, озодликдан маҳрум бўлди. Кеча Самарқандда Туроб Жўраев ўз ҳокимлик кабинетида пора билан ушланиб, ҳибс этилди. Бугун Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек туман прокурори 50 минг доллар билан қўлга тушди.
«Қонуни бузмай, ҳалол ишлайман!» деб бир неча бор қасам ичган бу муттаҳам мулозимлар Президентнинг бугунги сиёсатига доғ тушираяпти. Унга хиёнат қилишяпти. Буни бошқача аташ мумкин эмас!
Яна такрор айтаман: «Ҳалол ва пок бўламан!» деб етти мартадан қасам ичган улар бу лавозимга ўтирган пайтда. Улар қасамни ҳам ичаверади, порани ҳам олаверади.
Шунинг учун ҳам биз Ўзбекистонда кўрган кечирганларимизни ҳикоя қиларканмиз, олий раҳбарият ва қуйи бўғиннинг баъзи мулозимлари Президент сиёсатини саботаж қилишяпти деб бежиз айтмадик.
Рус тилида буни «Тихий саботаж» деб аташади…
Ҳақиқат букилади, лекин синмайди. Бугун бутун Ўзбекистон жасоратли Президент Шавкат Мирзиёевнинг ана шу букилмас ва синмас ҳақиқати, одамларни уй-жой билан таъминлашни олий мақсад қилиб қўйган меҳр муҳаббатли халқпарвар ва инсонпарвар сиёсати деб, бир ёқадан бош чиқариб, меҳнат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон карвони ўз сарбони билан жуда катта ва улуғвор марраларни кўзлаб йўлга чиққан. Муқаддас йўлга. Халқ бахт саодати томон элтувчи йўлга.
Мен Шавкат Мирзиёевни яхши биламан. У айтган сўзини қиладиган, кўзлаган маррасига, ёруғ ва мунаввар манзилига муқаррар етадиган, бир сўзли раҳбар.
Жасоратли ўзбек Президентининг ўз халқи бахт саодати йўлидаги бу меҳнат ва шижоати яқин йилларда шак-шубҳасиз ўз самарасини беришига ишониб қайтдик Ўзбекистондан!