Журналист Дадахон Ёқубовдан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга
Ассалому алайкум, азиз дўстим Исматжон!
Соғ-саломат Ўзбекистонга бориб келганингиз хабарини эшитиб бошим осмонга етди. Катта ижодий ва ташкилий меҳнатларингиз бекор кетмаганидан ниҳоятда мамнун бўлдим. Бу фақат буюк ижодкорларгагина насиб этади. Соғлиқ, бахт ва улкан омадлар Сизга ҳамиша ёр бўлсин!
Исматжон, дўстим!
Сиздан илҳомланиб камина ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентига “Очиқ мурожаатнома” билан чиқдим. Ушбу мурожаатнома матнини Сизга ва мухлисларимизга юбормоқдаман.
Давлатимиз раҳбари мен билан боғлиқ масалаларни ечиш орқали, минглаб менга ўхшаган фуқаролар тақдирини тўғри ўзанга солиб юборишига ишонаман. Вертуаль қабулхонага юборилган”Очиқ мурожаатнома”ни “Дунё ўзбеклари”да чоп этсангиз, зора мушкулим осонлашса.
Ҳурмат ила Дадахон Ёқубов.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевга
Тошкент шаҳар, Учтепа тумани,
3-Дилкаш тор кўчаси 12 уйда яшовчи фуқаро
Дадахон Ёқубовдан
ОЧИҚ МУРОЖААТНОМА
Ассалому алайкум, муҳтарам Шавкат Миромонович!
Камина Дадахон Ёқубов, собиқ Ўзбекистон халқ депутати, тележурналист, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўта муҳим топшириқлар бўйича ёрдамчиси (1990-93) йилларда, Ўзбекистон санъат арбоби, Меҳнат шуҳрати ордени нишондори, Собиқ Халқаро “Наврўз” жамғармаси раиси Сизга Очиқ мурожаатнома билан чиқишга қарор қилдим.
Ҳурматли Президент!
Бугунги кунда Мамлакатимизда олиб борилаётган инқилобий ва адолатли ўзгаришлар бошида Сизнинг халқпарвар сиёсатингиз турганини нафақат халқимиз, балки бутун дунё мамлакатлари яхши идрок этмоқдалар. Кейинги пайтда бу ўзгаришлардан руҳланиб, қочувда бўлишимга қарамай Вертуаль қабулхонага бир неча таклифлар билан чиқдим. Улар ижобий қабул қилинди. Бундан жуда миннатдорман. Аммо Халқаро “Наврўз” ҳайрия жамғармаси ҳамда менинг шахсий инсоний ва фуқаровий ҳақ-хуқуқларим адолатсиз равишда, қонунларга зид тарзда паймол этилмоқда. Шундай ўзгаришлар бўлаётган пайтда четда туришни ҳамда юзи қоро бўлиб туҳмат балосидан қутулмай ўлиб кетишни истамайман.
Мени шахсан ўзингиз қабул қилишингизни илтимос қиламан. Буни ҳаётимнинг сўнгги нафасигача умид билан кутаман.
Эҳтиром ила Дадахон Ёқубов.
23 май 2018 йил. Тошкент.
Мурожаат рақами |
69302-s/18 |
Текшириш коди |
4085379973 |
Хурматли Дадахон ака. Жуда кучли яхши юристлар билан Сизнинг муаммоингизни мухокама қилганмиз. Сизни масалангиз фақат жойида ечимини топар экан. Вақтни бой берманг. Юртимизга келинг. Лекин барча ОАВ ларга келиш кунингиз хақида хабар юборинг. Очиғи қисқа суриштирув ва суд жараёни билан муаммоингиз ижобий томонга хал бўлади. Америкалик хукукшунос Рустамакадан хам маслахат олинг албатта. Иншаоллох.