МХХ ходими гувоҳлигида қабул қилиб олинган олтин динорнинг аянчли тақдири…
«Дунё ўзбеклари»
халқаро газета Бош муҳаррири Исмат Хушевга
журналист Мирёқуб Қобиловдан
Ҳурматли Исматбек.
Дунёга машҳур нашрингиз ёрдамига муҳтож бўлиб, Сизга мурожаат этишга қарор қилдим.
Ўзбекистон Олий раҳбарияти, Олий суд, прокуратура, куч ишлатар тизимлари ва хусусан, хавфсизлик хизмати раҳбарлари синчковлик билан ўқиб бораётган сайт бўлгани учун ҳам айнан Сизга мурожаат этишга қарор қилдим.
Тарихий аҳамиятга эга бўлган топилдиқ — олтин динор ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу мактубимни чоп этсангиз, зора унда кўтарилган муаммолар керакли давлат идоралари эътиборига тушиб, ўзининг муносиб баҳосини олса.
Ҳурмат билан,
Қобилов Мирёқуб,
Журналист. Тел. (90) 936-99-47 .
Тошкент шаҳри, Ўзбекистон
Мозийдан келган меҳмон ёки “хўш келибсиз, Кушон шоҳаншоҳи Канишка ҳазрати олийлари!
Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очувчи топилманинг аянчли қисмати ҳақида
Пайшанба шаҳарчасида яшайдиган кичик тадбиркор (Тошкентдаги Янгиобод эски-туски бозоридан Пайшанбага темир-терсак, лопатка- кетмон олиб келиб сотарди) Собир Қурбонов 2008 йилнинг баҳор ойларида қўлига тушган бироз пулга онаси яшаб турган ҳовлидаги ўтган асрнинг ўрталарида қурилган, яроқсиз ҳолга келиб қулаб тушиш ҳолатида бўлган хароба кулбани бузиб ўрнига янги хона солмоқчи бўлди. Эски иморатни бузишда хашарга келган поччаси Эркин акага ва жияни Обидга қараб ҳазиллашди.
“ Билиб қўйинглар, агар тилла- пилла топиб олсангизлар яширмасдан ўзимга берасизлар”, деди. Чунки ҳар бир Пайшанбалик ота-бобосидан қолган эски иморатни бузаётганларида, кўнглининг бир бурчагида “зора тилла тўла хумча чиқиб қолса”, деган хом хаёлга боради. Собир ўша заҳотиёқ айтган гапини унутиб ўз иши билан бозорга кетди. Ишдан қайтиб келса онаси унга жияни кесаклар орасидан тасодифан топиб олган бир сариқ тангани кўрсатди. Собир бу сариқ чақага узоқ тикилиб қолди. Унинг юрагини ҳаяжон қоплади. Танганинг тиллалиги учун эмас. Танганинг икки бетидаги ғаройиб суратлар ва ёзуви учун. Ёзувлар арабий эмасди. У мактабда ўқиб йиллари ўқувчилар ижодиёти уйида эски араб ёзуви ва форс тили тугарагига қатнашган эди. Ҳатто мактабни тугатгач икки йил 93 — 94 йиллари шарқшунослик институтига имтиҳон топшириб яхши баҳо олган бўлсада, талаффузингиз форсча эмас хиндчага ўхшайди, деган баҳоналар билан танловдан ўтаолмаганди. Ҳарфлар грек лотинчага ўхшаб кетарди. У ёзувларни ўқишга уриниб кўрди. Кейин уни қўрқув сурон босди. Энди буни нима қиламан? Тумандаги хокимият одамларига топширсамми?. Улар “ Сен бола бундай тангалардан кўп топиб олгансан, яширмасдан чиқарчи, қолгани қани?” деб ишонишмасаларчи? Кейин одамлар ўртасида тарқаладиган миш- мишларчи? деб ўйланиб қолди. Чунки, ўша пайтлар Пайшанба халқи орасида “ фалочанинг ҳеч вақоси йўқ эди. Уйининг олдидаги тепани бузаётганда олтин ҳайкалча билан ҳозирги юз сўмлик пулимизда акси туширилган хайвонга ўхшаган тиллакамар тўғасини топиб олибди. Буддани Хитойликларга , камар тўғасини арабларга сотибди. Мана шундан кейин данғиллама иморат солди, тагида қўшша- қўшша машинаси бор, икки марта ҳажга бориб келди” деган миш- мишлар юради.
“Яхшиси, бош оғриқсиз, тинчгина юрай”, дедида тангачани токчанинг бир бурчагига ташлаб қўйди.
2010 йил сентябрнинг ўрталарида мен туғилиб ўсган юртим бўлган Пайшанбага йўлим тушди. Бир вақтлар ўқувчилар ижодиёти саройида мендан араб ёзувини ўрганган Собир мени сўроқлаб келиб қолди. Мени ўз устози санаб топилмаси ҳақида гап очди. Олдинига мен унинг гапига унчалик аҳамият бермадим. Кечқурун у тангани менга кўрсатиш учунг олиб келди. Мен тангага қарашим билан ток ургандек сесканиб кетдим ва… сеҳрланиб қолдим. Мен ғойибдан келган бу сирли тангани суратга олдим. Тошкентга келиб Ўзбекистон энциклопедияси, Б.Ғофуровнинг Кушон давлати тарихи рисоласи ва интернет орқали кўплаб маълумотларни мароқ билан кўздан кечирдим. Энг ҳайратланарлиси, дунё музейларида намоиш этилаётган тангалар намунасида унга ўхшаган сифатли нусхани учратмадим.
Бу олтин динор миллодий 1- 3 асрларда қадимги дунёнинг энг буюк ва қудратли давлатлари Рим, Хитой ва Парфия — Сосонийлар Эрони билан бир қаторда юксалган, ҳозирги Ўрта Осиё, Афғонистон, Ирон, Покистон, Шимолий Ҳиндистон ва Шарқий Туркистон ҳудудларини қамраб олган буюк салтанат ҳукмдори шоҳаншоҳ Канишкалар сулоласининг бирига тегишли эканлигини англадим. Унинг ҳақида буюк аллома, Ватандошимиз буюк Беруний ҳам ўзининг “Ҳиндистон” асарида шундай маълумот ёзиб қолдирган экан. “Ҳиндларнинг Кобилда турклардан подшоҳи бўлган. У туркларга ўхшаб. эгнига тўн, бошига дўппи, оёғига махси кийган ва яроғ тақиб олган эди. У киши худди бир ихтирочи ва подшолик учун яратилган инсон учрайдиган таъзимга сазовор бўлди. Кейин ўша ерларни ўзига қаратиб,.ўзини Кобил шоҳи деб атади. Подшолик анча вақтгача, олтмиш йиллар чамаси унинг авлоди қўлида турган… Эшитишимга кўра, ипак матога ёзилган шу насабнома Нағаркат қальасида сақланар экан. Мен уни кўришга жуда қизиқдим, лекин баъзи сабабларга кўра кўришга имкон топилмадим. Уларнинг подшоҳларидан бири Каник- Канишка бўлиб, бунга Пурушовардаги Буддаҳа ибодатхонаси Виҳоранинг қуришга нисбат берилади, шунинг учун у Каник чайтъя дейилади..”.
Тангалар тарихдан гувоҳлик беради. Сир асрорларга тўла Кушон империяси тарихи буйича Англия, Ҳиндистон, Франция. АҚШ, Италия, Венгрия, Тожикистон, Афғонистон, Россия, Япония, Покистон сингари.мамлакатларидаги олимлар чуқур илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда. ЮНЕСКОнинг дастуридан ўрин олган. 1913 ва 1960 йилда Лондонда, 1968 йилда Душанбада, 1970 йилда Кобулда Марказий Осиё тарихи , археологияси ва маданиятини тадқиқот қилиш бўйича халқаро симпозиумлар ўтказилган.
Илгари ҳам гоҳида Пайшанбада турли топилмалар илгари ҳам топилиб тургани ҳақидаги миш-мишлар қулоққа чалиниб қоларди… Каттақурғон шаҳрида яшайдиган бир тарих ўқитувчиси ўз ўйида Кушон салтанати даврига оид жуда кўпгина ашёвий далиллар йиғилган музейча ташкил этганини, раҳбарлар уни қўллаб қувватламаётгани ҳақида ҳам эшитгандим.
Демак, Собирнинг онаси яшаётган ховлидаги девор кесаклари орасидан тасодифан чиқиб қолган бу олтин тангани пул ёки бойлик сифатида яшириб қўйилмаган. Ҳар ҳолда у асрлар давомида тупроқ қаърида кўмилиб ётган. Чунки ислом динининг сунний мазҳаби таасаруфидаги мамлакатларда, айниқса, “Бухоро қуввати исломи дин аст” деган худудларда бу пулни муомалада бўлиши мумкин эмасди. Агар у одамлар қўлига тушганда уни эритиб зеби зийнат тақинчоққа айлантириб юборган бўлишарди. Чунки мутаасиб руҳоний ва дин факиҳлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг “сурат ва расмли нарсалардан фаришта қочади”, мазмунидаги хадисларини рўкач қилиб фатволар чиқарганлар. Хатто ҳозирги кунларда ҳам айрим ақидапараст мутаассибларнинг рассом ва ҳайкалтарошларга “ сен қиёматда бу суратдагининг жонини қандай топиб берасан “ деган гапларни эшитиб қолиш мумкин.
Мен жонажон Ўзбекистонимиз тарихида янги саҳифа очувчи бу топилма билан Собирни табрикладим. Юртимиз худудида яшаб ўтган қадимги аждодларимиздан, бизгача етиб келган бу ноёб ёдгорлик халқимизнинг маданий бойлиги эканлигини унга тушунтирдим. Нопок қўлларга тушиб қолмаслиги учун уни тезда нуфузли идоралар орқали ҳукуматимизга, давлатимизга топшириши кераклигини маслаҳат бердим. У бунга дарҳол рози бўлди. Бунинг эвазига давлатимиз сени муносиб тақдирлайди, деб Собирни ишонтирдим.
Аммо ўзим шу пайтгача бирорта киши ҳовлисидан топиб олган хазинани давлатга топширибди деган гапни эшитмагандим. Ўтган асрнинг 80 йилларининг охиригача бундай тилла буюм топган кишилар уни дарҳол шу қишлоқда узоқ замонлардан бери яшаб келаётган яҳудий жамоасининг бирорта вакилига олиб бориб яширинча сотган. 1980 йил охири ва 90 йилнинг бошларида тиллани севадиган ва уни қадрлайдиган бухоро яҳудийлари узоқ йиллар давомида йиққанларини йиғиштириб ўзга ўлкаларга кўчиб кетишди. Шундан кейин тилла топганлар тўппа тўғри тиш духтирнинг олдига боради, дейишади.
Биз Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И.А.Каримов номига “хушхабар мурожаатнома” ёзиб девонга бордик. Хатимизни Х. Султонов хизмати ходими Бўрибоев қабул қилиб олди.
27. 10. 2010 йилда бу олтин динор ЎзР ФАнинг Яҳё. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти директори А.Э.Бердимуродов раҳбарлигида бир гуруҳ олимлар ҳайъати ( МХХ ходими гувоҳлигида ) томонидан жуда катта қизиқиш билан қабул қилиб олинди. Шу институтининг етук мутахассиси К.А. Абдуллаев уни Кушонлар подшоси Канишка 1 га тегишли эканлиги аниқланди. Бу ноёб олтин динорни қабул қилиб олганликлари ҳақида Собирнинг қўлига баённома ёзиб беришди.
Қурбонов Собир ўз виждони олдидаги ватанпарварлик бурчини бажарди. Энди у давлат қонунида кўрсатилганидек ўзига тегишли мукофот пулини олиши керак эди. Танганинг тарихий қийматини аниқлаш учун албатта қўшимча, экспертиза ўтказиш керак бўлди.
ЎзР ФАнинг бир гуруҳ олимлари ушбу танга юзасидан олиб борган тадқиқотлари ҳақида ўзларининг хулосаларини маълум қилишди..
Шарқшунослик институтининг иқтидорли ёш олимлари Ғайбулла Бобоёров ва Андрей Викторович Кубатин (ўзбек тилини мукаммал биладиган рус йигити): “Кушонларнинг олтин динорлари жуда саноқли эканлигини ҳисобга олганда, унинг Самарқанд вилояти ҳудудида топилиши катта илмий аҳамиятга эга бўлган кашфиётдир. Гарчи, Ўзбекистон ҳудудида Кушонларга тегишли тангалар саноқли топилган бўлсада, (масалан Ўз. Мил.Банк коллекциясидаги Хувишканинг олтин динори.) бизнинг билишимизча, республикамизда ушбу нусхадаги танга борлиги маълум эмас.” … “Кушон салтанати Ўзбекистонимизнинг давлатчилик тарихида ва ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихида муҳим аҳамияти эга”.
Ғарб тадқиқотчилари, шу жумладан Ўзбекистон археологларининг “отахони” ҳисобланган Э.В.Ртвеладзе фарази бўйича ҳам Кушон давлати аҳолисининг асосий таркиби (Тоҳаристон) эрон тилида сўзлашувчилар бўлган, деган назарияга қарши бу икки ёш олим, “кушонлар турк тилида сўзлашувчи халқлар бўлган, подшоҳлари ҳам турк бўлган (“Хиндистон”. Беруний), яъни ўзбек халқининг этногенизини ташкил этган аждодларимиз азалдан шу заминда яшаб келганлар”, деган 6 банддан иборат илмий далилларни баён этганлар.
Биринчи Президентимиз тарихчи олимлар билан бўлган сўҳбатда “ўзбек халқининг келиб чиқиш илдизларини Олтойдан эмас, шу она заминимиздан қидиринглар”,- деган эдилар. ЎзФА Саньатшунослик институти директори Ш.Р..Пидаев имзолаган хатда “Кушоншоҳларнинг олтин тангалари Ўрта Осиё республикалари ҳудудларида саноқли топилган… Шунинг учун Ўзбекистонда кушоншоҳ Канишка 1 олтин тангасини топилиши илмий жиҳатдан муҳим мазмун касб этади “, дебди.
Ўзбекистон энциклопедиясида (Ўз.Мил.Энцик. 5 т. 159 — 160 б.) …Хитой солномачилари томонидан қайд этилган манбаларга кўра академик Бартольд В.В ва академик Карим Шониёзовнинг аниқлашича “… Кушония ўлкасининг маркази ҳозирги Самарқанд вилояти, Каттақурғон шаҳри яқинида. Нами (Зарафшон) дарёсидан бир неча км жануброқда жойлашган деб кўрсатилган. У Сўғднинг энг обод шаҳарларидан бири ва Самарқанд юксалгунча қадар Зарафшон воҳасининг маданий маркази бўлган. …Кушония ҳокимининг тахти олтиндан ясалган, унинг саройи деворларига Ўрта Осиё, Эрон, Ҳиндистон ва Рим ҳукмдорларининг суратлари чизиб қўйилган..”. дейилган экан. Шарқшунослик институти илмий ходими, Хитой манбаъашуноси, тарих фанлар доктори Аблат Ходжаев бу манзилни “Сукэк шаҳри Бухоро билан Самарқанд ўртасидаги Пайшанбе ҳудудида жойлашган” ,- деб янада аниқроқ қилиб кўрсатган.
Ўтган асрнинг ўрталарида икки дарё оралиғи бўлган Миёнқолда, хусусан Каттақурғон тумани ҳудудида, Чуянчи қишлоғи яқинидаги тепаликда ва Пайшанбанинг Қапсоқ ота тепаликларида археололгик қидирув қазилма ишлари олиб борилган эди. Лекин бу маълумотлар аҳамиятга молик топилмалар орқали тасдиқланганлиги маълум эмас.
Аммо, кутилмаганда ана шундай далил ашё топилди.
Биз бу ноёб тангани Пайшанба шаҳарчасидан топилиши академик Бартольд ва академик Шониёзовларнинг илмий тадқиқотларини тасдиқловчи мўҳим бир ашёвий далил эканлигидан бениҳоят хурсанд бўлдик.
Аммо, хурсандчилигимиз кўп узоққа бормади. Ўзбекистон тарихи давлат музейи директор ўринбосари Арипджанов имзолаган хатда “фотосуратига қараганда бу олтин танга асл бўлиб, кушонлар подшоҳи Канишка 1га тегишли. Дарҳақиқат, ҳозирги Ўзбекистоннинг жанубий қисмида ва Тожикистонда топилган бундай тангалар жуда кам, Самарқанд вилоятида эса умуман қайд этилмаган. Шу сабабли у катта илмий аҳамиятга эга”, дебди-да хатнинг охирида, “бундай тангалар ғарбий Европа аукцион бозорида 300-450 доллардан зиёд турмайди.”,- деб баҳолабди. Арипджановнинг 2 минг йиллик тарихга эга бўлган бу ноёб , асл олтин тангани тиш духтирлари савиясидан ҳам паст даражада баҳолаши бизларда турли шубҳаларни уйғотди.
Чунки қиймати паст нарсани қадри ҳам паст бўлади
Буюк Алишер Навоий бобомиз ”Маҳбуб ул- Қулуб” асарларида (қаранг): 3 қисм,53 танбеҳ мақоласида худди Арипджанов ва унинг устозига қарати6 атайлаб айтгандек: “Қайси нарса оз бўлса, унинг қиймати баланд бўлади. Уни асрашда ҳам қийматига яраша аҳамият берилади. Қиймати ознинг- ҳурмати ҳам оздир,” деб танбеҳ берган эканлар.
Бизларда кимдир ( раҳбар, ходим ўзгарганда, бинони таъмирлашда, бир жойдан бошқа жойга кўчганда ва ҳакозо…) баҳонасида бу тангани “тасодифан йўқотиб қўйиб” ўрнига етказилган зарарни тўлаб жазодан қутулиши ва уни чет элларга чиқариб юбориши мумкин, деган шубҳа уйғонди. Ўз норозилигимизни кўрсатиб Президент девонига қайта ариза ёздик.
Арипджановнинг устози, Сенатор (собиқ), Академик Э.В.Ртвеладзе ва олим Горин ЎзР ФАга ёзган жавоб хатида “Ушбу тангани нега бунчалик паст баҳолашибди” деган хақли саволга жавоб бериш ўрнига бизларни, “Арипджановга ишончсизлик билдириб уни ҳақоратлагансизлар ва тўҳмат қилгансизлар” деб жиноят кодексининг бир талай моддалари билан, хатто ашаддий рецивидистларга қўйиладиган бандларини ҳам кўрсатиб, қўрқитишибди. Кейин улар:
“ Агар бу тангани асл нусха деб фараз – тахмин қилганимизда ҳам ( если предоложить) унинг сира ноёблиги йўқ, бундан тангаларни дунёда борлиги маълум ”деб ғаразгўйлик билан республикамизда топилган бу ноёб кушон динорини камситишга урининибди. Лекин ноилождан: “ Кушон империяси таркибига кирган Амударёнинг шимолидаги ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларида бундай олтин танга топилмалари дарҳақиқат саноқли. Аммо , бу факат ушбу танганинг катта илмий ва тарихий аҳамиятга эга эканлигини билдиради, холос.”, дебди хушламасдан. Русча матни (кўчирма) “К северу от р. Амударьи, на территории современных Узбекистана и Таджикистана, также входивших в состав кушанского царства находки золотых монет действительно редки. Однако этот факт свидетельствует лищь об большой научной и исторической ценности данной монеты”. Бизнинг назаримизда ўз ватанининг тарихини жондан севган ҳалол ва беғараз олимлар бундай танганинг топилишидан бениҳоят севиниши керак эди. Чунки, Пайшанбада топилган бу тангага ўхшаш нусха нафақат Ўзбекистонда эмас, балки, интернет сайтларида намоиш этилаётган жаҳон музейларидаги Кушонлар салтанатига оид тангалар коллекциясида ҳам йўқ. Агар бундай топилма Россия, Қозоғистон, Туркманистон ёки Грузияда топилганида борми, улар бутун оламга жар солишарди. ”Қаранглар бизнинг аждодларимиз кимлар бўлган”, деб. Бунинг ўрнига бизнинг Ртвеладзе эса тўлдирилган тўрт бетлик хатнинг охирида худди қаллобларни фош этаётгандек (кўчирма): “сизлар тангани давлатга топшириб бўлгансизлар, энди унга ҳақ талаб қилиш абсурд (бемаънилик), сенлар давлатнинг тарихини ўрганишга ўз ҳиссаларингиз қўшмоқчимисизлар ёки танга ҳисобига бойимоқчимисизлар? (кўчирма тамом)- деб маломат ҳам қилибди. Виждонли одамнинг гапими бу? Бундан ҳам ажабланарлиси, у бизларда ЎзР Фуқаролик кодексининг “196 ва 214 моддаларининг “топилган хазина давлат таасурифига топширилиши керак” деган қисмини битта қолдирмай эринмай сўзма-сўз кўчирибди-ю, “Ўзбекистон давлати фақат тортиб олувчи” , деган фикр уйғотиш мақсадида, ҳатто тоталитар СССР тузумида ваъда қилинган 25 фоиз ўрнига мустақил Ўзбекистон ҳукумати 50 фоизга кўтарган мукофотлаш ҳақидаги қисмини айтайлаб ташлаб кетибди.
Уларнинг бу ошкора қилиғини кўриб ҳар қандай одамда шубҳа-гумон уйғониши табиий!
Ахир Собир Қурбонов виждон амри билан тангани давлатга топширди. Мукофотлаш эса давлат қонуни билан белгиланган-ку. Шунинг учун биз Ртвеладзе ва Горинга ишончсизлик билдириб юқори идоралардан Канишка 1 нинг олтин тангасининг ҳақиқий баҳосини ( аслида у бебеҳо, лекин суғурта қиймати бўлиши керак) аниқлашда етук, холис мутахассисларни жалб этишларини сўраб яна қайта илтимос қилдик..
Узоқ ёзишмалардан кейин Қурбонов Собир Самарқанд Давлат музей- қўриқхонаси маъмуриятининг 11 май 2011 йилда йўллаган “ Кушонлар даврига мансуб бўлган олтин тангани топширгани учун унга 500.000 минг сўм (бир қўзичоқ нархидаги) миқдорда пул мукофоти белгилангани айтилган хат олди. Бу хатни биз, Қурбонов Собирни эмас, балки инсоният тамаддуни тарихида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ўзбек халқининг тарихига, Исо Масиҳ замонасига бориб тақаладиган, ислом дини асосчиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг таваллудидан 500 йил илгари, буюк бобомиз амир Темурдан 13 аср илгари олис мозийда яшаган аждодларимиздан бизнинг замонгача нафис ҳолда етиб келган бу ноёб ашёвий- далилга тупуриш, унинг илмий аҳамиятини ҳақоратлаш деб тушундик.
Ахир санъат оламида атиги 50 йил илгари яратилган буюмлар антиквар ҳисобланади-ку!!! Ахир бу нарх – бу тиш духтирининг тилла оғирлигига қараб белгилайдиган нархидан ҳам паст-ку!!!. Тошкент марказидаги Сайилгоҳ — Бродвейда сотилаётган халтурачи рассомларнинг хитойнинг дағал сурпига ишлаган 1 м.кв. халтура картинаси ҳам бир миллион сўмдан қимммат туради-ку.!!!
Кушонлар сулоласига тегишли тангаларнинг асл нусхаси Британия музейида 7 дона, Россиянинг Эрмитажида 1 дона, Ўзбекистон Миллий Банки коллекциясида Канишканинг невараси -Хувишканинг бир дона олтин тангаси сақланади, холос. Ўз.Мил.Банки бу тангани қанчага баҳолангани ҳақида маълумот йўқ.
“Санъат! Журналининг бош муҳаррири, эксперт Юлия Борисовна Сирцованинг фикрича бундай ноёб буюмлар Давлат хазинаси қўриқхонасида (Госхрана) сақланиши керак экан.
Пайшанба халқи Қурбонов Собирнинг бу тантилигини Давлат қандай мукофатлар экан , деб кутишмоқда. Биз, Вазирлар Маҳкамасига мурожаат этиб мутасадди идоралардан, бу ноёб топилманинг бадиий, тарихий, илмий ва суғурта қиймматини аниқлашда, ўз юрти тарихини севадиган, етарли илмга эга бўлган холис мутахассисларни жалб этишларини ўтиниб сўрадик.
Ниҳоят, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2011 йил 15 октябрда республикамизнинг “етук мутахассислари” томонидан ўтказилган экспертиза хулосасини ҳам қўлимизга олдик. Бу экспертиза хулосасида мазкур танганинг ҳақиқий эканлиги, унинг ўлчовлари ва шу пайтгача фанга маълум бўлган 200 га яқин кушон тангалари орасида ўзига хослиги билан ажралиб туриши ҳақида қайд этилган ва шуни алоҳида таъкидлаш керакки Ўзбекистон музейларининг бирортасида бундай ноёб топилма йўқ, дейилган эди. Шунингдек комиссия ҳайъати танга қийматини 1 миллион 924 333,2 сўмдан 2 миллион 280 473 сўмгача туради деб баҳолашибди ва қонунга кўра унинг ярмини, 1 миллон 140 минг сўмни Собирга мукофот пули (ўша пайтда иккита қўзичоқнинг пули) сифатида келиб олишини билдиришибди. Собир эса “ мен шу пулдан ҳам кечдим, сенларга” деб хафа бўлди. Ўшандан бери Собир Қурбонов мени билан гаплашмайди. Тадбиркорлик иши ҳам касодга учрабди. Яқинда Пайшанбага борганимда уни Россияда мардикорлик қилиб юрибди, дейишди.
Ўша кунлари, Канишканинг олтин динорига нарх белгилаган ушбу нуфузли комиссиянинг раиси, “Санъат” журналининг бош муҳаррир ўринбосари Юлия Борисовна Сирцова ( 3 йил бирга ишлаганмиз) мени Мустақиллик метроси олдида кўриб қолиб : “ Калланг ишламаган тентак экансанлар! Шундай нарсани ҳам давлатга топширасанларми?! Тфу! Тфу! Мен сенга бу гапни айтганим йўқ” деб шошиб кетиб қолди.
Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти ва маърифати масалаларини назорат қилувчи Президентнинг Давлат масалаҳтчиси Хайриддин Султонов бу ноёб танга тақдири билан қизиқмаганга ўхшайди. Бу топилманинг ноёблиги экспертиза хулосаси билан тасдиқлангандан кейин ҳам бу ҳақда Президент И.А. Каримовга айтмаган. Холбуки, бу ноёб танга Ўзбекистонимизнинг чет элларда ўтказиладиган нуфузли кўргазмаларида намоиш этилса юртимиз обрўсига обрў қўшиларди, тарихимизга қизиқиш янада ортарди.. .
Мен Президент номига хат ёзиб уни санъатшунослик фанлари доктори Камола Оқилова орқали етказмоқчи бўлдим.” Жуда арзон баҳолашибди, лекин Президентимиз Ртвеладзега ишонади”, деб хатимни қўлимдан олмади.
2013 йилда Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей- қўриқхонасига кирдим. Бирорта бурчакда Пайшанбадан топилган танга ҳақида хабар, маълумот ёки унинг фотосуратини қидириб топаолмадим. Бу ҳақда ходимлардан сўрасам, бизларнинг ҳам хабаримиз йўқ, балки фонддами, архивдами турган бўлса керак, дейишди. Зеро Ўзбекистон давлат тарихи музейларида буюк шоҳаншоҳ – Канишка 1 -олий ҳазратларининг салобатли портрети тушилган олтин динорнинг каттта қилиб ишланган рангли фото суратини осиб қўйиш керак эди. Кейинги пайтларда мен Канишканинг олтин динорининг аянчли қисматини ўйлаб яна турли шубҳа гумонларга бордим. У ҳозир қаерда экан.?!
Умид қиламанки, ушбу мақолани ўқиган бирорта виждонли киши мозийдан келган меҳмон-, Ўзбекистонимизда топилган бу ноёб топилма- Канишканинг олтин динори ҳақида Юртимизнинг ҳозирги Президенти Шавкат Мирзиеёвга хабар беради. Президентимиз уни суриштириб топтиради ва албатта “бу мард йигит Қурбонов Собирни муносиб равишда рози қилинглар”, деб кўрсатма берадилар деб ишонаман.
Келажакда Пайшанба шаҳарчасида археологик экспедициялар уюштириш, чуқур тадқиқотлар олиб бориш масаласи эса олимларнинг вазифаси.
Қобилов Мирёқуб.
Журналист. Тел. (90) 936-99-47 .
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
1 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГLeave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Қорақалпоғистоннинг Элликқалаъа туманидаги Тупроққалъа Кушонлар империясининг пойтахти булган дейишади. Беруний Африғийларнинг 23 подшосининг номини ёзиб кетган. 90 йилларда Бустон шахрида яшайдиган бир йигит Аёзқалъадан бир хум тула олтин топиб олганди. Дархол уни милиция қамаб, хамма олтинни олиб қуйди. Дарвоқе, 1992 йили шундай тилла танга учун Сафар Бекжон қамалганди…