Мактабда ўқиб юрган чоғларимизда «Мен севган касб» мавзусида иншо ёзардик. Унда асосан кўпчилигимиз шифокорлик касбини танлардик, бундан мақсад эса кимгадир ёрдам бериш, дардманднинг дардига малҳам топиш эди.
Ҳозир бу тушунчалар бироз ўзгаргандек, назаримда. Кимлардир бирор касбни эгаллашда, энг аввало, ундан келадиган даромадни кўзлайди. Тўғри, касбимиз орқали ҳалол меҳнат қилиб риз­қимизни топамиз, лекин, биринчи навбатда, келадиган даромад эмас, ўз севган касбимиздан роҳатланиб яшаш, ўзгаларга оз бўлса-да нафимиз тегса-ю, биз бундан ҳузурлансак, ахир шу эмасми ҳақиқий бахт.
Бугунги кунда олий таълим муассасаларини тугатиб келаётган ёшларнинг ишга киришдан олдин сўрайдиган битта гапи бор, у ҳам бўлса, «ойлиги қанча экан?» Ёки бўлмаса, баъзи бир ота-оналар ўз фарзанди ойлик маоши кўп касбни эгаллашини хоҳлаб, ўзлари истамаган томонга йўналтиришади. Нима, улар ўзинг севган касбни эгаллаш инсонга бахт ва қувонч ҳадя этишини билишмайдими?!
Гоҳида «Ўғлим менинг ишимни давом эттиради, мен хоҳладимми тамом» зайлидаги гаплар қулоғимизга чалинади. Шу ота-оналарга қарата бир сўз айтгим келади: «Фарзандингиз нимани хоҳлашини ўзидан сўраб кўрганмисиз ҳеч?». Қизиқ, баъзида эса ота-оналарнинг қарорисиз бирор касбни орзу қила олмайдиган, олий ўқув юртига ҳужжат топширишда иккиланиб юрадиганларни ҳам учратасиз.
Хўш, бунга сабаб нима? Ота-оналари  ёшлигидан ҳамма мақсадларини ўзлари белгилаб берганлигиданми ёки эркин қадам ташлашига қўймаганликлариданми? Бугун мақсадларини отаси белгилаб берди дейлик, хўш эртага нима бўлади?
Бир танишим ишхонасидаги ҳисобчи йигитдан нолигани-нолиган. «Мен қанча ўргатмай, ҳечам калласига кирмайди, математиканинг «м» ҳарфиниям билмайди бола бечора, — ёзғиради у. — Бир куни обдан суҳбатлашдим. Отаси  «Ҳисобчиларда пул кўп бўлади» дея шу касбни танлашга мажбур қилибди. Йигитнинг ўзи тарихни сув қилиб ичиб юборган, аслида тарихчи бўлиши керак эди.  Эссиз, йигит… бутун умр азият чекиб ўтади энди».
Баъзи ота-оналар фарзандлари туғилмасиданоқ «менинг ўғлим юрист бўлади, қизим эса шифокор, ёки стоматолог, ёки фармацевт бўлади», дея олдиндан режа тузишади. Бунинг сабаби эса яна маблағга бориб тақалади. Нима эмиш, юқоридаги касб­ларнинг «соққаси» кўп эмиш. Ахир бойлик орттириш учунгина бирор касбни танламаймиз-ку.
Айниқса, айримларнинг истеъдоди бўлмагани ҳолда қўшиқчилик қилиб, эл ичра шарманда бўлаётганига нима дейсиз? Ёмон шифокор инсон умрига зомин бўлади. Ўз касбини севмайдиган ўқитувчи миллат маънавиятига салбий таъсир қилади. Саводсиз ҳуқуқшунос жамиятни инқирозга етаклаши мумкин. Наҳотки, ота-оналар булар ҳақида ўйлашмаса?
Шу ўринда ота-оналарга кичкинагина ўтинчим бор, фарзандингиз нимани хоҳлашини сўраб-суриштиринг, орзуларини инобатга олинг, зеро, келажакда сиздан ва зое ўтган умридан нолиб ўтмасин.
Мафтуна Рўзиматова,
Хоразм вилояти
«Ишонч» газетасидан олинди
.