Ражаббой Рауповнинг « ПРЕЗИДЕНТГА: УЮШМАНИ ОТБОЗОРГА АЙЛАНТИРГАН МУҲАММАД АЛИ КИМНИНГ ЭРКАСИ?” номли мақоласини ўқиб, қуйидаги шарҳни битган эдим.
Муҳаммад Алининг “Ижод” фондини талон-торож қилиши хусусида прокуратурага хат ёзинг, Ражаббой. Афсуски, менда бу ҳақда фактлар йўқ. Бўлганда аллақачон ёзардим. Кейин, Амир Темур бобомиз ҳақда ёзган тетралогияси қайси ва кимнинг пули эвазига нашр этилди? Қанча харажат қилинди? Буни ҳам аниқлаш ва барча харажатни Муҳаммад Али олган жойига қайтариб қўйиши шарт. Ана шу нарсалар прокурор орқали аниқланиши ва суд орқали Муҳаммад Али гарданига қўйилиши керак. “Ижод” фонди молиявий фаолияти ревизия қилиниши, еганлар қусмоғини таъминлаш керак.
Энди эса ўша фикрларимни давом эттириш истаги туғилди:
Яқинда Улуғбек Ҳамдамнинг Муҳаммад Али жанобларига «Очиқ хати» эълон қилинган, унда тетралогия қиммати ҳақида фикр юритилган, Муҳаммад Али очиқчасига «Шарқ юлдузи» журнали бош муҳаррири Улуғбек Ҳамдамдан тетралогиясини мақташни талаб қилганини айтган эди. Мен Улуғбек Ҳамдамнинг тетралогия ҳақидаги фикрларига тўлиқ қўшиламан.
Ўртамиёна шоир Муҳаммад Али Амир Темур бобомиз ҳақида тетралогия ёзишга жазм этганининг ўзиёқ асло кечириб бўлмас густоҳликдир. Негаки, Амир Темур бобомиз ҳақида ёзиш учун камида адабиётнинг Амир Темури даражасида бўлмоқ зарур: Қуръонни ёд билмоқ, араб, форс тилларида равон ўқимоқ, тушунмоқ, одамзод тарихини, Одам Атодан буёғи, пайғамбарлар тарихини билмоқ зарур.
Мен Муҳаммад Али шу даражада билимдон эканига ишонмайман. Сабаби: у ёзган тетралогия жудаям саёз, саъвияси ўта паст.
Биринчидан, Муҳаммад Али жаноблари шуни билмоғи керакки, Амир Темур бобомиз ҳақида шу даражада китоб ёзиш ва уни айни ҳақиқат дея оммага тақдим этиш жиноят билан баробар.
Иккинчидан, тўрт китоб учун сарфланган харажат, қоғоз камида юзта ёш ижодкорнинг китобларини нашр этишга, уларни оммага таништиришга сарфланганда ўзбек адабиёти жуда катта ютуқларга эришган бўлар эди.
Учинчидан, Ёзувчилар уюшмасига раис бўлиш учун ё жуда катта ижодкор, ё жуда катта шахс бўлиш шарт эди. Бурунги раислар Шароф Рашидов, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Комил Яшин, Сарвар Азимов, Одил Ёқубов,.. ларнинг ҳар бири уюшма раиси креслосида ўтиришининг ўзи уюшма обрўсини кўтариб турар эди.
Муҳаммад Али-чи? На ижодкор ва на Шахс сифатида обрў қозонганини билмайман. Шу сабабли ҳам 3 август куни Президентимизнинг зиёлилар билан учрашувида ёзувчилар номидан уюшма раиси Муҳаммад Али эмас, балки азиз ва забардаст шоирамиз Ҳалима Худойбердиевага сўз берилди. Шахсан мен бу қарорни олқишладим.
Мен оилам билан 2-4 август кунлари Зоминнинг «Ўрикли-сой»ида дам олдим. Президент таъкидлаган, Навоий тоғ-металлургия комбинати қураётган пансионат фойдаланишга топширилиш арафасида. Муҳаммад Али жаноблари ана шу пансионат хоналаридан бирининг калитини олиб, бир йил давомида кўксини захга бериб ётганча, тетралогиясини қайтадан кўриб чиқиши, Қуръонни, араб ва форс тилларини, одамизот тарихини қайтадан ўрганиб чиқиши керак бўлади. Зора… дейсану, аммо…
Ёш ижодкорлар семинари ўтган ўриклар соясида дам олиб ўйладимки,.. аксарият семинар қатнашчилари бу ер нега «Ўрикли-сой» дея аталишига ҳам қизиқмаган? Ана шу 2-4 август кунлари бу ерда ўриклар эндигина пишиб келяпти.
Нега шунақа?
Семинар қатнашчиларидан кимлар бу ҳақда ўйлади ва ижтимоий тармоқларда қанақа чиқишлар қилди?
Афсуски, мазкур саволларимга арзирли жавоб ололмадим.
Менимча, сабаб шундаки, Муҳаммад Али жаноблари уюшма раиси сифатида семинарни тўғри йўналишга сола олмаган. Бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер, деганлар. Бу масканда ёзувчилар дам олган экан, улар «Ўрикли-сой» тарихи ҳақида ўйлаб кўришлари шарт эди. Шу тахлит улар ўз қарзларини узган бўлар эдилар.
Афсуски…
Юз йиллар бурун бу сойларнинг сувлари тўлиб-тошиб оққан. Зомин атрофидаги барча ерларни суғоришга етган. Негаки, Зомин тоғида арчалар жудаям кўп ва тиқис жойлашган эди. Бу арчалар ҳатто сув танқис йиллари ҳам мўл-кўл сув заҳираларини ўзларида сақлай олган. Шу сабабли Зомин атрофидаги халқлар энг оғир қимматчилик ва қаҳатчилик йиллари ҳам у даражада қийинчилик кўрмаган.
Афсуски…
1941-45 йиллари паровозларни юргизиш учун Зомин тоғи тепасидаги барча арчалар қирқилган ва ана шу сой сувларида Зомин шаҳарчасига қадар оқизилган ва… уруш эҳтиёжлари учун олиб кетилган. Эътибор қиляпсизми, катта-катта арча дарахтлари ана шу сувларда пастга оқизилган. Эндиликда бу сойдан дарахт у ёқда турсин, ҳатто оддий шох-шабба эмин-эркин оқиши қийин масала…
Мен суратга олган, тоғ ён бағридаги арчалар паст бўйли.Тоғларда дарахтлар жуда секин ўсади. Бу арчаларнинг бари уруш йилларидан кейин кўкарган. Паровозлар учун тўлиқ талон-торож қилинган арчаларнинг бугун эндигина ўзини ўнглаб келаётган бир кўриниши, холос…