(Ражаббой РАУПОВ: мен учун ҳам ёруғ кунлар келишини кутиб, Ватан ичра мусофирдек яшаяпман…)
“Дунё ўзбеклари” сайтида ёзувчи Ражаббой Рауповнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновга ёзган очиқ хати (1- қисми) эълон қилинган эди. Кўплаб мухлислар “Ёзувчи уйғонмаса” мактубига муносабат билдириб, “Дўрмон” ижод уйида юзага келган муаммолар, ўзгараётган, янгиланаётган тарихий шароитда ёзувчининг ўрни, мавқеи каби муҳим масалалар ўз вақтида ёритилгани ва ўринли таклиф, мулоҳазалар ўртага ташлангани ҳақида ёзишаяпти.
Айни пайтда Ижод уйида бошланган таҳликали ҳолат юмшадими, кам сонли (19 та ) коттежларда аҳвол қандай? Самимий, ўринли таклиф ва режаларни рад этган Ў)бекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Муҳаммадали Аҳмедов ногирон ёзувчига нисбатан тазйиқ ўтказишни тўхтатдими? Хабарларга кўра, жорий йилнинг 8- август куни бошланажак суд жараёнида бир гуруҳ ёзувчилар жавобгар сифатида иштирок этади.
Шу ва бошқа саволларга аниқлик киритиш мақсадида «Дунё ўзбеклари»нинг Тошкентдаги махсус мухбири Ражаббой Раупов билан боғланди.
***
– “Дўрмон” ижод уйини ҳар томонлама бойитиш, бўш ётган қаровсиз ерларда замонавий, ихчам ижодхоналар қуриб, коттежлар сонини кўпайтириш борасидаги таклиф ва режаларимни Уюшма раиси М. Аҳмедов воқеа жойида ўрганиб, жиддийроқ хулоса чиқаришни рад этди. Кабинетдан чиқмай менга жавоб йўллади. Чунки унинг ҳамма нарсаси муҳайё, катта- кичик муаммо, етишмовчиликлардан холи. Ижод аҳлининг ташвиши, Ижод уйининг бугунги ҳолати ҳақида ўйлаш, бош қотиришни истамайди…
Ҳолбуки, “Дўрмон” ижод уйида ҳар қанча муаммо пайдо бўлмасин, барибир бу жойнинг имкониятлари катта. Буни кўриш учун биринчидан, раҳбарда истак, ўткир кўз, иккинчидан, мустақил фикр, ижодкор меҳнатини қадрлайдиган олийжаноб қалб ва юксак ватанпарварлик керак. Амалдаги раисимиз М. Аҳмедовнинг эса бундай “ортиқчаликлар” қизиқтирмайди. Унинг ҳал этилмаган битта истаги қолди: Қаҳрамонлик! Бундай юксак унвонга арзийманми, йўқми – бу ҳақда ўйламайди ҳам. Ўзидан юз чандон баланд, ўзбек адабиётида устозлик мақомига эришган, ўзбек насрини жаҳон миқёсига олиб чиққан, танитган, Қаҳрамонликка ҳар жиҳатдан муносиб Худойберди Тўхтабоевдек кекса ёзувчини четга суриб, ўз номзодини илгари суриши М. Аҳмедовнинг кимлигини англатиб турибди. Бунинг учун одамнинг юз териси қандай қалинликликда ва ниқоби қандай матодан бўлиши керак, кечирасиз, айтолмайман…
Содир этилаётган воқеалар (аслида жиноятлар)ни кузатиб, балки бутун бошли Ёзувчилар уюушмасини М. Аҳмедов номига хатлаб, хусусийлаштириб бериш керакдир, деган хаёлга бораман. Балки шунда “Дўрмон” ижод уйида юзага келган таҳликали вазият изга тушар, муаммолар ўз ечимини топар?
Сўнгги йилларда Ёзувчилар уюшмасининг икки раҳбари ижодкорларга тегишли мол- мулкни талон-тарож қилди, сотди, ўзлаштирди, хуллас, ўз нафси – манфаати йўлида бир-бири билан мусобақа ўйнади. Мусобақани М. Аҳмедов ҳамон давом эттирмоқда…
Хайрддин Султоновга ёзган очиқ хатимга Уюшма раиси М. Аҳмедов жавоб ёзди: ( 29 май , 2017 йил – 01-03/ 469). Қурбсиз, тутуриқсиз важ — карсонлардан иборат юзаки жавоб ҳақида “Оломонга қўшилган оломон ёки ёзувчи уйғонмаса” деб номланган мактубимнинг 2- қисмида ўқийсиз… Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Ижод” фонди фаолиятига жиддий назар солиш, холис тафтиш ўтказиш фурсати етди. Деярли яширинча фаолият кўрсатаётган “Ижод” фонди ҳузуридаги “Оққум файз – барака” шуъба корхонаси (ёрдамчи хўжалик)ни Уюшма аъзоларининг аксарияти билмайди, тасаввурга ҳам эга эмас. Ёрдамчи хўжалик нима билан шуғулланади, даромади қанча, бундан кимлар фойдаланаяпти, хўжалик кимнинг қўлида, кимлар ишлайди – ҳамон сирлигича қолмоқда…
Қонун Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовани ҳам аямади: гарчи унинг қилмишлари халқимизга бироз юмшатиб етказилган бўлса-да, барибир адолатга томон бир қадам бўлса-да, яқинлашдик. Бизда яқингача Қонун устуворлиги ҳақида кўп гапириб, кўп ёзишар, кўпинча эса бунинг тескариси бўларди. Бугунчи, ёруғлик кўрмаган жабрдийда халқимизнинг иккинчи умри бошлангани рост бўлсин, деб ҳар куни дуо қиламан. Баъзилар сўзимга қўшилмаслиги, мени рад этиши мумкин. Чунки бировнинг дардини англаш ҳамиша қийин кечади. Шунинг учун ҳам танаси бошқа дард билмас дейишади.
Ҳис қиламанки, Шавкат Мирзиёев ўта қийин, мураккаб жараёнлар ичида тобланди, омон чиқди. Уни Худо қўллади. Худо қўллаганни биз бандаси қўлламасак, ношукурлик уради. Айтиш мумкинки, навқирон, серғайрат Президентимиз ўзбек халқи чеккан жабр- зулм эвазига Оллоҳнинг бизга йўллаган туҳфаси, марҳамати сифатида тарих майдонига чиқди. Юртимизга худди шундай халқчил, халқи учун оғизда эмас, амалда ишлайдиган, фикрлайдиган жонфидо Бошчи зарур эди. Шукурки, Оллоҳ етказди.
Афсуски, бўлар-бўлмасга Шавкат Мирзиёевнинг номини тиркаб, унинг эътибори, ҳурмати, самимиятини суиистеъмол қилаётганлар пайдо бўлаяпти. Агар мендан биров:
– Шавкат Мирзиёевни алдашга уринаётган, Президентнинг эътибори ва яхшиликларига алдов ва ғирромлик билан жавоб қайтараётганлар борми, шулардан бирини айта оласизми? – деб сўраса:
– Ҳа, албатта айта оламан. Шундай одам Ёзувчилар уюшмасининг амалдаги раиси Муҳаммадали Аҳмедов, – деб жавоб берган ва сўзимни оша-тоша далиллар билан исботлаган бўлардим… Амалдаги раис жамоада – аъзолар ичида ўз обрўсини шу қадар йўқотдики, бирор йиғин, тадбир ва давраларда сўз беришса, Уюшма аъзолари унинг сўзини эшитмай, гур этиб чиқиб кетиш даражасига етди. Ўз қадрини биладиган Уюшма аъзоларининг бирортасида М. Аҳмедовга нисбатан заррача илиқлик, ҳурмат қолмади. Ҳайронман, қаноти остида зўрма-зўраки тутиб турган раисни ҳам, унинг ҳомийларини ҳам эртага маломат кутаётганини наҳотки Хайриддин Султонов билмаса?
Ғалвирни сувдан кўтармаса, ижодкорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланмаса, ҳаммани бирдек кўришмаса ва шалоғи чиққан эски аравани қайта бутламаса, тарихий ўзгаришларга мос янгиламаса, бундай Уюшма клубларга, марказларга ёки прфессионал ёзувчилар жамоаси – Ёзувчилар академиясига бўлиниб кетади. Ҳозирча ёшлар, кексалар, ҳаваскорлар, ўқитувчилар, танқидчилар – турли касб эгалари ҳисобига сон жиҳатдан сунъий равишда ушлаб турилган Уюшманинг тақдири эртага нима бўлади?
Олдимизда икки йўл турибди, биринчиси, Ёзувчилар уюшмасини Давлат ўз қўлида маҳкам тутиб, шаффофликни таъминлаши ёки Уюшмага жамоат ташкилоти сифатида ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўла қайтариш керак. Уюшмага Давлат томонидан берилаётган моддий эътибор кам эмас, лекин бунинг назорати ўлда-жўлда. “Ижод” фондининг пул оқадиган тешик-туйнуги шу қадар кўпки, буларнинг бари бирлашиб, Уюшма раиси М. Аҳмедовнинг нафсига йўналтирилган…
Тақдим этилаётган ишончли, масъулиятли далилларни ихтиёрий ўрганиш ва ёзишни рад этдим. Мен бюртма асосида ёзадиган, ҳамкасбидан кир излаб, ижодкорнинг қилмишларини элга ошкор этиш даражасидаги пасткашликни зиммамдан улоқтирдим. Лекин бир пайтлар қадамтортар улуғ даргоҳ бўлган бу жойда умум манфаати ёнаётгани учунгина баъзи далилларни тилга олаяпман.
Куни кеча андижонлик бир шоира:
– Ражаббой ака, “Ёзувчи уйғонмаса…” мақолангизни «Дунё ўзбеклари»дан ўқидим, ўринли муаммо кўтарилган, лекин ҳайронман, ёзувчилар нега жим, улар нега муносабат билдиришмаяпти? – деб қолди.
– Ундай эмас, – дедим кулимсираб, – айтадиганини айтаяпти, фақат қулоғимга шивирлаб, ҳадиксираб айтаяпти. Аввалига шивир-шивирни жон қулоғим билан эшитдим, сўнгра бирдан ҳушёр тортиб, уларнинг қўрқуви, ҳадиги менга ҳам юқмасин деб, улардан узоқлашдим, қочдим. Оломонга қўшилган оломон билан иш битириш қийин экан, туш экан. Баъзи ҳамкасблар ўзича ҳушёрлик, ақллилик қилиб жимликни маъқул кўришади: на вазиятга, на юртимизда кечаётган тарихий ўзгариш, янгиланишларга муносабат билдириш, ҳақ сўзни айтишдан тийилади. Бошқалар бор-ку, деган айёрлик, худбинлик ортига бекиниб, ижодкорлик бурчига хиёнат қилишади. Улар ишонган бошқалар эса бошқалар бор-ку, нега мен деган таскин билан овунади. Оқибатда халқнинг пешқадами бўлмиш биз ақлли ҳушёрлар оломонга айланиб, оломоннинг сонини кўпайтираётганимизни сезмай қоламиз.
– Ражаббой ака, яна “Дўрмон”га қайтсак. Ёзувчилар уюшмаси мустақилликнинг 26 йиллик байрами арафасида бир гуруҳ ижодкорларни судга бериб, катта жанжал бошламоқчи. Ёзувчилар судда жавобгар сифатида иштирок этармиш деган шов-шувли хабар тарқалди. Шу ростми, рост бўлса бу воқеага сизнинг муносабатингиз қандай?
– Ўз аъзолари, ўз жамоасига сўзи ўтмаган, юзага келган муаммолар ечимини олдиндан кўра билмаган раҳбар суддан бошқа яна қаерга мурожаат этсин? Менимча суд жараёнлари тугагач, раиснинг Уюшмада қиладиган иши қолмаса керак. Агар ижарачи-ёзувчиларни коттежлардан чиқариш билан боғлиқ вазифа менга топширилганида муаммони судсиз – тинч йўл билан бир ҳафтада ижобий ҳал этган бўлардим. Аммо ёзувчиларни коттежлардан суд орқали қувиб чиқариш сўнгги чора эмас. Юзага келган муаммонинг сабабини билмай, ўрганмай, асосли тадбир белгиламай туриб, бундай вақтинчалик чора билан арзирли натижага эришиб бўлмайди. Уюшманинг топган чораси шу бўлса, бу кетишда ҳар йили худди шундай ҳол юз бераверади, такрорланаверади…
– Суддан нималарни кутаяпсиз?
– Аввало мен бошланажак суд жараёнига қарши эмасман, лекин ўрмонга ўт кетса ҳўл-қуруқ баравар ёнади. Судланувчилар орасида энг ками 1,5 йил, энг кўпи 20 йилдан зиёд коттежларда яшаётганлар ҳам бор. Шунинг учун суд “Дўрмон” ижод уйи моҳиятини, юзага келган вазиятни холис баҳолаб, ижодкорлар руҳиятини тушунишга ҳаракат қилиб, сўнгра адолатли қарор қабул қилишига умид қиламан. Назаримда суд вазифам шу экан, деб ижодкорларни ёппасига коттежлардан чиқаришдек бирёқлама қарордан воз кечади. Ижод уйи коттежларида узоқ йиллардан буён яшаётган – ёзувчиликка мутлақо алоқаси йўқ ёки номидаги коттежни куёви, ўғли, қизига топшириб ўзи яшамаётганлар ҳам топилади. Бундай ҳолатда коттежлар ўзбошимчалик билан турар жойга айланади ва бу қонун билан таъқиқланади. Ва яна судланувчилар орасида адабиётимизга астойдил хизмат қилаётган, унумли ишлаётган ижодкорлар: ногирон, кексалар ҳам бор. Жорий йилнинг 1 августида Президент ногиронларни Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Фармойишга имзо чекди. Иш жараёнида суд буларнинг барчасини ҳисобга олишига шубҳа йўқ.
Саволларингизга жавоб тариқасида яна қуйидагиларни қўшимча қилмоқчиман: кўплаб ижодкорлар Уюшма раиси М.Аҳмедов содир этган (Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондида ва бошқа мазиллардаги) жиноятлари учун уни судга бериш таклифи билан чиқишди. Ҳозирча уларни тўхтатиб турибман. Кўпдан кўп далиллар орасида раиснинг қизи Университетнинг филология факультетининг 2-курсдан ташлаб Америкага кетгани 2 йилдан сўнг Тошкентга қайтиб қолдирилган 2 йиллик муддатни ўқимай, икки йиллик баҳоларини синов дафтарчасига қайд эттириб, 2 ҳафтада (албатта бировнинг холис хизмати билан) Давлат имтиҳонларига киритилгани ва Университетнинг тўла курсини тамомлагани тўғрисида диплом берилгани ёзилади. Мен бу далилни жиноят эмас, отанинг қизига кўрсатган арзимасгина ёрдами деб баҳолаб, ота-она фарзандни учун дахшатли жиноятлардан хам қайтмаслигини хаётнинг ўзи кўрсатиб турибди-ку, деб эшитишни ҳам истамадим. Рост-да, толдек улкан жиноятлар олдида бу нима бўпти? Жиноятнинг гули хали олдинда, эшитаман десангиз сабр қилинг… Чунки М. Аҳмедов устидан прокуратура ва бошқа нуфузли органлар очган жиноий иш ҳали осмонга учиб кетганича йўқ, шундоққина пастда – орган тортмаларида сақланмоқда…
Коттежларда яшаш тартибини белгилаш билан Уюшма раҳбари содир этган ва бугунгача бости-бости қилинган қилмишлари ўртасида катта фарқ бор. Буларни чалкаштирмаслик керак. Ҳозирча биз бу ишни ортга суриб, тош отганга пахта от қабилида иш тутиб, тинчликни маъқул кўрдик. Уюшма раисининг розилиги ва оғзаки буйруғиғига биноан “Дўрмон” ижод уйи маъмурияти ёзувчиларни судга бериб хуморидан чиқсин, ҳовури босилсин, суд ўз қарорини эълон қилсин, ундан кейин биз Қонунни ишга солсак ярашади. Унгача биз суд олдидаги фуқаролик мажбуриятимиз ва бурчимизни ҳалол бажаришимиз керак.
Суд 2017 йил 8 август куни соат 12.40 да Чирчиқ шаҳри Истиқлол кўчаси 8 уйда бошланади:
судья – Н.Р.Уралова; суд котиби – Н.Валиджанова.
Яна бир муҳим гап: суд жараёни Мустақиллик байрамининг 26 йиллик тантаналари арафасида ўтадими ёки кейинми – бунга сиёсий тус бермаслик керак. Буни Уюшма раҳбариятининг ношудлиги, узоқни кўра билмаслиги билан изоҳласа тўғри бўлади.
Мамлакат раҳбарининг ижод аҳлига кўрсатаётган эътиборини тушуниш, қадрига етиш учун Уюшма раиси ҳар томонлама лойиқ, маънан соғлом, кўзи ва ўзи тўқ, муҳими, ижодкорга хос бўлган барча фазилатлар эгаси бўлиши керак. Раҳматли Сарвар Олимжонович Азимов шундай раисларимиздан бири эди…
– 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан ўтган учрашувда сизни ҳам таклиф этишдими?
– Йўқ.
– Нега, залда жой йўқлиги учунми?
– Ундай эмас, қалбда жой йўқлиги учун. Бир мен эмас, кўплаб ижодкорлар учрашувда иштирок этолмади. Самимий Президентимизни негадир ёзувчи-шоирларимиздан муҳофаза этишди. Билмас эканман, Президентнинг атрофини кимдир, кимлардир ўраб олиб, ўз таъсирини ўтказишга уриниш, айирмачилик аллақачон бошланган экан.
Президент билан учрашув олдидан ғалати бир туш кўрдим. Яхшиси, шу ҳақида айтай.
– Марҳамат эшитайликчи?
– Мамлакатимиз раҳбари ижодкорлар билан учрашув кунини белгилаб,
ўша куни йиғилганларга зимдан кўз ташласа, залда мен кўринмабман. Шунда Президент:
– Ўртоқ Султонов, нега курсдошингиз Ражаббой Раупов кўринмайди? – деб Хайриддинни сўроққа тутибди. У бироз ўнғайсизланиб Уюшма райисига қараган экан:
– Суриштирдик, Ражаббой Раупов Бухорода экан, бироз тоби қочибди, – дея Ҳайиқмай ёлғон қўшибди у. Хайриддин раисни маъқуллаган бўлиб:
– Балки ёзувчимиз Бухорода эмас, бирор жойда даволанаётгандир, балки Тошкентдадир? – деб яна суриштира бошлагач:
– Аниқладик, у Шофирконда экан, – деб ҳар иккиси Президентни ишонтириш учун ёлғон байроғини баланд кўтаришга киришганида мен пайдо бўлибман. Улар бундан бехабар яна ёлғонни қизита бошлагач, Раҳбаримиз:
– Ҳамма ўрнидан туриб менга қаради. Президент йиғилганларга жилмайиб:
– Азизларим, – дея мурожаат бошлади, – келинглар, бугундан бошлаб, ёлғондан ҳазар қилиб, ростга қучоқ очайлик! Рост турганда ёлғон гапирмайлик, кўриб турибсизлар, ёлғон бизни бугун ҳам, эртага ҳам фош қилади, – ҳамма Президентни олқишлаб чапак чалибди, зал гулдирос қарсакларга тўлиб ҳақ сўзни, самимиятни олқишлабди. Мен эса қарсаклар зарбидан уйғониб кетдим…
Нима бўлганда ҳам тарихий учрашув бўлиб ўтди. Ижодкорларнинг йиғилиб қолган муаммоларига эътибор қаратилди. Ким қатнашди, ким қатнашмади – гинахонликка ўрин қолмади, асосийси, натижа. Президентнинг ижодкор зиёлиларга, ижод аҳлига ва адабиётга бўлган самимий, қизғин муносабатини қадрлаймиз.
Бу бир тушда, деб иккиланманг, кўпинча ёлғизнинг ёри Худо деганларидек, ёлғиз ўғилларнинг туши чинга айланади ва унда башоратга мойиллик сезилади. Бу ҳақда аниқроқ изоҳ беришим мумкин, лекин суҳбатимиз чўзилиб кетади.
Президент мен билан учрашув тайин этди. Бу қачон қаерда ўтади – сир. Ҳозирча эса биз кўнгилда учрашдик. Бунинг учун эса на Хайриддиннинг, на Уюшма раисининг таклифи ,ёрдами шарт эмас…
— Ражаббой ака, ”Дўрмон “ижод уйининг муаммолари билан астойдил шуғулланишга киришдингиз, бунга сабаб уй-жойдан сиқилишингизми ё бошқа сабаби борми?
-Ижод уйига илк бор 1983 йили қадам босганман. Унда ҳали Уюшма аъзоси эмасдим. Академик Иброҳим Мўминов номидаги жамоа хўжалигида маъданият ишлари бўйича раис ўринбосари вазифасида ишлаб, симёғоч, оқланган девор ва кўзга ташланадиган жойларда “Яшасин КПСС!” сўзлари ёзилган алвон ўрнатиб юрардим. Кутилмаганда “Адабиёт“газетасида “Эркинлик” номли ҳикоям босилгач, жамоага таклиф этишди ва шундай қилиб тақдирим “Дўрмон” ижод уйи билан боғланди: шаҳардан ижара уй топилгунича, янги ишга кўникма ҳосил қилгунимча шу ерда тўрт ой яшадим, ёздим. (Ўша тарихий лаҳзалар суратларда муҳрланган: суратлар илова қилинди).
Кунларнинг бирида хонамга газета суратчиси Содиқ Маҳкамов ”Кетдик топшириқ бўлди” деб шошилтирди. Тўғри “Дўрмон”га келдик. Мен яшаётган 25-хонага кириб, ёзув столи устида қалашиб ётган қўлёзмаларимни тартибга келтириб, кутубхонадан Алишер Навоийнинг қалин жилдли девонинин олдиришди. Хуллас, мен китоб варақлаб, ижодий ҳолат яратилган хонада суратга олинишим ва ҳали расман ёзувчи мақомини олмайтуриб Республикамиздаги барча ижод аҳлини “Дўрмон” ижод уйида яшаб, ижод қилишга чорлашим, энлигина ишга тушган уч қаватли Ижод уйи афзалликларини ўзимда намоён этишим керак эди.
Суратни бу юмушни бажариб, бинонинг ташқи кўриниши ва алоҳида дала ҳовлиларда яшаётган устоз адиблар билан боғ айланиб суҳбатлашиб юрганимизни тасвирга олди. Кўп ўтмай ушбу суратлар Литфонд (аввалги номи) орқали плакат шаклида вилоятларга тарқатиилди. Шундай қилиб янги, осойишта, яшаш ва ёзишга қулай 3 қаватли ижод уйининг тарғиботи мен билан бошланди ва ушбу маскан орадан 34 йил ўтса-да, мен учун бугунгача уйимдек азиз, қадрли бўлиб қолди…
Умумий мулкимиз ҳисобланмиш Ижод уйининг эскириб, нурашини кутиб туриш менимча ўз жонига қасд қилиш, ўта лоқайдлик, жиноят ҳисобланади. Бу жойга масъул этиб тайинланган барча мутасаддилар – Уюушма раисидан то бошқаларигача ижод уйидан моддий фойдаланишни яхши билишади, аммо бу жойни янгилаш, яшартириш, ҳар томонлама бойитиш, обод қилиш ҳақида ўйлашни исатамайди…Янги таклиф ва талаб билан чиққан, аниқ режаларга эга, ташаббус кўрсатаётган кишини”Дўрмон”дан суд орқали қувиш эмас, уни қўллаб — қувватлаш керак эмасми?
Тажриба-синов тариқасида қурмоқчи бўлган ихчам, замонавий ижодхоналарнинг илк намунасини бошлашим учун имкон туғилди. Қорақалпоқ халқининг забардаст, улкан ёзувчиси, Ўзбекистон Қахрамони Тўлапберган Қаипберганов аввалги раисимиз Абдулла Орипов билан узоқ тортишиб, жанжаллашиб 1-сонли коттежнинг ярмини (7 сотих) хусусийлаштириб олган эди. А.Орипов Сарвар Олимжоновичга тегишли коттежни ўзиники қилиб, хусусийлаштириб олгач, ёнидаги бўш ерга яна 2та ҳовли қуриб, умумий майдони 70 сотихли (молхонасидан ташқари) қасрга эгалик қилгач, Қорақалпоғистон вакилига 7 сотих ер бермаслик уят ва бу қардош халққа нисбатан ҳурматсизлик бўларди…
Шокир Саъдуллаев,
«Дунё ўзбеклари»нинг Тошкентдаги махсус мухбири
(Давоми бор)
Муаллиф изоҳи: сўзимни нотўғри талқин этишларидан хавотирланиб, суҳбат матнини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сайтига ҳам йўлладим. Чунки бизда айнан шу (чақма-чақарлик, гап ташиш каби “ҳунар”ни ишга солиб, оила боқадиганлар, бировнинг оғзидан “қалтис» сўз чиқишини пойлаб, хурсанд бўладиганлар ҳали ҳам бор…
Муҳаммад Алининг «Ижод» фондини талон-торож қилиши хусусида прокуратурага хат ёзинг, Ражаббой. Афсуски, менда бу ҳақда фактлар йўқ. Бўлганда аллақачон ёзардим. Кейин, Амир Темур бобомиз ҳақда ёзган тетралогияси қайси ва кимнинг пули эвазига нашр этилди? Қанча харажат қилинди? Буни ҳам аниқлаш керак. Ва барча харажатни Муҳаммад Али олган жойига қайтариб қўйиши шарт. Ана шу нарсалар прокурор орқали аниқланиши ва суд орқали Муҳаммад Али гарданига қўйилиши керак. «Ижод» фонди молиявий фаолияти ревизия қилиниши, еганлар қусмоғини таъминлаш керак.
Муҳаммад Алининг «Ижод» фондини талон-торож қилиши хусусида прокуратурага хат ёзинг, Ражаббой. Афсуски, менда бу ҳақда фактлар йўқ. Бўлганда аллақачон ёзардим. Кейин, Амир Темур бобомиз ҳақда ёзган тетралогияси қайси ва кимнинг пули эвазига нашр этилди? Қанча харажат қилинди? Буни ҳам аниқлаш керак. Ва барча харажатни Муҳаммад Али олган жойига қайтариб қўйиши шарт. Ана шу нарсалар прокурор орқали аниқланиши ва суд орқали Муҳаммад Али гарданига қўйилиши керак. «Ижод» фонди молиявий фаолияти ревизия қилиниши, еганлар қусмоғини таъминлаш керак.