Иқбол ака, сўнгги йилларда ёзган шеърларингиздан ҳам қиз суйган ўспирин нигоҳ ташлаб турганга ўхшайди. Шунинг учундир ёшлар, муҳаббат асир олган юраклар кўпроқ мухлислик қилади уларга. Ўзингиз ҳам ҳеч ўйлаб кўрганмисиз шу ҳақда?
– Шеър ўзи шунақа бўлади-да. Ҳар ким ўзи истаган, излаган нарсасини топади. Навоийнинг ғазалларидан ўспирин ошиқ ўз дилдорининг таърифини излаб топса, мўйсафидлар илоҳий тимсолларни илғайдилар. Қолаверса, чинакам шоирнинг юраги ҳеч қачон қаримайди, ҳамиша йигирма ёшда. Юзни қоралаган Лутфий ҳазратларининг ғазалларини ўқисангиз, шиддату туғёнига маҳлиё бўласиз – бирор жойда “Аттанг, ёш ўтиб қолди, энди ишқни бас қилай” деганга ўхшаган гапни учратмайсиз.
– Бизда бир рамзий ибора бор – «адабиётга кириб келиш» деган. Сизда шу жараён қандай кечган?
– Очиғи, адабиётга кириб келдикми, ё ҳалиям унинг атрофида ўралашиб юрибмизми – Худо билади. Бу ибора танилиш, тан олиниш деган маънони англатади. Мен, эҳтимол, сал-пал танилгандирман, балки кимлардир тан ҳам олар. Аммо, улуғ айём кунлари тўғри гапни айтиш керак, ҳар қандай шаҳарга кириб келган одам мезбон бўлиб қолавермаганидай ёки замонавий таъриф этсам, “прописка”га ўта олмаганидай, “Бу гулшан ичра” ким қўноқ, ким собит – буни вақт кўрсатади. Энг муҳими, халқ кўнглидан жой олиш.
– «Адабиётга кириб келиш» бўлар экан, демак, нимадир сабаб бўлиб, том маънода ундан чиқиб ҳам кетилади-да, тўғрими?
– Адабиётга чиндан кириб келган ижодкор ҳеч қачон чиқиб кетмайди. “Фалончи адабиётдан чиқиб кетди” деган баҳони олган одам эса аслида бу даргоҳга яқинлашмаган ҳам бўлади. Энди, тасаввур қилинг, Навоий, Бобур, Огаҳий, Машраблар даврасига кирган одам қандай қилиб бу қутлуғ анжуманни ташлаб кетсин?! Нобоп кимса ўз-ўзидан бу мажлисга яқин ҳам келолмайди.
– «Кечагина» номли шеърингизда айтилган «ғўр шоирлик» чоғларингизни қанчалик қўмсайсиз? Ўша дамларда атрофингизда бошқача одамлар бўлгандир-а? Шоирона воқеалар, кўнгиллар суҳбати…
– У даврларда таъмадан, ҳасаддан йироқ эдик. Шеърни самимий яхши кўрардик. Адабиётдан бошқа юпанч, таскин, қайғумиз йўқ эди. Кимдир яхши шеър ёзса, чин дилдан қувонардик, ҳавас қилардик. Энг асосийси, илҳом парисига кундош йўқ эди у пайтларда. Ҳеч ким билан ҳисоблашмасдик. Фақат кўнглимизнинг қули эдик. Дунё сирли эди…
– Сиз мансуб авлод (Салим Ашур, Ғулом Мирзо, Қўчқор Норқобил… ва бошқалар) адабиётга қандай ўзига хослик олиб кира олди? Ва ҳали бу авлоднинг қилиши лозим бўлган ишлари ҳақида сўзласангиз…
– Мен умумий гапларни ёмон кўраман. Келинг, авлодимизнинг пешқадам вакилларидан бири бўлган биргина Салим Ашур тўғрисида гаплашайлик. Салим ака дастлаб турли шаклий изланишлар олиб борди. Янги шакллар орқали янги мазмун-моҳият яратишга қаттиқ киришди. Ва бунга эришди ҳам. Одам бир хилликдан тез зерикади. Катта истеъдодлар ҳам шаклда, ҳам оҳангда, ҳам мазмунда инқилоб қилади. Лекин ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Тарихий асарлар, таржималар, пьесалар… кутиб турибди. Муҳими, ўша ёшликдагидек туғённи сақлаб қолиш.
– «Тил билан куйланмас Она Ватаним, Мен сени куйламак истайман фақат…» деб ёзган улуғ шоирларимиздан бири. Бугун Она Ватан шоирлар тилида қандай куйланмоқда? Самимийми? Ўқиган кишининг қалбида акс-садо берадими? Менинг ожизона кузатувим бўйича эса мавзуи Ватан бўлган аксарият шеърлар адабиётга алоқасиз мадҳномаларга айланиб қолаётгандек…
– Умумий адабиётнинг қиёфаси ўзи шунақа. Қайси мавзуда юксак бадиий асарлар кўп деб ўйлайсиз? Ҳамма мавзу саёз, юзаки. Айниқса, китобмас, интернетда саводи чиқаётган ёшлардан нимани кутиш мумкин? Улар ҳаводан озиқланаётган ўсимликларга ўхшайди. Тўғри, Ватан ҳақида устозларимиз ҳам кўп ёзишган. Эсга фақат Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф каби шоирларнинг шеърлари келади, холос.
– Устоз шоирсиз. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги вазифа юзасидан ҳам ёш ижодкорларни яқиндан кузатасиз. Ҳозирги ёшлар шеъриятига қандай баҳо берган бўлардингиз?
– Демак, юқоридаги фикримни давом эттираман. Шеъриятда мавзу муҳим аҳамият касб этади. Янги фикр айтиш учун воқеликнинг янги қирраларини кўра билиш керак. Бу маънода шоир укам Бобур Элмуродни мақташим мумкин. Лекин кўпчилик ёшларимизга хос бўлган бир хилликнинг иллатини фикрий танбалликда деб биламан. Эътибор берган бўлсангиз, қизларимизнинг аксарияти бир хил оҳангда шеър ўқийди. Агар ўзини кўрмасангиз, битта ижодкор ўқиётгандай. Демак, шеърларининг даражаси ҳам деярли бир хил. Шу ўринда қизларимиздан узр сўраб бир ҳазил байт айтмоқчиман:
– Умр ўтяпти, элга довруқли шоир бўлиб ном таратдингиз, шеърларингизни севиб ўқийдиганлар ҳам ўзига етарли. Лекин даҳо ижодкорларда ҳам гоҳи иккиланиш бўлган. Ўзингиз шоир Иқбол Мирзога қай даражада мухлислик қила оласиз?
– Баъзи шеърларингни бошқалар тилидан эшитиб, ўзинг маза қиласан. Шоирнинг бахти шу. Баъзи шеърларингни китобинг орасидан йиртиб олиб, бурдалаб, шамолга сочгинг келади. Буям ўзига хос бахт. Агар шу иккала ҳолатни ҳам туймасанг, ҳис қилмасанг, мана шу ҳақиқий бадбахтлик. Шу маънода мени бахтли шоир деб ҳисоблашингиз мумкин.