Муҳаммаджон Обидов: Шоҳимардон манзаралари – 2017 (Сафар таассуротлари)
Сафар таассуротлари
Шохимардон манзаралари – 2017
Пролог.
Бу мақолани юқоридаги рукн остида ёзишни истамагандим. Лекин на чора? 1991-йил Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасига чегара симларини тортди. Биз учун азиз хамда қадрдон бўлган Шохимардон ва шохимардонликлар Қирғизистон ва қирғизлар қуршовида қолиб кетди. Водилдан Шохимардонгача бўлган 25 чақирим йўл эса хақиқий синовга айланди.
Шундай қилиб, 14 июл, 2017 йил. Биз ЎзА мухбирлари Мақсуд Сулаймонов ва Муқимжон Қодировлар билан Шохимардонга сафарга отландик. Барча расмиятчиликларни адо этиб соат 12:15 да Ўзбекистоннинг Водил (расман Фарғона) чегара масканига келдик. Турнақатор юк машиналар бир йўлакда, енгил машиналар иккинчи йўлакда навбат кутиб турар эдилар.
-Чегарада соатлаб кутамиз, божхоначилар машинадан юкларни туширтириб текширув ўтказгач сўнг яна қайта юклаймиз. Ахир хозир технологиялар ривожланган, уни техник асбоблар ёрдамида текширса бўлмайдими?
Мен исмингиз нима, қайси юк машинаси сизники деб сўраганимда сухбатдошим зарда билан бир хўмрайди-ю, терс бурилиб кетди. Хозиргина сизни таниймиз мухбир ака, деб сухбатга қўшилган бошқа хайдовчилар хам “гурр” этганича ўз машиналари томон кетиб қолдилар.
-Булардан хафа бўлманг,-деди ёши улуғроқ бир хайдовчи. –Баъзида кун бўйи текширувни кутамиз. Қолиб кетган кунларимиз ҳам бўлган. Агар сизга арз қилаётганимизни билиб қолишса машиналарини бирон бахона билан қайтариб юборишмасин, деб ўйлашади.
-Ўзбекистон чегарасида таъмагирлик борми? –сўрадим мен.
-Йўқ – йўқ. На чегарачи, на божхоначи хеч нарса сўрамайди. Лекин жуда ортиқча “закончи”, улар. Қирғизлар эса машинангизга қиё ҳам боқиб қўймайди. Фақат пул олса бўлди.
-Сўҳгача қанча (пора деган сўзни айтишдан ўзимни тийдим) берасиз уларга?
-Юкка қараб. Озиқ – овқат бўлса хатто 3-4 миллион сўмгача. Қурилиш материалларига арзонроқ, 2-3 миллион сўм. Лекин шуниси яхшики, бир зум ҳам ушлаб туришмайди. Олади-ю ўтказади.
Шу пайт навбатда турган одамлар бизни чақириб қолишди.
-Чегарадан ўтасизларми ўзи?!
Дастлаб божхона текширувидан ўтдик. Декларация тўлдириб қаердан, қаерга нима олиб кетаётганимиз хақида ёзиб имзоладик. Муқимжоннинг фотоапарати кўрикдан ўтказилди. Бизда эса қоғоз-қаламдан бошқа гап йўқ эди.
Энди яна навбатга турдик. Бу галгиси чегара –паспорт назорати. Йўқ, одам кўп эмасди, чамаси ярим соатларда хужжатларимизни кўздан кечириб паспортимизга мухр босилди.
200 метрча нейтрал худуддан ўтгач қирғиз солдати бизни йўл четидаги будкага боришимизни айтди. Мен дарчадан паспортимни узатдим. Қирғиз офицери уни обдон титкилади –ю, столининг четига ташлаб қўйди. У ҳам менга термулганча ўтираверди, мен ҳам туравердим. Охир оқибат унинг сабри чидамади.
-Ставка қани,- ғўлдиради у.
Шохимардонга йўлга чиқаётганимизда асли шу қишлоқлик, лекин Фарғонада тадбиркор бўлиб ишлайдиган бир танишим билан учрашгандим. У Қирғизистонга киришдаги Қадамжой чегарачисига ўн минг, Қирғизистондан чиқаётиб Ақ қия постидаги чегарачисига ўн беш минг сўм берасиз, дегани ёдимга тушди. Мен каловланиб чўнтагимдан ўн минг сўм ажратиб чегарачига узатдим. У бамайлихотир санаб кўрди ва менга бақрайиб:
-Яна беш минг ташла, буниси штраф сенга,-деди.
Ноилож яна беш минг бердим. Бу холатни кузатиб турган хамрохларим дархол паспорт ичига ўн минг қистиришди. Дарчадан паспорт узатдилару, “шарақ” этган товуш эшитилиб мухр босилди.
Кимсан, қаерга кетаяпсан, ёнингда ниманг бор, деб сўрамадилар. Деклорация ҳам тўлдирмадик.
Энди нима қилишимизни билмай тургандик, чегарачи кийимидаги бир харбий келиб, чиқ-чиқ деб бизга йўл кўрсатди.
Панжара эшикдан ўтдик. Бу ёғи Қирғизистон эди. Тез орада биз Шохимардонгача кира қилган “Нексия” хайдовчиси ҳам чиқди.
-Ҳа мухбир акалар, Сизлар ҳам беридиларингми,-деди у бизнинг ахволимиздан кулиб. -….(у бир нима деб сўкинди) қирғизлар олмаса ўтказмайди. Аслида хеч қандай қонуний асос йўқ. Биз “чўнғ”ларига шикоят қилиб ҳам уддалай олмадик.
Тили бир экан, уларнинг.
Хайдовчи Шохимардонлик бўлиб, бир кунда бир марта Фарғона ёки Водилга кира қилиб кетишини айтди.
-Бизни (у ўзига ўхшаган киракашларни назарда тутар эди) жуда яхши танийди улар, лекин бирон гал пул олмасдан ўтказмайди.
Қадамжой райони марказий кўчасидан кетаяпмиз. Икки томонда ахён – ахёнда янги қурилган иморат учрамаса, қолгани ўша совет замонидан қолган нурсиз, пастқам бинолар. Шаҳар марказида бошида қушлар давра қурган Ленин хайкали хамон турибди.
Машинамиз шаҳардан чиққач Хур қизлар довонидан ўтиб айро йўлдан чап томонга бурилди. Ўнгга кетадигани Сўхга боради.
Дарё шовуллаб тошдан – тошга урилиб ёқимли шаббода таратиб оқиб турар эди. Тоғ ёнибағридаги арчазордан ҳам хушбўй бир ис таралди. Олдинда чўққисини қор босган тоғлар қат-қат. Салқин ҳаводан тўйиб – тўйиб нафас ола бошладик. Чегарадаги асаббузарлик тарқаб кетгандек эди. Шу тариқа биз Шохимардонга яқинлашиб қолдик. “Ақ -қия” Қирғизистон чегара пости кўринди. Йўл четида давлат рақами 08 KG 406 AAB бўлган Мерсадес -220 русмли машина турар эди. Ундан ўтиб кетаётган эдик, пипитлатиб сигнал чалди.
-Мараз,-деди хайдовчимиз дарғазаб бўлиб, -ва машинани тўхтатиб, ёнидан 20 минг сўм санаб олдида Мерсадес томон кетди. Машинанинг қорайтирилган ойнаси туширилиб бир қўл чиқди. Хайдовчи унга пул тутди. Кузатиб турибмиз. Пулни олгач яна ойна кўтарилди.
-Падаринга ланат Қилич бўлган,-деди хайдовчи энди нафрат билан.-Тешиб чиқсин.
Биз индамадик.
-Ўн бешдан тайёрланглар, буниси (у яна бир бор сўкинди) ўн бешдан олмаса шлагбаумни очмайди.
Мен итоаткорлик билан ичига айтилган пулни солиб учта паспортни бир қилиб бутка дарчасидан узатдим.
-Сен боравер, шофёр қелсин,-деди дўқ аралаш қирғиз чегарачиси. Кейин, ставка тўлиқми, деб бақириб қолди. Мен “ҳа” дегандек бош силкадим.
Паспортимизга “14.07.177 АК-КЫЯ” деб ёзилган навбатдаги мухр босилди. Сал нарида Ўзбекистон чегараси эди. Юрагим хапқириб кетди. Хилпираб турган байроғимизга сажда қилгим келди. Ўзбек чегарачиларининг истараси ҳам иссиқдек туюлди менга.
-Эсон-омон ўтиб олдиларингми, — сўради чегарачи йигит паспортимни қайтариб берар экан кулимсираб. — Яхши дам олинглар!
-
Тарихчилар қайд этишича топилган, ўрганилган манбааларда Шохимардон қишлоғининг номи 6-7 — асрларга қиёсланади. Бу худудларда ислом дини тарқалгач тоғлар қуршовидаги икки дарё қўшилган тепаликда зиёратгоҳ пайдо бўлган. Ривоят қилишларича пайғамбар (с.а.в) нинг куёвлари Хазрати Али қабрлари уларнинг васиятига кўра “тоғлар қуршовидаги икки дарё қўшилган тепалик”да бунёд этилган. Шохимардондаги мақбарани Хазрати Алининг дунёдаги етти қабридан бири деб атайдилар ва бу ерга зиёратчилар ҳар қандай шароитда ҳам келиб туришга харакат қиладилар.
-Хазрати Али мақбараси ХIХ -асрнинг охирида зилзила туфайли вайрон бўлган. Қайта тиклангач эса, ХХ асрнинг биринчи ярмида энди шўролар томонидан бузиб ташланган. Лекин ўшанда ҳам мусулмонлар қабр қуббасини қум –тупроқ билан кўмиб яшириб қолганлар, -дейди зиёратгох мутасадиси Жамолхон Саидов. –Фақат мустақиллик туфайлигина мақбара тарихий суратлар асосида яна янгитдан қурилди.
Бугун Хазрати Али мақбараси Шохимардоннинг хамма еридан кўриниб туради. У анвойи гуллар, обод ва кўркам шийпонлар қуршовида. Зиёратчилар бу ерга келиб қурон тиловат қилиб ибодат қилишларига барча шароит яратилган.
-
Шу ерда Фарғона вилоят ўлкашунослик музейининг Шохимардон бўлими ишлаб турибди. У Хамза Хакимзода Ниёзийнинг 100 йиллик юбилейи кунлари очилган эди.
-Музейимизда саккиз нафар одам ишлайди. Таъмирталаб холатдамиз. Экспонатлар ҳам у очилганидан буён янгиланмаган,-дейди илмий ходима Гулноза Нажмиддинова.
Тан олиб айтиш керак. Давлат музей ва унинг ходимларини ўз таъминотига олган. Лекин бу ерда хеч кимни учратмайсиз.
-Йўл (Ўзбекистон-Қирғизистон йўли назарда тутилади) очиқ эмаслиги туфайли Шохимардонда фақат санаторияда дам олувчилару, сизларга ўхшаб хизмат сафарига келганлар бўлади. Улар ҳам музейга ошиқавермайдилар,-дейди музей директори Маъруфжон Турсинбоев.
-
Шу тепаликда атроф мармар қопламалари кўчган, қаровсиз қолган Хамзанинг қабри ҳам “маъюсгина” турибди.
-Бу ерга ҳам мен қарайман,-дейди Жамолхон ака. –Хозирги ёшлар Хамза кимлигини билишмайди.
Бу нақадар аччиқ ҳақиқат. Дарвоқе Хамза ким ўзи? Шўролар даврида таърифланганидек, “инқилобчи”-ми ёки миллат ва маърифатпарвар, жохиллар қўлида қурбон бўлган ўзбек зиёлисими? Эсимда, 2000 йилда Хамза хаёти ва ижоди бўйича фан докторлиги дессертациясини ёқлаган ва профессор бўлган Лазиз Қаюмовга шу саволни берганимда “Хамза ҳақида айтар сўзимни айтганман”, дея жавобдан қочган эди. Афсус, олиму уламолар, тарихчи –ю сиёсатчилар халигача бу зот хақида мухтасар бир сўз айтмадилар. Унинг хайкаллари бузилди, театр, кўча, метро, туманлар бошқатдан номланди. Нима учун? Бу савол хамон очиқ қолмоқда. Хамза умрининг сўнгги йилларида (1926-1929) Шохимардонда янги тизимдаги мактаб очган, санъат ва маърифатни тарғиб қилган. Музейда бу далилларни исботловчи фотохужжатлар, бошқа экспонатлар турибди. У 1929 йилда Хазрат Али мақбараси пойида тошбўрон қилиб ўлдирилган…
Унинг яккақабр тошига ўйиб ёзилган ушбу мисралари эса бугун на қалбларда, на тилларда.
…Тузамиз янги турмушни замон ичра,
Абадий сўнгра яшаймиз жахон ичра.
-
Қишлоқдаги 6 минг ахоли иккита ўз ўзини бошқариш идораси – махалла фуқаролар йиғинларида яшайди. Бири Шохимардон, иккинчиси Ёрдон МФЙ деб аталади.
-Давлатмиз, вилоятимиз рахбарлари биздан доимо хабар олиб, ғамхўрлик кўрсатиб турадилар,-дейди Шохимардон ҚФЙ раиси Рустамжон Тожибоев.- Шухрат Ғаниев (вилоят хокими) хар икки уч кунда менга телефон қилиб хол-ахвол сўрайдилар. Баъзида, кутилмаганда ўзи машина хайдаб келиб қолади. Орқада юк машинаси тўла ун, ёғ, бошқа озиқ – овқат махсулатлари. Буни тарқатиб беринг, дейди у. Мана бу ёққа киринг. Бу омбохона. Захирамиз. Тўсатдан юз берган совуқ маросимларда мусибатгўйларга берамиз.
Қишлоғимизда иккита мактаб, иккита касалхона бор. Бири янги қурилди. Бозоримиз ишлаб турибди. Электр кирмаган хонадон топилмайди.
Ўзимиздан чиққан тадбиркорлар мана, қатор магазинларни очиб ишлашяпти. Нафақалар вақтида берилади. ЗАГС(фуқаролик холатлари далолатномаларини ёзиш бўлими) хафтанинг бир куни Шохимардонда қабул ўтказади. Одамларимиз давлатимиз сиёсатидан мамнунлар.
-Улар нима билан машғул, тирикчилик манбаи –чи?
Рустам ака бир оз шошиб қолди.
-Биласизми, йўл муаммоси бор. Шунинг учун қишлоқда саноат корхоналари йўқ. Лекин касаначилар махсус кийим тикиб беради, тоғнинг кечки ўригини қуритиб сотишади, Шохимардон олмаси, малинаси харидоргир. Хар бир хонадон чорва қилган. Хозир санаторияда 300 нафардан ортиқ одам даволаняпти. Эчки сути асосан шу ерда сотилади.
-Негадир ёшлар кам кўринади, кўчаларда?
-Ха, уч юздан зиёд ёшлар Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларга ишлагани кетганлар.
-
Ёрдон махалласининг юқори кўчасида бундан 20 йиллар чамаси аввал икки қаватли ўзига хос меъморий ечимга эга бино қурилганди. “Йўл муаммоси” туфайли Шохимардонга одамлар дам олгани келолмай қолдилар. Тадбиркор Хамиджон Абдурахимов вилоят солиқ идорасига тегишли бу бинони ижарага олиб уни таъмирлабди ва “Farg’ona vodiy sayyox” МЧЖ нинг экотуризм марказига айлантирибди. Дарё бўйи, тоғ этаги ғоят кўркам, барча қулайликларга эга экотуризм марказида Тошкент шаҳридан келган 30 та кексалар ва ЎФФ I лигаси қатнашчиси “Истиқлол” футбол жамоаси аъзолари дам олишаётган экан.
-Зилол сув, тоғнинг соф хавоси, бетакрор манзара ва самимий хизмат – булар хаммаси шу марказда мужассам,-дейди меҳнат фахрийси, дам олувчи Толибжон Каримов.
-Биз ёзги таътил тайёргарлигини Шохимардонда ўтказишга қарор қилиб адашмаган эканмиз,-дейди “Истиқлол” бош мураббийси Усмон Асқаралиев. –Бу ерда стадион, йугириш йўлаклари, жисмоний чиниқиш машқлари учун табий рельеф ва иқлим бор. Футболчи малака машғулотлари ўтказишнинг энг самарали шароити мухайё.
-
Қишлоқ тоғлар қуршовида, текис майдон йўқ. Дехқончилик сув етиб борадиган қия адрларда холос. Иқлим эса салқин. Бундай шароитда буғдой экиб хосил олиб бўлмайди. Демак ун қишлоққа “катта ер” дан келтирилади. Ёрдондаги ягона бўлган озиқ – овқат дўкони олдида одамлар тўпланиб турар эди.
-Ун келибди. Шунга навбатда турибмиз,-дейди Абдувосит Қодиров. –Давлатимизга рахмат, ун, ёғ, етказиб бериб турибди. Лекин дўкончи икки ойда бир марта ун билан савдо қилади. Баъзан тежамкорлик ҳам иш бермай қоляпти. Ун етишмаяпти.
-Тўғри,-деди унинг гапини маъқуллаб Сабохон Жўраева. –Белгиланган нормадаги унни оляпмиз. Аммо нонсевар халққа у озлик қиляпти. Тижорат нархида бўлса ҳам ун келтириб сотилишини йўлга қўйиб берсалар эди…
-
Шохимардоннинг шимолий қисми тоғ тепасида Қўлиқурбон бор. Ундан ва унинг этагидаги Бешпанжа булоқларидан бир дарё сув қишлоқ томон шиддат билан оқиб келади. Эсимда бундан 15-16 йил аввал кўл этагидан қишлоққача диаметри 1 метрли пўлат қувурлар тортиб йўл остига кўмилган эди. Кейин суви салкам 20 метр тепадан Кўксув дарёсига қуйиладиган қувурлар ҳам ётқизилган. Бу ерда, дарё тепасида кичик ГЭС биноси қурилиб электр қуввати ишлаб чиқарадиган агрегатлар ўрнатилиши режалаштирилган эди, ўшанда. Аммо лойиха чалалигича қолиб кетди.
-Биз бу муаммони Олий Мажлис депутатлигига номзодларнинг бирига айтган эдик, у албатта ГЭС ни қурамиз деб бизни ишонтириб ваъда берди,-дейди 79 ёшли Шоир ота Комилов. –Мен қишлоқ ахлини шу номзодга овоз беришга даъват этдим. У парламент депутатлигига сайланди. Аммо … ваъда ваъдалигича қолиб кетди. Мен эса хамқишлоқларим олдида уялиб қолдим.
Агар шу кичик ГЭС ишга тушса, биласизми, хозир қишлоғимизга Ангрендан кўмир келтиряптилар, у ҳам керак бўлмайди. Ишлаб чиқарилган электр энергияси халқимизга етиб ортади. Қолганини экспорт қилсак ҳам бўлади. Бу мутахассислар хисоботидаги гап, мухбир ука.
Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев Фарғонада кичик ГЭС лар қуринглар, деди. Телевизорда ўзим кўрдим. Шунда яна умид пайдо бўлди, бизларда. Зеро, Шохимардон ГЭСи катталарнинг эсига тушиб қолса.
-2017 йил қиш мавсуми учун Шохимардон ахолисига 1650 тонна кўмир Ангрендан келтирилши режалаштирилган,-қўшиб қўйди махалла раиси Рустамжон Тожибоев.
-
Баъзан шундай бўлади. Ташаббус қанчалар тез бошланса, шунча тез сўнади… Шаланг- шохимардонликларнинг “умид” тоғлари. Унинг чўққисида бир неча телефон станцияларининг тўлқин узаткичлари турибди. Улар қаторига электр трансформаторини эслатувчи металдан ясалган қути ҳам ўрнатилган.
— Шохимардон қишлоғида телевизор фақат “Ўзбекистон” телеканалини қабул қилади холос,-дейди тадбиркор Саодатхон Махмудова. –Фарзандларимиз “Ёшлар”, “Спорт”, биз эса “Фарғона”, “Наво”, “Маънавият ва маърифат” каби бошқа канал кўрсатувларини томоша қилгимиз келади, лекин бунинг иложи йўқ. Ўша, тоғдаги қутига аллақандай узаткичлар келтирилиши керак экан. Бу хақда кимга арз қилмайлик, ана келади, мана келади билан бизни “сийлаб” кетаверадилар. Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматовга илтимосимизни етказа оласизми?
-
2017 йил Шохимардон ва шохимардонликлар хаётида унутилмас воқеалардан бири рўй берди. Қишлоқдаги собиқ тиббиёт пункти мутлақо янгитдан таъмирланди, кенгайтирилди, махсус асбоб ва анжомлар келтириб жихозланди, жаррохлик, туғруқхона, болалар касалликлари бўлимлари очилди. Малакали мутахассислар билан таъминланди. Гул ва тоғнинг манзарали дарахтларига бурканган касалхонани энг сўлим оромгохга қиёслагим келади.
Бош шифокор Дилором Тошболтаева “Эл юрт хурмати” ордени сохиби.
-Илгари тўлғоқ тутган аёлни Қирғизистон худуди, тўртта чегара постидан олиб ўтиб туман маркази – Водилга олиб бориларди. Ёки кичик жаррохлик амалиёти зарур бўлган бемор ҳам яна Водилга жўнатилар эди. Бу касалхона битиб ишга тушгунча вилоятимиз рахбарининг бир оёғи шу ерда бўлди. Мана энди беморларга барча шароитлар яратилди. Биз очиқ юз, чоғ кайфият билан хизмат қиляпмиз.
Ёрдон махалласида тез ёрдам бўлими очилди. Зарурат туғилса бемор зудлик билан махсус жихозланган машинада бу ерга, шифохонага олиб келиб ётқизилади.
Дилором опа бир нарса ёдига тушди шекилли, хандон кулгусини яшира олмади.
-Тараққиёт мавзесида биз, тиббиёт ходимлари учун “шифокорлар уйи” қурилди.
Шифохона бўлимлари билан танишамиз. Хоналар ораста, кенг, ёруғ. Барча зурур мебеллар билан жихозланган. Жаророхлик амалиёти хонаси шаҳардагилардан хеч қолишмайди.
-Тез-тез қон босими касалим хуруж қилиб турарди. Водилга бориш малол келарди. Мана энди қишлоғимиздаги шифохонада даволаняпман, -дейди Расул ака Икромов.
-
Шохимардоннинг энг кўркам биноларидан яна бири 1-ўрта мактабдир. Унда 382 та ўқувчи бор.
-Бу йил мактабимизда ўнинчи синф очилди, -дейди директор Исоқжон Тожибоев. – Илгари 9-синф битирувчилари ноилож Водил ёки Фарғонадаги коллеж ва лицейларга кетар эди. Мана энди мажбурий ўрта таълимни шу ерда оладилар.
Мактабни хавас билан томоша қиласиз. Компютер синфлари, спорт заллари, сахнали ёпиқ мажлислар зали, фан лабараториялари, тикувчилик устахонаси…. Лингафон кабинетини айтмайсизми.
-Инглиз тилига қизиқиш катта ўқувчиларимизда,-дейди Исақжон ака. –Шу кичик мактабда 4 та инглиз тили ўқитувчиси ишлайди.
Бу бино, хоналар, йўлак ва ховлидаги инглизчи ёзувлардан ҳам кўриниб турарди.
Спорт залида 50 чоғли болалар машғулот ўтказаётган экан.
-Муай Тай спорт тури ривожланган,-дейди мураббий Жавлонбек Азизов. –Яқинда Андижонда, Фарғонада бўлиб ўтган республика мусобақаларида тарбияланувчиларимдан Абдулазиз Шавкатов, Қахрамон Ғуломов, Ислом Абдуфаттоховлар совринли ўринларни эгалладилар.
-
Маъмуржонова Афифа Музаффар қизи. Бу номни эслаб қолинг. Хали йиллар ўтиб у мамалакатимиз номини балки дунёга машхур қилар. Ҳа – ҳа, шу уч ёшли қизалоқ ҳақида бу тариф.
Мухайё Қодирова тўсатдан набирасида ёдлаб қолиш хотираси кучлилигини пайқаб қолди. У Афифага қайси эртакни айтиб берса, сахифа – сахифа матнни болаларча тилда дархол қайта хикоя қила оларди. Бувижони аста давлатлар номи, мамлакатлар пойтахтларини тилга олди. Қизалоқ барчани лол қолдириб уни ҳам бир марта эшитганидаёқ ёд олганди. Кейин Мухаббат опа набирасига глобусдан мамлакатлар жойлашувини тушунтирди. Афифа яна мўжиза кўрсатди. 185 та давлат ва унинг пойтахтини глобусдан кўрсатар ва номини айтарди. Биз у билан учрашган чоқда атайин қитъаларни чалкаштириб давлат номларини айтдик. У эса хеч адашмай “ер шари” дан ўша мамлакатни топар, пойтахти эса фалон шаҳар деб уни ҳам жажжи бармоқлари билан кўрсатарди.
Йўқ Афифа на ёзиш, на ўқишни билмайди. Фақат ноёб хотираси туфайли шундай билағон. У 2014 йил 12 апрелда дунёга келган. 53 йил аввал, шу куни инсон илк бор фазога учганди. Бу санада бирон каромат бормикан? Нима бўлганда ҳам шохимардонлик бу ватандошимиз уч ёшида “дунёни забт этди”. Хозирча глобус ва хотирада бўлса хам.
Эпилог.
Бир кунлик сафар нихоясига етди. 2017 йил 15 июл. Биз Шохимардондан қайтиб яна Қирғизистоннинг “Ақ Қия” постига келдик. Яна ўша манзара. Ноилож паспортларга пул қистирдик. Чегарадан ўтсак йўл четида турган кечаги Мерсадес чироғини бир ёқиб ўчирди. Киракаш хайдовчимиз сўкина – сўкина 20 минг сўмни олиб бориб узатди. Хайдовчи ўтирган томон ойнаси туширилиб таниш қўл чиқдию, пулни чангаллаганича кўздан йўқолди.
-Шу пулни бермасдан ўтиб кесангиз бўлмайдими,-сўрадим хайдовчидан.
-Қилич дархол Қадамжой постига қўнғироқ қилиб машина номерини айтади. Йўл битта. Иложсиз ўша ерга борамиз. Энди 20 эмас, 40 минг тўлайсан, дейди. Уришиб, муштлашиб ҳам кўрдим. Фойдаси бўлмади. Уч – тўрт соат қамаб туриб, сўнг бор пулимни олиб аранг қўйиб юбордилар.
Биз Қадамжой томон кетардик. Негадир бугун Қирғизистон тоғлари, дарёлар ҳам кечагидек жозибадор эмасди.
Мухаммаджон Обидов
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
1 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГLeave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Мухаммаджон ака барча Россияде фаргоналилар номидан Сизга рахмат айтамиз! Биз Чимён кишлогиданмиз! Шохимардонга йул очилганини эшитиб роса хурсанд булдик! Ажойиб макола ва расмлар учун алохида рахматлар эълон киламиз! Зиёратларингиз кутлуг булсин! Шохимардонга бормаганимизга 10 йиллардан ошиб кетди! Узбекистонимизни Швецарияси расмларини куриб роса хурсанд булдик! Эх кани энди уша дамлар… Турсунали полвонларни дор уйнатишларию, Куликубонда кайикда сузишлар…
Мухаммаджон ака! Сиз гузал Фаргонамизни хакикий жонкуяр фарзандисиз! Сизга Яратгандан соглик-омонлик сураб коламиз!