Исмат Хушев: Озодбек Назарбеков нега истеъфо берди?
Озодбек Назарбеков истеъфоси асослими, у нимани англатади?
Унинг номзодини давлат раҳбарига ким тавсия этган эди?
Президентнинг кадрлар сиёсати ва унга махсус хизматлар муносабати…
Хориждаги ўзбек журналисти шарҳи…
1.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Ёшлар» телеканалига раҳбар этиб тайинланган Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков бир ойнинг нари берисига етмай истеъфо берди.
Давлат раҳбари томонидан республика ёшлар қурултойида, шов шув билан, бутун Ўзбекистон кўз ўнгида бу лавозимга тайинланган раҳбар бугун кутилмаганда ишдан кетди.
Тўғри келган тасодифий санъаткорнинг ижодкор журналистлар даргоҳига раҳбарликка тайинланиши мана шундай шармандали тугайди деб бизга берилган сирли «сигнал» ва ё ишорами бу — нима бу? Энди Ўзбекистон Президентининг кадрлар сиёсати халқ кўз ўнгида қандай ҳолга тушди?
Озодбек Назарбековнинг бу истеъфоси тасодифми? У мамлакатда қандай акс садо берди? Ундан Президент ва биз — журналистлар қандай хулоса ва сабоқ чиқаришимиз лозим?
2.
Ўзбекистон телевиденияси — катта ва муқаддас даргоҳ. Бу ердаги журналистлар бир қараганда мўмин ва ювош, уюшмаган халқ бўлиб кўриниши мумкин. Лекин аслида бундай эмас. Бу — ёлғон таассурот. Телевиденияда асосан профессионал ва малакали журналистлар, ижодкорлар меҳнат қилишади.
Хусусан, «Ёшлар» телеканали — ЎзТВнинг энг нуфузли ва машҳур каналларидан бири. Бу ерда юзлаб ходимлар ишлашади. Ҳатто профессионал даражадагилари ҳам аслида оддий бир ижодий ёрдам ва маслаҳатга, меҳр ва таскинга зор бўлишади. Телевиденияни одамларнинг қулоғига танбур чертиш билан бошқариб бўлмайди. Раҳбар учун энг аввало журналистик иқтидор керак. Бу даргоҳда ҳар бир одам ўз ёзгани, чизгани ва айтаётган лавҳасини қандай қилиб раҳбарга етказсам деб ўйлаб юради.
Ваҳоланки, Озодбек — дарвозабони йўқ дарвозага айланиб қолди. Тепилган тўпларнинг ҳаммаси, профессионал даражасидан қатъий назар, дарвозани бемалол ишғол қилиши мумкин бўлиб қолди. Тўп тепиш ва тепилиш маҳорати — журналистик иқтидоридан қатъий назар.
Бу — телевидения учун жуда хавфли эди…
Журналист халқи билан ўйнашмаслик лозим. Уларнинг ҳис-туйғу ва профессионал ғурурини оёқ ости қилмаслик керак. Уларни менсимаслик ёмон оқибатларга олиб келади.
Бу давлат ва жамиятга, ҳукуматга ҳеч қачон обрў келтирмайди…
3.
Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги ишончли манбалар маълумотига кўра, Озодбекнинг «Ёшлар» телеканалига раҳбар этиб тайинлаш ташаббуси аслида Президентдан эмас, балки унинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновдан чиққан.
Давлат маслаҳатчиси фақат ўз шахсий манфаати ва «урра урра»га ишлайдиган бўлса, унинг нима кераги бор? Биз бу ҳақда анчадан бўён тинимсиз бонг уриб келяпмиз.
Лекин МХХ раиси ҳимоясида бўлган ўз ўрнига номуносиб Давлат маслҳатчиси ҳануз ўз ўрнида турибди. Майли, «Жўжани кузда санаймиз» деган бир ҳикмат бор халқимизда. Ҳозир — ёз. Кузгача ҳам кўп вақт қолмади…
Хуллас, давлат раҳбарлигига келганидан бўён Шавкат Мирзиёев фаолиятида тўла асосланмаган қарор бу — Назарбеков бўлди. Мақсад қай даражада ижобий бўлишидан қатьий назар, у етарли пойдеворга эга бўлмаганлиги боис — бу олий мақсад бир ойга етмай қулади.
Агар Президентнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўз хизмат вазифасига муносиб, соғлом ва холис фикрга эга бўлганида эди — Озодбек бу вазифага келмасди. Келган тақдирда ҳам у янги жамоада бундай яккаланиб қолмасди.
Бу аслида Давлат маслаҳатчисининг Президентга нисбатан уюштирган шантажи эди. Маҳорат билан уюштирилган яхши ва чиройли шантаж…
4.
Озодбек Назарбековнинг бугунги кутилмаган истеъфоси — Ўзбекистон телевидениясида тезда унутилиши мумкин. Лекин Ўзбекистон кадрлар сиёсатида анча вақтгача янги президентнинг жамики қарорларига соя солиб туради.
Президентга уни тавсия этганлар, бу чиройли шантаж билан, маълум маънода мақсадларига етдилар.
Озодбек телевиденияда бундан кейин ҳам ўз қўшиғини айтаверади. «Ёшлар» телеканалининг янги раҳбари Мадамин Сафаровга ҳам таъсир доираси тураверади.
Лекин афсус ва надомат билан яна бир бор такрорламоқчимиз: Президентнинг кадрлар сиёсатига Озодбек масаласи узоқ вақт соя солиб туриши турган гап…
5.
Озодбек Назарбеков ақлли, билимли, оғир-босиқ, мулоҳазали йигит. У давлат раҳбари ишончини ўзидан ўзи суистеъмол қилмаслигига мен ишонаман. Бу ерда биз билмаган нимадир содир бўлган.
Унинг яқинда куч ишлатар тизими раҳбариятига нисбатан айтган ҳақ сўз ва ўринли дашноми — бугун унга маломат ва адоват тоши бўлиб отилган бўлиши ҳам мумкин.
Нима бўлганда ҳам унинг энг олий раҳбар томонидан энг олий анжуманда кучга кирган бу лавозимдаги истеъфоси — Ўзбекистонда Мирзиёевга қарши кучлар ҳали мавжуд эканидан, улар бу билан Президентга яна бир бор аччиқ ва аламли сабоқ берганидан далолат бу…
6.
Дарвоқе, янги Президентнинг кадрлар сиёсати ва унга нисбатан олиб борилаётган эскича саботажлар ҳақида.
Шавкат Мирзиёевнинг биринчи раҳбар бўлиб келишини — давлат ва жамоат арбоблари, энг биринчи ўринда — Ўзбекистон Олий раҳбарияти ва куч ишлатар тизими мулозимлари катта шодиёна ва хурсандчилик билан кутиб олишди. Улар — Бош вазирлик давридан бўён ҳали ошкор этилмаган, юрагининг энг тубида яшириниб турган ички туйғу ва фикр ўйларидан бехабар Мирзиёев — Каримов сиёсати ва йўлини оғишмай давом эттиради деб ўйлаган эдилар.
Лекин бундай бўлмади. Улар қаттиқ адашдилар. Шавкат Мирзиёев ортиқ бундай яшаш мумкин эмаслигини, Ўзбекистонда энди бошқача сиёсат олиб бориш лозимлигини яхши биларди. Шунинг учун ҳам бугун — унинг раҳбарликка келишидан эрта қувонган бу арбобларнинг аксарияти ўз вазифасидан озод қилинди, қолганлари ҳам секин аста озод қилинади.
Ўзбекистонда бугун Президент бўлиш қанчалар оғир ва изтиробли, ҳатто фожеали эканини Шавкат Мирзиёев яхши билади. Таъбир жойиз бўлса, айтиш мумкинки, у бугун минали ва бомбали майдонда ўз вазифасини бажариб юрган сапёрга ўхшайди.
Кутилмаганда қайсидир мина портлаб кетиши ва у ҳалок бўлиши мумкинлигини ҳам яхши билади…
7.
Ислом Каримов давридаги чорак асрлик таназзул ва инқироз сабабчилари қўйган ва кўмган бу миналардан Ўзбекистонни тозалашдек улуғ бир вазифа бор бугун унинг елкасида. Бу миналар — Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчилари, куч ишлатар тизими раҳбарлари, МХХ раислари тимсолида гоҳ яширин, гоҳо ошкор бўй кўрсатиб турибди.
У тайинлаган Бош вазир Абдулла Орипов ва бошқа катта кичик мулозимлар ҳам бугун минали ва бомбали майдонда юришибди десак, бизни муболаға қиляпти деб ўйламанг. Мирзиёев кадрлари бугун ростдан ҳам эски кучлар томонидан саботаж ва таҳдидга учраб, худди Озодбек Назарбеков каби кутилмаганда портлаб кетишлари мумкин…
8.
Биз ҳали Озодбек Назарбековнинг бу қарорга келишида кимлар ва нималар сабаб бўлганини билмаймиз.
Лекин билганимиз шуки, бугун Мирзиёев тайинлаган янги кадрларга жуда қийин. Бугун Ўзбекистонда эски ва янги давр, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик ўртасида тенгсиз ва муқаддас кураш бормоқда.
Чорак аср ўз мансабидан кетмай, халқни итдек талаб, ўғрилик ва муттаҳамлик билан давлатни бошқариб келаётган очкўз ва ёввойи тўдаларнинг ўз насибаларидан, мансабларидан осонликча воз кечиши жуда қийин. Улар осонликча жон бермайдилар.
Уларнинг ҳар бири Мирзиёев учун жонли мина. Улар ўз мақсадларига эришиш учун ҳар қандай жиноят ва қабиҳликдан, фалокат ва саботаждан қайтмайдилар.
Улар Мирзиёевнинг кадрларига тўҳмат ва шантаж қилиб обрўсизлантиришга, унинг Фармон ва Қарорларига қарама қарши ҳолда, истеъфо бердиришга мажбурламайди деб бугун ҳеч ким кафолат беролмайди…
9.
Бу билан улар Шавкат Мирзиёев фикрига, қарор ва амрига халқни ишонтирмасликка, унинг обрў эътибори ва нуфузига соя солиб, путур етказишга уринмоқдалар.
Бугун уларнинг кимлигини аниқ тиниқ айтиш пайти келди. Бу — кейинги пайтларда идорадаги ўз ноқонуний улуш ва манфаатларидан четлаштирилаётган, мамлакат бўйлаб Президентга қарши яширин уруш олиб бораётган, унинг номи ва қарорларини, орзу умидларини саботаж қилаётган махсус ва хуфия хизмат тизимидир.
Улар Мирзиёев тайинлаётган янги кадрларга тўҳмат қилиш, иғво бўҳтон ёғдириш ва шанташ қилиш орқали уларнинг Президент фикрига қарама қарши ҳолда кутилмаган истеъфосини эълон қилишга мажбурламоқдалар.
Масалан, мен республика ёшлар анжуманида Президент қарорини икки қўлини кўксига қуйиб, қувонч билан қабул қилган таниқли санъаткорнинг ўз қалб амри ва дил хоҳиши билан истеъфога кетганига шахсан ишонмайман…
10.
Бу қора кучлар ўз даврида — Каримов томонидан коррупцияда ноҳақ айбланиб бир муддат уларнинг қўлида банди бўлган — бугунги Бош вазирнинг бошига ҳам не не қора кунлар солмагандилар. Бугун энди ўша — тергов берган одам давлатнинг иккинчи раҳбари бўлиб тургани уларга ёқади деб ўйлайсизми?
Ёки бўлмаса янги Ўзбекистон Олий раҳбариятининг яна бир таниқли аъзоси — Содиқ Сафоевни олиб кўрайлик. Бугун Мирзиёев томонидан ҳақли равишда салкам Сенат раҳбари даражасига кўтарилган бу талантли ва тажрибали инсонни ҳам бу қора кучлар аллақачон ёмонотлиқ қилишга астойдил киришиб кетдилар.
Замонавий ва ғарбпарвар арбоб сифатида равон инглиз тили ва ошифта дили билан дунё кезиб обрў эътибор қозонган Содиқ Сафоевнинг оммавий ахборот воситаларига яқинлиги кимларгадир ёқмади.
Бир пайтлар «Прессклуб» анжуманлари, телевидения ва матбуот минбарларидан тез тез чиқиб турган Содиқ Сафоевнинг эндиликда овозини умуман чиқармасликка харакат қилмоқдалар. Бугун уни телевиденияда кўриб бўлмай қолди. Матбуотда номини учратмайсиз. Нима бўлди унга?
У кимларнинг, қайси қудратли кучларнинг «қора рўйхати», ғазабнок назари ва диққатига тушди?
Мирзиёев қарори билан Ўзбекистон ташқи сиёсати масалаларига масъул деб кўрилаётган Содиқ Сафоев жаноблари ҳақида «Дунё ўзбеклари»га келган бир қатор танқидий мақолаларни фикримиз исботи сифатида тилга олиб ўтиш мумкин бўлади. Биз бу мақолаларни ким ва қайси идорада ўтириб ёзаётганини яхши билганимиз учун ҳам бу гапларни дадил айтаяпмиз.
Яқинда Президент тавсияси билан «Прессклуб»га раҳбар этиб тайинланган, қисқа давр ичида журналист жамиятда қандай катта куч эканини исбот қила олган истеъдодли ўзбек журналисти — Шерзод Қудратхўжаев ҳақида ҳам айни гапни айтиш мумкин. У ҳақда ҳам бизга иғво ва бўҳтон руҳидаги «буюртма» мақолалар келишда давом этмоқда…
11.
Бир сўз билан айтганда бугун махсус хизмат идораси — янги тайинланган Ўзбекистон Олий раҳбарияти аъзоларининг ҳар бири ҳақида том том жиноий ишларни йиғиб, уларни ҳам бадном қилишга тайёр турибди.
Мақсадлари — янги давлат раҳбари яна олдингидай ҳамма масалани, жумладан, кадрларни ҳам фақат ва фақат улар билан, уларнинг идораси билан ҳал қилиши керак.
Акс ҳолда Президент тайинлаган янги раҳбарларнинг барчасини аянчли ва аламли кунлар кутиши мумкин деб уларни қўрқитиш ва шантаж қилиш йўлидан бормоқдалар…
Сўнгсўз ўрнида:
Ўзбекистонда бугун инқилобий ўзгаришлар шиддат билан давом этмоқда.
Бу ўзгаришлар ҳаммага ҳам бирдек ёқмаётгани кўриниб турибди. Майли, таниқли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков бу вазифага тасодифан келди дейлик. Унинг кетишини ҳам табиий қабул қилишимиз мумкин.
Ҳолбуки, «Дунё ўзбеклари» у тайинланганидаёқ: «Озодбек Назарбеков «Ёшлар» телеканалига раҳбар бўлиб ютдими, ютқаздими?» деб ўз фикр ва хавотирларини баён қилган эди.
Бугун бизни бошқа нарса ўйлантиради. Президентнинг кадрлар сиёсатига ташланган соя учун энди ким жавоб беради?
МХХ идорасининг янги тайинланган Ўзбекистон Олий раҳбарияти аъзоларига нисбатан уюштираётган шантаж ва саботажлари учун-чи?
Биз Ўзбекистон Президентидан бу аччиқ ва аламли саволларга жавоб кутишга ҳақлимиз!
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 26 июль, 2017 йил…
15 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Mirziyoyev uzbda ozgarish qilayotgani yoq. Shunchaki karimovni ornida u oynagan “rolni” tasirli va ishonarli qilib oynamoqda.
Нима булгандаям кетмасдан колиши керак эди! Биринчи курсатув яхши олиб бордику!! Урганиб кетарди, уз устида ишласа!!!
Жуда тугри ёзибсиз
Ассалому алайкум Исматбек, Озодбекнинг нега ишдан кетганлигини чуқур таҳлил қилибсиз, раҳмат. Лекин шу билан бирга “Дунё ўзбеклари” муҳлисларига озгина раҳм-шафқат қилинг! “Қандай зулм қилибман” деб, хайрон бўлаяпсизми
“Махфий Хизмат Салтанати (13-қисми)” тайёрланмоқда, деб айтиб қўясиз, муҳлислар, ҳаловатини йўқотиб, соат сайин сайтга “мўралашади”, уйқусида ҳам халоват йўқдур, деб ўйламайсиз.
Бу гаплар, албатта, муҳлислар қизиқиши маъносида. Толманг, Оллоҳ қўлласин Сизни.
Ҳурмат билан, олмониядаги мухлис акангиз.
Sodiq SAFOEVni MXX olchoqlari oldindan ymon ko’radi liberal erkin qarashlari uchun. Bundan 10 yil oldin ham u kishi haqida mish mishlar tarqatgan edi maxsus xizmat. Raxbarlardan kimni dunyo qarashi keng, to’g’ri ishlasa razil ko’chlarga yqmaydi. Ismat aka,siz xushyr ijodkorsiz juda to’g’ri qilasiz buxton maqolalarni chiqarmasdan.
Ismat aka mutloqo haqni yzibsiz. Karimov vaqtida amal ko’rslarini egalagan kimsalar chindan ham prezidentimiz qarorlari va kadirlariga qarshi sabotaj qilaypti. Bundaylar tepasida MXX rayisi tarafdorlari turibdi. Bunaqangi manqurtlar eski davirga qaytish uchun, butun ion-jaxti bilan krishgan. Xozircha Prezident ularni faqat bushatish bilan chiklanaypti. Aslida bundaylar qilgan jinoytlari uchun jazolanishi kerak.
Ушбу маколани энг аввало Шавкат Мирзиёев укиб чикиши зарур. Ва яна, агар Узбекистонда чинакам ватанпарвар, мард ва холис бирорта тирик мухаррир-журналист бор булса, Исмат Хушевнинг бу хакконий огохномасини уз нашрида кучириб эълон килиши ё-да эфирда бутун халкка укиб эшиттириши хам фарз, хам карз!!!
AS SALOM ALAYKUM!
ISMAT AKA SHAXSIY FIKRIZNI BILDIRING NEGA SHAVKAT MIRZIYOYEV TATYANA KARIMOVA RUSTAM INOYATOVLARNI HAYRIDDIN SULTONOV BRONSHTEYN VLACHESLAV GOLISHEV ALISHER XUJAYEVGA O’XSHAGAN SHAYTONLARNI QAMOQQA OLMAYAPTI? BUNGA SABAB NIMA XOLIS FIKRIZ’
XAYRIDDIN SULTONOV QIP-QIZIL UYINCHI EKAN-KU! U ATAYLAB OZODNI TV GA QUYGAN. BU NIMA PREZIDENTNI USTIDAN KULISHMI. BU QARI TULKI HALI KO’P HUNARLAR KO’RSATSA KERAK. MANA NIHOYAT, UZINI ASIL YZINI KO’RSATIBDIDA.
Озодбек Назарбеков артист бўлса уни журналистикани иплаб кетиши, ҳеч ҳам ақилга сиғмайди. Халқимизда айтишадику “Чумчуқни сўйса ҳам, қассоб сўйсин” деб, ҳар ким ўз биладиган ишини қилгани мақулдир. Бошқа томондан Президентни тушинса бўлади мамлакатдаги журналистлар аллақачон маддохларга айланиб бўлган, уларни тайёрлаган кўрсатувлари шунчалик бир ёқлама, мадхиябозликка тўла, ТВни кўргинг келмайди. Шундай пайитда замонавий кадирларга мухтожлик сезилиб тўради. Давлат бошлиғи ўйлайманки бундан кейин чет элдаги Исмат акага ўхшаганларни чақириб мавжуд кадирлар бушлиғини тўлдиради.
ASSALAMU ALAYKUM ISMAT AKA SIZ JURNALISTLAR ICHIDA BAYROQDORSIZ AMIR TEMUR YURTIDAN CHIQANLIGINGIZNI SHUNDAY IJODINGIZ BILAN ISBOTLAYAPSIZ ONA ZAMIN KESHDI FARZANDISIZ OMON BULING
И.Хушев анча чуқур таҳлил қилибди, бу масалани.
Лекин ҳеч ким тилга олмаётган бир сабабни мен айтай.
Машҳур хонанда, шоир, журалист, дессидент ва ҳакозаларнинг ҳам ҳаммаси раҳбар бўлаолмайди. Раҳбарликнинг ўзи бир санъат!
Б.Елцинни олиб кўринг, ура-ура натижасида президент бўлиб сайланди. Раҳбар сифатида уқувсизлиги сабаб Россия чўкиб қолди.
Дунё тан олган Нелсон Мандела машҳурлиги сабаб ЮАРнинг президенти бўлиб сайланди. Раҳбар сифатида уқувсизлиги сабаб иккинчи сайловда ўтаолмади.
О.Назарбеков фаросатли йигит экан. Ўз вақтида этагини ёпти. Акс ҳолда хонандаликдан ортирган обрўсини-да йўқотиши мумкин эди. Худдий шундай ҳолат Ю.Усмоновани депутат қилганда ҳам юз берганди.
Президент маҳкамасидаги кадрлар билан шуғулланадиган мулозимларга мактаб бўлиши керак О.Назарбековнинг Ю.Усмонованинг истеъфо бергани.
Yaxshi tahlil bo’libdi. Kadrlar masalasi juda nozik masala. Sharoitni yaxshi bilar ekansiz.
Қўшиқчи сифатида ҳеч қачон ҳурмат қилмаганим Озодбек Назарбековни шахс сифатида ҳурмат қила бошладим.
Исмат ака, одатдагидек яна бир бор меҳримизни қозондингиз. Раҳмат. Мана шундай ақл ва заковот билан ёзилган ўткир, таҳлилий мақолалар ўзбек матбуотида ҳали ҳам йўқ. Бизда журналистлар ҳали ҳам ухлаб ўтирибди. Лекин сизни ҳамма ўқиб, муҳокама қилиб, қойил қолиб бораётганини яхши биламан. Жумладан, раҳбарлар ҳам. Бахтимизга доим саломат бўлинг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.