Исмат ака, мен отамнинг архивини орасидан «Уйларим» деб номланган маколасини ўқиб колдим. Мақола 2009 йилда ёзилган экан. Эьлон килинганми йўқми, аниқ билолмадим, шунинг учун сизга юбораяпман.
Агар рухсат берсангиз отамнинг айрим шеьрларини биография ҳолда талқин этган эдим, шуларни ҳам сизга юборсам, агар лозим топсангиз, ўз сайтингизда ўқувчилар ихтиёрига ҳавола қиларсиз…
Ҳурмат билан: Рухсора…
Абдулла Орипов
ЎЙЛАР…
Ҳозир бутун дунёда глобаллашув жараёни давом этаётган экан, биз ҳам ёлғиз бир ўлка атрофида эмас, балки турли ахборотлар билан тўлиб тошган юртлар, мамлакатлар миқёсида фикр юрита олишга ҳақлимиз. Қолаверса, Инсон хақидаги тушунча эндиликда қандайдир умумий- фалсафий маънони билдирмай қолди. Бугунги Инсон тили, миллати, дунёқараши аниқ ва тайин бўлган реал субъектларга айланди.
Инсон боласи ўз қувончини табиий насибаси деб билади ва аксинча кулфати учун албатта бошқаларни айбдор ҳисоблайди. “Арпа унини баҳона қилиш” деган мақол, айнан қилмишидан тониб юрганлар ҳақида тўқилган бўлса ажаб эмас. Ҳатто ёш болакайларнинг ўзаро талашиб-тортишувларида ҳам ушбу ҳолатни кузатиш мумкин. Бир қарашда ғоят жўн, ҳатто қизиқ туюладиган бундай “беозор” муносабатлар бора-бора феъл-атвор – яъни характерга айланиб кетиши эҳтимолдан узоқ эмас.
Шу тариқа, қолаверса шарт-шароит таъсири остида ҳатто бутун бир миллатнинг ўзига хос хусусиятлари шакллана бошлайди. Қайсидир улусга баҳо беришда, жангари, ёинки мўмин қобил, ёхуд танбал ёрлиқлари берилишининг сабаби ана шундадир. Бироқ бундай ҳолатлар муайян халқнинг маънавий-маърифий даражаси, яшаш тарзи, очу-тўқлигига кўра ҳам турлича миқёсда намоён бўлиши мумкин.
Маънавияти теран муҳитда ҳар бир воқеанинг юзага келиш сабаблари ҳамда оқибатини кенг таҳлил қилиш, муҳими таққослаш қобилияти етарли даражада шаклланган бўлади. Давлатнинг расмий қонунчилиги ушбу инсоний кўникмаларни зарурат даражасига айлантириб, мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ер юзидаги айрим элатларда ҳанузгача хундорлик, ваҳшиёна қасос одатларининг мавжудлиги анъаналардан қатъий назар уларда ҳали маънавият мукаммал эмаслигидан далолат беради.
Адолат ва адолатсизликни тўғри баҳолай билиш, яъни холислик, маънавият ва маърифатнинг биринчи белгисидир. Масалан, ўтган асрнинг бошларида Россия Фанлар Академиясига ёзувчи Короленко сайланмай қолганида, машҳур адиб Чехов бу ҳолни адолатсизлик деб ҳисоблаган ва ўз номзодини Академияга аъзоликдан қайтариб олган. Бундай мисолларни қадим Шарқдан ҳам истаганча келтириш мумкин ва бу мардонавор ҳатти-ҳаракатни жўмардлик деб атаганлар.
Албатта, бутун бир халқ ёки элат ёппасига жўмард бўлиши мумкин эмас. Бу фазилат маънавий етуклик сифатида ҳамма халқларда ҳам юксак қадрланган. Жўмардликнинг акси эса, албатта номардликдир. Айнан мана шу нуқсон яшаш учун кураш шиори остида оммалашиб, кўпчиликнинг ҳаёт ақидасига айланиб кетса, ундай жамиятнинг маънавий тараққиёти сустлашади ва балки инқирозга юз тутади.
Вазиятдан устамонлик билан фойдаланувчи гуруҳлар алалоқибат муайян қатламга ҳам айланадилар. Улар адолат, ҳақиқат тушунчаларини ўз шахсий манфаатларига бўйсундиришга ҳаракат қиладилар ва кўпинча бунга эришадилар ҳам. Улар учун халқ ҳакам эмас, балки оддий, чорасиз томошабин, холос. Бундайларнинг иш услублари ғоят ранг-баранг. Улар ўзлари содир этган жиноятларни осонлик билан жамиятнинг ёхуд айрим шахсларнинг бўйнига қўйиб юбораверадилар.
Савия кўп нарсани билдиради. Чунончи, ҳозирги одамлар Ибн Сино тирилиб келса ҳам унга қайрилиб боқмай, оддий телевизор диктори ёки операторининг оёғи остига туя сўйиши мумкин. Тағин улар ўзларини дунёда энг маърифатли, маънавиятли инсонлар деб ҳисоблашади.
Инсон фаолиятини фақатгина манфаат бошқаради, деган тушунча олижаноблик, саховат, савоб сингари эзгу фазилатларни йўққа чиқара бошлайди. Андишанинг оти қўрқоқ деган нуқтаи назар ёвузликнинг авж олиши учун назарий жиҳатдан мададкорга айланади. Энг ажабланарли ва ачинарли жиҳатлардан яна бири шундаки, ёвузлик ўз фаолиятини баъзан халқ номидан амалга оширади ва шу боисдан у ҳақиқий тарихни зўр бериб хаспўшлашга ҳаракат қилади.
Биз Қодирий, Фитрат, Чўлпон сингари миллатпарвар адибларнинг фожеали қисмати ҳақида кўп гапирамиз, улар бошига тушган адолатсизликлар учун ўша тузумни айбдор ҳисоблаймиз. Ҳукмимиз тўғри ва адолатлидир. Чиндан ҳам агар тузум фатво бермаса, биронта бегуноҳ фуқаронинг бошидан бир тола соч ҳам тушмаслиги керак.
Бироқ, минг афсуски, сиёсий тузумнинг ёнида минг йиллардан бўён яшаб келаётган “инсон омили” яна намоён бўлади. Тузум ва сиёсий тартиблар ўзгарганлиги билан ҳали инсон психологияси, ахлоқ тушунчалари, маънавий савияси, малакаси бирданига ўзгариб қолмайди. Ёвузлик ҳам ниҳоятда яшовчан кучдир.
Улуғ Навоий жамиятда юксак сиёсий мартабага эга бўлса ҳам, бир умр ҳаётдан нолиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, улуғ мутафаккир шоҳлик тузумидан эмас, балки тахт атрофида ўзлари учун қулай муҳит яратиб олган ҳасадгўйлар, фитнакорлардан, қолаверса, жаҳолат ва бойликка қул бўлиб қолган аҳли замондан ҳасрат чекди.
Кўпинча бундай ҳолатларга баҳо бераётганда, асосан тузум қораланади. Ўша машъум тузумнинг номидан иш кўрган, ўзига ёқмаганларни ҳар қандай йўл билан гумдон қилишга ўрганган манфур қавм кўпинча назардан четда қолаверади. Одатда улар гоҳо эътиборга нолойиқ кимсалар деб ҳисобланади. Ҳолбуки, туҳматчи қутулиб, қози айбдор бўлган ҳолатлар ҳам инсоният тарихида кўп учрайди.
Бу қусур умумбашарият тарихига хос бўлиб, у кўпинча давлат ва жамият ҳамжиҳатлигига раҳна солади. Бундай қатлам вакиллари оддий, ишонувчан, тўғрисўз, ҳалол, қаноатли фуқародан фарқли ўлароқ, ўз ғараз манфаатларини таъминлаш йўлида бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, ҳатто юксак рутбаларга эришадилар, мақсадлари йўлида ҳар қандай ёвузликдан қайтмайдилар. Шу тариқа одамлар орасида катта-кичик фитналар, қасамхўрлик, туҳматчилик, ёлғончилик каби иллатлар болалаб кетади.
Энг ёмони, улар бутун бир миллат ҳаётида илдиз отиб олгач, энди ўша миллатнинг обрўси ва шаънига соя сола бошлайди. Ҳаётда бунга мисоллар жуда кўп. Дейлик, баъзан устамон, найрангбозлар ҳақида гап кетганда, кўпчилик одам яҳудийларни кўз олдига келтиради. Улар ҳақида турли-туман латифаларни тўқиб юбораверадилар. Ҳолбуки, ҳар қандай халқда бўлгани каби уларнинг ҳам комил фарзандлари кўп.
Учар тарелкалар (НУЖ), яъни чексиз коинотдан келган кимсаларнинг машинасини ҳали ҳеч ким ушлаб кўрмаган. Бироқ одамлар НУЖ лар ҳақида тинимсиз гап-сўз тарқатадилар. Аслида эса, инсон боласининг асл илоҳий табиатига сира мос келмайдиган, учар жисмлардан ҳам ғаройиброқ томошовий хусусиятлари шу қадар кўпки, кўпчилик уларни кундалик воқелик деб қабул қилади. “Учар одам”лар, лўттибозларнинг ер юзида бемалол давру-даврон суриб юриши одатий бир манзара касб этди.
Бундай нохуш шароитда айрим буюк шахслар, илму фан фидойилари ва ҳаётда камдан-кам учрайдиган авлиё зотларгина инсониятга обрў олиб берадилар. Одамзот ҳаётининг бир маромда кечишини таъминлаш учун олижаноб ғоялар билан бир қаторда, албатта, қатъият лозимлиги тарихий заруриятга айланиб бормоқда.
Хўш, Амир Темур замони силлиқ замон эдими? У даврларда олчоқ, фирибгарлар йўқмиди? Улар албатта ўша даврларда ҳам мўл эди, бисёр эди. Бироқ буюк Темур ўзининг теран ақли ва собит сиёсати билан ёвузликнинг йўлини муттасил равишда тўсиб турди. Уларнинг бош кўтаришига қатъий монелик қилди, соҳибқироннинг ўз ибораси билан айтганда, “мазлумларнинг ёқасидан золимларнинг тааррузли қўлларини юлиб” ташлади. Ҳозирги замонда бетиним аюҳаннос қилинаётган демократия тушунчаси баъзан фирибгарлар учунгина қўл келаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Бир давлат ўз манфаатини бошқа давлат ҳудудида жорий этиши учун “демократия ҳимояси”ни рўкач қилаётгани ҳам бор гап. Демократиянинг ноёб имкониятларидан айниқса такаббур ғояпарастлар кўпроқ фойдаланадилар. Улар барча миллатларни ўзлари каби бўлишини ҳохлайдилар. Бу эса босқинчиликнинг ниҳоятда ювош, яширин кўринишидир. Масалан, ўзбек халқининг маҳалла тарзида уюшиб яшаши уларга эриш туюлади, маҳалладаги тартиб-интизом барқарорлиги мустабидлик бўлиб кўринади ва ҳоказлар.
Кейинги даврларда ер юзида Интернет деб аталган алоқа тизими пайдо бўлди. Унинг имкониятига кўра, ҳар қандай шахс ўзининг ҳар қандай фикрини ер юзининг ҳар қандай нуқтасига бемалол етказиши мумкин. Албатта, Интернет катта тарихий ҳодисадир, гўё телефонда сўзлашувни таъқиқлаб бўлмаганидек уни ҳам рад этиш асло мумкин эмас. Техниканинг ушбу ажойиб кашфиётидан бугунги кунда ҳар хил кимсалар турли ниятларда фойдаланмоқдалар.
Кимдир зукколик билан топиб айтгани каби, ҳозирги замон шароитида товонига интернетнинг тиконлари қадалмаслиги учун инсоният оёғига албатта этик кийиб олиши шарт. Аслида бундай ҳолат назарий жиҳатдан қаралганда ўткинчи ҳисобланиши мумкин. Бироқ фитнанинг кучи қанчалик эканлигини биз яхши англаймизми?
Оддий атом, нейтрон кашф этилганда, уларнинг бора-бора даҳшатли бомбага айланишини одамлар тасаввур қилганмиди? Дунёнинг тийиқсиз оқимини бошқаришга, фақат тўғри ва одил сиёсатгина қодирдир. Дунё сиёсатдонларнинг айрим гуруҳлари ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, қатъий иш юритиш мафкурасини диктатура, мустабидлик деб атайдилар. Эзгулик фақат ялиниш йўли билан ғалаба қозона олмайди.
Афсуски, ушбу каттакон ҳаёт оқимида инсон болалари учун биринчи навбатда, ўз жонининг тинчлиги ҳамда қора қозонининг бир амаллаб қайнаб туришигина кифоя бўлиб қолаётир.
Эртага — 5 август куни буюк шоир Абдулла Орипов вафот этганига роппа роса тўққиз ой бўлади. Тўққиз ойки, биз Абдулла Ориповсиз яшаяпмиз. Тўққиз ойки, бу улкан йўқотишдан ҳануз ўзимизга келолганимиз йўқ.
Йиллар ўтар балки, ўтар кўп замон,
Ер юзи чўлғонур бахтга, чаманга.
Агар дардларингга бўлолса дамон,
Руҳим фидо бўлсин шундай Ватанга
деган эдилар Абдулла ака. Бугун — Ватан учун жони тугул, руҳини ҳам фидо қилишга ҳамиша тайёр турган шоир орамизда йўқ. Ватан ҳам, адабиёт ҳам ҳувиллаб қолди…
Шоирнинг қизлари бизга юборган бу дурдона матнлар, бу фалсафий мушоҳадалар — ўзбек адабиёти ва маданияти, ҳаёт ва коинот, «Тузум ва сиёсий тартиблар» ҳақида ўйлашга ва сабоқ чиқаришга ундайди.
Устоз бу ёлғон дунёдаги биз боқи беғам ва ношукур авлодни — яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик орасидаги азалий кураш ва жанглардан чин дунёда туриб ҳам огоҳ этмоқда, ҳануз бизни ҳушёрликка чорламоқда…