"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Рухсора Орипова: Бир шеърнинг ёзилиш тарихи…

Адабиёт | 04/08/2017 16:10-     31775 марта ўқилди

Бир шеърнинг ёзилиш тарихи
Тақдир ва тарих ХХ асрда туркийларнинг чин шоирларидан бири сифатида Абдулла Ориповни танлади. У ўзи мансуб бўлган элга ҳам, дунёнинг жамики халкларига ҳам самимий меҳри ва эҳтироми билан, тарих юкини кафтларга кўтарадиган  шахсларга хос исён, кураш ва дардлари билан, сўз даласидаги эллик йиллик заҳматлари билан чин шоирдир.
Абдулла Орипов мисраларида мужассам бўлган ички исён, муҳаббат, соғинч,  ҳар бир инсон қалбини ларзага келтиради.
1998 йил Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманидан депутатликка сайланган шоирнинг устидан Президент аппаратига тахминан қуйидаги мазмунда юмалоқ хат боради.
Эмишки, Абдулла Ориповнинг 2000 та қўйи, фалон гектар ери, ҳисобсиз мол-ҳоли бор эмиш. Бу хабарни юқоридагилардан эшитган шоир астойидил ранжийди. “Алам қиладигани 2 дона товуғим бўлса ҳам майлийди-я, бу ғирт туҳмат-ку” дейди шоир. Шунда доим оғир ва енгил кунларида ёнида бўлувчи рафиқаси Ҳанифа опа далда бериб: “Тўғри-да, шу юрт, замин фарзандисиз-ку, табиийки унинг неъматлари ҳам сизники. Бу гаплардан хурсанд  бўлишингиз керак” деб шоирнинг қалбига енгиллик бахш этиб, бу вазиятга бошқа томонлама қараш ҳам мумкинлигига шоирни ишонтира олади.  Шу тариқа “Ўзбек бойининг баёноти” шеър дунёга келади.
“Конларимнинг адоғи йўқ, шаҳар қишлоқ тўла уйларим бор, арчазорга макон бўлган тоғлар, дон-дунга тўлган хирмон, бозор-у мозор меники. Бойсун тоғда тулпорларим, Зоминимда зарғалдоқлар меники» дея бойлигини кўз-кўз қилади шоир.
Соҳибқирон Темур менинг бобом эрур,
Бобур тоғам, Моҳларойим момом эрур.
Бироз ҳажвийликка йўғрилган бу сатрлар ортида аризачилару-хасадгўйларга гина ҳам йўқ эмас. Шеърнинг дастлабки варианти шундай мисралар билан бошланади:
Бу оламда ҳам қуёшман, ҳам ойман,
Бу заминда бойлар ичра энг бойман.
Сон саноқсиз товуғим бор, қўйим бор,
Шийпоним бор, шаҳар тўла уйим бор.
Шеър қайта ишланиш жараёнида охирги икки мисраси анча ўзгартирилган. Яъни:
Сон саноқсиз йилқим бордир, қўйим бор,
Шаҳар тўла, қишлоқ тўла уйим бор.
Шеърни қайта ишлаганда шоир дастлабки икки мисрадан воз кечади. Шеър ғаразгўй кимсаларнинг ғийбатлари, кўролмасликлари туфайли шоир юрагида туғилган озор хосиласи ўлароқ майдонга келган эди. Шуни эътиборга олсак, бу ўзгартириш ўзини тўла оқлайди. Агар икки мисра ўзгартирилмаганда шунчаки мақтаниш ёки фахр кайфиятини туғдириши мумкин эди. Буни пайқаган шоир шеърни ишлаш давомида тўғридан тўғри ёзғувчига мурожаат қилишни лозим топади ва шеър шундай бошланади.
Гапинг тўғри, кулба эмас саройман,
Бойлар кўпдир улар ичра энг бойман.
Сон-саноқсиз молу дунём қўйим бор,
Шаҳар тўла, қишлоқ тўла уйим бор.
Шоир шу билан кифояланмайди, балки исён ёхуд таъкидни янада кучайтириш учун мисра охиридаги “саройман”, “бойман” сўзларига “-дир” қўшимчасини қўшишни маъқул топади. Бу ўзгартириш талабидан келиб чиқиб, охирги икки мисра ҳам яна бир бўғинга кўпаяди. Яъни “қўйим”, “уйим” сўзларига “-лар” қўшимчаси қўшилади.
Шеърнинг иккинчи мисраси, илк вариантда қуйидагича:
Конларим бор, олтини мўл беҳисоб,
Дон-дунумни қилолмайсан, сен ҳисоб.
Тоғларимда соллонади арчалар,
Абдулланинг мулки дейди барчалар.
Иккинчи қайта ишланганда, тўртлик қуйидаги қиёфа касб этади:
Конларим бор, заҳирасин билолмассан,
Дон-дунумнинг ҳисобини қилолмассан
Тоғларимнинг бордир яшил арчалари,
Абдулланинг мулки эрур барчалари.
Лекин, шоир шеърни нашрга беришдан олдин бу мисраларни яна бир бор назардан ўтказади ва айрим сўзларини алмаштиради. “Конларим бор заҳирасин билолмассан” ўрнига, “Конларим бор адоғини билолмассан” деб ўзгартиради. “Абдулланинг”сўзи ўрнига  “каминанинг”деб ёзишни маъқул кўради. Сабаби шундаки, шоир лирик қахрамон образида фақатгина ўзини тасвирлашни хохламайди, балки шеър ҳаммага тегишли бўлишини истайди.
Шеърнинг дастлабки вариантида учрамаган сатрларни кейинги вариантда қўшилганига гувоҳ бўламиз. Масалан:
Ўз ҳовлимда тайёра ҳам ясайдирман,
Уловим кўп, хўп шохона яшайдирман.
Шунингдек, илк вариантда учраган сатрларни нашрда учратмаймиз.
Меникидир Эркин деган зўр шоир ҳам,
Достон бўлиб балққан Зуҳро ва Тоҳир ҳам.
Яна
Меникидир Ўзбек деган мамлакат,
Меникидир Йўлбошчи-ю, куч шафқат.
Шоир шеър устидаги ишни давом эттириб, сатрларни таҳрир қилади, биринчи вариантда  “Меникидир сен таниган Темур ҳам ” деса, иккинчи вариантда “Уруғим кўп, Амир Темур бобом эрур” дейди. Лекин қуйидаги мисра ҳам шоирни қаноатлантирмайди, шеърнинг ушбу мисраси шундай кўринишга келади.
    Соҳибқирон Темур менинг бобом эрур,
Бобур — тоғам, Тўмарис-чи — момом эрур.
Сўнгги мисрадаги “Тўмарис”, кейинчалик талаффузда юмшоқроқ эшиталиган, сатр силлиқ бўлиши  ва бўғинларнинг бўлинмасдан ўқилиши учун  “Моҳларойим”га ўзгартирилади.
Шеърнинг кейинги мисралари устида ҳам бир мунча ишланган. Айниқса, биринчи вариант умуман ўзгартирилган, иккинчи ва тугалланган вариантнинг қиёсида сўзлар асосан бўғинларнинг, сўзнинг тузилишига кўпроқ аҳамият берилиб, ўзгартирилганлигини гувоҳи бўламиз.
Биринчи вариантда кейинги мисралар қуйидагича берилган бўлса:
Божхона-ю солиқчилар билингиз,
Ушбу гапни сиз қулоққа илингиз.
Бож олингиз мендан ушбу давлат деб,
Солиқ солинг молу мулк деб, сарват деб.
Бож тўлайман, мен сизларга бир йўла,
Ҳадик олманг ушбу ҳамён лиқ тўла.
Рўйхатингиз тўлғозади хўб бойлик,
Ноёб, асл, бир-биридан чиройлик.
Бойлигимдир қирлар тўла лолалар,
Бойлигимдир севинч, кўз ёш жолалар.
Самарқанду Бухоро-ю Тошкент ҳам
Кеш, Хева-ю, ҳар қандайин ём кент ҳам.
Булар бори бойлигимдир шубҳасиз,
Кунлик маош ойлигимдир шубҳасиз.
Шеърнинг охирги мисралари тугалланмаганлиги шундан далолат берадики, шеърнинг бу кўриниши шоирни қониқтирмайди ва у шеърни бутунлай, яъни бошидан қайта ёзиб чиқади. Лекин асосий мавзу ўз кучида қолади.
Шеърнинг иккинчи вариантида:
Ўлпончи-ю солиқчилар билингиз,
Гапларимни сиз қулоққа илингиз.
Бойлигимга чегара йўқ чиндан ҳам,
Балки яхши билгайдирсиз мендан ҳам.
Бойлигимдир қирлар тўла лолалар,
Қайғу севинч, шодлик ҳамда нолалар.
Бир одамга кўп эмасми шунча бойлик,
Боз устига қалам ҳаққи ҳамда ойлик.
Ахир бунинг барчасини нетардим,
У дунёга олибми мен кетардим.
Билиб қўйинг бойларда ҳам бор матлаб,
Бойлигимни қолдирарман кимга хатлаб.
Ворисим бор, кўзимни у оқ-қораси,
У шу юртнинг ўғли эрур, шу юрт боласи.
Иншооллоҳ, ундан кўнглим тўлажакдир,
Ворисимнинг номи эса Келажакдир!
Қайта-қайта ишлаш, изланиш натижасида айрим сўзлар ўзгартирилади. Сўзларнинг маъносини кучайитириш, унда акс этган норозиликни кўрсатиш учун таъкид сўзларини қўшади. Ва ниҳоят шоир ўз шеърини ниҳоялайди, мана ўша ишланган, сайқалланган шеър
Гапинг тўғри, кулба эмас, саройдирман,
Бойлар кўпдир, улар ичра энг бойдирман
Сон саноқсиз молу дунё, қўйларим бор,
Шаҳар тўла, қишлоқ тўла уйларим бор.
Конларим бор, адоғини билолмассан.
Дон дунимнинг ҳисобини қилолмассан.
Тоғларимнинг бордир яшил арчалари,
Каминанинг мулки эрур барчалари.
Ўз ховлимда тайёра ҳам ясайдирман,
Уловим кўп, хўп шоҳона яшайдирман.
Гузарлар ҳам, бозорлар ҳам меникидир,
Сен ётажак мозорлар ҳам меникидир.
Соҳибқирон Темур менинг бобом эрур,
Бобур тоғам, Моҳларойим момом эрур.
Бойсунимда тулпорларим кишнашади,
Зоминимда зарғалдоқлар қишлашади.
Ўлпончи-ю солиқчилар билиб қўйинг,
Гапларимни Сиз қулоққа илиб қўйинг.
Бойлигимга чегара йўқ, ҳа, чиндан ҳам,
Балки яхши билгайдирсиз Сиз мендан ҳам.
Бойлигимдир қирлар тўла гул-лолалар,
Саҳар чоғи найдан учган куй нолалар.
Бир одамга кўп эмасми шунча бойлик,
Боз устига қалам ҳаққи ҳамда ойлик?!
Ахир бунинг барчасини нетар эдим,
У дунёга олибми мен кетар эдим.
Билиб қўйинг бойларда ҳам бордир матлаб,
Бойлигимни қолдирарман аниқ, хатлаб.
Ворисим бор, кўзимни у оқ-қораси,
У шу тупроқ фарзандидир, юрт боласи.
Иншооллоҳ, ундан кўнглим тўлажакдир,
Ворисимнинг исми эса — Келажакдир!
“Шеър – руҳий ҳолат маҳсули. Руҳ ва тафаккур бирлашган жойда шеър пайдо бўлади. Шеърнинг туғилиши акс-садога боғлиқдир. Мияда мувозанат бузилдими, унинг акси ё ижобий, ё салбий шеърни яратади. Физика фанидаги мусбат ва манфий зарядларга ўхшаш бўлади. Адибда таассурот, қарама қаршилик кучли бўлганда ажойиб шеърлар туғилади ”  дейди шоир.
Дарҳақиқат, шоир ҳаётида рўй берган яхши ҳодисалар ёхуд драматизмга бой воқеликлар ана шу кайфиятни ифода этувчи шеърлар яралишига замин тайёрлайди.
 Рухсора Орипова,

«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.