А.Шодмонов кетмас экан, ЎзТВда ҳали кўп раҳбар ўзгаради…
Журналист – жим ўтириши учун маош олувчи.
Радио – овози бор, ўзи йўқ
Телевидения – ўзи бор, овози йўқ.
Газета – нимадир ўраш учун асқотадиган керакли буюм.
Миллий телерадиокомпания – журналистдан бошқа барча соҳа вакиллари тўпланган макон. Раҳбарлари эса укол қилишни ҳам билмайдиган шифокорлар.
Мулоҳазаларимни журналистика соҳасининг асоси бўлган терминларнинг фақат Ўзбекистонга хос ҳақиқий маъносини ифодалайдиган изоҳлари билан бошладим.
Айни дамда республика интернет сайтларида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раиси Х.Мирзохидовнинг ишдан олинганлиги шов-шув бўлмоқда. Бундан олдинги раис 12 йил умиргузаронлик қилиб ижодкорларнинг қонини ичган эди. Буниси эса олти ойга ҳам етаолмади. Кейинги “алоқачи”ни президентга тавсия қилганлар буниси ҳам олдингиси сингари 12 йил журналистларнинг оғзини ёпиб туради деган “буюк” режалар ни кўзлаган бўлсалар, ажабмас. Аммо маслаҳатчилар ҳали-ҳануз сиёсат 130 даражага ўзгаргани англаб етишмаяпти, шекилли.
Х.Мирзохидовнинг телевиденияга қадам ташлаб келишидан узоққа бормаслиги аниқ эди. Бу қисматни унинг ўзи ҳам билган. Чунки ўтган 12 йил ичида қудасининг қудаси битмас-туганмас муаммоларни мерос қилиб қолдириб кетди. Биринчидан телевидениянинг иқтисодий аҳволи қашшоқдан сал бойроқ бўлиб қолган. Иккинчидан телевиденияга топшириқ берувчи ва ҳисобот сўрагувчилар ҳаддан зиёд кўпайиб кетди.
Президентдан ташқари давлат маслаҳатчиси, матбуоат котиби, МХХ ва унинг оддий ходими ҳам, прократура, Адлия вазирлиги “Камолот” ЁИҲ, Вазирлар маҳкамаси, Президент девони, Алоқа вазирлиги, ИИВ, Олий таълим вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги ва ҳоказо казо-казолар телевиденияга топшириқ бериб жиловини ушлаб туришади. А.Хаджаев “майли ҳаммага тобе бўлсак ҳам муаммо бўлмаса бўлди” қабилида жимгина муте бўлиб ишлаган.
Энди ўйлаб кўринг, бунча кўп раҳбар ва топшириқлар билан қандай қилиб ишлаш мумкин. Айниқса, битта масала бўйича 66та жойдан 77 хил топшириқ келиб турса қай бирини бажармоқ даркор.
Айни дамда эса телевидения МХХнинг шахсий мулки ҳисобланади. Сиёсат ўзгариш арафасида эса бу мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини Бош прократура қўлга киритиш учун жон-жаҳди билан курашмоқда. Булар телевидениянинг ташқарисидаги муаммолар. Энди ичкаридаги муаммоларга тўхталамиз.
Х.Мирзохидов раис бўлиб келганда ижодга тўсқинлик қилаётган бекорчиларнинг кўпчилигини бўшатаман деган яхши ният билан кириб келган эди. Аммо у режаларининг бир фоизини ҳам амалга ошира олмади. Сабаби, барча бекорчиларнинг қудратли раҳнамоси бор эди. Яъни хавфсизлик бўйича ўринбосари Абдусалом Шодмонов унинг олдида кўндаланг пайдо бўлди. У оддий ўринбосар эмас ўнта раиснинг ўрнини босувчи ўринбосар. Бу шифокор раҳбарларга қарши кучли стратегия асосида шундай ҳимоя қобиғини яратганки, бу ҳимояни унча-мунча кучли стратегик раҳбар ҳам буза олмайди.
Аммо бу борада Шодмоновни ҳам айблаб бўлмайди. У ҳам бир аскар сифатида ўз раҳбарларининг топшириғини сидқилдан бажармоқда. Бу махфий топшириқ эса шундан иборатки, бугунги ислоҳотлар даврида қандай бўлмасин, қай йўл билан бўлмасин МХХ телевиденияни ўз қўлида сақлаб қолиши шарт. Акс ҳолда Шодмоновнинг ҳолига маймунлар йиғлайди.
Бу сўзларни келтиришимга сабаб Х.Мирзохидов раис бўлиб келган илк кунларда (“Хоразм таомлари” кафесидаги тунги “узкий круг”даги гап) Шодмонов ўз муридларига қарата “биз бўш келмаслигимиз шарт, энди янада жипислашишимиз керак” дея қисқагина нутқ ирод қилган. Бу “оташин” сўзлар ўз раҳбарларининг “шарафли” топшириғи боис қалбдан отилиб чиққанлигига ҳеч шубҳа йўқ. Тан олиб айтишимиз шартки, МХХ раҳбарларининг топшириғи қандай бўлишидан қатъий назар шарафли ҳисобланади.
Шодмонов ўзининг режаларини амалга ошириш учун кўплаб режалар ишлаб чиққан. Шулардан ҳамма биладиган асосий усулни келтириб ўтмоқчиман.
МТРКда ижодий ва дўстона муҳитни атайин бузиш. Яъни жипсликни барбод қилиш орқали ходимларни ўзига мутеликда ушлаб туриш. Ҳаммага маълумки, ишга олиш, лавозимларни кўтариш ва тушириш ҳуқуқи Шодмонов командасида сақланади. Яъни юрист, кадрлар бўлими шу иш билан шуғулланади. Ҳал қилувчи қарорни Шодмоновнинг ўзи чиқаради. Унинг командасидаги Режим хизмати эса фақат ходимларнинг асосан раҳбарлар учун хавфли бўлган ақлли ходимларнинг айбини топиб бўшатиш билан шуғулланади. Аниқироғи, вакант ўринларни муҳайё қилиб туради.
Мазкур услуб қандай амалга оширилади деган савол туғилади. Кимдир ишга киради ёки лавозими кўтарилади. Бу масалада Шодмонов ҳал қилувчи қарорни чиқаришдан олдин ходим билан яккама-якка суҳбатлашади. Барча шарт-шароитни тушунтириб бўлгач аризага имзо қўйишдан олдин у ўтаётган бўлим раҳбарининг ортида ишлашни шарафли топшриқ сифатида беради. Яна бу иш нафақат МТРК ҳаттоки, юрт келажаги учун дахлдор топшириқ эканлигини уқтиришни ҳам унутмайди. Қисқаси МТРКда ҳеч ким бекор турмайди. Ишлаётганларнинг ортида яна кимдир ишлайди. Ҳамма бир бирининг ортидан пойлоқчилик қилишдек “шарафли” иш билан шуғулланади.
Бу каби “стратегия”лар ортидан шундай тушунча пайдо бўлганки, кимдир жон-жаҳди билан ишлаяптими, “демак унда бир сир бор, бекорга елиб-югурмайди” деган хавотирлар пайдо бўлади. Ва натижада ортига қўйилган топшириқ бажарувчилар ишга тушиб кетади. Фидокор ходимдан бари бир камчилик топиши зарур. Қандай бўлмасин топишади. Топиша олмаса ўйлаб топишади.
Энди дўппини ечиб бир ўйлаб кўринг. Шундай муҳитда қандай ишлаш мумкин? Ортингиздан кимдир доим кузатиб юрса, ковлаб турса ёки сизга кимнингдир ортидан кузатиб юриш топширилса.
Кўплаб сайтларда Х.Мирзохидов “Таҳлилнома” кўрсатувида ўтмишда қолган сиёсатни танқид қилгани учун ишдан олинди деган тахминлар тарқалиб кетди. Бу фикрга умуман қўшилмайман. Чунки агарда муаммо айнан шунда бўлганда “Тахлилнома” кўрсатуви учун маъсуллар жазоланган бўлар эди. Айбдор топилмаган тақдирда ҳеч бўлмаса лавҳа муаллифи Комилжон Шамсиддинов ишдан бўшатилар эди. Аммо муаммо танқидда эмас. Аксинча, мана шундай танқидлар жуда камлиги боис Х.Мирзохидов ишдан олинди.
Президент Шавкат Мирзиёев “ўтган чорак асрда мақтайдиган нарсанинг ўзи қолмади. 25 йил кўкларга кўтариб мақтаганимиз етар энди” демоқчилигини наҳотки журналистларимиз англаб етмаётган бўлса. “Ислоҳотларни жадаллаштиришда, юртни тараққий эттиришда сиз журналистлар менинг кўмакчим бўласизлар” дея таъкидлаганида қуруқ мақтовни эмас, ура-урачиликни эмас аксинча, барча соҳадаги муаммоларни кўтариб чиқишни назарда тутган эди.
Наҳотки даҳо журналистларимиз шуни англаб етмаётган бўлса. Англаб етганлари ҳам бордир балки. Аммо улар ҳам бир замонлар кириб олган қолипидан чиқишга қўрқишмоқда. Ҳар-ҳар замонда юмронқозиқдек инидан бош чиқариб қараб қўйишади. Аммо чиқишга ботина олишмайди. Улар ҳам вақти келиб чиқишади. Қачонки, ҳаммаси изига тушиб бўлганда урушдан кейинги қахрамонлардек кўкрагига уриб чиқишади.
Телевиденияда танқидни кўпайтириш учун эса тепасидаги раҳбарларни камайтириш лозим. Журналистларимиз танқидга бел боғлашган. Аммо улар қайга боришмасин. Дарҳол чўнтагидаги телефони жиринглаб у ердан зудлик билан чиқиб кетиш буюрилади.
Яқинда бир ҳамкасбимнинг бошдан ўтказгани сўзимга яққол исбот бўла олади. Кичик бир туман банкидаги сансалорликни ёритиш учун борган ҳамкасбимга МТРКнинг Режим хизматидаги оддий бир ходим қўнғироқ қилиб у жойдан чиқиб кетишни буюради. Ҳамкасбим эса рад жавобини бергач Режим хизматининг ходими “агар танқидни тўхтатмасангиз банк раҳбаридан журналист таъмагирлик қилиб пул сўради деган кўрсатмани олиб шу бугуноқ ишдан бўшаттириб юбораман” деган дўқ-пўписани қилади.
Натижада ҳамкасбим ортга қайтишига мажбур бўлади. Шундан кейин барчасига қўл силтаб тадбиркорлик билан шуғулланишга аҳд қилди. Ана сизга муаммо қайда яширинган. Бундай муаммога бой жойдан Х.Мирзохидов бўшатилмай, ким бўшатилсин.
Хулоса шуки, ЎзТВдан А.Шодмонов ҳайдалиб, режим хизматининг жиноий фаолиятига чек қўйилмас экан, ўзбек ойнаи жаҳонига ҳали вери кўп раислар келиб кетаверади…
ШОГИРД иқрорини оққа кўчирувчи,
Шокир Саъдуллаев,
«Дунё ўзбеклари»нинг Ўзбекистондаги махсус мухбири
Мен хам Собик тв ходими сифатида маколани журналистларни юрагидаги нарсалар езилганига амин булдим. «Ҳаммага маълумки, ишга олиш, лавозимларни кўтариш ва тушириш ҳуқуқи Шодмонов командасида сақланади. Яъни юрист, кадрлар бўлими шу иш билан шуғулланади. Ҳал қилувчи қарорни Шодмоновнинг ўзи чиқаради. Унинг командасидаги Режим хизмати эса фақат ходимларнинг асосан раҳбарлар учун хавфли бўлган ақлли ходимларнинг айбини топиб бўшатиш билан шуғулланади. Аниқироғи, вакант ўринларни муҳайё қилиб туради.»
Ха Шодмонов ва унинг командаси албатта кетиши керак. Кетиши шарт агар кетмаса Тв узгармайди.
Ишга кириш ишдан олиш албатта врач Шодмоновни кулидалигини хамма билади. Менимча Раис Шодмоновга кадр созасига аралашманг ижодкорларни тинч куйинг дегани учун Олингандиров.
Мутий одам кере буларга. Собик раис А.Ходжаевга Пенциядаги устозларни бекорга бушатдингиз улар биз ешларга тарбияни ва билмаган нарсаларимизни ургатиб туришади нотугри килдингиз деганим учун мени ишдан хайдаганди. Бугун ишга олман эртага ишга оламан деб кам эмас куп эмас 2016 йилгача алдаб юрдия. 2015 йилдаги Шодмоновни ишга олиш комиссиясидан танловдан утаолмадингиз деб ишга кабул килишмади. Катнашган танловда яхши жавоб берганим хам булган. Аммо ман халиги… Нима учундир олинмадимда. Лекин хеч нимани билмасада ишгакирганларни курдим.
Шодмонов ва режимдаги Ф.Худойкулов кабилар бор экан мен ва мен каби хакикий тв фидоийлари ишга кираолмайди. Юрагим сезмокда улар тез кунда шармандаларча ишдан хайдаладилар…
Мен хам Собик тв ходими сифатида маколани журналистларни юрагидаги нарсалар езилганига амин булдим. «Ҳаммага маълумки, ишга олиш, лавозимларни кўтариш ва тушириш ҳуқуқи Шодмонов командасида сақланади. Яъни юрист, кадрлар бўлими шу иш билан шуғулланади. Ҳал қилувчи қарорни Шодмоновнинг ўзи чиқаради. Унинг командасидаги Режим хизмати эса фақат ходимларнинг асосан раҳбарлар учун хавфли бўлган ақлли ходимларнинг айбини топиб бўшатиш билан шуғулланади. Аниқироғи, вакант ўринларни муҳайё қилиб туради.»
Ха Шодмонов ва унинг командаси албатта кетиши керак. Кетиши шарт агар кетмаса Тв узгармайди.
Ишга кириш ишдан олиш албатта врач Шодмоновни кулидалигини хамма билади. Менимча Раис Шодмоновга кадр созасига аралашманг ижодкорларни тинч куйинг дегани учун Олингандиров.
Мутий одам кере буларга. Собик раис А.Ходжаевга Пенциядаги устозларни бекорга бушатдингиз улар биз ешларга тарбияни ва билмаган нарсаларимизни ургатиб туришади нотугри килдингиз деганим учун мени ишдан хайдаганди. Бугун ишга олман эртага ишга оламан деб кам эмас куп эмас 2016 йилгача алдаб юрдия. 2015 йилдаги Шодмоновни ишга олиш комиссиясидан танловдан утаолмадингиз деб ишга кабул килишмади. Катнашган танловда яхши жавоб берганим хам булган. Аммо ман халиги… Нима учундир олинмадимда. Лекин хеч нимани билмасада ишгакирганларни курдим.
Шодмонов ва режимдаги Ф.Худойкулов кабилар бор экан мен ва мен каби хакикий тв фидоийлари ишга кираолмайди. Юрагим сезмокда улар тез кунда шармандаларча ишдан хайдаладилар…