Бир ой бўлди. Энди гапиришим керак, шекилли… Телевидениеда айтган тўғри сўзларимнинг тўқмоғи бошимни ёрди… Интернетда мен ҳақимда миш-мишлар кўпайиб кетди. Ўзим батафсил айтиб бера қолай.
Каримберди ТЎРАМУРОД
ТЎҒРИ ГАПНИНГ ТЎҚМОҒИ
Каримберди Тўрамурод 1960 йилда Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Дўстлик қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетини ва Тошкент давлат маданият институтини тугатган. Йигирма йил давомида қишлоқ мактабида математикадан дарс берган ва қишлоқ маданият уйига раҳбарлик қилган. 2003 йилда “Бекажон” газетасига ишга таклиф қилинган ва танаффуслар билан бўлса-да, узоқ йиллар газетада ишлади. Бундан кейин ҳам ишлашига ишонамиз. Каримберди Тўрамуроднинг “Гунг қиз”, “Синфдошлари йўқ одам”, “Худоёров йигитлари”, “Жийда гули”, “Дилхирож”, “Майда безори қария” каби китоблари чоп этилган. Ёзган киносценарийлар асосида “Ота”, “Сабринисо”, “Чақмоқ” каби фильмлар ва “Жийда гули” телесериали суратга олинган.
1.Нима бўлган эди?
Ўзбекистонда президент алмашди. Сиёсат ўзгарди. Яхши томонга ўзгарди. Ғайрати, шижоати ҳар биримизга ўрнак бўла оладиган Шавкат Мирзиёев тинимсиз ижобий ўзгаришларни амалга оширмоқда. Биз, қалам аҳлидан ҳам эркин фикрларни, танқидий мулоҳазаларни кутмоқда. Шу мамлакат фуқароси сифатида ҳар ким ўз фуқаролик позициясини изҳор қила оладиган кунларга етдик. Ана шу ижобий ўзгаришлар боис мен ҳам кўнглимдаги айрим гапларни президентнинг вертуал қабулхонасига ёздим. Матбуотда ҳам ўз фикрларимни баён қилдим.
2017 йил 26-июнь. “Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” кўрсатувида озгина тўғри сўзни айтиб қўйдим. Бу давлат газеталарига мажбурий обуна қилиниши тўғрисидаги сўз эди. Ўша кўрсатувда давлат газеталари вакиллари доимий гапларини айтиб, “Ўз ишимиздан қониқмаймиз”, деб турганларида мен ўзим ишлайдиган “Эрудит” ижодий марказининг “Бекажон” газетаси ишидан қониқишимни, муштарийлардан қоплаб хатлар олишимизни айтдим. Ўз газетамни яхшигина реклама ҳам қилдим. (Кўрсатув видеосини пастда лотинча матн орасида кўришингиз мумкин)
27-июнь. “Эрудит” ИМ бош муассиси Бекзод Зокиров бошқа раҳбарлар олдида мени кўп мақтаб, менинг шарафимга қадаҳ кўтарди ва қуйидаги сўзларни айтди:
− Каримберди Тўрамурод “Бекажон” газетасининг фахри, ори, номуси ва шарафи! Бутун республикадаги муштарийлар “Бекажон” газетасини Каримберди Тўрамурод ёзаётган ҳикоялар ва мақолалар учун сотиб олади. Одамлар “Бекажон” деганда Каримберди Тўрамуродни тушунишади. Мен шундай дўстим борлигидан фахрланаман!
27-июнь. “Маданият ва маърифат” телеканалида “Очиқ студия” кўрсатуви намойиш этилди. Унда мен яна бир тўғри сўзни айтиб қўйдим. Бу биз газетада халқ дардини очиқчасига ёзсак, дарров бир неча юқори ташкилотлардан хатлар келиши, текширувчилар келиши, “Матбуот ва ахборот агентлиги” мониторинг ўтказиб, газетани ёпишгача бўлган огоҳлантиришлар айтилиши ҳақидаги сўз бўлиб, мисол тариқасида ўқитувчилар ва шифокорларнинг кўча тозалаш, пахта териш, қурилиш каби бошқа ишларга жалб қилинишини ҳам айтиб ўтдим. (Кўрсатув видеосини пастда лотинча матн орасида кўришингиз мумкин)
Икки кўрсатув эл ичида овоза бўлди. Аввало, юртда ошкоралик бўлаётганидан, ҳақ сўзлар айтила бошлаганидан давлат телевиденисидан тўғри сўзлар айтила бошлаганидан эл суюнди. Ўша лавҳалар одамларнинг телефонларига чиқиб кетди.
Газетамизга ҳам муносабат ўзгаргани хатлардан сезилди. Қорақалпоғистондан мактуб йўллаган Д.Тажимуратов ўз ходимлари учун 15 нусха “Бекажон” гаазетасига обуна бўлгани ҳақида ёзди.
28-июнь куни “Эрудит” ИМ умумий йиғилишида Бекзод Зокиров яна менинг шарафимга кўп яхши гапларни айтди. Айримларини келтираман:
− “Эрудит” ИМ учун энг катта фойда келтираётган иккита ходимдан биттаси Каримберди Тўрамурод. Ҳамма ёшлар қотиб қолган, таҳририятдан ташқарига чиқмайди. Ёшларга ўрнак бўлиб, юраги ёниб ишлаётган битта Каримберди Тўрамурод. У таҳририятда ўтирмайди, юрт кезади, ҳали Сурхондарёдан, ҳали Андижондан, ҳали Тошкентдан ўзи бориб, одамлар билан учрашиб, эксклюзив мақолалар тайёрлаб келади. Шунинг учун халқ унинг ёзганларини севиб ўқийди, унинг ёзганларини кутади. Мен бугундан бошлаб, Каримберди Тўрамуродни “Бекажон” газетасига бош муҳаррир қилиб тайинлайман!
Мен шу йиғилишда катта хато қилдим. Муҳаррир бўли ишлаб турган Холиёр Сафаров ва аёвсиз танқидга учраган ўзбек таҳририяти директори Наргиза Розиқоваларнинг ёнини олиб, мана бу сўзларни айтдим:
− Ҳозир таҳририят энг яхши таркибда ва ишларимиз жуда яхши кетаяпти. Илтимос, сиз бош муассиссиз, биздан газетани талаб қилинг, аммо таҳририятнинг ким муҳарри бўлиши, ким бошқа ишни қилиши масалаларига аралашманг!
Буни муҳаррирликдан олингани учун ўша ернинг ўзида ранги бўзариб кетган укамизга ачинганимдан, қолаверса, ўзимнинг мансаб, лавозим деган нарсаларга мутлоқо ҳавасим бўлмаганидан айтдим. Аммо бош муассис Бекзод Зокиров бунақа гапни кутмаган эди, у менинг гапимни “Бизнинг ишларимизга мутлоқо аралашманг”, деган маънода тушунди. У бунақа гапни кечира олмайдиган ва унутмайдиган одам.
Кутганимдек бўлди ва кейинги кундан бошлаб кунига икки-уч мартадан йиғилиш чақирадиган бўлди ва ўша гапни такрор-такрор айтиб, “Бу корхона меники, истаган куним уни ёпаман, сен эса мендан ишларингга аралашмаслигимни талаб қилаяпсан”, деган сўзларни айта бошлади. Мен унга корхона уники эканини, фақат таҳририятдаги таркибий ўзгаришларга аралашмаслигини сўраганимни тушунтира олмадим. Зеро, у буни тушунишни истамас, ўзини хафа қиладиган маънони топган ва шуни маҳкам “ушлаб” олган эди.
30-июнь куни Бекзод Зокиров мен “Бекажон”да ёзган “Исо Руҳиллоҳ” деган мақолани муҳокама қилиб, мақоладан хатолар ахтарди ва у ерда бошқа дин вакилларини камситганимни рўкач қилиб, мени динни яхши билмай туриб, мақола ёзганликда, ўзи аслида, яхши мақола ёза олмасликда, индамаса, мен диний экстремизмга оид нарсаларни ҳам ёзиб юборишим мумкинлигида айблади.
− “Исо Руҳиллоҳ” номли мақола тўлиқ Қуръондан олинган ва у ерда менинг исми шарифимдан бошқа ҳамма сўзлар Қуръонга тегишли, − дедим.
− “Бузуқ ақида эгалари” деган сўзларингиз бошқа дин вакилларини камситишдир, − деди Бекзод Зокиров.
Мен шу ерда Бекзод Зокировга ёқмайдиган ва унинг “суягини қақшатадиган” иккинчи гапимни айтдим:
− Сиз буни тушунмайсиз, бу менинг сўзим эмас, бу Аллоҳнинг сўзи.
1-июль куни яна ҳаммани йиққан Бекзод Зокиров бу сўзимни ҳам маҳкам “ушлаб” олиб, менга қарши жиддий гапларни айта бошлади:
− Ўзбекистон телевидениесидаги чиқишлари билан Каримберди Тўрамурод бизни катта балога рўбарў қилиб қўйди, энди турли идоралардан текшир-текшир бошланади, мана, бошлаб мени анови идорага суҳбатга чақиришди, Матбуот ва ахборот агентлиги вакилимизни чақириб, Каримберди Тўрамурод мақолалари хусусида жиддий огоҳлантирди. Энди турли текширишлар бошланади. Буларнинг олдини олишимиз керак, ўзимиз ҳаммадан олдин бир қарорга келишимиз керак, − деди ва қолганларнинг ҳам фикрини сўради.
Қолганлар эса ҳамиша уларни “боқиб турган” Бекзод Зокировнинг гапларини маъқуллашдан бошқага ярамаган ва бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Улар ҳам менинг хато қилганимни, диний билимим бўлмай туриб, диний мақола ёзганимни, ваколатим бўлмай туриб, Ўзбекистон телевидениесида чиқиш қилганимни ва, энг муҳими, Ўзбекистонда мажбурий обуни бор, дея ЁЛҒОН ГАПИРГАНИМНИ айтишди. Бу мақолани ёзишни топширган муҳаррир Холиёр Сафаров ҳам, директор Наргиза Розиқова ҳам бор айбни менга ағдариб тураверишди. Албатта, мен уларга “Шунчалик ақлли экансизлар, бу мақола зарарли эканини билар экансизлар, нега сизлар уни газетага қўйдиларинг, нега ўтказиб юбордиларинг, ваҳоланки, мақолаларимнинг тенг ярмини қисқартириб ташлаганларингда ҳам индамайман-ку?” деганимда улар доимгидек, ерга қараб тураверишди. Уларга айбларини тан олишдан кўра, менинг ҳақлигимни эътироф этишдан кўра, ноҳақлиги аниқ бўлган, аммо уларга маош бериб турган одамнинг гапини маъқуллаш, уни олқишлари манфаатлироқ эди.
Севара Зокирова, ижрочи директорнинг ижодий масалалар бўйича ўринбосари:
− Ислом – эзгулик дини. Бунда бир динни улуғлаб, бошқа динни камситиш ёки рад этиш йўқ. Шундай экан, мақоладаги, “… бу бузуқ ақида эгаларига” мазмунидаги сўзлар ўйланмай ёзилган сўзлар, деб биламан.
− Каримберди Тўрамуроднинг телевидениеда “Бекажон” газетаси номидан чиқиши қувонарли ҳол, аммо у кишининг “бугун юртимизда айрим газета-журналлар мажбурий обуна қилинади”, деган сўзлари исботсиз гап. Чунки бугунги кунда мамлакатимизда мажбурий обуна йўқ. Масалан, мен бунга дуч келмаганман. Газетада чоп этилган диний мавзудаги мақоладаги чалкашликлар, Исо алайҳиссалом, Инжил китоби ҳақидаги қарашлари, шахсий қарашлар деб биламан ва ҳали муаллифнинг бу борада билимлари етишмаслигидан далолат беради.
Холиёр Сафаров, «Бекажон» газетаси пайшанба сони муҳаррири:
− Каримберди Тўрамуроднинг “Муносабат” кўрсатувида чиқиш қилиши ва у ерда “Бугун айрим, газеталар, шу жумладан “Халқ сўзи” газетаси мажбурий обуна қилдирилади!” деган сўзлари ҳиссиётга берилишдан бошқа нарса эмас. Чунки бугун мамлакатимизда обуналар ихтиёрий бўлиб, бу ҳар бир газетхоннинг ўз хоҳиши ҳисобланади. Газетада чоп этилган диний материаллар эса “Қуръон асосида тайёрланди” дейилган бўлса ҳам, диний билимнинг ва малаканинг етишмаслиги натижасида йўл қўйилган камчилик ҳисобланади. Бунда муаллифнинг ҳам, муҳаррир сифатида менинг ҳам айбим бор. Биз мақолани Ўзбекистон мусулмонлари идораси рухсати билан чоп этишимиз керак эди.
Ситора Азизова, «Бекажон» газетаси жума сони муҳаррири:
− Ҳар бир ходим таҳририят номидан гапирганда, аввало масъулиятли бўлиши керак ва исботсиз, пуч сўзлардан қочиши керак. Каримберди Тўрамуродов “Муносабат” кўрсатувида ҳам, “Очиқ студия”да ҳам исботсиз сўз айтди. Исо алайҳиссалом ҳақидаги мақоласи эса Ўзбекистон мусулмонлар идораси ёки Диний қўмита рухсати билан чоп этилиши керак бўлган материал эди.
Дилфуза Зарипова, «Бекажон» газетаси пайшанба сонида нашр учун масъул:
− Каримберди Тўрамурод “Муносабат” кўрсатувчида кучли баҳсга киришиб кетди ва ўйламасдан исботсиз гапларни айтди. Чиндан ҳам бугун мамлакатимизда мажбурий обуна йўқ. Кимки бирор газета ёки журналга обуна бўлса, ўз ихтиёри билан бўлади. Қолаверса, бугун журналистика тараққий этди. Сўз эркинлиги, ахборот олиш эркинлиги бор. Бугун журналистларга ҳеч қандай чеклов йўқ. Фақат, қонун доирасидан чиқмаса бўлди. Шундай экан, Каримберди Тўрамуродовнинг кўрсатувларда айтган сўзларига қўшила олмайман. Диний мавзудаги мақолаларига ҳам. Чунки унда холислик, диний бағрикенгликка эътибор бермаган, тор фикр билан ёндошган.
Аслиддин Мустафоев, газета ходими:
− Каримберди Тўрамуроднинг ойнаи жаҳон орқали айтган исботсиз сўзлари ва диний билимлари етмасдан, бунга ҳуқуқи бўлмасдан ёзган мақолалари барчамизга сабоқ бўлсин. Хулосам шу.
(Шу ўринда мен ҳам бир хулосамни айтиб ўтишим керак. Шу болани шогирдим деган эдим, меҳр қўйган эдим, олдин биттаси нонкўрлик қилганида қутулган эдим, Худога шукур, бунисидан ҳам қутулдик…)
Хуллас, йиғилиш қарор қабул қилди. Баённомадан:
“Юқоридагилардан келиб чиқиб,
ҚАРОР ҚИЛИНДИ:
1. “Бекажон” газетасининг №47-сонида чоп этилган “Исо Руҳиллоҳ” мақоласи юзасидан ички текширув ўтказиш учун комиссия ташкил этилсин.
2. Ички комиссия текшируви хулосаси эълон қилингунча муаллиф Каримберди Тўрамурод эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилсин.
3. Ходимларнинг эгаллаб турган лавозимларини танқидий баҳолаш натижасига кўра: “Бекажон” газетасининг муҳаррири Х.Сафаров муҳаррир ўринбосарлигига, Н. Розиқова ўзбек таҳририяти директорлигидан газета муҳаррирлигига, С.Зокирова ижрочи директорнинг ижодий масалалар бўйича ўринбосарлигидан ўзбек таҳририяти директорлигига ўтказилсин.
4. Қарор ижросини назорат қилиш ижрочи директор Ф.Бахриев зиммасига юклатилсин”.
2. Нима бўлди?
Икки ҳафта уйда ўтирдим. Бировга бир сўз айтмадим. Чунки билар эдим, Бекзод Зокиров бировларнинг гапи билан шошиб қарор чиқариб, одамларнинг кўнглини оғритиб қўяди. Аммо бир неча кун ўтиб, ноҳақлик қилганини тушуниб, гарчи, кечирим сўрамаса-да, (бу унинг приципларига зид) қарорини ўзгартиради.
Менинг эса ишимдан ажралгим келмайди. Тўғри, у ерда катта ойлик ҳам олмайман, бирор лавозимда ҳам эмасман, буни истамайман ҳам. Аммо “Бекажон”да пайдо бўлишида ўзимнинг ҳиссам катта бўлган ажойиб бир адабий муҳит бор. У ерда ишлаш менга роҳат бағишлайди. Кўнглимдаги мақолалар ва ҳикояларни ёзаман, муштарийлардан юзлаб, минглаб хатлар оламан, уларнинг миннатдорчиликларидан хурсанд бўламан. “Тўра Мурод бизнинг қишлоқни тасвирлайди, атрофимиздаги одамлар ҳақида ёзади, бизнинг тилимизда ёзади, унинг ёзганларини бир ўқишда тушунамиз, маза қиламиз”, деган мактублар одамга қанот бағишлайди-да.
Эркак кишининг иккита нарсаси бўлсин: бири байрамга бораётгандек шодланиб борадиган иши бўлсин, иккинчиси байрамга бораётгандек талпиниб борадиган, унинг келишини интиқ кутадиган оиласи бўлсин!
Мен кейинги 15 йилда “Бекажон” туфайли ана шу икки нарсага эришиб, кўнгил хотиржамлигини топган эдим. Шунинг учунгина ишдан кетгим келмас эди. Қолаверса, кўпчилиги ростданми, кўнглим учунми, устоз дейдиган жамоадошларимдан ажралгим келмас эди.
Бундай ҳолатлар олдин ҳам икки марта бўлган, ҳар гал Бекзод Зокиров мени яна чақириб олган, “Иккаламиз дўстмиз, сиз менинг чин дўстимсиз, жўрачиликда бўлади-да, мен сизни яхши кўраман, ишлайверинг”, деган ва мен ҳам иккимизнинг «Чин дўстлигимизга ишониб», ишлаб кетаверганман. Иззатталаблик ҳам қилиб ўтирмаганман. Шунинг учун ҳам Бекзод Зокировнинг мени чақиришидан умидвор эдим ва бунга ичимдан ишонар эдим!
Кутганимдек бўлди. Икки ҳафталик “таътил”дан кейин мени Бекзод Зокиров чақирди ва одати бўйича ҳайдашда ҳамманинг олдида беобрў қиладиган, қайтариб олишда ёлғиз гаплашадиган раҳбарим ёлғиз ўзимга тушунтириш ишларини олиб бориб, мени юпатувчи сўзларни айтиб, хусусан, ўрнимга мендек қимматли ходимни, ёзувчини, ўткир журналистни топа олмаслигини айтиб, хос топшириқларни бериб, ишга бораверишимни айтди.
Мен таҳририятга кирдим. Таҳририятдагилар менинг қайтганимдан, ростми, ёлғонми, хурсанд эканликларини изҳор қилишди, аммо “қайғули” бир янгиликни ҳам айтишди:
− Қайтганингиз яхши, аммо ойлигингиздан хабарингиз борми?
Кейин улар бири олиб, бири қўйиб, доимгидек, менга арзи ҳол қилиб кетишди. Ойликларидан юз-икки юз мингдан “кесишганини” айтишди. Бири бошқа иш ахтараётганини, бошқаси ўз юртига кетишини билдиришди. Энг кўп менинг ойлигимдан “кесишганини” айтишди.
Бориб, ойликлар билан қизиқдим. Менинг ойлигимни оз эмас, кўп эмас, нақд 500.000 сўм камайтиришибди. Мен борига барака, деб ишлаб кетаверишим ҳам мумкин эди, аммо бошқаларнинг маошларини кўриб, кайфиятим бузилди. Ойлигимнинг яқинда ишга келган қизгинанинг ойлиги, келганига уч кун бўлган ёшгина яна бир қизчанинг ойлиги билан бир хил қилиб қўйилгани алам қилди. Қоровулнинг ҳам ойлиги меникича эди. Энг ажабланарлиси, дарвозахонада турадиган, дарвозани очиб-ёпишдан бошқа иш қилмайдиган одамнинг ойлиги меникидан катта эди.
Бу атайлаб қилинганига, мени ўз хоҳишим билан кетишимга эришмоқчи бўлишаётганига фаросатим етиб қолди. Бунақа адолатсизлик қилинган жойда ишламаслигимни ижрочи директорга айтдим ва шу кундан ишга бормай қўя қолдим.
Икки кун ўтиб, Бекзод Зокиров қўнғироқ қилиб, “Нега ишда йўқсиз?” деб сўради. “Ўйлаб кўрганимни ва энди ишламаслигимни” айтдим.
− Сизнинг ўзимга айтмай, ойлигимни 18-20 ёшли, ҳали кимлигини муштарийлар тугул ўзингиз ҳам билмайдиган қизчаларнинг ойлиги билан бир хил қилиб қўйишингиз мардликми? Уларнинг қобилиятлари, истеъдодлари, тажрибалари меники билан бир хилми? 18 ёшли қизчаларнинг эҳтиёжлари ҳам 57 га кирган, тўрт фарзанднинг отаси бўлган, уларни уйли-жойли қилиш ташвишидаги одамнинг эҳтиёжлари билан бир хилми? Ҳаммаси майли, менинг ҳурматим, иззатим, фаолиятим, газета учун сингган меҳнатим қоровулники билан баробарми?
Ҳар доимгидек тез реакция билдирадиган Бекзод Зокиров “муносиб жавоб”ларни қалаштириб ташлади:
− Қоровулнинг хизмати сизникидан жуда катта, унинг вазифаси сизникидан масъулиятлироқ. Ойликларни тираж тушиши муносабати билан туширдим. Тиражни оширсаларинг, ойлик ҳам ошади.
Мен унинг яна адолатсизлик қилаётганини ўзимча исботлаб бердим.
− Ойликларимиз тираж билан боғлиқ бўлса, биздан икки марта кам тиражда чиқадиган русча газета муҳаррирининг ойлиги нега меникидан икки марта катта? Нега унинг ойлигини тиражига яраша қилмадингиз?
Бекзод Зокиров эса яна ўзини хафа қиладиган жумлани “ушлаб” олди. Уни адолатсиз дейишим жиғибийронини чиқарди ва у ёғига бу ерда ёзишни мен ўзимга эп билмайдиган сўзларни айта бошлади.
Мен ўша ерда бўлган таҳририят ходимлари билан ҳам бирданига хайрлашиб, ишларига ва корхонага омад, ишларига барака тилаб, энди улар билан ишлай олмаслигимни айтиб, узр сўраб, корхонадан чиқиб кетдим.
Бўлган гап шу.
3. Яна нима бўлди?
Мен “Очиқ студия” кўрсатувида айтган сўзларим исботини топди. 11-июль санаси билан Бош директори ўринбосари К.Мансуров томонидан имзоланган “Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги” деган идорадан “Эрудит” ИМ раҳбари номига “Тақдимнома” келди.
Тақдимномани саводсизларча ёзган, келишикларни фарқлай олмайдиган, оддий жумла тузишни билмайдиган К.Мансуров деган чаласавод одам мен ёзган “Исо Руҳиллоҳ” номли мақолам Диний қумита томонидан мониторинг қилиниб, бир қатор камчиликлари, қонун бузилишлари содир этилганини рўкач қилиб, қатор “айбларим”ни санаган “Муаллиф соҳа мутахассиси бўлмагани боис мақолада кўп чалкашликларга йўл қўйган ҳамда турли ихтилоф ва тушунмовчиликларга сабаб бўлувчи ҳамда бошқа дин вакилларига нисбатан кескин фикрлар билдирган”, деган. Иддаоларининг поёнида “муассис ва таҳририят йиғилишида тақдимнома кўриб чиқилиб, масъул ходимга нисбатан чора кўриш”ни сўраган.
Энг қизиғи, бу мақола тўлиқ Қуръондан олингани боис мен жаноб К.Мансуровга “Талабнома” ёзиб, ундан бу “чалкашликларга йўл қўйган ҳамда турли ихтилоф ва тушунмовчиликларга сабаб бўлувчи ҳамда бошқа дин вакилларига нисбатан кескин фикрлар”нинг муаллифи бўлган Аллоҳга, унинг Қуръонига, Қуръоннинг таржимони шайх Абдулазиз Мансурга, бу китобни чоп этишга рухсат берган Диний қумита раҳбарларига ҳам чора кўришни, уларни ҳам мен сингари “ишдан кеткизишни” талаб қилдим. Кўрамиз, К.Мансуров уддалармикан?
4. Яна нима бўлди?
Мен олдинлари ҳам ишдан кетиб, “Бекажон” шаънига, раҳбарлар шаънига бир оғиз салбий сўз айтмаганман. Ҳамиша ҳар ерда “Бекажон” туфайли уч-тўрттага танилиб қолганимни эътироф этиб юрганман. Шунинг учун бу гал ҳам бир ерда бир сўз айтмадим. Ишдан кетишимни ҳам фожеа деб билмадим. Зеро, ризқимни берувчи раҳбарим эмас, Аллоҳимдир!
Аммо интернетда устозимиз Тошпўлат Раҳматуллаевнинг мақоласи эълон қилиниб, унда тўғри сўзни айтганим учун ишсиз қолганим ҳақидаги озгина маълумот ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ўша кунда бери телефоним тинмайди. Сайтимга, электрон манзилимга, “Фейсбук”даги саҳифамга келаётган саволларнинг кети узилмай қолди.
“Ҳақ сўзни айтиб, ишсиз қолганингиз ростми?” деган савол билан қатор ОАВ вакиллари менга мурожаат қилишди. “Би-би-си”, “Озодлик” каби бир неча халқаро ОАВ вакиллари мурожаат қилганидан сўнг ўзим бу ишларнинг тафсилотини баён қилишим шарт эканлигини англаб етдим ва ушбу хатимни эълон қилишга қарор қилдим.
5. Энди нима бўлади?
Энди шундай бўладики, “Таҳририят ишига аралашманг”, “Диний маслаларни сиз тушунмайсиз”, “Сиз адолатсизсиз”, деган сўзларим суягини қақшатган “Эрудит” ИМ Бош муассиси Бекзод Зокиров ҳамиша ва ҳар ерда айтадиган “Сиз менинг дўстимсиз” деган сўзларини айтмайди. Олдинлари вақт ўтиб, мулоҳаза қилиб кўргач, яна ишга чақириб олган бўлса, энди сира ҳам чақирмайди. У ўзи ҳақида матбуотга мақола ёзган одамни зинҳор кечирмайди.
Демак, менга орқага йўл йўқ. Энди мен “Бекажон”ни, “Бекажон” эса мени йўқотди. Бундан ким нимани ютди, нимани ютқазди, буни вақт кўрсатади.
6. Яна нима бўлади?
“Олса ишингни олади, жонингни олмайди-ку?” дейишади биз тарафнинг содда одамлари. Ҳа, ишимни олдилар. Аммо менинг Аллоҳ юқтирган озгина иқтидоримни ҳеч ким ололмайди. Отамдан мерос олганим – Ҳақ сўзни айтишимни, ҳар жойда Ҳақ томонда бўлишимни ҳеч ким ололмайди.
Аллоҳ нимани хоҳласа, бир ҳикмат билан хоҳлайди. Бунда ҳам бир ҳикмат бордир. Балки Аллоҳ уйда ўтириб, битмай турган қиссаларим, чаласи битмаётган романимни охирига етказишимни истаётгандир?
Нима бўлганда ҳам элга, юртга манфаатли бўладиган асарлар, яхши кинолар, эл дардига малҳам бўладиган мақолалар ёзишда давом этаман. Чоп этадиган газета эса топилиб қолар.