Яхши ҳамки, Сиз борсиз, Сизнинг электрон газетангиз бор. Ватандош қаламкашлар учун ўз фикрларини эмин-эркин, кенг билдириш имкониятини яратиб беряпсиз. Бундан барчамиз жуда миннатдормиз. Айниқса, биз каби ёши ўтиб қолган журналистлар ўзларининг ҳаётий тажрибалари, турли соҳаларга оид муносабатларини мақола ва таҳлилларида баён қилишлариҳамда “Дунё ўзбеклари”га етказишларида ҳолис хизматингиз ниҳоятда улкан.
Албатта, баъзи ҳолларда эҳтирослар, шахсий муносабатлар бир оз ошиб кетади.Тўғри, ҳар бир инсонни муносиб тарзда баҳолашни истайсиз. Аммо мезон керак. ”Меъёр таомнинг лаззатини, тўйимлилигини, чиройини,шифобахшлигини ва табиийлигини таъминлайди”,–деб таъкидлайди машойиқлар. Кейинги пайтларда мамлакатимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ўзгаришларга кўпроқ эътибор бераётганингиз яхши бўляпти.Кадрлар масаласига ҳам эътибор қаратиляпти.Ечилиши зарур бўлган муаммолар кўтариб чиқилмоқда.Бу сафар мактубимизни ҳаммамиз учун ягона бўлган Ватанимиз равнақи йўлидаги журналистик изланишларнинг баъзиларига қаратишни режаладик, аниқроғи лойиҳалаштирдик. Уни “Лойиҳалаш маданияти” деб номладик.
ЛОЙИҲАЛАШ МАДАНИЯТИ
Исматжон, дўстим! Сиз тажрибали журналистсиз. Сиёсат, иқтисод, жамият, фан-техника, умуман барча соҳаларда ўз фикрларингизни баралла билдирар экансиз, прогноз ва башоратларингиз, асосан тўғри чиқаётганига қойил қоламиз. Менинг ниятим, Сизга ўхшаган тажрибали раҳбар бош бўлган интернет нашри “Дунё ўзбеклари” ўзининг телерадио каналига ҳам эга бўлишини ўйлаб қолдим. Бу кун ҳам яқинга ўхшайди.
Тўғрисини айтсам, Сиз ва мен, бошқа тақдири ўхшаш ватандошларимиз кечаю кундуз Ватан учун нимадир қилиш, эзгу ишлар учун интилиш каби истаклар билан яшаяпмиз. Камина ҳам, ўзимнинг муаммоларим тўлиб ётишига, соғлиғимнинг аянчли аҳволда эканига қарамай, жамият муаммоларига ечим топишга интиламан. Бунда Сиз менга, баҳоли қудрат беш йилдан буён ёрдам бериб келяпсиз. Дизайн ва дизайн таълими ҳақида юборган илмий мақолаларимни “Дунё ўзбеклари” чоп этди. Сиз нашр раҳбари сифатида бу инновацион ғояни яхши тушундингиз. Балки бунга энг аввало юксак билим, иқтисодчи олим, сезгир журналистлигингиз сабабдир. Ёки олис денгиз орти мамлакатидаги билим даражаси, Сизнинг кузатувларингиз, талаба болаларингизнинг интилишлари ҳам тутки бўлгандир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган қарор ва фармонлар моҳиятини очиб берадиган мақолаларни кўпроқ чоп этиш зарурати мавжуд. Мамлакат ичкарисидаги нашрлар, ОАВ кўп ҳолда”ташаббус”ларни эски қолипда тақдим этишни давом эттиришяпти. Журналистик текширув, муносабат, тушунтирув, ташкил этиш каби масалалар бутунлай унитилган. Журналистика талабларини биладиган қаламкашлар кам, айниқса теле ва интернет тармоқларда.
Янги ташкил этилган “ЎЗБЕКИСТОН 24” телеканали эндигина иш бошлади. Балки ташкилий –техник жиҳатдан буни янгилик деса бўлар. Аммо моҳият жиҳатидан ҳали кўп иш қилиши керак. Икки оғиз телеканалнинг дизайнига назар ташласак, асосан футуристик услуб асосий ўринни эгаллайди. Улкан, ағдарилувчи ширифтлар билан ёзилган титрлар масаланинг моҳиятига эмас, кўринишига урғу беряпти. Моҳият эса “Катта форматдаги Ахборот”нинг ўзи. Ҳамду сано, олқиш ва мақтаниш.Муаммолар таҳлил қилинмайди, таҳлил ҳам ўша коммунал ҳизмат атрофида. Ҳалқ қабулхоналарининг аниқ натижалари ҳақида ибратли лавҳалар бутунлай кўринмайди. Миш миш даражасидаги воқеаларни журналистларнинг фикри ожизига кўра шарҳланади. Шундай кўрсатувлардан бири ярим соатдан ортиқроқ давом этди. Журналист Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари ва Олий ва ўрта махусс таълими вазирлигининг биринчи ўринбосари билан мактаб, коллеж ва шу кунларнинг долзарб масалалари ҳақида суҳбат олиб борди. Аммо на масалага аниқлик киритилди, на ечим топилди. Томошабин хеч нарсани тушунмади. Бу кўрсатув уч марта такрорланди. Аммо… Унинг устига футуристик услубдаги безак, стол ва курсининг осилиб туриши, ҳаракатда эканлиги, геометрик шаклларнинг учлилиги одамлар ғазабини қўзғади. Ҳозир кўрсатув иштирокчилари йиқилиб тушади, деган ҳаёлда ўтиришди. Ростдан ҳам бу компетенцияга эга бўлмаган амалдорлар йиқилиб тушишига ишорат деб қабул қилиш мумкин.
Камина бу мисол орқали бугун замонавий дунёда кенг ёйилган, илм-фан ва тараққиёт даражасига кўтарилган лойиҳалаш маданияти, дизайн таълими ҳақидаги фикрларимга муқаддима келтирдим. Янги телеканалнинг барча томонлари, техник-ижодий, ташкилий жиҳатлари лойиҳаланган, таълим соҳасида юксак лойиҳалаш мавжуд. Журналист, раҳбарларнинг чиқишлари маълум талаблар асосида лойиҳаланган. Аммо лойиҳалашни бошқариш ҳақидаги маданият, яъни билимларга эга бўлмаслик, кутилган натижага олиб келмади. Демак, шакл мазмун билан тенг бўлиши, табиий ва лойиҳалаш маданияти талабларига жавоб бериши лозим эди. Безак услубларини ҳам танлай билиш, томошабинларнинг қизиқишлари ва савиясидан, бошқа ўзигахос хусусиятларидан келиб чиқиши, дизайн талаблари ва қонуниятларига амал қилиниши, энг аввало кўрсатув сифатини, иш сифатини таъминлаган, унга ажратилган ресурслардан самарадор фойдаланилган бўлур эди. Умуман олганда инсоният тамаддунида бирон бир соҳа йўқки, уни лойиҳалаш бошқарувисиз яшаса. Ахир, Аллоҳ оламни меъзонда яратган. У буюк яратувчи. Лойиҳалаш маданияти инсон фаолиятини тартибли тарзда ҳаракатга келтирувчи метод эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Бугунги кунда давлат маблағларини тўғри сарифлаш, давлат ресурсларини самарадорлигини таъминлаш замон талаби. Шунча кўпсонли телеканаллардан на давлатга, на томошабинларга фойда йўқ. Унинг ўрнига сифатли дастурлар, кўрсатувлар, “оз бўлсину соз бўлсин” қабилида иш кўриш фойдалироқдир. Тежамкорликни иқтисодиётнинг жони деб атайдилар.Иқтисодиёт эса стихияли тарзда жарга қулайди. Унга ҳам энг аввало илм-фан, техника ҳамда энг универсаль инновацион ғоя ва ишламаларни ўзида акс эттирувчи лойиҳалаш маданияти зарур. Унга эса бир умр ҳар бир инсон томонидан изчиллик билан ўрганиб бориладиган таълим-тарбия– дизайн таълими ёрдамида эришилади.