Шуҳрат Тошпўлатов — Ўзбекистон МХХ раисининг ўринбосари этиб тайинланди…
Ўзбекистоннинг жасоратли Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакат ижтимоий сиёсий ҳаётидаги инқилобий ўзгаришлар бир маромда давом этмоқда. Жумладан, республикадаги энг ёпиқ ва қудратли идора ҳам Президентнинг бу ташаббусидан бебаҳра қолаётгани йўқ.
31 июль куни давлатимиз раҳбарининг қарори билан чорак асрдан бўён узлуксиз ва ноқонуний тарзда МХХ раиси вазифасини бажариб келаётган Рустам Иноятовнинг яна бир ўринбосари янгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 июлдаги ПҚ-3163 сонли қарорига мувофиқ Ташпулатов Шухрат Джумаевич Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари – МХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг расмий сайтида эълон қилинган.
Ҳатто Президент сайтида ҳам унинг номини ўзбекча ёзишга чўчишган.
«Ташпулатов Шухрат Джумаевич» эмас, балки — Тошпўлатов Шуҳрат Жумаевич деб соф ўзбек тилида ёзиш лозим эди. Майли, нима бўлганда ҳам биз МХХ раисининг янги ўринбосарини шарафли, айни пайтда — ўта муҳим ва масъулиятли вазифа билан табриклаймиз.
Шарафлилиги шу маънодаки, Миллий Хавфсизлик Хизмати — Ўзбекистон давлати ва халқининг, Президентнинг хавфсизлиги ва осойишталигини, давлат чегараларининг дахлсизлиги ва яхлитлигини қўриқлайди.
Ўта муҳим ва масъулиятлиги шу маънодаки, бугунга қадар МХХ ўз профессионал бурчи ва вазифаси бир четда қолиб, ўз халқидан — тўғри сўз ва ҳур фикрли кишилардан душман ва мухолифат ясаш, уларни хориж ва ҳибсга ҳайдашдек ноинсоний ва жиноий фаолият билан билан шуғулланиб келди.
Энди МХХ бу ноқонуний ва жиноий фаолиятига чек қўйиб, бевосита ўз профессионал вазифаси билан шуғулланишга ўтиши лозим ва шарт.
Рустам Иноятов раҳбарлигида Ўзбекистон МХХ да узоқ йиллардан бўён давом этиб келаётган бу шармандали ва ярамас фаолиятни фош қилиш борасида «Дунё ўзбеклари» бошлаган шарафли, ўта муҳим ва масъулиятли вазифа давом этажак.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 25 август ва 26 сентябрь кунги Қарорлари билан ташкил этилган…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
31 июль, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ