Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси Усмон Алимов муфтий ҳазратлари,
“Дунё ўзбеклари” халқаро интернет нашри Бош муҳаррири Исмат Хушев
ва барча ОАВ эътиборига
АВЛИЁ БЎЛИШ ОСОНМИ
ёхуд, Жумабой муллонинг ғаройиб кашфиётлари ҳақида
Беруний туманидаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи тўғрисида илк бор талабалик дўстим Абдураҳим эшон Аминжон ўғлидан эшитганимда бу жойда худди Маккаи Мадинадаги каби Муножот тоғи борлигидан ҳайратга тушганман. Асли Яман элининг Қаран қишлоғида таваллуд топган илоҳий ишқ соҳиби Вайсал Қаронийнинг ислом оламида мартабаси ниҳоятда улуғ бўлиб, Алишер Навоий ҳазратлари ҳам “Насойим ул -муҳаббат” асарида дўстлик тимсоли бўлмиш бу зотга жуда катта баҳо берганлар.
Асли эшонзодалар авлодидан бўлган Абдураҳим эшон 1990 йилда Беруний туманига имом хатиб тайинлангач, у тайёрлаган “Султон Увайс Қораний мақбараси тарихи” номли бир рисола Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Тарғибот маркази дирктори Тўра Мирзо кўмагида чоп этилди. Сўнгра, рисола тақдимоти хайрия марофонига айланиб, Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти ҳамда Туркманистон Республикасининг Тошҳовуз шаҳарларида таниқли шоир ва санъаткорлар иштирокида 1991 йилнинг 1 – 15 сентябрь кунлари ўтказилган тадбирлар Беруний шаҳридаги катта стадионда якунланди. Ўша куни Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи хайрия марофони иштирокчилари номидан Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов номига юборилган табрик телеграмма эртаси куни Ўзбекистон телевидениесининг Ахборот дастурида ўқиб эшиттирилди…
Ушбу хайрия тадбиридан тушган маблағлар зиёратгоҳга 3,5 километрлик йўл, ичимлик сув, электр тармоғи қурилиши ва бошқа таъмирлаш ишларига сарфланган. Ушбу тадбир туфайли ёзувчи ва санъаткорлар билан берунийлик зиёлилар, хусусан Абдураҳим эшон ўртасида пайдо бўлган дўстона муносабатлар ҳанузгача давом этаётганлиги янада қувонарли. Бу дўстлик ришталари ҳақида “Пайғамбар дўстининг беминнат дастёри” номли эссем “Дунё ўзбеклари” халқаро интернет нашрида чоп этилган.
Чунки, табиатан дўстпараст бўлган Абдураҳим эшон хоразмлик танишларини ишга солиб бу ерда анча савоб ишларни амалга оширганлигидан кўз юмиб бўлмайди. 1996 йилда Туямўйин – Нукус каналидан темир қувур орқали сув келтирилган бўлса, 2006 йилда улар пластик қувурларга алмаштирилди. Оқибатда зиёратгоҳ тўлиқ сув билан таъминланиб, мачитлар, таҳоратхоналар янада обод бўлди. Зиёратчилар ва сайёҳлар учун 60 ўринли меҳмонхона биноси қурилди.
Бу савобли ишларни амалга оширишда айниқса хоразмлик тадбиркор дўстларнинг ёрдами катта бўлгани, таниқли санъаткор Муяссар Раззоқова хайрия концертлари уюштириб жуда катта беғараз ёрдам қилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Айниқса мустақиллик йилларида бу жойда катта қурилиш ва ободончилик ишлари амалга оширилгач, зиёратгоҳ нафақат қўшни республикалар, ҳатто дунё сайёҳлари эътиборига туша бошлаган.
Собиқ имом хатиб Абдураҳим эшон Аминжон ўғли ташаббуси билан барпо этилган Султон Увайс Қароний зиёратгоҳиг бош дарвозаси кўриниши.
Шу ўринда: — сув келтирган хору, кўза синдирган азиз., деган нақл эсга тушади. Яъни, ана шундай савобли ишларга бош – қош бўлган Абдураҳим эшонга 2008 йилда Жиноят кодексининг 157, 205-209-моддалари билан айб эълон этилиб,10 йил озодликдан маҳрум этилди?! Кейинчалик унга қўйилган мачит, таҳоратхона, меҳмонхона қурилишига оид 420 миллион сўмлик талон – тарожлар тўғрисидаги айблов ўз тасдиғини топмасдан, аксинча бу ишларга бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлангани аниқлангач, суд ажрими билан бу айбловлар ундан олиб ташланди. Хуллас, эшон дўстимиз ана шу буюртма иш бўйича 2,5 йил ўтириб чиқди.
Бу ҳам Алоҳнинг бир синови., дейди эшон дўстим. Унинг Ҳамидулла, Неъматулла, Абдулла, Иноят деган ўғилларининг барчаси илмли, комил инсонлар бўлиб етишганлигининг ўзи Аллоҳнинг мукофати. Бу эшонзода йигитлар оталари учун ўта оғир кечган дамларда чинакам фарзандлик бурчини ҳалол адо этганликларининг ўзи Яратган Эгамизнинг яна бир мукофотдир! Кўпчилик қатори мен ҳам, шундай содиқ фарзандлари хизматига шай эшон бобога ҳавас қиламан!
Абдураҳим эшон тергов бераётган пайтлари Диний ишлар бўйича уламоларга ўз ўрнига муқаддам Тўрткўл туманида мутавалли лавозимида ишлаган Жумабой Матёқубов номзодини тавсия этган эканлар.
Бу кўҳна ҳаётнинг ғаройиб ишлари кўп. Нафақат биз каби муридлар, ҳатто эшонлар ҳам хатодан холи эмас. Айни пайтда мансабга мутлақа даъвогар бўлмаган Абдураҳим ҳожи Аминжон эшон ўғлининг бошидан балолар ариб, судланганлиги олиб ташланган бир пайтда, имомликга номзод кўрсатишда катта хатога йўл қўйганлигини кеч бўлсада англатдилар.
Зеро, инсонларнинг чиройли сўзлари, ибратли амру – маъруфлари эмас қилган амалларига қараб баҳо бермаган ҳар қандай одам адашиши табиий. Мазкур мақола – мурожаатни ёзишдан мурод бу даргоҳга раҳбар бўлган Жумабой Матёқубовнинг айрим ғаройиб ишларидан жуда кўпчилик норози эканлигига гувоҳ бўлгач, бу ишларга лоқайд қараб тураолмай, ўз фуқоролик бурчимизни адо этишга азм этдик.
Султон Увайс зиёратгоҳига Жумабой Матёқубов имом бўлгач унинг ташаббуси билан барпо этилган Анбар она пирим Биби Фотима қабри зиёратгоҳи кўринишлари:
Абай овул фуқоролар йиғини кексаларининг сўзларига кўра бу жойларда Анбар она Биби Фотима исмли аёл умуман яшамаган. Диний идора мутасаддилари қабр ичида жасад йўқлигини аниқлаб сохта зиёратгоҳни икки марта буздириб ташласада, табиатан ўжар Жумабой мулло яна қайта тиклаб, ёнига хайрия қути ҳам ўрнатиб қўйган эканлар…
Учинчи марта тикланган ғаройиб қабрдаги мармар лавҳага битилган “АНБАР она ПИРИМ биби ФОТИМА” деган ёзувлар ҳам баҳсли. Одатда пирим деганда эркак киши назарда тутилади?!
Жумабой мулла Президент ҳам, Қорақалпоғистон раҳбари Мусо ҳам менинг дуомни олган муридларим., деб ҳар амру маъруф чоғида таъкидлаб тургани боис, туман ҳокими, ҳатто прокурор ҳам унинг чизган чизиғидан чиқмас, солиқчилар ёнига йўламас экан.
Шу ерлик Комил бобонинг сўзларига кўра Жумабой муллонинг ташвиқотлари боис бу ердан бефарзанд аёллар, ирим – жиримга мойил зиёрат талабларнинг қадами йил бўйи узулмас, хайрия қутисига тушган нақд пуллар, аталган жонлиқ қўю, қўзиларнинг ҳисоб – китобини сўрашга ҳеч ким журъат этаолмас эркан.
Кексалигига қарамасдан ҳар калимани дўмбирадай чертадиган Эркабой бобонинг важларига кўра Анбар она пирининг руҳий кўмагида қудратли шахсга айланган Жумабой мулло шахсан муфтий қўллаб икки миллиард сўм ажратдилар., десада аслида бу муҳтарам Ш.М.Мирзиёев ҳали Бош вазир пайтларида ҳукумат ҳисобидан ободончилик ишлари ажратилган маблағ экан.
Бундан ташқари, холислик нуқтаи назаридан 2011 – 2012 йиллари ишга туширилган Ахборот ресурслари маркази биноси Гулнора Каримованинг беғараз ёрдами билан қурилиб, комьпютер ва бошқа зарур аъшёлар билан жиҳозланганлигини ҳам алоҳида қайд этиш лозим деб ўйлаймиз.
Муножот тоғидаги мачитида иккита хайрия қутиси бўлиб, унга тушган пуллар ҳисоб – китоби номаълум. Яқинда, яна бир мачит қурилишига рухсат олган Жумабой мулла анча йиллар олдин Абдураҳим эшон раҳбар бўлган пайтлари олисдан келган зиёратчилар учун қурилган 60 ўринли меҳмонхонани буздириб, ғиштларини пешма – пеш янги мачитга ишлатаётгани ҳам кўпчиликда норозилик уйғотмоқда?! Зеро, бир иморатни бузуш эвазига бошқасини қуришда ҳеч қандай савоб йўқ!
Кимдир ҳеч бир зарурат бўлмагани ҳолда янги мачитга не ҳожат деса, баъзи оғзига кучи етмаганлар кашфиётчи Жумавой яна бир авлиё момони кашф этгандир, Анбар онанинг топгани не бўларди., деб мутойиба ҳам қилишмоқда.
Бу гапларга парво қилмай, ҳар тиловат чоғида янги мачит очилишига муфтий ҳазратлари билан бирга шахсан Президентнинг ўзлари келадилар., деб қироат қилиб турганида Жумабой муллага ким ҳам қарши чиқарди?!
Муножот тоғи пастидаги бу ноёб, ичига ҳеч бир жонзот дафн этилмаган дунёдаги ягона қабрни машҳур зиёратга айлантириш шарафига муяссар бўлган Жумабой муллонинг ўзиям тирик авлиё бўлиши ҳам мумкинми.
Диний нуқтаи назардан мулоҳоза этилса бир уюм ғиштга сиғиниш билан бутга сиғиниш ўртасида қандай фарқ бор?! Бу жумбоқга аниқлик киритишни президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғи билан қўш хотинлиликга қарши курашга астойдил бел боғлаган муфтий ҳазратларидан сўралса мақсадга мувофиқ бўлар деб ўйлаймиз.
Жумабой мулло раҳбар бўлгач маҳаллий кадрларни четлатиб, уларнинг ўрнига ўз ҳамқишлоқларини олиб келганлар, ҳатто қўриқчи посбонлар ҳам Тўрткўл, Элликқалъадан сафарбар этилган муллонинг ишончли одамлари экан.
Бир ўғли ҳайдовчи бўлса, яна бир ўғли Зиявуддин Матёқубов хайрия қутиси олдида тиловат қиларкан. Тиловатчилар Анбар она қабрини зиёрат қилинг, барча дарддан халос бўласиз, агар жонлиқ атаб қон чиқарилса яна барокатли бўлади., деб беғараз тавсиялар беришар экан…
Ақлни танг этгувчи бу ғаройиб ҳангомаларни эшита туриб, собиқ шўролар даврида ҳам шунга ўхшаш ғалати ишлар бўлгани ҳақида қорақалпоқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмоновнинг 1987 йилда чоп этилган “Чангалзор пайғамбари ҳалокати” номли ҳужжатли қиссаси ёдимга тушди. Ўша йиллари Мирзо деган учар йигит қирғизистонлик ошнаси Абайни экстрасенс авлиё деб эълон қилгач, бу жойга чет эллардан ҳам ихлосмандлар ёпирилиб кела бошлайди.
Тарғиботу ташвиқотлар шу даражага етадики, Абайни авлиёни зиёрат қилиш учун Москвадан сиёсий бюро аъзоларининг қизлари, хотинлари ҳам келиб гўё ундан руҳий қувват олишган. Ғойибдан ёғилган бойликдан қутурган банги Абай машҳур каратеист актёр Талъат Нигматулиндан доим ёнида бўлиш, барча топшириқларини сўзсиз бажаришни талаб қилади. Абай билан Мирзоларнинг жирканч ишларидан безган Нигматулин уларни тарк этганида, Абай ёллаган қотиллар Нигматулинни Латвияда ўлдирадилар. Муқаддас Султон Увайс Қароний даргоҳини булғаган сохта авлиё ва унинг нафси ўпқон шериклари қамоқда хору – зор бўлиб шармандали ўлим топганлар…
Собиқ шўролар даврида жиноят саналган сохта авлиёчилик, мустақиллик замонида савоб иш бўлиб қолгани йўқ. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 61 – моддасида: — диний ташкилот ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдир., дейилган. Яъни, жиноят содир этган оддий фуқоро ҳам диний уламо ҳам қонун бўйича бир хил жавобгарликга тортилади.
Зиёратчилар учун зарур молларни сотиб тирикчилик қилувчи чакана тадбиркорларнинг Жумабой муллонинг таъмагирлиги кун сайин ошиб бораётганлигидан норозилигини тинглаб, очиғи шундай бир улуғ даргоҳга раҳбар бўлиб, саксон ёшни қоралаётган шариат пешвосининг номақбул ишларидан дилимиз хира бўлди.
Муножот тоғидаги зиёратчи – сайёҳларга хизмат кўрсатиш шахобчалари…
Мухтарам Исмат Хушев бу масалани кўтариб савоб иш қипсиз, Жумавой мулло Тўрткўл, Элликқалъа туманларидан 30 дан ортиқ диндор тадбиркорларни қамалишига сабабчи бўлган жуда ярамас одам. Энди, президент дуомни олган деб бошқаларни лақиллатиб юрипти.
Мухтарам Исмат Хушев бу масалани кўтариб савоб иш қипсиз, Жумавой мулло Тўрткўл, Элликқалъа туманларидан 30 дан ортиқ диндор тадбиркорларни қамалишига сабабчи бўлган жуда ярамас одам. Энди, президент дуомни олган деб бошқаларни лақиллатиб юрипти.