Дилмурод Жумабоев: Ўзбекистонни дунёга танитамиз!
Дилмурод Жумабоев: UZWORLD халқаро журнали билан Ўзбекистонни дунёга танитамиз!
Очиғи, бугунги ахборот даврида тўхтаб қолган орқада қолиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Дунёни ахборот бошқараётгани, жаҳон ҳамжамияти ахборот таъсирида (кўп ҳолларда реалликдан узоқ ахборот бўлса ҳам) қайсидир воқеликни қўллаб-қувватлаётгани, ёки бошқа бир ҳолатни танқид остига олаётганини кўриб турибмиз. Бугун инсонлар нима ейишни, нима кийишни, қаерга боришни, қайси мусиқани эшитиб, қайси кинони кўришни реклама эмас, онгостига қаратилган ахборот натижасида танлаяптилар.
Ўзбекистондек жаннатмонанд юртимизни дунёда ҳамма жуда яхши билади, ҳамма севади десак, муболаға бўлади. Сабаби, биринчидан ахборот маконида анча заифмиз. Иккинчидан, заифлигимиз етмагандек, хорижий тилларда ахборот узатиш манбаларимиз кам. Учинчидан, юртимизнинг тараққиётига ўз манфаатлари йўлида ғов бўлаётган кучлар тарафидан биз тарқатаётган ахборотни босиб кетувчи салбий ахборот манбалари муттасил ривожлантириб борилади.
Бу борадаги фикрлар дунёга Ўзбекистонни танитишга хизмат қиладиган халқаро оммавий ахборот воситаси ташкил этиш ғоясини туғдирди. Фақат, бу ўзини ўзини реклама қилиш воситаси бўлиб қолмаслиги учун нимадир янгилик топишга ундади. Узоқ фикрлаш натижасида ташкил этишга қарор берилган UZWORLD халқаро журнали жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистоннинг ва ўзбек жамиятининг ҳақиқий воқелигини кўрсатиб бериш борасида ўзига хос дебоча қарор бўлди деган умиддамиз.
2017 йил 27 июль куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган, дунё бўйлаб тарқатилиши режалаштирилаётганUZWORLDсиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий халқаро журнали ўз олдига Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда имижини ошириш, дунё миқёсида Ўзбекистонни кенгроқ танитиш, мамлакатда рўй бераётган демократик ислоҳотларнинг аниқ натижалари тўғрисида хорижий аудиториянинг хабардорлигини орттириш, таҳлилий-ахборот материаллари орқали юртимизнинг инвестицион жозибадорлигини дунё бизнес оламига тушунтириб бериш, Ўзбекистоннинг иқтисодий-тижорий, туристик, маданий-тарихий, гастрономик, экотуристик салоҳияти, шунингдек ижтимоий инфратузилмаси тўғрисида ҳикоя қилиб бериш, Ўзбекистонга хорижий сайёҳларни жалб этишга кўмаклашиш каби мақсадларни вазифа қилиб қўйган.
Хўш, ўзига хослик нимада бу ерда деган савол туғилиши табиий. Агар журналдан ўрин оладиган материаллар Дилмурод Жумабоев қаламига мансуб бўладиган бўлса, албаттаки, уларда келтирилган ҳолатларни терсини исботлашга уринадиган “холислар” топилишига кўзимиз етгани учун, ҳар бир сонга дунёнинг аҳамиятли сиёсатчилари, давлат арбоблари, хорижий мамлакатлар раҳбарлари, йирик сармоядорлари ва ишбилармонларининг, халқаро таниқли журналистлар ҳамда мутахассисларнинг Ўзбекистон ҳақидаги фикрлари битилган материалларини олиш ва журнал саҳифаларида чоп этиш орқали журналимизнинг объективлигига бўлган ишончни яратамиз.
Журналнинг электрон версияси бўлган uzworldmagazine.com сайти орқали чоп этилган ҳар бир материалнинг интернет тармоғида кенг тарқалишига йўл очилади.
Дунёга қуллуқ бўлсин деймиз, янги журнал!
Дилмурод Жумабоев,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Дунё ўзбеклари”дан:
Наманда яшаб ижод қилаётган таниқли ўзбек журналисти, нашримизнинг азалий дўсти ва фаол ҳамкори Дилмурод Жумабоевни олис Канададан туриб янги нашр билан муборакбод этамиз. Она Ватанимиз – Ўзбекистонни дунёга танитишдек улуғ ва хайрли ишида омад, бахт-саодат тилаб қоламиз…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
27 июль, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ