Республика Маънавият тарғибот маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлимлари қошидаги “Нафосат” ижодкорлар клуби ижодкорлари бу сафарги анжуманини шоир ва адабиётшунос олим Ҳурмат Тожининг ижодий лабораторияси билан танишишга бағишладилар.
Ҳурмат Тожи (Ҳурмуҳаммад Тожибоев) кўп йиллар Андижон тиллар педагогика институтида талабаларга дарс берган бўлиб ҳозирда нафақада ижод билан машғулдир. У “Нафосат” ижодкорлар клубига ҳам тез-тез келиб янги ижодлар билан танишиб туради. Ижодкорларнинг деярли барчаси билан таниш десак ҳам бўлади. Аммо унинг ижодини чуқурроқ ўрганиш, ижодий лабораторияси билан тинишишга алоҳида анжуман бағишланмаган эди.
“Нафосат” ижодкорлар клубида янги иш тартиби жорий қилинган бўлиб, ёш ва янги бошловчи ижодкорлар учун мушоирадан олдин дарс кўринишида машғулот олиб борилади. Бунда клубда иштирок этаётган катта ижодкорлар навбат билан келиб ўз ижодий лабораторияси билан таништириб, ўзининг ижод сирларидан клубдошларни огоҳ этади. Бу нарса битта катта ижодкорнинг тўгарак кўринишидаги машғулотидан кўра анча самарали эканини барча эътироф этиб келмоқда. Бу машғулотлар режасини клуб раҳбари Ғани Мажид тузиб ўзи олиб боради. Агар бирор катта ижодкор, бирор сабаб билан келолмай қолса у ўзи тайёрлаб келган “Ижод сирлари” дастуридан навбатдаги машғулотни қатнашчиларга ҳавола этади.
Бу машғулотларга нафақат клубдаги катта ёшдаги ижодкорлар, балки вилоятдаги бошқа ижодкорлар ҳам навбат билан таклиф этиш режалаштирилган. Бу сафар машғулот Ҳурмат Тожининг ижодий лабораториясини ўрганишга бағиш-ланди. Шоир ва адабиётшунос олим ижодкорлар олдида сўзлар экан, ўзининг ижодий лабораториясини эркин суҳбат кўринишида олиб борди. У янги китобидан шеърлар ўқиб уларнинг ёзилиш тарихидан сўзлаб берди. Қатнашчилардан тушган саволларга жавоб бериб пародия жанри билан ёшларни таништириб, пародия йўналишида ўзи ёзган ижод намуналари мисолида тушунтириб берди.
Ҳурмат Тожи ўзи режалаштириб келган суҳбатидан кейин Ғани Мажид клуб ижодкорлари ижодидан намуналар ўқишларини ва унга Ҳурмат Тожи фикрлар айтишини сўради. Шундан кейин мушоира таҳлили билан навбатма-навбат давом этди. Ҳар бир ижодкор ижодидан кейин Ҳурмат Тожига сўз берилар ва у ётиғи билан янги ижодни таҳлил қилиб ютуқ ва камчиликлари тўғрисидаги фикрларини айтар эди.
Учрашувга янги келган ижодкор Муслима Ҳалимова билан ҳам танишилди. У эндигина 4-синфни битирган бўлсада унинг болаларча ижоди кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. Ҳурмат Тожи унга унинг шеърлари мисолида ўз фикрларини айтди. Шунингдек учрашувда сўзга чиққан Сухайлий домла, Мирзамаҳмуд Ботиров, Одилжон Худойбердиев, Абдунаби Абдураҳмонов, Ҳолида Ҳасанова, Ойтожихон Эшмуродова, Умида Эгамбердиева, Дилдора, Шаҳодат каби бир қатор ижодкорларнинг ҳам шеър ва ҳикоялари тингланиб адабиётшунос олимнинг фикрлари, таҳлили эшитилди.
Учрашув якунланар экан, адабиётшунос олим ва шоир Ҳурмат Тожига клуб бадиий раҳбари катта миннаддорлик билдирди, клуб аъзоси Комилжон хожи Ҳакимов унга узоқ самарали умр тилаб дуо қилди.