"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим: «ИБОДАТГА ТЕНГДИР КЎНГИЛ ПОКЛИГИ…»

Адабиёт | 26/07/2017 10:33-     31636 марта ўқилди

“ИБОДАТГА ТЕНГДИР КЎНГИЛ ПОКЛИГИ…”
(“Таҳайюр”дан тўртликлар)
1.
Ғафлатда қолганлар шўрликдир, дилим,
Дилга етолмаслик—хўрликдир, дилим.
Минг бир мўъжизасин кўриб Яздоннинг,
Маърифатсиз қолиш—кўрликдир, дилим!
2.
Огаҳийлик дилда тахт бўлгай асли,
Ботилнинг нигоҳи сахт бўлгай асли.
Бахтни йўқ жойлардан излаб, нетарсан?
Ҳаққа муҳаббатинг—бахт бўлгай асли!
3.
Қалбимда қарсиллаб қулар қасрлар,
Йиллар югуради… ўтар асрлар…
Кўрлар дунёси ҳам саробдай йитгай,
Кўнглимнинг аршида қолгай басирлар.*
———————————
*Басир—кўнгил кўзи билан кўргувчи.
4.
Руҳда—бой, дунёдан камман аслида,
Дилда—шод, дин ичра ғамман аслида.
Ҳикмат бағридаги ожиз бир толиб,
Зулмат қаъридаги шамман аслида…
5.
Одамлар жоҳингга қараб ўтдилар,
Орифлар оҳингга қараб ўтдилар.
Рақиблар бир умр изингдан юриб,
Қазилган чоҳингга қараб ўтдилар…
6.
Борни ёд айласанг, бор қилгай охир,
Ёрни ёд айласанг, ёр қилгай охир.
Эй рафиқ, дилингни тўлдиргил нурга,
Хусумат инсонни хор қилгай охир…
7.
Тариқатга эшлик—ёқанг чоклиги,
Ҳилмни эслатгай танинг хоклиги.
Кибру адоват-ла куйгайдир зуҳдинг,
Ибодатга тенгдир кўнглинг поклиги…
8.
Соат милларида ўтаётган дам
Умрим мазмунини қила олгай жам.
Ғафлат дунёсига қолгайман кириб,
Тавҳиддан бир лаҳза ташқари чиқсам…
9.
Ақлим! Бир маҳрамдай келай мен сенга,
Яна не яхшилик қилай мен сенга?
“Мен”лигингдан кечиб, банда бўлмоқ-чун
Кўнгил маърифатин тилаймен сенга…
10.
Золим дер: “Зўрлигим билсин одамлар,
Наздимда қул бўлиб елсин одамлар…”
Икки дунёсидан айрилиб қолган
Бадбахтга раҳмингиз келсин, одамлар!
11.
Жаҳолатда—ўлган дунёни кўрдим,
Бир гул каби сўлган дунёни кўрдим.
Орифлар наздидан нур ила қайтиб,
Ҳикмат билан тўлган Дунёни кўрдим…
12.
Номарднинг тузидан асрагил Ўзинг,
Ботилнинг кўзидан асрагил Ўзинг.
Маърифатинг билан зийнатла дилни,
Жоҳилнинг сўзидан асрагил Ўзинг!
13.
Негадир, тўлмади Шеърдан бу кўнгил,
Шавқини топмади Ердан бу кўнгил.
Кўкдан нур сўрайди, йиғлайди ҳар тун
Борини Илоҳга берган бу кўнгил…
14.
Ирфонга кўнглини очган қулингман,
Асрорни оламга сочган қулингман.
Жавҳарни англамоқ учун, ё Раббим,
Мангу тағофулдан қочган қулингман.
15.
Кўнглим манфаатдан мамнун эмасдир,
Асрори ичра у макнун эмасдир.
Барча билгиларни дарк этдим, аммо
Тавҳиддан бошқаси мазмун эмасдир…
————————————
Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим.
“ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ” учун махсус.

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

1 Comment

  1. Ахли Расул Мухаммад:
    27/07/2017 в 06:24-

    Бедилона тизмалар булибди! Гузал мазмунлар жаранги…

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.