Хуршид ДАВРОН: БИР ОРЗУМ БОР ЮРАГИМДА КЎЗЛАРИ ЎЙЧАН…
Хуршид ДАВРОН
БИР ОРЗУМ БОР ЮРАГИМДА КЎЗЛАРИ ЎЙЧАН…
* * *
Яширасан сен кўзларингни,
куз май тўла кўзаларини
ертўлага яширган каби.
Яшир.
Дийдам ҳасратдан қотган.
Орамизда чўзилиб ётган
сукунатни яширолмайсан.
РЎМОЛ ЎРАБ КЎЧАГА ЧИҚДИ…
Рўмол ўраб кўчага чиқди,
рўмолини ечди кўчада
ва сочлари бирдан шовиллаб
оқиб кетди елкаларидан.
Жуда гўзал аёл эди у!
Қаландардай эргашди ҳилол.
АММО МЕНГА ДУЧ КЕЛДИ ФАҚАТ
— Йўқ, — дедим, — йўқ,
Чидашим қийин —
Ерда ғам кўп, ерда кўп фироқ.
Учиб кетдим осмонга кейин,
Ҳасратлардан бўлай деб йироқ.
Учай, дедим,
Куч берар, дедим,
Юрагимга самовий тушлар,
Аммо менга дуч келди фақат
Кўзи ёшга лим тўла қушлар.
* * *
Болаликдан бир орзум бор
Юзи оп-поқ
Ҳеч кимга айтилмаган
Мени асло тарк этмаган
Бир орзум бор юрагимда
Кўзлари ўйчан
Денгиз ёқасида яшасам
Хилват соҳилида уйим бўлса
Деразалари очиқ турса
Узоқ-узоқларда сузган оқ кема
Шавкат Раҳмон шеър дафтаридай
Сузиб ўтса ойдин денгизда
Сузиб ўтса ва деразамнинг
Ойнасида акс этган елкан
Каби ёйилса кичрайган елкам
Денгиз ёқасида яшасам
Хилват соҳилида уйим бўлса
Деразалари очиқ турса
Равоғида заъфар тилларанг
Қоғоз билан ўралган сопол тувакда
Ям-яшил япроқли бинафшанинг
Сиёҳранг гуллари
Менга тикилиб турса
Олисларда қолган қизнинг
Кўзлари билан
Денгиз соҳилида яшасам
МУТОЛАА
Бу китоб мени узоқ ўқиди,
Ишонмасдан,
Қайта-қайта ўқиди.
Тўхтаб-тўхтаб,
бошқа ишга чалғимай,
Синчиклаб ўқиди.
Кейин секин четга қўйиб,
Йиғлаб юборди…
* * *
Қуёш қайтди.
Ғуруб палласи
Эриётир қоронғиликда.
Қиров тушган кузак даласи
Ухлаб ётар қора уйқуда.
Сиёҳ кўкни қамраб олганча
Юлдузларни тўсар булутлар.
Алп чинорлар ўйга толганча
Бир-бирини сўроққа тутар.
Энди кўнгил узаман куздан,
Унинг изин қор кўмган пайти,
Оппоқ тоғлар тараф — анғиздан
Ёлғизлигим ёнимга қайтди…
МУҲАББАТ
1.АЁЛ
У аёлнинг қўллари дағал,
У аёлнинг кўйлаги дағал,
Уни ҳар кун калтаклар эри,
Ҳар кун юзда кўкарар доғлар.
Кеча ногоҳ йўлнинг четида,
Кўриб қолдим ўша аёлни —
У ҳидларди мен сезмай ўтган
Миттигина марваридгулни.
2.ҚАЙҒУ
Латтани ҳўллар экан
Қотиб қолади,
Ерга эгиб бошини
Ўйга толади.
Ажин босган юзида
Акс этар қайғу —
Кимни ўйлаб, кимни эслаб,
Ғам чекади у?
3.МУҲАББАТ
— Мен севаман, — шивирлар аёл,
Кирларингни ювиб бераман.
Дазмоллайман кўйлакларингни
Сени қучган қўлларим билан.
Фақат бир кун ёнингда ётиб,
Қулоғингга шивирласам бас:
«Юрагимнинг остида кимдир
Худди сендек олмоқда нафас».
* * *
Биласанми, туш кўрдим сени,
Эсда қолди кўзларинг фақат.
Кўрсатмоқчи бўлиб кўзингни
Олиб кетди йўллар бешафқат.
Сени топдим.
Лабингда титроқ,
Шивирладинг:
«Тинчимни буздинг…»
Ўртамизда қийналди чироқ,
Уйқусираб йиғлади қизинг.
Сен бўшлиққа тикиб кўзингни
Шивирладинг оҳиста, карахт:
«Биласанми,
туш кўрдим сени,
Эсда қолди кўзларинг фақат»
ВИДО
Мен сендан кетмоқ истайман,
Ёмғирдек эмас, —
Ёмғир яна қайтиб келади.
Шамолдек эмас, —
Шамол яна қайтиб елади
Мен сендан кетмоқ истайман
Муҳаббат каби…

