Ўктам Исматов Президентга: Судларнинг аҳволи Сиз айтгандан ҳам бадтар экан…
Ўктам Исматов: — МУҲТАРАМ ПРЕЗИДЕНТ, СУДЛАРНИНГ АҲВОЛИ СИЗ ТАНҚИД ҚИЛГАНИНГИЗДАН ҲАМ БАТТАР ЭКАН…
Ўзбекстон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга
Тошкент вилояти, Паркент тумани, Сўқоқ қишлоғи,
Гулистон кўчасида яшовчи, 1953 йилда туғилган,
пенсионер Исматов Ўктам Ҳамдамович томонидан
Н А З О Р А Т Т А Р Т И Б И Д А
Т А К Р О Р И Й Ш И К О Я Т
2016 йил 16 апрель куни содир бўлган йўл – транспорт ҳодисасини расмийлаштириш чоғида ноқонуний ҳатти – ҳаракатлар содир этганликлари оқибатида менинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларим бузулишига сабабчи бўлган Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ бригадаси инспектори С.Саттаров, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ суриштирув бўлими инспектори А.Анваровларга нисбатан қонуний чора кўриш ва етказилган зарарларни ундириш ҳақида.
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Бу дунёда ҳеч бир инсон бугун бир аварияга учрай., деб йўлга чиқмайди. Лекин, бир бойвачча фирибгарнинг айби билан машинам ағдарилганидан сўнг, бир йилдан ортиқ сарсон бўлиб ДАН тизими ва суд соҳасида бировнинг бошига тушган мусибатдан фойда кўришдан тоймайдиган ғараз ниятли кимсалар борлигига гувоҳ бўлдим.
Ўта муҳим давлат ишлари билан банд эканлигингизни билсамда, ушбу оддий йўл транпорт ҳодисаси гоҳ туман, гоҳ Тошкент шаҳар жиноят судларида 5 марта кўрилиб ҳеч қандай натижа бўлмагани, Тошкент шаҳар Жиноят ишлари суди раиси вазифасини бажарувчи Ш.Иногамовнинг 29.05.2017 йилдаги ўта тутуруқсиз ва адолатсиз жавобини олганимдан сўнг, Сизнинг ноинсоф судьяларга нисбатан танқидий фикрларингизни тинглаб, катта умидлар билан шахсан Сизга такроран мурожаат этишга мажбур бўлмоқдаман.
2016 йил 16 апрель куни “LEXSUS” GM русумли автомашина жуда катта тезликда менинг бошқарувимдаги “Жигули” русумли автомашинани орқасидан уриб ағдариб., эски ТашМИ – шимолий вокзал йўналишида йўл – транспорт ҳодисаси содир этганидан сўнг машина салонидаги уч киши ҳар хил даражада тан жароҳати олдик. Шу жой яқинидаги Автосервис ходимлари бизни тўрт ғилдираги осмонга қараб ағдарилган машина ичидан зўрға чиқариб олишди. “LEXSUS” GM русумли автомашина ҳайдовчиси Бекзод Абдурахманов эканлиги маълум бўлгач, у Жалол деган акаси билан Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ бригадаси инспектори С.Саттаров билан ўзаро гаплашиб олишгач: — ака, бор – йўғи эски Жигули экан, биз янгисини олиб берамиз, Сизларни касалхонага ётқизиб даволатамиз., деб ялина бошлашди. Бу пайтда хотиним ўғлим Муҳаммадали билан етиб келишганди. Мен ўша пайтда буткул шок ҳолатга тушиб қолгандим, уларга: — мен бу машинани ижарага олиб 9 жонни зўрға боқиб келардим, энди буткул хонавайрон бўлдимку., деб ростини айтдим. Бекзоднинг Сизга янги машина олиб берамиз деганликларини хотиним ва ўғлимдан ташқари ўша куни мен билан бирга тан жароҳати олган эр – хотин Эшонқулов Давлат ва Эшонқулова Дилфузалар эшитиб гувоҳ бўлишган.
Мен экспертизага бориб келганимда Бекзод Абдурахманов олиб келган эвакуаторга инспектор С.Саттаров пачоқ бўлган машинани ўзи бош бўлиб орттириб, ҳуқуқбузарга ён босган ҳолда: — ака, бу йигит янги машина олиб бераман деди, Сизга жуда қулай вариант таклиф қиляпти., деб ўртакашлик қилиб ўзи тузган чизма ва баённомага қўл қўйинг деб аврай бошлади. Мен унга: — бошқа машина олиб бериши тўғрисида тилхат берсин, ишни қонуний расмийлаштиринг., десам: — бу йигит лафзидан қайтмайди., деб ошкора лўттивозлик қилганидан сўнг, у тақдим этган ҳужжатларга имзо қўйишдан бош тортганман. Мазкур ЙТҲ бўйича инспектор С.Саттаров томонидан:
- Йўл чизмасидаги менинг имзомни қалбакилаштирган;
- Йўл чизмасида холислар дея номи қайд этилган Артемов В.Н, Қодиров Ж.З., деган шахсларни кўрмаганман, ҳужжатни қаерда ва қачон имзолаганликлари ҳам номаълум.;
- Тан жароҳати олган Давлат Эшонқулов тиббий экспертизадан ўтказилиб, унга қай даражада жароҳат етказлигани аниқланмади.;
- Карахт ҳолимдан фойдаланиб инспектор С.Саттаров хотиним ва ўғлимни Сизларга янги машина берилади деб ишонтириб, айрим ҳужжатларга алдаб ўғлимга қўл қўйдириб машинани ҳуқуқбузар Бекзод Абдурахмановга бериб юбориш орқали кейинчалик менинг ҳақ – ҳуқуқларим поймол этилиб, жуда катта моддий ва маънавий зарар кўришимга сабабчи бўлди…
Яъни, асосий вазифаси йўл – транспорт ҳодисасини қонуний расмийлаштириб, автомашиналарни жарима майдончасига қўйишдан иборат бўлган инспектор С.Саттаров томонидан: — хизмат ваколатидан четга чиқиш, ўзга шахс имзосини қалбаклаштириш, сохта холислардан фойдаланиш, ўзганинг мулкини бошқа шахсга ўзбошимчалик билан бериб юбориш., каби туркум жиноий қилмишлар ғараз ниятда содир этилиб тўлиқ охиригача етказилган.
Ўша куни Бекзод Абдурахманов тан жароҳати олган Д.Эшонқуловни хотини билан касалхонага олиб борганида: — даволаниш учун 300 АҚШ доллори бераман., фақат ҳозир даъвомиз йўқ., ёзиб беринглар деб ишонтириб хат ёздириб олгач, умуман хабар олмай алдаб кетгани ҳақида Д.Эшонқулова Яшнабод туман суди раисига аризаси топширган бўлсада, бу ҳолат бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаган. (Жабрланувчи Давлат Эшонқуловнинг тел рақами: +99890 959 79 31)
Маълум бўлишича, “LEXSUS” GM русумли, 01 М0 02100 давлат рақамли автомашина “Ўзбек –Хитой“ савдо уйи ташкилотига қарашли бўлиб, ушбу ваколатхона бошлиғи Х.А.Абдурахманов 28.10.2015 йилда имзолаган № 7 сонли ишончномада бир неча шахслар қатори номи қайд этилган Бекзод Абдурахманов айби билан содир бўлган автоҳалокатга оид иш билан шуғулланган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ суриштирув бўлими инспектори А.Анваров ишни қонун тўлиқ ва холис текширмади:
- Инспектор А.Анваров мазкур иш учун энг муҳим, яъни автоҳалокат содир этилган 2016 йил 16 апрель куни “LEXSUS” GM русумли, 01 М0 02100 давлат рақамли автомашинанинг техник ҳолати қандай бўлганлигини мутлақа аниқланмади.;
- Инспектор А.Анваровнинг: — моддий зарарни ҳал этиш учун машинангизни суғурта қилиш керак., деган ҳужжат кейин маълум бўлишича етказилган зарарни баҳолаш тўғрисидаги шартнома бўлиб чиқди?! Мен ҳеч қачон “AMIR AVTO BAHOLASH” МЧЖ директори Б.К.Сагдуллаев деган шахсни кўрмаганман ва у билан шартнома тузмаганман. 12.10.2016 йилдаги ҳисоб паттасида қайд этилган 140 000 сўмни тўламаганман. Менинг бошқарувимда бўлган “Жигули” автомашинасига етказилган зарар “AMIR AVTO BAHOLASH” МЧЖ томонидан 3 922 260 сўм баҳоланганини ҳам суд жараёнида билдим. Маъмурий иш ҳужжатларидаги имзо ҳам инспектор А.Анваров томонидан қалбакилаштирилиб, етказилган моддий зарар баҳолаш фирмаси билан келишилган ҳолда атай пасайтириб кўрсатилган?!
- Инспектор А.Анваровга: — нега бундай қилдингиз, етказилган зарар пастми ёки баланд баҳоланиши менга қизиғи йўқ, Бекзод Абдурахманов Сизга бошқа янги шу русумдаги машина олиб бераман деб, ўша куни машинани эвакуаторга ортиб кетган, буни тасдиқлайдиган гувоҳларим бор., деганимда у безбетлик билан: — ўзингиз қари одам экансиз, тирик қолганингизга шукр қилинг., деб масхара қилди. Ҳолбуки, мен унга: — бу машинани ижарага олганман, ўтган вақт мобайнида эгасига 24 миллион сўмни бўлиб-бўлиб тўлаш эвазига меники бўлиши керак эди., шу машина орқасидан тирикчилик қилиб рўзғор юритиб келардим., деб ростини айтган эдим. Агар, инспектор А.Анваров холис иш юритган ва манфаатдор бўлмаса, ундан нега бу ишларни қонуний ҳал этмасдан алдов йўли билан амалга оширганлиги учун жавоб бериши лозим?!
- Инспектор А.Анваровга баённома ва чизмага имзо қўймаганим, ўша куни инспектор С.Саттаров: — булар янги машина олиб беради., деб хотиним ва ўғлимни ишонтиргани, карахт ҳолдалигимдан фойдаланиб машинани ўзбошимчалик билан ҳуқуқбузарга бериб юборгани, энди эса Бекзод телефонга жавоб бермаётгани, у акам деб таништирган Жалол мен Беҳзоднинг акаси эмасман, машина устасиман., дегани, машина қаерда экани номаълум экани, Бекзод тан жароҳати олган эр – хотинга 300 АҚШ доллори ваъда қилиб уларни ҳам алдаб кетганлигини айтсамда ҳеч қандай чора кўрмасдан: — ишингизни суд ҳал қилади., деб мавҳум жавоб берди.;
- Кейинчалик автомашина Юнусободдаги “Уч Қаҳрамон” авто сервисидан топилганида “Агрогрант” МЧЖ усталари 11.500 000 сўмлик дефект акти тузишганда инспектор А.Анваров худди масхара қилгандай машинангизни олиб кетмайсизми., деганида бу саволга жавобни инспектор Саттаровдан сўранг., дедим. Инспектор А.Анваров ана шу ҳолатни кўра – била туриб қонуний чора кўрмагани оқибатида ҳозир ушбу машина таланиб, пачоқ ҳолдаги метталломга айланган.;
- Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласига доир суд амалиёти тўғрисида”ги 21-сонли қарорининг 15-бандида: — фаолияти теварак – атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган давлат ёки мулкчилик шаклидан қатъий назар бошқа ташкилотларга қарашли транспорт воситаларини бошқараётган шахс томонидан транспорт жинояти содир этилганида моддий зарарни қоплаш масаласиини ҳал қилаётган судлар етказилган зарарни бевосита жиноят содир этган айбдор шахсдан эмас, балки ушбу ташкилотлардан ундириши лозим., дейилган. Олий маълумотли инспектор А.Анваров ушбу қонун талабидан бехабар бўлиши мумкинми?! Чунки, ҳуқуқбузар Бекзод Абдурахманов йўл транспорт ҳодисасини “LEXSUS” GM русумли, 01 М0 02100 давлат рақамли “UZBEK CHINESE TRADING HOUSE LIMITED” Ўзбек – Хитой савдо уйи ташкилотига қарашли автомашинани бошқариш жараёнида содир этган. Қонун талаби шундай бўлсада ҳуқуқбузарга берилган ишончномани имзолаган ваколатхона бошлиғи Х.А.Абдурахмановни ишга жалб этиб етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш масаласиин ҳал этиш ўрнига инспектор А.Анваров моддий зарарни тўлаш у ёқда турсин, ҳатто ўзининг айби билан жароҳатланган жабрланувчиларни алдаб кетган Бекзод Абдурахманов ҳисобидан ундириш тўғрисидаги маъмурий ишни чала, адолатли ҳал этиш мушкул бўлган ҳолатда судга юборилгани оқибатида бир йилдан ошган бўлсада, ҳанузгача судма – суд сарсон бўлиб, ҳам моддий ҳам маънавий талофат кўришимга сабабчи бўлди.
Менинг шикоятим муносабати билан Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бошқармаси бошлиғи Б.Х.Маменовнинг 03.01.2017 йилдаги жавоб хатида: — Сизнинг иштирокингизда содир бўлган йўл транспорти ҳодисаси бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ суриштирув бўлими инспектори сержант А.Анваров қўшимча суриштирув ишлари олиб бормоқда, етказилган моддий зарар миқдорини баҳолаш бўйича тайинланган экспертиза хулосаси тайёр бўлганидан сўнг, маъмурий иш Ўз.Р.МЖтКнинг 245-моддасига асосан қонуний тўхтамга келиш учун жиноят ишлари бўйича Яшнаобод туман судига юборилади., дейилган.
Муҳтарам Б.Х.Маменов ушбу жавоби мазкур хом иш 2016 йил 19 май, 2016 йил 08 сентябрь, 2016 йил 21 октябрь саналарида судда қайта – қайта кўрилиб, моддий зарарни белгилашда адолатли хулоса қилаолмаётганлигига айнан ана шу ходимлар айбдор эканлигини хаспўшлашдан иборат. Яъни, Бошқарма бошлиғи Б.Х.Маменов қонунбузар ходимларини жазолаш ўрнига уларнинг жиноий қилмишларини яшириб уларга шерик бўлмоқда.
Бундай дейишимга сабаб, ушбу ишни тўртинчи марта қайта кўрган ЖИБ Яшнабод туман суди 17.11.2016 йил 09 март кунги қарори билан қўшимча суриштирувга юборганида яна ана далилий ҳужжатларни қалбакилаштирган А.Анваровнинг ўзига топширилгани учун суд қайд этган процессуал камчиликлардан бирортаси бартараф этилмасдан судга юборилган.
Мазкур ишни қонунга хилоф расмийлаштирган С.Саттаров ва А.Анваровларнинг айби билан қайта – қайта суд бўлиб 2016 йилнинг апрель ойидан буён сарсон бўлиб юрипман. Ўтган давр мобайнида судлар жавобгарлардан бир сўм ҳам ундириб бергани йўқ. Машина эгаси билан ўзаро бўлиб – бўлиб тўлашга келишилган 21.000 000 (йигирма тўрт миллион) сўмнинг 9 000 000 (тўққиз миллион) сўмини 2016 йилнинг апрель ойида тўлаган эдим. Авариядан сўнг машинани Бекзод Абдурахманов олиб кетиб ваъда қилган янги машинани олиб бермаган бўлсада, мен ўз лафзимда туриб машина эгасига қолган 12 000 000 сўмни тўлаб у билан тўлиқ ҳисоб – китоб қилдим. Қарзга ботсамда бўйнимдаги қарздан фориғ бўлдим. Эски бўлсада ўша “Жигули” машинасида кунига 70, 100 минг сўм топиб оиламни боқиб келардим. Кунига ўртача 50 000 сўм топганимда ҳам бир йилда 18 250 000 сўм, яна уч ойда 4 500 000 сўм яъни 22 750 000 сўм пул топар эдим. Бу 22 миллион сўм ҳуқуқбузар Бекзод Абдурахманов ва у билан тил бириктирган жиноий шерикларининг айби билан мен бой берган моддий зарар. Ушбу пул Ўзбек – Хитой савдо уйининг хўжайинлари бўлмиш Абдурахмановлар учун арзимас бўлсада, менга ўхшаган оиласи катта пенсионер қария учун катта бойлик саналади.
Мазкур ишни олтинчи марта кўрган ЖИБ Тошкент шаҳар Кассация суди ҳам менга етказилган зарарни ундириб беришнинг уҳдасидан чиқаолмасдан, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси вазифасини бажарувчи Ш.Иногамовнинг 29.05.2017 йилдаги № 144507-s/17-сонли муборак жавобларида: — кассация инстанциясининг 12.04.2017 йилдаги қарорига асосан, туман судининг 9.03.2017 йилдаги қарори (бешинчи) ўзгаришсиз қолдирилди. МЖтКнинг 314, 315-моддаларига кўра суд қароридан норози бўлсангиз чиқарилган қарор устидан юқори турувчи судга шикоят берилиши мумкин., дейилган. Мазкур хатнинг девонда қайд этилган рақами менинг ана шундай жавоб олган 144507-чи рақамли арзгўй эканлигимни англатса керак.
Ўтган олтита суднинг айримлари гоҳ менинг, гоҳо гувоҳларнинг иштирокисиз ўтди. Шу боис, кассация инстанциясининг 12.04.2017 йилдаги ишнинг ҳақийқий ҳолатига хилоф қароридан ҳам норозиман. Ушбу суд қарорларини соғлом ақл билан англаш мушкул. Барча суд жараёнларида Жигули автомашинасини ҳуқуқбузар Бекзод Абдурахмонов олиб кетгани қайд этилган. У ҳолда мен ўзимда бўлмаган машинани қандай таъмирлашим мумкин деган саволга жавоб йўқ?!
Агар, бу сансалорликларни бирор хорижлик кўрса ўзбекистонликлар аварияга учраб тасоддифан тирик қолса, қолган умрларини суд маҳкамаларида ўтказар эканлар деган хаёлга бориши табиий.
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Ушбу воқеалар боис судялар Сиз танқид қилганингиздан юз карра баттар эканига ҳам гувоҳ бўлдим. Менга ҳатто тажрибали адвокат ёрдам бераолмаган бир пайтда ўзимни қандай ҳимоя қилишим мумкин?! Шу боис, шахсан Сиздан нажот сўраб очиқ мурожаат этишга мажбур бўлмоқдаман.
Юқорида баён этилганлар муносабати билан Сиздан, менинг асосли важларим ва ўта оғир оилавий шароитимни инобатга олиб мазкур ишни ўз назоратингизга олишни ҳамда:
2016 йил 16 апрель куни Абдурахманов Бекзод Рахматулла ўғли томонидан содир этилган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида менга етказилган 24 000 000 сўм моддий ва бир йилу уч ойдан буён давом этаётган вақт мобайнида 22 000 000 сўм бой берилган фойдадан иборат жами 46 000 000 (қирқ олти миллион) сўмни Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласига доир суд амалиёти тўғрисида”ги 21-сонли қарорида қайд этилган қонун талабларига асосан ҳуқуқбузар ишончнома асосида бошқарган автомашинанинг қонуний эгаси “UZBEK CHINESE TRADING HOUSE LIMITED” Ўзбек – Хитой савдо уйи ташкилоти ҳисобидан ундириб берилишида амалий, инсонпарварлик ёрдами кўрсатишингизни сўрайман!
Ватанимиз равнақи йўлидаги эъзгу ишларингизда
Сизга Яратган эгамиз ҳар доим мададкор бўлишини
тилаб, ҳурмат ила —
Ўктам Исматов
20.07.2017 йил.
+99890 903 28 36
Иловалар:
- Абдурахманов Бекзод Рахматулла ўғлига “UZBEK CHINESE TRADING HOUSE LIMITED” Ўзбек – Хитой савдо уйи ташкилоти томонидан берилган ишончнома;
- Ў.Исматовнинг имзоси қалбакилаштирилган йўл чизмаси;
- Ў.Исматовнинг имзоси қалбакилаштирилган тўлов паттаси;
- ЙҲХ Бошқармаси бошлиғи Маменовнинг жавоби;
- “Жигули” машинаси эгаси билан тўлиқ ҳисоб – китоб қилингани ҳақида тилхат;
- Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси вазифасини бажарувчи Ш.Иногамовнинг 29.05.2017 йилдаги № 144507-s/17-сонли жавоб хатидан нусхалар. Жами 6 варақда.
PS: Иловалар ҳажми катталиги учун портал қабул қилмади. Илова ҳужжатлар ва Тошкент шаҳар суди раиси вазифасини бажарувчи Ш.Иногамовнинг 29.05.2017 йилдаги жавоб хатида қайд этилган барча суд қарорлари ва бошқа ҳужжатлар ЖИБ Яшнабод туман суди архивида мавжуд. Зарур ҳужжатларни текширув давомида тақдим этилади.
Сизнинг мурожаатингиз муваффақиятли жўнатилди.
Диққат!!! Қуйидаги маълумотларни сақлаб олинг:
Мурожаат рақами:
187837-s/17
Мурожаат ҳолатини текшириш коди:
fa80e7ff79
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ