Юрагида юлбарс ётган шоира ижодидан янги ва баркамол намуналар…
Ҳалима Xудойбердиева
ШЕЪРЛАР
Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1992). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1972). «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» (1991), «Хўрлик ўти» (1993), «Бу кунларга етганлар бор» (Сайланма, 1994), «Тўмариснинг айтгани» (1996), «Сайланма» (2000), «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган. Т. Миннуллиннинг «Алла» пьесаси шоиранинг авторлаштирилган таржимасида Ўзбек миллий драма театри саҳнасида кўйилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990).
УНУТМАНГ
Елкам халқим елкасига тегиб турмоғи учун,
Бошим халқим кўлкасига эгиб турмоғим учун,
Унга қарши нима келса енгиб турмоғим учун,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!
Дардига малҳам бўлайин, хотирин кучлантирай,
Ҳар фарзандини ичга тортайин, ичлантирай,
Ҳар фарзандини юртга боғлайин, бурчлантирай,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!
Жужуқларга айтгим келар, қаёнларни кўзлайсиз,
Оҳ, зоҳирга ўч болам, сиз аёнларни кўзлайсиз,
Аммо бу юрт, сирли юртдир, сизам сирли бир найсиз,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!
Сиз қуёшсиз, баландлангу ботар ерни унутманг,
Илдиздансиз, тағин илдиз отар ерни унутманг,
Туркистондай қайтиб келиб ётар ерни унутманг,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!
БАТАМОМ УЙҒОНИБ ОЛОЛСАМ ЭДИ
Тураётган қушга ўхшайман жуда,
Қушларга ўхшайман уйғонаётган.
Баъзи томирларим ҳали уйқуда,
Баъзи томирларда қонларим қотган.
Хас-хашаклар билан судралиб юриб,
Ўзлик орзусида кетиб борар ёй.
Ўзимча нелардир ғудраниб юриб,
Гулдайин умримни бермоқдаман бой.
Ўзимча кимнингдир ғамини едим,
Кимнингдир кунига юрибман яраб.
Батамом уйғониб ололсам эди,
Учиб кетармидим кўкларга қараб.
БИЛМАСЛАР
Кўрдим, қишлоқ, гўзал шаҳарлар кўрдим,
Оҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Жамалаксоч пари – пайкарлар кўрдим,
Баҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари,
Дунё молин маҳкам тишлар тишлари,
Боғларининг ширинзабон қушлари,
Олқорлари кетиб борар, билмаслар.
Отлари-я, қорабайир отлари
“Гижинглайди”, деб ўйласам, додлади,
Ёли бўрон бўлганлигин ёдлади,
Шунқорлари кетиб борар, билмаслар.
Кузатиб бу дунёнинг ўру қирини,
Билмай қолдим келмак, кетмак сирини,
Ёлғон ёрлар ялашиб бир-бирини,
Чин ёрлари кетиб борар, билмаслар.
Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда,
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда
Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар.
СИЗ КЕЛМАДИНГИЗ
Сувлар қайтиб тушди тағин тоғлардан,
Дўллар қайтиб келди, сиз келмадингиз.
Улоқиб-улоқиб ўзга ёқлардан
Йиллар қайтиб келди, сиз келмадингиз.
Тўзғин кўйлакларин кўклаб, янгориб,
Бири қиёғи яшил, бири зангори,
Яратувчинингми олдига бориб,
Гуллар қайтиб келди, сиз келмадингиз.
Баъзан бетартибу баъзан ботартиб,
Бирин чанглаб, бирин чангларин артиб,
Маним сочларимни оппоқ оқартиб,
Йиллар қайтиб келди, сиз келмадингиз.
Чинқирдим дунёни бузолмадим, мен,
Денгиз қаттол эди, сузолмадим, мен,
Оёғим занжирин узолмадим, мен,
Сизам келмадингиз, сиз келмадингиз…
ДАШТИ БИЁБОНМАН
Дашти биёбонман. Ҳўлламади ҳут,
Минг йилки чил-чилман бўлмагандай бут,
Мени унутганинг тамоман унут,
Сен томон сузгувчи қайиқ бўлдим, мен.
Қадди шамшод эдим, тўлган ойлардай,
Менга туюлди ишқ-йўлим бойлардай,
Лек, сен ёмон отдинг, таранг ёйлардай,
Ҳажринг ўқларидан майиб бўлдим, мен.
Воҳ, ишқнинг тақдири зумда ҳаллигин,
Мен қайдан билибман тили боллигим,
Қанчалар хуш эди камбағаллигим,
Ғам билан бойитдинг, бойиб бўлдим, мен.
Қул бўлиб, кул бўлиб аросат аро,
Томчи ишқ сўровдим, мен мотамсаро,
Румиймассан, мен деб киймассан қаро,
Кўкингдаги Шамсдай ғойиб бўлдим, мен.
Дашти биёбонман. Ҳўлламади ҳут…
ЎЗНИ ЎРГАТДИМ
Тўлдими, албатта тошаркан у жом,
Мудом тўлмасликка ўзни ўргатдим.
Қорайса, қорайиб келаверсин шом,
Осон ўлмасликка ўзни ўргатдим.
Яшасам-да, боғнинг гиёҳларидай,
Куч, қудрат яширин қиёқларимда,
Топталсам-да тўфон туёқларида,
Синиб, сўлмасликка ўзни ўргатдим.
Билмам, қайда ўсдим, қандай ўсдим, бас,
Бу зер, забар матоҳ – менинг пўстиммас,
Кўкдан тушолмаслар менинг дўстиммас,
Мен пастлик, хасликка ўзни ўргатдим.
Жумлага, жумладан, менга ҳам ривож
Берсин қодир худо, аммо, юпун, оч,
Бахтсизнинг олдида ярқиратиб соч
Бахтли бўлмасликка ўзни ўргатдим.
Тўлдими, албатта, тошаркан у жом…
Манба: «Шарқ юлдузи» журнали веб-саҳифаси
Фоторепортаж: Халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди
Бугун, 17 май куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Халқ шоираси Ҳалима Худойбердиеванинг таваллуд айёмига бағишланган тадбир ташкил этилди. Унда давлат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, театр ва кино ижодкорлари, шоиранинг яқин инсонлари иштирок этишди.
Тадбирда ўзбек санъати ва адабиётини ривожлантириш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний ғоялар, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшгани, кўп йиллик самарали ижодий фаолияти ҳамда таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Ҳалима Худойбердиева Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. Мазкур орденни Ўзбекистон Президенти Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов топширди.
«Кун» мухбири мазкур тадбирдан тайёрланган махсус фоторепортажни тақдим этади.
Маълумот ўрнида: Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида, деҳқон оиласида туғилган. 1972 йилда ҳозирги Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетини тугатган. 1972-1994 йилларда “Саодат” журналида турли лавозимларда ишлаган.
1990-1994 йилларда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси, 1996-1998 йилларда “Ёзувчи” нашриёти бош муҳаррири, 1998-2003 йилларда “Санам” журнали бош муҳаррири бўлиб фаолият юритган. 1992 йилда эса унга «Ўзбекистон халқ шоираси» деган юксак унвон берилган.
Китоблари: «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» (1991), «Ҳурлик ўти» (1993), «Бу кунларга етганлар бор» (1994), «Тўмариснинг айтгани» (1996) ва бошқалар.
Феруза Авазова тайёрлади
КУН.ЎЗ