Суратда: «Ҳаёт ва иқтисод» — «Жинзь и экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўнгдан биринчи) Президентнинг тўқсонинчи йиллардаги командаси аъзолари, Олий Кенгаш депутатлари — Шавкат Мирзиёев, Ўктам Исмоилов, Эркин Халилов ва Нурали Қобуллар билан
ИМТИЁЗ ВА МАСЪУЛИЯТ
(Ёки раҳбарликнинг чексиз — чегарасиз ҳуқуқ ва имкониятлари тўғрисида)
1.
Ёшлигимдан раҳбар бўлишни орзу қилганимни муқаддам ёзган эдим. Лекин менинг раҳбарлигим жуда узоқ кураш ва ноҳақликлардан сўнггина бўй кўрсатди.
Агар ёдингизда бўлса, устозим Абдулла Орипов мени Шахрисабз горкомининг биринчи секретари Березиков ҳузурига йўлларкан: “Раҳбар бўламан деган одам ҳамиша кўнглидагини ичида сақлай олиши, ҳеч қачон ҳамма гапини бировга айтмаслиги, айтса ҳам ярмини юрагида олиб қолиши, муғомбир ва эҳтиёткор бўлиши лозим. Сен шунга тайёрмисан?” деб савол берган ва бунга: “Сен эса далли — ғулли, очиқ кўнгил, юрагингдагини ичингга сиғдиролмайдиган тошқин дарё йигитсан. Бу туришда раҳбар бўлишинг қийин-ов…” деб ўз саволига ўзи жавоб ҳам қайтарган эди.
Кейинги воқеалар ўзингизга маълум.
Менинг назаримда Абдулла ака ўшанда менга яна бир муҳим гапни айтмаган: “Ҳалол ва адолатпарвар бўлишга кўп интилма” деб.
Ҳолбуки айтиши лозим эди…
Америкалик улуғ ёзувчи Эрнест Хеменгуэй “Бу дунёда ҳалол ва адолатли бўлиш нечоғлик оғир ва қийин эканини узоқ умр кўрган одам яхши билади” деб айтган экан.
Мен унинг бу сўзлари мағзини раҳбар бўлиб юрганимда эмас, балки урилиб, ҳибс этилиб, сўнг Ватанимдан узоқ Канада юртига келганимдан сўнггина англаб етдим.
Лекин энди кеч бўлган эди…
2.
Таъбир жоиз булса, раҳбарият сизни бир ишга қўйганидан кейин оддий одамлар учун ёпиқ бўлган жуда кўп эшиклар сиз учун очилар экан.
Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётига яна шиддат билан кириб келдим.
Шу ўринда нозик бир масала ҳақида ҳам тўхталиб ўтишим лозим. Маълумки, мен норасмий ташкилотларнинг сиёсий идораларида фаол иштирок этардим. Буни ҳеч кимдан яширмасдим.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлиб келгач, мен унга ишондим ва норасмийлар сафини тарк этиб, унинг командасига ўтиб ишлай бошладим.
“Исмат Хушев, ўзининг иқрор бўлишича, ёшлигидан ўжарлиги билан ажралиб турарди. Шу боис айрим амалдор шахсларнинг ғашини келтиради. Керакли жойларда сухбатдан ўтказилиб, тенгсиз курашга мажбур этилганидан кейин ҳам ўз характерини ўзгартирмайди. Қайта қуришнинг дастлабки йилларида норасмий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви жорий этилгач, энди жиддий ўзгаришлар рўй беришига ишонч ҳосил қилади. Ғайрат билан ишга киришади. Муассисларнинг топшириғи билан ижтимоий-иктисодий йўналишдаги “Хаёт ва Иктисод” журналини ташкил этади. Ҳозир янги нашрга раҳбарлик килаяпти. 32 ёшда. КПСС аъзоси. Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган”.
Таржимаи ҳолимга тегишли маълумотлар бу газетада тўғри қайд этилади…
3.
Бош муҳаррир бўлсам-да, ҳамон Хадрада – Ҳамза театрининг орқасилаги оилавий ётоқхонада яшардим. Хизмат машинам мени ўша ётоқхонадан олиб келарди ва кечкурун яна элтиб куярди.
Эҳтимол, кимларгадир бу гапим эриш туюлиши мумкин.
Лекин, худди мен каби ёшлигидан яхши ният билан раҳбар бўлишни орзу қилган ёш ва хаёлпараст дўстларимга сабоқ бўлади деган умиддаман.
Чунки кечагина троллейбус ва трамвайларга осилиб юрган йигит бирданига хизмат машинасининг орқа ўриндиғига ястаниб ўтириб олса, худди ёш болакайга соқол чиқиб қолгандек ғалати туюлар экан.
Айниқса, ҳаётда бир умр адолат учун курашиб, уни тополмаган, тайинли иш билан таъминланмаган, Қаршидан урилиб келган йигит бирданига республика миқёсидаги имкон ва имтиёзларга эга бўлиб қолса, албатта, юриш туришида, одамлар билан бўлган муомаласида муайян ўзгаришлар бўлиши, табиий…
Энди камёб товар ёки давлат баҳосида гўшт оламан деб соатлаб навбатда турмайсиз, бетоб бўлиб қолсангиз ҳукумат клиникасида соҳибжамол ва ширинсўз шифокорлар сизни муолажа қиладилар — ҳаётимда ўзгаришлар рўй берганини тан оламан.
Бирок, мен бир нарсада ўзгармадим: самимийлигим ўзгармади, дўстларимга ва айниқса адолатсизлик қурбони бўлган оддий одамларга муносабатим ўзгармади. Ўзгариши мумкин ҳам эмас эди…
Энг муҳими – хизмат пиллапоясидан қанчалик юкорига кўтарилган бўлсам ҳам хеч качон ноҳақлик билан муроса қилмадим. Аксинча, юкори мавқега эришганимдан кейин ҳам, шитоб билан бошқаларни ҳимоя килишга ошиқавердим.
Афсуски, кўп маломатлар айнан ноҳакликка муросасизлигим туфайли бошимга ёғилади. Ноҳақлик эса жамиятда доим бўлган, бундан кейин ҳам бўлади…
Кўпчилик раҳбарлик имтиёзларидан ўзининг шахсий манфаатлари йўлида фойдаланса, мен нотаниш одамларни, менга ишониб, нажот истаб, умид билан пойтахтга келган оддий қишлоқликларни, деҳқонларни ноҳақликдан ҳимоя қилардим.
Ва бундан, ажабки, ўзим — завқланардим. Гўё раҳбарликни менга Оллоҳ айнан шунинг учун – одамларга яхшилик қилиш учун бергандек — фахрланардим…
Лекин, афсуски, бу фахр кўпга чўзилмади…
4.
Сир эмаски, телефон, айникса, тўртта рақамли ҳукумат телефони амалдорларнинг жуда катта имтиёзи хисобланади. Унинг номини “вертушка” дейишади.
Мен ҳам амалдор бўлганимдан сўнг энди жимгина сипо бўлиб юришим мумкин эди. Лекин бунинг ўрнига, “вертушка”дан ҳуда-беҳуда фойдаланадиган бўлдим.
Чунки “вертушка”дан фойдалансангиз унга амал қилиш баённомасида ёзилганидек, бош прокурорнинг шахсан узи трубкани кўтаради.
Кези келганда Соғликни саклаш Вазирига ёки шаҳар милициясининг бошлиғига, баъзан Ички ишлар вазирига ҳам сим қоқиб, муайян масалада ноҳақлик бўлаётганини биринчи раҳбарларга дадил айтаверардим.
Ўшандай ноўрин “жанговарлигим” оқибатида кўп бора маломатларга қолдим.
Энди билсам, одам ҳамиша ўз ўрнини билиб яшаши керак экан. Ҳар кимнинг ўз вазифаси бўлишини, дуч келган жойга тумшуқни тиқавермаслик кераклигини, афсуски, бошим тақ этиб деворга текканидан кейингина англаб етдим.
Ислом ака менга Москвада ниҳоятда ўринли дашном берган эдилар. Эсимда, у киши: “Нима, битта сиз ҳақ-у, бошқалар ноҳақми? Балки, бошқалар ҳам сиз билмайдиган қандайдир ҳақиқатни ҳимоя қилаётгандир?!” – деган эдилар.
Дарҳақиқат, одам ўзининг хизмат вазифаси доирасидан четга чикиб, ҳамма нарсага аралашиб кетавермаслиги керак экан. Биринчи галда ўзининг “участка”сида ишни қотириб қўйиши лозим экан.
Агар ҳар ким бошкаларнинг “участкалари”га ҳам бош суқиб, ўзича хўжайинчилик қилаверса, жамиятда бош-бошдоқлик (анархия) бошланиб кетар экан.
Афсуски, буни мен анча кеч англаб етдим. Ақлим жуда кеч кирди…
5.
Қисқаси, 1989 йилнинг охирларида Ўзбекистонда Исмат Хушев деган Бош муҳаррир пайдо бўлди. Мен фақат тармоқ журналининг бош муҳаррири бўлиб қолмадим.
Ислом Абдуғаниевич билан яқинлигим туфайли каминани Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Пленум ва Қурултойларига ҳам жалб эта бошладилар.
Юнусобод район партия комитети мени Ўзбекистон Компартиясининг ХХ-Қурултойига делегат этиб сайлайди. Бу курултой 1990 — йилнинг июнь ойида бўлиб ўтади. Ўшанда Рустам Калонов Юнусобод райкомининг биринчи котиби эди.
Тошкент област партия комитетининг аъзоси булдим.
Ўша пайтларда обкомнинг , райком ва горкомларнинг аъзоси бўлиш жуда катта мартаба ҳисобланарди. Мана шу аъзолар сафидан асосий раҳбарлар тайинланарди. Ҳар бир аъзо — муайян даражадаги мулозимлик номенклатурасида турарди.
Мен бир пайтлар ўзимга устоз деб билган, муриддек садоқат билан ихлос қўйган улуғ шоиримиз Абдулла Орипов билан биргаликда Тошкент обкомининг аъзоси бўлганман.
Обкомга аъзо бўлгач, ярқ этиб кўзга ташланиб қолдим.
Сира эсимдан чиқмайди, обком Пленумларида асосан икки-уч киши сўзга чиқардик: Сайфулла Сайдалиев – Тошкент обкомининг биринчи секретари, котиблардан бирортаси ва мен.
Шаҳло Маҳмудова ҳам обком котибаси эди. (Кейинчалик Ташқи Ишлар вазири бўлади…)
Биринчи котиб маъруза қилганидан сўнг Тошкент Қишлоқ хўжалиги институти ректори Эркин Шайхов (у киши ҳам обком аъзоси эди) сўзга чиқарди; ижодкор зиёлилар номидан мен гапирардим.
Масалан: “Фалон вазифага номзодни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети жуда тўғри танлаган, биз уни қўллаб қувватлаймиз. У киши ниҳоятда ҳалол, ишнинг кўзини билади… ” дердим.
Албатта, мен ўша номзодни мутлақо танимасдим. Лекин Марказқўм танлаган номзоднинг ҳалоллигига асло шубҳаланмасдик…
6.
Одатда обком Пленумларида биринчи қаторда қўр тўкиб Зокиржон Алматов ўтирарди – ўша пайтларда у киши эндигина район милиция бўлимидан вилоят ички ишлар бошқармасининг бошлиғи этиб тайинланганди.
Биз у киши билан бир кунда Тошкент обкомининг аъзоси этиб сайланган эдик.
Зокир аканинг ёнида Баҳодир Қосимов бўларди: у пайтларда бу киши вилоят ўт ўчирувчилар Бошқармасининг бошлиғи эди.
Кейинчалик Баҳодир ака Ўзбекистонда янги ташкил этилган Фавқулодда вазиятлар вазири ҳам бўлиб ишладилар.
Ва ниҳоят бу “тройка”нинг учинчи аъзоси — вилоят ҳарбий коммисари Рустам Аҳмедов эди. Биласиз, кейинчалик у киши Ўзбекистоннинг биринчи мудофа вазири бўлдилар…
7.
Тошкент област партия комитетининг Конференциясида ҳам Ислом ака иштирок этган эдилар.
Ўшанда мен конференцияда сўз олиб, “Правда” газетасининг Ўзбекистон бўйича махсус мухбири Виктор Артёменкони танқид қилгандим.
Ўша маърўзадан кўчирма:
“- Нима учун В. Артеменко ўзбек миллатининг асл фарзандларини фелъетон қилади-ю, вақтинча республикамизга келган “десант”чиларни фақат мақтаб ёзади?
Масалан, академик Пўлат Ҳабибуллаевни “Муваққат Президент” деб фелъетон қилади.
Бундан ташқари, мактаб ўқувчиларининг пахта йиғим-терими тўғрисида танқидий мақола ёзиб, гўё бунга болалар газетасининг бош муҳаррири Абусаид Кўчимовни айбдор қилиб кўрсатади.
Ахир, болаларни дала ишларига жалб этиш тўғрисидаги кўрсатма Москвадан келади-ку! Нима учун ўзбекларни ёмон кўрадиган одамлар “Правда”нинг мухбири бўлиши керак?
Нахотки, ўзбек йигитларидан битта мухбир чиқмаса?! Мана, рус тилида жуда яхши ёзадиган Мурод Муҳаммад Дўст бор, Анвар Жўрабоев бор. Шуларни “Правда”нинг Ўзбекистондаги мухбири этиб қуйиш мумкин эмасми? Давр ўзгараяпти, замон ўзгараяпти, бироқ “Правда”нинг Ўзбекистонга муносабати қачон ўзгаради?…”
Ўша конференциядаги нутқимдан сўнг танаффус пайтида Ислом ака Пўлат Ҳабибуллаевни қучоқлаб олади, унга таскин беради.
Кейин Пулат ака мени топиб: “Эй, ука! Сен кимсан, қаердан келгансан?! Тошкентда қачон пайдо бўлдинг?! Сени тарбия қилган отангга минг раҳмат!” деб бағрига босганича кўзларига ёш олган эди.
Ҳозиргача биз Пўлат ака билан қадрдонмиз…
Қизиқ ва шонли давр эди. Менимча, Ислом ака ўша пайтларда ноҳақ қораланган одамларни оқлашга жиддий эътибор бераётган эди.
Аслида, бевосита Ислом аканинг таклифига кўра, мен ноҳақ урилиб-сурилиб ётган миллатдошларимиз тўғрисида гапирганимни энди йиллар ўтиб, очиқ ойдин айтишим керак. Бундай гапларни республика раҳбариятидан берухсат ва бемаслаҳат айтиб бўлмасди, албатта…
8.
Қолаверса, ўша пайтларда КПСС Марказий Комитетининг нашри бўлмиш — «Правда» газетасининг Ўзбекистондаги мухбири олдидан биров кесиб ўтолмас эди.
Унинг йўлини кесиб ўтиш – Москванинг, Марказий Комитет ва Сиёсий Бюронинг йўлини кесиб ўтиш билан баробар эди. Ва буниннг оқибати йўлни кесиб чиққанлар учун ниҳроятда аянчли ва фожеали тугаши муқаррар эди.
Бугун Прада йўқ, Компартия йўқ. Эслаш ва гапириш осон. Лекин ўша пайтларда давр мутлақо бошқача эди.
Ўша давр нуқтаи назаридан келиб чиқиб, айтсак, «Правда»нинг мухбири — танқиддан баланд турарди. Уни танқид қилиш, номига тил тегизиш мутлақо мумкин эмас эди.
Ислом акага қадар Ўзбекистонда унинг гапи — қонун даражасида қабул қилинарди.
Бугун унинг мақоласи чиқса, эртага Марказқўм мақолада кўтарилган гап сўзларни сўзсиз тасдиқлаб, ўз дастури сифатида қабул қиларди.
Нишоновлар раҳбарлик масъулиятини шу қадар ерга уриб юборган эди…
9.
Партия Конференциясида мен дадил ҳимоя қилган – ноҳақ жабрланган одамлар кўп бўлган.
Ана шундай кишилардан яна бири таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев эди.
Агар эсингизда булса, қайта куриш йилларида Шароф Убайдуллаевнинг республика марказий газеталарида эълон килинган “Қора юрак” номли фелъетони катта шов-шувга сабаб бўлган эди.
Қаршидаги политехникум ўқитувчиси Рўзиқул Дилмуродов ҳақида ёзилган мазкур фелъетон кейинчалик Москвадаги қатор нуфузли нашрларда, хусусан “Литературная Газета”да жиддий эътирозларга сабаб бўлади.
Охир-окибатда фелъетон муаллифи Шароф Убайдуллаев Ўзбекистон Компартяси Марказий Қўмитасидаги ишидан ҳам, журналистика соҳасидан хам буткул четлатилади.
Ҳолбуки, мендаги маълумотларга кўра, Шароф Убайдуллаев мазкур фелъетонни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Бюро қарори асосида ёзган эди. Ажабки, Бюрога мазкур масалани ўша пайтларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг парткомиссия раиси ўринбосари бўлиб ишлаётган Зелимхон Ҳайдаров тайёрлаган экан…
Агар эсингизда бўлса, мен Москва давлат университетини битириш арафасида ёзган диплом ишим айнан Шароф Убайдуллаевнинг журналистик фаолияти хусусида эди.
Шу боис ҳам мен Ўзбекистон коммунистларининг ХХ11 Съездида маъруза қиларканман, ўзим меҳр қўйган истеъдодли устоз такдирига бефарқ қололмасдим.
Қурултойдан кўп утмай “Совет Ўзбекистони” газетасининг бош муҳаррири Расул Раҳмонов ўша пайтда ишсиз юрган Шароф Убайдуллаевни тепадагиларнинг таклифи билан “Қайта қуриш ва адолат учун кураш” бўлимига мудир қилиб ишга олади ва таҳрир ҳайъати аъзоси этиб тайинлайди.
1990 йилнинг июн ойида умид, ишонч, куч ва ғайрат билан ўз суйган касбига қайтган Шароф Убайдуллаевнинг “Марҳумлар сўроқ қилинмайди” номли мақоласи чоп этилади.
Бу – Шароф Рашидов ҳақида сўнгги йиллардаги сурункали тўҳмат ва ҳақоратлардан кейин эълон қилинган илк ижобий мақола эди.
Эндигина ҳокимият тепасига келган Ислом Каримов Усмонхўжаев ва Нишонов даврида ёмон отлиққа чиқарилган Шароф Рашидов номини Шароф Убайдуллаев ёрдамида шу тарика оқлаган эди…
Куп ўтмай Шароф Убайдуллаев яна олдинги иш жойи – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига таклиф қилинади.
У кишининг Ислом Каримов даврида ҳокимиятдан четлатилиши – бу энди алоҳида мавзу бўлади…
10.
Ўзбекистон Компартиясининг ХХ11 Қурултойидаги Шароф Убайдуллаевни ҳимоя қилган нутқимни қуйидаги сўзлар билан тугатган эдим:
“Ўртоклар! Ижозатингиз билан яна бир муҳим масала – халқ ишончи ҳақида ҳам тўхталиб ўтмокчиман.
Бундан роппа-роса бир ярим ой аввал Ўзбекистон халқ депутатлигига Қашқадарё вилоятининг Чироқчи районидан номзодим кўрсатилган эди. Лекин, минг афсуски, мен депутат бўлолмадим, ютқаздим.
Ҳалол ва ошкора курашда ютқаздим. Биз 10 та номзод эдик. Ютказиш уят, лекин нима ҳам қила олардим?! Шу билан бирга бу кураш мени куп нарсаларга ўргатди. Одамларни, уларнинг ташвишларини янаям яхширок билдим. Очиғини айтганда, ҳаёт қўйнига шўнғиб чиқдим.
Агар мени сайлаганларида эди Олий Совет минбаридан туриб айтадиган, фикрлашадиган гапларим, химоя киладиган ғояларим кўп эди.
Буларни нима учун айтаяпман? Шунинг учунки, агар халк сенга ишондими, мамлакат олий органларида ўз манфаатларини ҳимоя қилишни ишониб топширдими – марҳамат, бу ишончни окла!
Мен шу маънода Тошкент вилоят партия конференциясида КПСС Марказий Комитетининг бўлим мудири Александр Сергеевич Павловни танқид қилган эдим. У хозир йук. Шунинг учун уни танкид килмайман. Ўзи йўқ одамни танқид қилиб нотғри бўлса керак…
Сайловчилардан, Ўзбекистондан сайланган СССР халқ депутатлари номига жуда кўп эътирозлар ва мулоҳазаларни эшитиш мумкин. Съездларда ва сессияларда мамлакат ва жумҳуриятимиз учун ҳаётий муҳим масалалар, муаммолар ҳал қилинмоқда. Лекин Ўзбекистонлик депутатлардан бирон Қонун лойиҳасини ёклаб айтилган ўринли ва муҳим таклифлар, далиллар ва аксил-далиллар эшитдикми?
Мен, бизда яна бир оқсаб ётган масала – кадрлар муаммосига тўхталиб ўтишни лозим деб биламан.
Якинда мамлакатда “ўзбеклар иши”, “пахта иши” каби беъмани сиёсий кампаниялар шов-шув бўлиб турган ўша машъум даврда Москвадаги баъзи кимсаларга Ўзбекистон тирноғигача жиноятга ботган чиркин кимсадек кўринди.
Гуё бу ердаги барча раҳбарлар – айникса, партия, Совет етакчилари мафияга сотилгандек, порахўрлар, феодал-бойлар хаёти давридаги энг ёмон анъаналарни давом эттираётгандек таасурот колдирди.
Бундай аҳволдан чиқиш йўли тезлик билан топилди – мамлакатнинг бошқа регионларидаги гўё катта тажриба тўплаб, синовлардан ўтган кадрлар жумхуриятимизга жўнатилди. Улар қай даражада синовдан ўтганлигини, бу ерда қандай кароматлар кўрсатишганини биз эндиликда яхши биламиз.
Энди бу хатоларни такрорламаслик керак…
Мухокамамиз учун шундай таклифни киритишни зарур деб хисобайман: жумҳурият партия ташкилотининг, унинг раҳбар органларининг, Марказий Комитет котибларининг ҳисобот давридаги ишини бир неча боскичга бўлиб, ҳар бирини алоҳида-алоҳида таҳлил қилиш ва ҳар бирига тегишли баҳо бериш керак деган фикрдаман.
Факат сўнгги, бир йилдан ошмаган даврдаги ишни қониқарли деб ҳисоблайман…”
(кўчирма тамом)
Мен Ислом Абдуғаниевич Марказқўмнинг бирични секретари этиб сайланган даврни “қониқарли” деб баҳолаган эдим.
Ҳақиқатдан хам, Марказқўмнинг фаолиятини бошқача баҳолаш ҳам мумкин эмас эди. Чунки ўзбек халкининг бошига тушган мусибатларга Р. Нишонов пайтидаги Марказкум томошабин сифатида лоқайд қарар турганини ҳамма биларди.
Умуман, Қурултой минбаридан туриб нутқ сўзлаш, боз устига халқимиз дардини кўтариб чиқиш ҳар қандай делегат учун жуда катта фахр эди.
Менинг нутким суратим билан Ўзбекистондаги аксар расмий матбуот нашрларида эълон қилинади…
Бугун орадан йиллар ўтиб ўзимнинг ўша йиллардаги бу ҳатти-ҳаракатларимни таҳлил қилар эканман, Ислом Каримовга, унинг сиёсатига шу қадар меҳр қўйганим ва ишонганимдан ҳайратланаман…
11.
Бугун ўша сўронли ва армонли кунларимни эсласам, қалбимни ажиб бир фахр ва ифтихор қамраб олади.
Биз ўшанда узоқ йиллар тоталитар тузум исканжасида қолган юртимиз ва элимизни ҳимоя қилиш мумкинлигига ишонган ва бу улуғ ишончни илк маротаба юрак юрагимиздан ҳис қилиш бахтига муяссар бўлган эдик.
Бу муяссарлик ва бу ишончни бизга Ислом Каримов берган эди.
У раҳбар бўлиб келган дастлабки кунданоқ бошида КПСС Марказий Комитети турган линия торларини узил кезил узиб ташлади.
«Мен ортимдаги барча кўприкларни ёқиб юборганман!» деганида у қанчалар рост ва самимий бўлганига бугун энди тарих ҳам шоҳид.
Юрагида ўз халқига меҳр ва муҳаббат бўлган раҳбаргина шундай қилиши мумкин.
Ногаҳоний кучли бир чақмоқ чақиб, ўткир момоқалдироқ бўлиб қоронғу осмон бағрини ёритгандай — Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётига Ислом Каримов деган мард ва танти бир йўлбошчи кириб келган эди.
Менинг партия Конференциясида бундай дадил гапларни айтишимга руҳ берган ҳам айнан Ислом ака эди. Мен у кишига ишониб бу гапларни айта олган эдим.
У биз учун ўша пайтларда жасоратга чорловчи йўлчи юлдуз, қанча ёнса ҳам ҳеч қачон сўнмайдиган ўчмас бир маёқ эди.
Шу маёқ афсуски, бугун йўқ.
Шунинг учун бўлса керак, Ўзбекистондаги сўнгги давр сиёсати ўзгариб, раҳбарлар ҳам майдалашиб кетди.
Юрагимни қийнайдиган армон ҳам шу…
Суратда: «Ҳаёт ва иқтисод» — Жизнь и экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (чапда) Ўзбекистон халқ артисти Малика Аҳмедова билан ўз кабинетида ижодий учрашув ўтказаётган пайт…