Маржон шодаси (ҳикоя) Инглиз тилидан Гулноза Мамарасулова таржимаси
ҳикоя
Фалакнинг гардиши билан, бу гўзал ва мафтункор қиз Матилда Луизел хизматкорлар оиласида туғилган. У шундай қашшоқ оилада туғилгани билан анча-мунча зеб-зийнатга ўч қизлардан бири эди. Аммо ёши ўтиб қолган бу қизга ҳеч бир йигит севги изҳор қилмай қўйганди. Шундай бўлган тақдирда ҳам унда барибир сеп-сидирға йиғишга оилавий шароити йўқ эди. Унинг ўзи ҳам на бировни тушунишга уринган, на севган. Иложсизликдан кичик котибга турмушга чиқишга рози бўлган.
Қашшоқлик унинг жонига теккан эди. Лекин эри ҳам ойлигига кун кўрадиганлар хилидан бўлиб, имконияти борича Матилданинг кўнглига қарашга ҳаракат қиларди. У фақат гўзаллик, назокат, жозибали кўриниш дардида юрарди. Табиий нафислик, хушбичимлик, ақл-идрокли бўлиш олий табақа белгиси ҳисобланиб, аслзода хонимлардек юришни хаёл қилишдан тўхтамасди.
У ўзи хоҳлаганидек яшолмаётганидан тинмай азоб чекар, бунинг устига уйининг фақироналиги, деворларнинг ғариб кўриниши, эскирган стуллар, пардаларнинг афт-ангори унинг нафасини бўғарди. Унга ўхшаган бошқа бир аёл бу нарсаларни ҳаттоки ақлига ҳам сиғдиролмаслигини ўйлаб қийналар, асабларини таранг қиларди. Кичкина Бретон[1] деҳқони каби кундалик уй юмушлари уни афсус-надоматлар домига ташлаб, чорасиз ва ушалмас орзулар гирдобига улоқтирарди.
Матилда шарқона нақшлар билан безатилган деворий гиламлар, бронза қандиллар, нур таратиб турган сокин хонани, катта креслода ёнбошлаб олганча этик-шим кийган бақувват инсон ҳақида ўй сурганича ошхона плитасидан анқиётган иссиқ ҳаводан оғирлашиб, ланж бўлди. У ипаклар билан безатилган узун залларни, кўзни қувонтирадиган ҳашамдор мебелларни, муаттар атирларга бурканганча кечки базмларда яқин дугоналари билан гурунг қурувчи француз аёллари ва таниқли одамлар билан суҳбатлашишни, барча аёлларнинг ҳасадини қўзғаб, уларнинг диққат марказида бўлиш хаёлида сузиб юрарди.
Жувон айлана столга ёзилган дастурхон олдига тушлик қилиш учун ўтирди. Шўрва идишининг қопқоғини очиб қўйган турмуш ўртоғи қувонч билан хитоб қилди:
– О, мазали роt-au-feu![2] Бундан ортиғи бўлмаса керак!
Аёли эса лаззатли тушликлар, ярақлаётган кумуш идишлар, қадимий одамларнинг расми туширилган деворий гиламлар, эртаксимон ўрмон ўртасида парвоз қилаётган ғаройиб қушларни хаёл қиларди. Шунингдек, у жимжимадор ликопчалар, мазали таомлар, гулмоҳининг қизғишранг гўшти ёки бедана гўштини ейиш давомида қулоққа кулги аралаш чалинадиган мулойим шивир-шивирларни орзу қиларди.
Минг афсуски, бу унинг хаёли эди. Матилда базмларга чиқишга хоҳиши бору, аммо имконияти бўлмаганидан кейин уйда қамалиб ўтиришдан ўзга чораси йўқ эди. Унинг кўзига фақат ранго-ранг кўйлаклар, тақинчоқлардан бошқа нарса кўринмас эди. Матилда шулардан бошқа нарсани севмасди, ўзини шу матоҳлар учун яралган деб биларди. У кўнгилхушлик қилиш, бошқаларнинг ҳасадини келтириш, мафтункор бўлиш ва ҳаммани ўзига қаратишни ёқтирарди.
Матилданинг аёллар ибодатхонасида бирга таҳсил олган собиқ синфдош дугонаси бўлиб, у жуда бой эди. У ушбу дугонасиникига боришни, кўришни ёқтирмас, сабаби, доим ортига қайтганидан сўнг азоб чекарди.
Бир куни кечқурун турмуш ўртоғи хурсанд қиёфада уйга кириб келди ва қўлидаги катта конвертни узатди.
– Бу ерда, – деди у, – сенга аталган бир нима бор.
Аёл конвертни кескин тарзда йиртиб ташладию қуйидаги сўзлар туширилган тамғали таклифномани суғуриб олди:
“Халқ таълими вазирлиги ва мадам Жоржес Рампоннау ҳурматли мистер ва мадам Луизелларни 18 январь, душанба кунги базм кечаси учун Вазирлик саройига лутфан таклиф қилади”.
Аёл эри кутганидек қувониш ўрнига, таклифномани нафрат билан стол устига ирғитиб, тўнғиллади:
– Бу билан нима қилишимни истагандингиз?
– Азизам, сени хурсанд қилмоқчи эдим. Ташқарига ҳеч чиқмаганинг учун яхши имконият деб ўйлагандим. Буни қўлга киритиш осон кечмади. Қанча одам у ерга боришни орзу қилади. У ерга саралаб чақиришган. Айниқса, котибларни айтишлари ғоят даргумон. Базмга фақат зодагонлар йиғилади.
Жувон эрига дарғазаб тикилиб, бетоқатлик билан сўзлади:
– Ахир базмга нима кийиб бораман?
Эри бу ҳақда ўйлаб кўрмаганди.
– Нимага, театрга тушганда кийган кўйлагинг-чи?! Ўша менга жуда ёққанди, – деди у.
Сўнгра гапиришдан тўхтаб қолди. Хотинининг йиғлаётганини кўриб, ёмон аҳволга тушди. Аёлнинг кўз қирраларидан иккита катта томчи ёш секингина лаблари томон юмалади.
Котиб тутилиб-тутилиб хотинига гапирди:
– Нима бўлди? Нима бўлди?
Аёл жиззакилик билан унинг раҳмини келтирганди. Сўнг эса ёноқларини артиб, босиқ овозда жавоб берди.
– Ҳеч нарса. Фақатгина у базмга мос кўйлагим йўқ, шунинг учун ўша кечага боролмайман. Таклифномани эса хотини мендан кўра яхшироқ кийинган ҳамкасбларингизга олиб бориб беринг.
Эр иложсиз деди:
– Кел, Матилда, ўйлаб кўрайлик, – давом этди у. – Бежирим ва бошқа тадбирларга ҳам кийса бўладиган ярашиқли кўйлак қанча туради?
Жувон бир неча дақиқа чуқур ўйга толди, ҳисоб-китоб қилди, миқдордан таажжубланиб, тежамкор котибнинг гапларидан чўчиб, ўзича нималардандир воз кечди.
Ва ниҳоят, иккилана-иккилана жавоб берди:
– Аниғини билмайман-у, ўйлашимча, тўрт юз франк билан нимадир қилса бўлади.
Эрнинг ранги оқариб кетди. Чунки бу миқдордаги пул билан у қурол сотиб олишни ва якшанба куни бирга тўрғай овлаган дўстлари билан келаси ёзда шаҳар четидаги Нантерра[3] яйловларида ов қилиб, дам олишни мўлжаллаган эди.
Аммо бу ҳақда индамади.
– Яхши, сенга тўрт юз франк берганим бўлсин. Чиройли кўйлак сотиб ол.
Базм куни тобора яқинлашар, кўйлаги тайёр бўлганига қарамай, мадам Луизел ғамгин, беҳаловат ва беҳузур кўринарди.
Бир куни оқшом маҳали турмуш ўртоғи ундан сўраб қолди:
– Нима бўлди? Кейинги уч кун ичида ғалатироқ бўлиб қолгансан.
Аёли жавоб берди:
– Бир дона ҳам тақинчоғим, бир дона ҳам тошларим, умуман тақишга ҳеч нарcам йўқлигидан хўрлигим келяпти. Ниҳоятда бахтсизман. Яхшиси, бормай қўя қолганим маъқул.
– Табиий гулларни тақишинг мумкин, – далда берди мистер Луизел. – Ҳозирда бу услуб жуда урфга кирган. Ўн франк эвазига икки ёки учта чиройли атиргул сотиб оласан.
Матилда ишонқирамади.
– Йўқ, бойвачча хонимлар орасида бечора қиёфада кўриниб, ғурурим поймол бўлишини хоҳламайман.
Шу пайт бир нима эсига тушгандек бирдан чинқириб юборди:
– Қанчалар аҳмоқсан-а? Дугонанг мадам Форестиерни йўқлаб бориб, тақинчоқларини сўраб тур. Ахир у билан жуда ҳам қалин ўртоқсизлар-ку.
Хотини хурсандчиликдан қийқирди.
– Тўппа-тўғри! Бу хаёлимга ҳам келмаган экан.
Эртаси куни у дугонасиникига келиб, дардини баён қилди.
Мадам Форестиер ойнали эшик билан қопланган кийим жавонидан катта тақинчоқлар қутисини олиб келди. Уни очиб, дугонасига деди:
– Азизим, танлаб ол!
У даставвал билакузукларни, кейин марварид маржон шодасини, сўнг Венеция хочини, уста заргарнинг тилла ва қимматбаҳо тошларини кўздан кечирди. У кўзгу олдида ўзига оро берди, иккиланди, булардан тўла қониқиш ҳосил қилмагач, жойига қайтариб қўйди.
– Ҳаммаси шуми? – сўради у.
– Нега экан, яна бор, албатта. Қараб кўр. Нимани ёқтиришингни билмайман-ку.
Бирданига унинг кўзлари қора духоба қутидаги олмосли серҳашам маржон шодасига тушди. Юраги қинидан чиқаёзди. Уни ушлаганида кўллари титраб кетди. Тақинчоқни кенг ёқали кўйлагига мослаб, бўйни атрофига илди ва товланишидан ўзини йўқотди.
Кейин эса қўрқув, изтироб аралаш сўради.
– Менга худди шуни бериб тура оласанми, фақат шунинг ўзини?
– Ҳа, албатта.
У дугонасининг бағрига ўзини отиб, хурсандлигидан ўпиб қўйди. Сўнгра хазинаси билан жўнаб кетди.
Базм куни етиб келди. Мадам Луизел катта муваффақиятга эришди. У барчадан гўзал, хушбичим, пўрим, қувноқ ва бахтиёр эди. Барча эркакларнинг кўзи унда, унинг исмини сўрашар, танишишга ҳаракат қилишарди. Вазирлар Маҳкамасининг барча вакиллари у билан бирга вальс тушишни исташарди. Шахсан унинг ўзи вазирнинг назарига тушди.
У сархушлик ва эҳтирос билан рақсга тушар, ичимлик таъсирида роҳатланиб, гўзаллиги зафарида, муваффақият шоҳсупасида, бахт осмонида сузганча барчасини унутиб, ўзига бўлган иззат-икром, ҳайрат, ёниқ истаклар ва мутлақо музаффарлик ҳислари қалбини чулғаб олганди.
Тонгги соат тўртга яқин у кетиш тараддудига тушди. Турмуш ўртоғи ярим тундан буён қаровсиз хонада, хотинлари байрамни ажойиб нишонлаётган уч эркак билан ухлаб ётарди.
У хотинининг елкасига базм кўйлагининг ҳуснига доғ туширадиган шарфни ташлаб қўйди. Жувон буни сезгач, қимматбаҳо мўйнага бурканган бошқа бир аёлнинг назарига тушиб қолмаслик учун уни юлқиб олди.
Луизел уни тўхтатди.
– Бир оз кутиб тур, ташқарида шамоллаб қоласан. Мен бориб, арава ушлайман.
Лекин Матилда уни эшитмади. Чаққонлик билан зиналардан пастлади. Кўчага чиқиб, бирорта ҳам файтон топишолмади. Улар қидиришни бошлагач, узоқроқдан ўтиб кетган таксичига кўзлари тушиб, бақириб қолаверишди.
Чорасиз қолганича совуқдан қалтираб, Сеине (Зайна)га томон юришарди. Ва ниҳоят, кундузлари умуман учратиб бўлмайдиган, фақат ярим кечаси Париж атрофида пайдо бўладиган эски аравани (ноктамбулант) дарё бўйида учратишди.
Руе дес Мартирсдаги уйи эшиги олдида тушиб, ғамгин юришда давом этишди. Матилда учун ҳаммаси тамом бўлганди. Эрининг соат ўнда вазирликда бўлиши кераклигини хаёлидан ўтказди.
У яна бир марта шуҳрат оғушида кўзгу орқали ўзига тикилиб, елкаларини ёпиб турган шарфни олди. Бироқ кутилмаганда чинқириб юборди. Бўйнидаги маржон шодаси йўқ эди!
Эри ярим ечинган аҳволда сўз қотди:
– Сенга нима бўлди?
У жиннинамо ўгирилди.
– Мен… мен… мен мадам Форестиернинг маржон шодасини йўқотиб қўйдим.
Луизел жойида қотиб қолди.
– Нима?!. Қандай қилиб? Бўлиши мумкинмас!
Улар кўйлакнинг қатларини, плашнинг тахламларинию чўнтагини, ҳамма жойни қараб чиқишди. Аммо маржон топилмади.
– Базмдан чиққанингда у аниқ бўйнингда турганмиди? – сўради Луизел.
– Ҳа, сарой даҳлизида турганимда у бўйнимда эди.
– Агар кўчада туширганингда овозини эшитган бўлардик. Балки аравада қолгандир.
– Ҳа, эҳтимол. Рақамини олганмидингиз?
– Йўқ, сен-чи, эслолмайсанми?
– Йўқ.
Улар ҳайратомуз тикилиб туришарди. Охири, Луизел кийимларини кийди.
– Мен пиёда ортга қайтаман, – деди у. – Босиб ўтган йўналиш бўйлаб юриб, топишга уриниб кўраман.
У чиқиб кетди. Матилда базм кўйлагида креслода ўтириб, кўзига уйқу келмай, оловни ҳам ёқмай, хаёлига бир фикр келмай, уни кутарди. Соат еттилар атрофида излаганини тополмай, эри қуруқ қайтиб келди.
Луизел полиция бошқармасига, газета идораларига бориб, мукофотлар эълон қилди. У барча такси компанияларини умид илинжида айланиб чиқди.
Фалокатга йўлиққан аёл кунбўйи ваҳима ичида кутди. Тунда Луизел синиққан, умидсиз юз билан қайтди. Ҳеч қандай янгилик йўқ эди.
– Дугонангга, – деди у, – тақинчоғининг илгагини бузиб қўйганинг, уни тузатиш учун бир оз вақт кераклигини ёзиб юбор.
У бирма-бир ҳаммасини хатга туширди.
Ҳафта охирида улар умидини бутунлай узишди.
Нақ беш ёшга қариган Луизел синиқ оҳангда сўзлади.
– Энди тақинчоқни қандай қайтариш ҳақида бош қотиришимиз лозим.
Кейинги кун улар қутини олиб, донғи чиққан заргарникига боришди. Луизел унинг китобини қараб чиқди.
– Мадам, мен маржон шодаси сотадиган сотувчи эмасман. Шунчаки, қутиларга безак бераман, холос.
Шундан сўнг улар заргарма-заргар юриб, ўша маржон шодасига ўхшашини излашди, улардан маслаҳат олишди. Иккалови ҳам алам ва изтиробда қайтишди.
Палаис Роялдаги дўконда улар қидираётган тақинчоққа жуда ўхшаш маржон шодасига дуч келишди. Нархи қирқ минг франк турар экан. Заргар ўттиз олти минг франкка сотишга кўнди. Эр-хотин заргарга уч кунгача уни сотмаслигини сўраб ёлворишди. Ҳар эҳтимолга қарши, улар февраль охирида яна бошқасини ҳам топиб қўйишди.
Луизелда отаси унга қолдирган ўн саккиз минг франк бўлиб, қолганини қарз олди.
Бировдан минг франк, бошқасидан беш юз, беш луисни у ердан, уч луисни бу ердан сўраб, қарз йиғди. У барчасини қайд этиб қўйди. Хонавайрон қиладиган ваъдалар берди, судхўрлар ва барча қарз берувчи зоти билан битим тузди. У қолган умрини хавф остига қўйиб, ҳаттоки харажатларни тўлай олиш ёки олмаслигини билмай туриб, таваккал имзо қўйди. У ҳали бошидан ўтказмаган уқубатлар, уни йиқитиши мумкин бўлган ўта қашшоқлик, моддий муҳтожликнинг келажаги ва унга азоб берадиган руҳий қийноқлардан ваҳимада эди. У маржон шодасини олиш учун келди ва савдогарнинг растасига ўттиз олти минг франкни ташлади.
Мадам Луизел маржон шодасини қайтариш учун келганида, мадам Форестиер унга совуқ оҳангда гапирди.
– Буни тезроқ қайтаришинг лозим эди. Ўзимга зарур бўлиб қолди.
У қўрққанидек, дугонаси қутини очмади. Агар тақинчоқ бошқа эканини билиб қолганида нимани ўйлаган, нималар деган бўларди? Мадам Луизелни ўғирликда айблармиди?
Мадам Луизел ҳозир йўқчиликда яшашни қўрқинч билан ҳис қилди. Тасодифий ҳодисада қаҳрамонларча иштирок этди. Энди эса даҳшатли қарздорликдан қутулмоқ лозим. Аёл буни тўлайди. Улар хизматкорини ишдан бўшатишди; турар жойини ўзгартиришди; том устидаги чердакни ижарага олишди.
У уй юмушларининг нақадар оғирлигини, ошхона ташвишларининг ёқимсизлигини англаб етиб, ёғли қозон ва товани ювиш учун пушти тирноқларини ишлатарди. У кир полотнони, эрининг кўйлагини ва идиш артадиган сочиқларни юварди. Ҳар куни эрталаб ювиндиларни кўчага олиб чиқиб, зинапояларда тўхтаб нафас ростлаганча сув олиб чиқарди. Одамларнинг хотинига ўхшаб кийинар, қўлида сават билан мева, баққоллик, гўшт дўконига борар, савдолашар, ҳақорат қилар, майда пулларини тийинигача ҳисобларди.
Ҳар ой қарзнинг бир оз миқдорини узишса, қолганини узайтиришарди.
Турмуш ўртоғи кечқурунлари савдогарнинг ҳисоб-китобларидан нусха ёзар, тунга бориб, варағи учун 5 луис эвазига қадимий қўлёзмалардан намуна кўчирарди.
Бу турмуш тарзи ўн йил давом этди.
Ўн йилдан сўнггина улар ҳамма нарсани, ҳамма-ҳаммасини – судхўрларга нисбати ва қўшма фоизлари билан тўлаб бўлишди.
Мадам Луизел эндиликда қаримсиқ кўринарди. Камбағаллашган аёл кучли, қаттиққўл ва қўрс бўлиб қолганди. Сочлари тўзғиган, афти бужмайган, қизарган қўллари билан полни артиб, атрофдагиларга бақириб гапирарди. Баъзан, эри идорада бўлган вақтларда, у деразага яқин ўтирганча ўн йиллар олдинги фараҳбахш кечани, у ниҳоятда латофатли ва гўзал бўлган бал ҳақида хаёл сурарди.
Агар у маржон шодасини йўқотмаганида нима бўларди? Ким билади дейсиз? Ҳаёт қанчалар ғаройиб ва ўзгарувчан! Кичкинагина воқеа баъзан яшаш ёки ҳаётдан умид узишга етарли бўлади!
Якшанба куни эди. Ҳафталик меҳнатларнинг ҳордиғини чиқариш мақсадида Чампс Элйсеесда сайр қилиб юриб, тўсатдан бола етаклаган аёлга дуч келди. Ҳануз ёш, ҳануз гўзал, ҳануз мафтункор бўлган мадам Форестиер эди.
Мадам Луизел ҳаяжонланди. У билан гаплашсинми? Ҳа, албатта. Ахир ҳаммасини тўлаб бўлган, энди бор гапни айтаверса ҳам бўлади.
У тепага кўтарилди.
– Хайрли кун, Тентак!
Унга танишидек мурожаат қилган оддий ёқимтой жувондан таажжубланди-ю, аммо уни мутлақо танимади.
– Лекин… мадам! – тутилиб гапирди у. – Сизни танимадим… Адашган бўлсангиз керак.
– Йўқ. Мен Матилда Луизелман.
Дугонаси қичқириб юборди:
– О, бечора Матилда! Қанчалар ўзгариб кетибсан!
– Ҳа, сени охирги бор кўрганимдан буён қанча оғир кунларни бошдан кечирдим… қанча мусибатли кунларни… Ҳаммаси сен туфайли бўлди!
– Мени деб! Қандай қилиб?
– Саройдаги базмга тақиб туриш учун менга берган маржон шодаларини эслайсанми?
– Ҳа, хўш?
– Мен уни йўқотиб қўйгандим.
– Нимани назарда тутяпсан? Уни келтириб бергандинг-ку.
– Сенга худди ўхшашини олиб келиб бергандим.Сўнгра бунинг тўловини ўн йил давомида уздик. Тушуняпсанми, ҳеч вақоси йўқ кимса учун бу қанчалар мушкул эди. Ва ниҳоят, ҳаммаси тугади. Бундан жуда хурсандман.
Мадам Форестиер юришдан тўхтади.
– Айтмоқчисанки, меникини ўрнига қайтариш учун янги маржон шодасини сотиб олгансан?
– Ҳа! Сен буни сезмадинг ҳам! Улар жуда ўхшаш эди.
Матилда мамнун кулди.
Мадам Форестиер қаттиқ титраб кетди, унинг қўлларини ушлаб, деди:
– О, бечорагинам Матилда! Нима учун, менинг тақинчоғим оддий тошлардан ясалган эди-ку!
Инглиз тилидан
Гулноза МАМАРАСУЛОВА таржимаси,
Республика “Келажак овози” танлови ғолиби
[1]Бретон – қуйи Нормондиядаги ғарбий Франциянинг ярим ороли.
[2] Pot-au-feu – қайнатма шўрва.
[3] Нантерра – Парижнинг ғарбий чеккаси.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ